O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Зулмга қарши 7 кун”: 3-чи ҳафта варақаси

“Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок қилиб, ўтган ҳафтада эълон қилган варақачамизни мамлакатимизда тарқатган юртдошларимизга миннатдорлигимизни изҳор этамиз.

“Зулмга қарши 7 кун”: 3-чи ҳафта варақаси
145 views
21 January 2013 - 16:53

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг

МУРОЖААТИ

Ҳурматли ватандошлар!

21-01-2013-1“Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок қилиб, ўтган ҳафтада эълон қилган варақачамизни мамлакатимизда тарқатган юртдошларимизга миннатдорлигимизни изҳор этамиз. 7 кун мобайнида ЎХҲ логотипи ва пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нинг “Зулм ҳам қилманг, зумлга рози ҳам бўлманг” ҳадиси шарифи акс этган варақаларимиз Тошкент кўчаларида тарқатилгани ҳақида қатор хабарлар олдик.

“Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасининг учинчи ҳафтасида фаолларимиз, тарафдорларимиз, эркинлик ва адолат руҳидаги бошқа юртдошларимизга навбатдаги варақачамизни тақдим этамиз. Учинчи ҳафта варақасида ЎХҲ логотипи остида “ЎЗБЕКИСТОНДА ГАЗ ЗАҲИРАЛАРИ ВА ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИ КЎП БЎЛАТУРИБ, НЕГА ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА ГАЗ ВА СВЕТ ЙЎҚ? МАҚСАД ЎЗБЕКНИ ЭЗИБ, ҚИРҒИН ҚИЛИШМИ?” деган риторик саволни беришни маъқул топдик.

Бу сафарги варақачамизда айнан шу муаммони кўтариб чиқишимизга сабаб юртимизнинг қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи ватандошларимиз қишнинг бугунги совуқ кунларида газсиз ва светсиз азоб чекаётганидир. Албатта, юртдошларимиз қаҳратон қишни газсиз ва светсиз ўтказаётгани маиший, нари борса, иқтисодий муаммодир. Аммо, ушбу маиший муаммонинг негизида сиёсий муаммолар ётганини унутмайлик. Шунинг учун ҳам, варақачамиздаги риторик саволнинг иккинчи қисми “МАҚСАД ЎЗБЕКНИ ЭЗИБ, ҚИРҒИН ҚИЛИШМИ?” шаклида қўйилган.

Дарҳақиқат, ўзбек ўз газ конлари-ю заҳираларига, кўплаб электр станцияларига эга бўлатуриб, нега 21 асрда ҳам тезак ва ўтин ёқиб кун кечирмоқда? Хитой ва Россияга сотилаётган ўзбек газидан, Афғонистонга сотилаётган электр қувватидан тушган пуллар қаёққа кетмоқда, кимнинг чўнтагига тушмоқда?

Юртдошларимиз фаоллик кўрсатиб, ушбу варақачани кенг тарқатишса, балки, марказдаги ва жойлардаги мутасаддилар қимирлаб, бу муаммоларни сал бўлса ҳам ҳал қилишга киришарлар. Мадобо, улар шундай қилишмаса ҳам, варақачамиз тинмасдан тарқатилаверса, ҳеч бўлмаганда уни ўқиган ватандошларимизнинг қалбига етиб бориб, улардаги сиёсий фаолликнинг ошишига сабабчи бўламиз.

Келинг, шу вазиятда, биз, оддий ўзбекистонликлар, халқимизни қийнаётган ана шу катта муаммони кўтариб, “ЎЗБЕКИСТОНДА ГАЗ ЗАҲИРАЛАРИ ВА ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИ КЎП БЎЛАТУРИБ, НЕГА ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА ГАЗ ВА СВЕТ ЙЎҚ? МАҚСАД ЎЗБЕКНИ ЭЗИБ, ҚИРҒИН ҚИЛИШМИ?” деган саволларни юртдошларимизга етказайлик! Ҳар биримиз шу варақачадан ҳеч бўлмаса 7 тасини одам кўп тўпланадиган жойларга ёпиштириб чиқсак, биз нафақат озодлигимиз учун жонбозлик кўрсатган бўламиз, балки ўз маиший ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳам талаб қилган бўламиз.

Учинчи ҳафта варақасининг электрон шаклини қуйидаги линклардан юклаб олишингиз мумкин:

(PDF форматида) uzerk.org/…/21-01-2013.pdf

(JPG Форматида) uzerk.org/…/21-01-2013.jpg

Азиз юртдошлар!

Қуйида ҳавфсизлигингизга оид бир қатор маслаҳатларимизни яна эслатмоқчимиз. Варақачамизни принтердан чиқараётганда ҳамда бекатлар, деворлар ва симёғочларга ёпиштираётганда ўта хушёр бўлишни, иложи бўлса, атрофда ҳеч ким йўқ пайтларда ёпиштиришни тавсия этамиз.

Бир марта варақа ёпиштирган жойингизга иккинчи марта  варақа ёпиштирмаганингиз маъқул. Варақаларни бегона одамларнинг принтерларидан, айниқса, компьютер клублари ва интернет-кафелардаги принтерлардан чиқармасликни тавсия этамиз.

Бундан ташқари, варақачамизнинг электрон версиясини компьютерларингизда узоқ сақламасликни, варақачаларни ёпиштириб бўлгандан кейин компьютерларингиздан иложи борича тез ўчириб ташлашни тавсия қиламиз. Қирқиб олинган варақачаларни ёнингизда узоқ муддат сақлаб юрмасликни, айниқса, Тошкент метрополитенига олиб тушмасликни, уларни иложи борича тезда ёпиштириб чиқишни маслаҳат берамиз.

Аслида, юқорида кўтариб чиқилган саволларда ҳам, ЎХҲ логотипида ҳам Ўзбекистондаги қонунларга зид ҳеч нарса йўқ! Аммо шундай бўлса ҳам, эҳтиёткор бўлиш зарар қилмайди. Чунки Каримов режими ҳатто “Қорнимиз оч” деган ёзувдан ҳам қўрқишини, шундай оддий ҳақиқатни ёзганларни ҳам қамашга шай турганини эсдан чиқармаслигимиз керак.

Зеро, бугунги кунда Ўзбекистон озодлиги учун курашда эҳтиётсизлик туфайли қамалиб, курашдан ташқарида ётгандан кўра, эҳтиёткор бўлиб, озодликда ва аҳоли орасида юриб, кураш майдонида ҳаракат қилиш фойдалидир. Ўзимиз учун ҳам, халқимиз учун ҳам!

Келажак ҳафта мобайнида юртдошларимиз “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати логотипи туширилган ва “ЎЗБЕКИСТОНДА ГАЗ ЗАҲИРАЛАРИ ВА ЭЛЕКТР СТАНЦИЯЛАРИ КЎП БЎЛАТУРИБ, НЕГА ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА ГАЗ ВА СВЕТ ЙЎҚ? МАҚСАД ЎЗБЕКНИ ЭЗИБ, ҚИРҒИН ҚИЛИШМИ?” деган риторик савол битилган навбатдаги варақачамизни мамлакат кўчаларида ёпиштириб, ватандошларимизни курашга чорлашда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига кўмакдош бўладилар, деган умиддамиз.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ташвиқот бўлими

2013 йил 21 январ