Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ватандошларга
МУРОЖААТИ
Ҳурматли ватандошлар!
Мана, Янги 2013 йилнинг ҳам бир ҳафтаси ортда қолди. Мазлум ўзбек халқи қаторида барчамиз Ватанимиздаги мустабид тузумнинг ағдарилишини қанчалик хоҳламайлик, афсуски, Каримов режими 2013 йилда ҳам 7 кун яшади.
Бунда ҳаммамизнинг маълум миқдорда айбимиз бор. Ўзбекистондаги мустабид тузум яшаган ҳар бир куни учун, жумладан, Янги йилда яшаган 7 куни учун, зулмга сабр қилиб, унга қарши амалий ишлар қилмаганимиз учун Яратганнинг ва кейинги авлодларнинг олдида биз, мазлумлар ҳам жавоб беришимиз лозимлигини унутмайлик! Хусусан, “Зулм ҳам қилманглар, зулмга сабр ҳам қилманглар!” – деган ҳадиси шарифни эсдан чиқармайлик!
Ўзбек бир тану бир жон бўлиб, зулмга қарши курашмас экан, ўзга халқлар келиб, ўзбекнинг озодлиги учун зулмни ҳам, золимларни ҳам йўқотиб бермайди. Ҳатто зулмни ва золимларни энг ёмон кўрадиган Яратган ҳам золимларни устимиздан улоқтирмайди: чунки Тангри бу ишни мазлумларнинг ўзига юклаган.
Агар ишлар шу зайлда давом этса, ўз озодлигимиз ва бахтимиз учун ўзимиз курашмасак, золим ва унинг режими бу йил ҳам, ундан кейинги йиллар ҳам яшайверади. Диктатор Каримов режимининг ҳар бир яшаган куни золимларнинг байрами, биз мазлумларнинг эса мотамимиз эканлигини ҳисобга олсак, бугундан бошлаб ҳаммамиз зулм умрини қисқартириш, золим режимни ағдариш учун амалий ишларни бошлашимиз керак.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати 2013 йилнинг иккинчи ҳафтасидан бошлаб, “Зулмга қарши 7 кун” ҳафталик лойиҳасини бошлашга аҳд қилди. Жорий йилнинг охиригача қилиниши мўлжалланган ушбу тадбирнинг асосий мақсадлари – Каримов режимига қарши кенг қамровли амалий ва ошкора курашни бошлаб, бу курашга мазлум аҳоли қатламларини жалб қилиш ва мамлакат аҳолиси ичида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ғоя-мақсадларини тарғиб қилиш.
“Зулмга қарши 7 кун” тадбирлари доирасида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ҳар ҳафта бошида ўзининг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ватандошларга Ҳаракат логотипи туширилган ҳамда машҳур иборалар, шеърлар ва шиорлар ёзилган деворий варақачаларни тақдим этиб, уларни одам гавжум жойларга ёпиштириб кетишни таклиф қилади.
Лойиҳада иштирок этишни хоҳлаган кишилардан фақат 3 нарса талаб қилинади:
1) 7 та бир хил деворий варақанинг тайёр электрон вариантини А-4 форматда принтердан чиқариш;
2) А-4 форматдаги қоғозга туширилган 7 та варақани қайчи билан кесиб, 7 та бўлакка ажратиш;
3) Таҳминан 2-3 минг сўмга қаламли елим (клей) ҳарид қилиб, 7 та варақани 7 кун ичида 7 та жойга ёпиштириб чиқиш.
Эътибор берган бўлсангиз, санаб ўтилган ишларни амалга ошириш одамнинг вақтини олмайди: варақаларни шахсий юмушлар билан кўча-кўйда кетаётганда бекатларга, деворларга ёки симёғочларга ёпиштириб кетавериш мумкин. Варақаларни принтердан чиқариш ва қаламли елим сотиб олиш учунгина вақт сарфлаб, ўз ёнидан таҳминан 2-3 минг сўм сарф қилишга тўғри келади. Ўшанда ҳам сотиб олинган қаламли елим иштирокчининг фаоллигига қараб, ярим ёки бир йилга етиши мумкин.
Ўйлаймизки, Ўзбекистонда демократия қарор топишини истаётган ҳеч бир ватандошимиз ўз озодлиги йўлида чўнтагидан 2-3 минг сўм сарфлашдан қочмайди. Бундан ташқари, бугунги мустабид тузумдан қутулишни мақсад қилган ҳеч бир ўзбек ҳафтасига 7 та кичик варақа ёпиштириб, 7 кун ичида зулмни 7 бор нишонга олишдан, шу хатарсиз ишни амалга оширишдан қўрқмаса керак! Агарда кимда-ким шу ишни қилишдан ҳам қўрқса, бундай одам зулм чекиб, мазлумлар сафида юргани учун золимларни эмас, энг аввало ўзини, ўзининг қўрқоқлигини айблаб, зулм чекишга муносиб одамлигини тан олиши керак.
Охирги пайтларда компьютер олдида ўтириб олиб, интернет саҳифаларида: “Ўзбекларимиз золимга қарши курашишдан қўрқади! Ўзбекдан бошқа қўрқоқ миллат борми бу дунёда?!” – қабилидаги гапларни ёзадиган ватандошларимиз кўпайиб қолди. Ўзларини ботир, бошқаларни эса қўрқоқ санайдиган ана шундай юртдошларимизга мурожаат қилиб: “Агар ҳақиқатан ҳам мард бўлсангиз, мустабид тузумдан халос бўлишни истаётган бўлсангиз, келинг, шу йўлда “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида иштирок қилинг ҳамда Ватанимизда адолат ва демократия қарор топиши йўлидаги курашга амалий ҳиссангизни қўшинг!” – демоқчимиз. Ўз озодлигингиз учун ҳафтасига 7 та варақачани ёпиштириб чиқинг!
Бир иштирокчи ёпиштирган 7 та варақачанинг ҳар бирини камида 7 та одам ўқиса, бир ҳафта ичида бир ватандошимизнинг ўзи салкам 50 юртдошимизнинг қалби ва онгига йўл топиб, мустабид тузумга қарши курашга шунча одамни чорлаган бўлади. Агарда шу ишни 10, 100 ёки 1000 одам қилса-чи? Бир ҳафта ичида чорловимиз камида 500, 5000 ёки 50000 одамгача етиб боришини англаш қийин эмас.
Кўриб турганингиздек, мақсадга катта ғалабалар эвазига эришишдан кўра, кичик ҳаракатлар ва ғалабалар натижасида бориш хатарсиз ва самаралироқдир. Аслида, фақат ялқовларгина катта ғалабаларни кутиб, лотереяда бирданига катта пул ютиб, бойиб кетишни орзу қилиб яшайди ва умри қашшоқликда ўтиб кетганини билмай қолади. Меҳнаткаш эса ўша ғалабага ҳамда катта пулга кундалик ва кичик ғалабалар орқали етиб боради.
Баъзилар Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳаси самарали бўлишига ишонмаслиги мумкин. Атрофдагиларнинг муносабати қандай бўлишидан қатъий назар, биз ҳаракат қилаверамиз, курашдан асло тўхтамаймиз, натижасини эса Яратгандан сўраб қоламиз!
Азиз ватандошлар!
Бугун сизларга “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳаси доирасида илк ҳафта варақасини тақдим этмоқдамиз. Унда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати логотипи остида ўзбек халқининг севимли шоири марҳум Рауф Парфининг “Бизда нима бор?” шеърини жойлаштиришни лозим топдик. Фикримизча, ўзбекнинг бугунги аҳволини аниқ тасвирловчи ушбу саккиз мисра ўқувчиларни чуқур ўйга ботиради.
Биринчи ҳафта варақасини шу ердан юклаб олишингиз мумкин:
uzerk.org/…/07-01-2013-rgb-300.jpg (300 pixel rgb формат)
uzerk.org/…/07-01-2013-cmyk-300.jpg (300 pixel cmyk формат)
uzerk.org/…/07-01-2013.pdf (pdf формат)
Қуйида сизнинг ҳавфсизлигингиз учун айрим маслаҳатларимизни бермоқчи эдик. Варақачамизни принтердан чиқараётганда ҳамда бекатлар, деворлар ва симёғочларга ёпиштираётганда ўта хушёр бўлишни, иложи бўлса, атрофда ҳеч ким йўқ пайтларда ёпиштиришни, вақарани бегона одамларнинг принтерларидан, айниқса, компьютер клублари ва интернет-кафелардаги принтерлардан чиқармасликни тавсия этамиз.
Бундан ташқари, қирқиб олинган варақачаларни ёнингизда узоқ муддат сақлаб юрмасликни, айниқса, Тошкент метрополитенига олиб тушмасликни, уларни иложи борича тезда ёпиштириб чиқишни маслаҳат берамиз.
Аслида, Рауф Парфининг шеърида ҳам, ЎХҲ логотипида ҳам Ўзбекистондаги қонунларга зид ҳеч нарса йўқ! Аммо шундай бўлса ҳам, эҳтиёткор бўлиш зарар қилмайди. Чунки Каримовнинг режими ҳатто мамлакат Конституциясини тарғиб қилмоқчи бўлган фуқаролардан ҳадиксираб, уларни ҳам ҳибсга олганини эсдан чиқармаслигимиз керак.
Келажак ҳафта мобайнида юртдошларимиз “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати логотипи туширилган ва Рауф Парфининг ўлмас мисрларари битилган илк варақачамизни мамлакат кўчаларида ёпиштириб, ватандошларимизни курашга чорлашда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига кўмакдош бўладилар, деган умиддамиз.
Кўриб турганингиздек, “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасининг ташаббускори Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бўлгани билан унинг асосий иштирокчиси ва амалга оширувчиси ўзбек халқининг ўзидир. Зеро, ҳеч бир халқ сиёсий ҳаракат, партия ва гуруҳларнинг фаол тадбирларисиз ўз сиёсий хақ-ҳуқуқларига эриша олмагани каби ҳеч бир сиёсий ҳаракат, партия ва гуруҳ ҳам халқнинг фаол иштирокисиз ўз сиёсий мақсадларга етиша олмайди. Доно халқимиз буни қисқа қилиб: “Қарс икки қўлдан чиқади” дейди.
Шундай экан, адолат, озодлик ва демократияга эришиш каби эзгу мақсадлар йўлида ватандошларимиз Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг амалий ишларига ёрдамчи бўлишига ишончимиз комил.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати
2013 йил 7 январ