O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Зулмга поёндоз тўшаганлар ҳақда

Каримов каби золимлар ҳокимиятининг ҳимоячиларини уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Бу хокимият дастурхонига яқин ҳаромхўрлар (ҳаром еганлар)
2. Ўзбекистон ва ўзбек халқининг душманлари
3. Кўрқоқ ва номуссизлар.

Зулмга поёндоз тўшаганлар ҳақда
295 views
21 August 2012 - 5:18
Каримов каби золимлар ҳокимиятининг ҳимоячиларини уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Бу хокимият дастурхонига яқин ҳаромхўрлар (ҳаром еганлар)
2. Ўзбекистон ва ўзбек халқининг душманлари
3. Кўрқоқ ва номуссизлар.
Учинчи тоифани мунофиқлар ҳам деб аташ мумкин. Худди Пайғамбаримиз (сав) замонида жиҳод сафарларига қўшилиб, жанг пайти келганда мужоҳидлар сафларида фитна уруғларини сепиб,саботаж билан шуғулланган бўлсалар, улар бугун ҳам Каримов зулмига қарши чиққан жуда ҳам оз сонли мухолифат сафларига кириб ёки унинг атрофида туриб, мухолифатни обрўсизлантиришга уринмоқдалар.
Ўзларини “зиёли”, “ёзувчи”,”мустакил журналист” ва шунчаки “камтар укувчи” деб атаб, шайтоний ишларини амалга оширмоқдалар, зулм пойида поёндоз бўлиб, золимга соябон тутмоқдлар.
Улар одатда ширин тил билан “зулмга қарши гузал ахлоқ билан курашинг” , дея хитоб киладилар.
Уларга кўра, зулмга мухолифлик, яъни фақат номоз қилганлари учун зиндонга ташланиб, тирноқлари суғуриб олинаётган мингларча мусулмон ва фақат номоз қилгани учун ертўлаларда зўрланаётган аёлларимиз ҳимоясига сўз айтиш, уларни бу зулмдан қутқариш учун курашмоқ – шайтоний амал, зулм қаршисида  жим туриш эса гўзал ахлоқдир. Улар кўра, бу зулмни тўхтатиш учун халқни уйготишга уриниш – тож-тахт учун курашишдан бошқа нарса эмас.
Ўзбекистонда 23 йилдан бери давом этаётган шафқатсиз зулмнинг мафкуравий пойдеворларини мустаҳкамлашда да бу зикр этганимиз мунофиқлар синфининг ҳиссаси бениҳоя каттадир.
Бултур Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг 1-Курултойида камина бир кичик нутқ килиб, Ҳаракат фалсафасини англатишга урингандим. Уни қайтадан ўқувчиларимиз эътиборига тақдим этишни лозим кўряпман, чунки унда юқорида тилга олинган мавзуга очиқ муносабат бор.
ЁМОНЛИККА КАРШИЛИК
29/05/2011
Ёмонликка қаршилик. Балки нутқ учун бундай бир сарлаҳва бугунги кунда  ўринсиз туюлиши мумкин. Чунки бугун дунё сиёсат фалсафасида  Зулмга қаршилик эмас, айнан тескариси,яъни “Ёмонликка яхшилик қил”, “Зулмга қаршилик қилма” каби  тушунчаларнинг устунлиги  ҳали ҳам кўриниб турибди.
Тўғрироғи, бу тамойил дунё сиёсат фалсафасининг  ташқи  ниқобидир. Бу тамойил замонга мослашиш қобилиятини ҳали ҳам йўқотмаган, турли характердаги сиёсий режимлар билан ҳайратланарли даражда уйғун яшашда давом этмоқда.
Бу тамойилнинг тамали насронийликда бўлгани каби, бошқа динларда у ва ё бу шаклда  мавжуддир.
Ўз халқларининг кушандалари бўлган ҳукмдорлар “миллий манфаатлар” ниқоби остида айнан шу тамойилдан асрлар давомида фойдаланиб келдилар.
Энди бу тамойилдан Шарқ деспотлари ҳам ўз фуқороларини эзиш воситаси сифатида  фойдалана бошладилар.Улар ўз урф-одатлари,дини ва аньаналари билан мазкур тамойилдаги уйқаш нуқталарни топиб, олтин топган қулдай севиниб кетишади.
Масалан,  ўзбек диктатори Ислом Каримов сўфий тариқатларинıнг “ёмонликка яхшилик билан жавоб бер” ақидасини ниҳоятда севиб қолди. Ва бу ақида шарафига сўфийлар жамоатидан бошқа бутун жамоатларнинг лидерларини қатл этди, турмага ташлади ёки сургунга кетишга мажбур этди.
Аммо мўғулларга карши Кўхна Урганч мудофаасида, зулмга қарши курашиб, ҳалок бўлган Нажмиддин Кубро ҳазратларининг ҳам сўфий тариқати лидери эканлигини Каримовга ҳеч айтиб бермаганга ўхшайди.
Сиёсатчи учун эса,  “Зулмга қаршилик қилма” ақидаси  – кўпгина таниқли мутаффакирлар, жумладан, Макс Вебернинг ҳам фикрига кура  бажариб бўлмайдиган вазифадир
Аслида,  “Зулмга қаршилик қилма” фалсафаси чуқурроқ мутолаа этилганида, ундаги мазмуннинг ҳам биз тасаввур этгандан бошқача эканлигини кўрамиз.
Масалан, яҳудийларнинг бу ақидани энг кўп Бобил асорати даврида қўлланганини кўрамиз.
Улар бор кучи билан душманга яхшиликни тараннум этадилар. Аммо бу тараннум факат душманни енгиш воситаси сифатида ишлатилади: душманни яхшилик билан  шарманда килиш, камситиш воситасидир. Душманга жазони эса Оллоҳ беради ва жазо муқаррардир. Яъни инсон душман билан жангдан қочмайди, аксинча, душманига  ўзи бераолмайдиган дахшатли жазони беришни Оллоҳдан сўрайди,  нола этади.
Инсон Душманига яхшилик қиларкан, унинг гуноҳини янада чуқурлаштиради  “ Сен буни(яхшиликни) қиларкан, унинг бошига ёнаёган чўғларни таёрлайсан ва Яратган сенга мукофотини беради”(Инжил.25:22).
Конфуций бу масалага бошқа бир нуқтадан ёндошганини кўрамиз: “Ёмонликка яхшилик билан жавоб бериш тўғрими?”, деган саволга “Яхшиликка яхшилик билан, ёмонликка адолат билан жавоб берилади”, дея жавоб берган (“Лун Юй”, 14,34);
Яъни адолат инсонга ёмонликка адолатли шаклда жавоб бериш ҳаққини беради.
Бу масалада “Инжил” мезон сифатида адолатни олд планга чиқаради. Яратган парвардигор “ марҳаматли инсонларга марҳамат билан, айёрларга эса уларнинг айёрлигига мос муносaтбатда бўлади. Чунки У мазлумларни қутқарган, кибрли кўзларни ҳақир этган Зотдир”  (Инжıл. 17:26-28).
Ислом динининг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом саллалоҳу алайҳи вассаллам бу мавзуда энг аниқ, энг  шаффоф фикрни айтганлар:  “Ёмонликка амал билан қаршилик қил, амал билан қаршилик этолмасанг сўз билан қаршилик қил. Сўз билан ҳам қаршилик қилолмасанг ичингда қаршилик қил. Сўнггиси иймоннинг энг заиф ҳолидир”.
“Зулмга қаршилик қилма” ақидаси замонавий сиёсатда “нозўровонлик кураши” деган ном билан танилган кураш услубининг тамалини ташкил қилади.  “Нозўровонлик” шиорини энг эффектив қўлланётганлар нозўравонлар эмас, диктаторлардир.  Улар бу шиорни озодлик ва адолат тарафдорларини пассивлаштириш учун қўлланмокда.
Дунё сиёсати арбобларининг иккиюзлилиги шундаки, улар диктаторлар тарафидан қилинаётган зўровонлик ва террорни машру ҳисоблаб, уларга қарши бўлган машру ва адолатли харакатларни экстремизм ҳисобламоқдалар.
Араб дунёсида бошланган золимларга қарши мазлумларнинг исёни – келиб чиқиши фитна бўлиши эҳтимолларидан қатьий назар – нодир, феноменал ҳодисадир. Бу феномен жуда ҳам яшовчан бўлган “нозўравон кураш “сафсатасини кутилмаганда шубҳа остига қўйди.
Агар бугун Гарб кучга куч билан жавоб бераётган Либё исёнкорларига ёрдам кўрсатаётган  бўлса, бунинг сабаби  фақат нефт ва геополитик манфаат эмас, бу айни пайтда дунёда мафкуравий, сиёсий ва ижтимоий  стандартларнинг алмашинув соати келганидан ҳам мужда бераётир.
Бизнинг дунёмиз бу ўзгаришларга тайёрми?
Ислом фундаментализми ва маданиятлар уруши каби ваҳималар бошланган бу катарсис, бу глобал тозаланиш жараёнини соғлом ақл билан тадқиқ этишга ҳалал бермоқда.
“Ҳодисалар Вақт тарафидан гаровга олингандир. Ҳодисаларнинг соати келганида Вақт уларни гаровдан озод қилади ва улар юз беради”.
Бу мегаметафора ойдинлигида шуни айтиш мумкин-ки, Ўзбекистоннинг 22 йиллик гаровга олиниш, раҳина муддати битаяпти.
Ўзбекистон ертуладан чиқишга шайланмоқда. Биз бу ҳайбатли, маҳобатли  ҳодисага, бу улуг озодликка шай турмоғимиз керак .
Биз ушбу буюк Ҳодисанинг бoш  қаҳромони  Ўзбекистон халқи билан бирга бўлишга тайёр туришимиз лозим. У билан бирга бўлмоқ – унинг дарди билан яшамоқдир, унинг ярасига малҳам бўлмоқдир.
Ёмонликка қаршилик қиламиз. Андижонда қатл этилган мингларча шаҳиднинг пок руҳлари ҳақи бу зулмга қаршилик қиламиз.Кашшоқликка чора излаб дунёда саргардон кезаётган миллионлаб инсонлар ҳақи қаршилик қиламиз. Истиқрор ниқоби ортида гизланган зулмга, қонли диктаторнинг қизлари осган жавохирлар билан безанган зулмга ва яхшилик ниқобидаги ёмонликка қаршилик қиламиз. Бутун кучимиз, бор матонатимиз билан қаршилик қиламиз.
Кулоғи бўлган ҳар ким Вақт қобиғининг чатнаётганини эшитмоқдадир. Кўзи бўлган ҳар бир инсон туннелнинг охирида бир нур кўрмоқда.
Юраги бўлган ҳар ким бизнинг сафимизга қўшилсин. Ки у гаровга олинган Ватанимизнинг озодликка чиқиш манзарасини ўз кўзи билан кўрсин,  унга ёрдам берсин.
Муҳаммад Солиҳ