Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ватандошларга МУРОЖААТИ
Ҳурматли ватандошлар!
Ўтган ҳафтада эълон қилган “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок қилиб, мамлакатимиз кўчаларида илк варақачамизни тарқатган юртдошларимизга миннатдорлигимизни изҳор этамиз. 7 кун мобайнида Тошкент ва Жиззах кўчаларида ЎХҲ логотипи ва Рауф Парфининг “Бизда нима бор?” шеъри акс этган варақачаларимиз тарқатилгани ҳақида бир нечта хабар олдик. Мурожаатимизни ерда қолдирмай, шу амалий ишни қўрқмасдан қилган ватандошларимиз сони балки 10 тадир, балки 50 тадир, балки 100 тадир. Илк варақамизни ҳатто бир киши тарқатиб чиққан бўлса ҳам, бу ЎХҲнинг, халқимизнинг Каримов диктатурасига қарши курашдаги ғалабасидир. Албатта, катта ғалабаси эмас, кичик ғалабаси. Аммо кичик ғалаба ҳам ютуқдир, чунки катта ғалабаларга кичик ютуқлар орқали эришилади.
Янги йилнинг иккинчи ҳафтасида фаолларимиз, тарафдорларимиз, эркинлик ва адолат руҳидаги бошқа юртдошларимизга навбатдаги варақачамизни тақдим этамиз. Иккинчи ҳафта варақасида ЎХҲ логотипи остида “ЗУЛМ ҲАМ ҚИЛМАНГ, ЗУЛМГА РОЗИ ҲАМ БЎЛМАНГ!” деган ҳадиси шарифни беришни маъқул топдик. Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг видо хутбасида айтилган ушбу сўзларнинг ичида жуда катта маъно ётади. Чунки, фикримизча, бизнинг бугунги эрксиз ва ҳуқуқсиз аҳволга тушиб қолишимизнинг сабабларидан бири, албатта, пайғамбаримизнинг ана шу суннатига қарши иш тутиб, зулмга сабр қилиб келаётганимиздир.
Бугунги кунда Каримовнинг қўғирчоқ имомлари халқни ҳамма нарсага, шу жумладан, диктатура томонидан ўрнатилган ҳуқуқсизлик ва ноҳақликка ҳам сабр қилишга, шукроналик хисси билан яшашга чақираётганидан ҳамда қўғирчоқ ашулачилар, журналистлар, шоирлар, адиблар билан биргалашиб, ўзбек халқини зулмга қарши курашдан чалғитаётганларидан, халқни уйқу ва ғафлатга ботираётганларидан хабардормиз. Ваҳоланки, улар Муҳаммад с.а.в. мусулмонларни зулмга сабр қилишдан қайтарганини жуда яхши биладилар, лекин бу ҳақда улар оғиз очолмайдилар. Чунки, юқорида айтганимиздек, улар Каримов режимининг қўғирчоқларидир.
Келинг, шу вазиятда, биз, оддий ўзбекистонликлар, юртдошларимизга пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. томонидан айтилган ана шу кичик, аммо муҳим ҳақиқатни – “ЗУЛМ ҲАМ ҚИЛМАНГ, ЗУЛМГА РОЗИ ҲАМ БЎЛМАНГ!” деган ҳадисни етказайлик. Ҳар биримиз шу варақачадан ҳеч бўлмаса 7 тасини одам кўп тўпланадиган жойларга ёпиштириб чиқсак, биз нафақат озодлигимиз учун жонбозлик кўрсатган бўламиз, балки пайғамбаримизнинг бир ҳадисини қанчадан-қанча ўзбекка етказиб, охиратимиз учун савоб ҳам қилган бўламиз.
Иккинчи ҳафта варақасининг электрон шаклини қуйидаги линклардан юклаб олишингиз мумкин:
uzerk.org/…/14-01-2013-rgb-300.jpg (rgb формат 300 px)
uzerk.org/…/14-01-2013-cmyk-300.jpg (cmyk формат 300 px)
uzerk.org/…/14-01-2013.pdf (pdf формат)
Азиз юртдошлар!
Қуйида ҳавфсизлигингизга оид бир қатор маслаҳатларимизни яна эслатмоқчимиз. Варақачамизни принтердан чиқараётганда ҳамда бекатлар, деворлар ва симёғочларга ёпиштираётганда ўта хушёр бўлишни, иложи бўлса, атрофда ҳеч ким йўқ пайтларда ёпиштиришни, варақаларни бегона одамларнинг принтерларидан, айниқса, компьютер клублари ва интернет-кафелардаги принтерлардан чиқармасликни тавсия этамиз.
Бундан ташқари, варақачамизнинг электрон версиясини компьютерларингизда узоқ сақламасликни, варақачаларни ёпиштириб бўлгандан кейин компьютерларингиздан иложи борича тез ўчириб ташлашни тавсия қиламиз. Қирқиб олинган варақачаларни ёнингизда узоқ муддат сақлаб юрмасликни, айниқса, Тошкент метрополитенига олиб тушмасликни, уларни иложи борича тезда ёпиштириб чиқишни маслаҳат берамиз.
Аслида, пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг юқорида келтирилган ҳадисида ҳам, ЎХҲ логотипида ҳам Ўзбекистондаги қонунларга зид ҳеч нарса йўқ! Аммо шундай бўлса ҳам, эҳтиёткор бўлиш зарар қилмайди. Чунки Каримов режими ҳатто “Қорнимиз оч” деган ёзувдан ҳам қўрқишини, шундай оддий ҳақиқатни ёзганларни ҳам қамашга шай турганини эсдан чиқармаслигимиз керак.
Зеро, бугунги кунда Ўзбекистон озодлиги учун курашда эҳтиётсизлик туфайли қамалиб, курашдан ташқарида ётгандан кўра, эҳтиёткор бўлиб, озодликда ва аҳоли орасида юриб, кураш майдонида ҳаракат қилиш фойдалидир. Ўзимиз учун ҳам, халқимиз учун ҳам!
Келажак ҳафта мобайнида юртдошларимиз “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати логотипи туширилган ва пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг “ЗУЛМ ҲАМ ҚИЛМАНГ, ЗУЛМГА РОЗИ ҲАМ БЎЛМАНГ!” деган ҳадиси битилган навбатдаги варақачамизни мамлакат кўчаларида ёпиштириб, ватандошларимизни курашга чорлашда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига кўмакдош бўладилар, деган умиддамиз.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракати
2013 йил 14 январ