O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Зулмга қарши 7 кун”: 7-ҳафта варақаси

“Зулмга қарши 7 кун”: 7-ҳафта варақаси
142 views
18 February 2013 - 19:12

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг МУРОЖАAТИ

19-02-2013-1Ҳурматли ватандошлар!

“Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок қилиб, ўтган ҳафтада эълон қилган варақачамизни мамлакатимизда тарқатган юртдошларимизга миннатдорлигимизни изҳор этамиз. Гарчи 7 кун мобайнида ЎХҲ логотипи ва “Ислом Каримов Ўзбекистон ерини – Сўх анклавини — Қирғизистонга пуллашни бошлаб юборди. Ислом Каримов – давлат ва Ватан хоини!” деган  варақамиз мамлакатимиз кўчаларида тарқатилгани ҳақида хабар олмаган бўлсак-да, юртдошларимиз ушбу варақамизни ҳам фаол тарқатганига ишончимиз комил.

“Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасининг еттинчи ҳафтасида фаолларимиз, тарафдорларимиз, эркинлик ва адолат руҳидаги бошқа юртдошларимизга навбатдаги варақачамизни тақдим этамиз. Еттинчи ҳафта варақасида ўзбекнинг исёнкор шоири, Сталин қатағонлари қурбони Абдулҳамид Чўлпоннинг “КИШАН КИЙМА, БЎЙИН ЭГМА, КИ СЕН ҲАМ ҲУР ТУҒИЛҒОНСЕН!” деган ўлмас мисраларини ёзиб чиқишга қарор қилдик.

Бу сафарги варақачамизда айнан шу муаммони кўтариб чиқишимиздан мақсад оддий ўзбекистонликларни золим Каримовнинг зулмига итоат қилмасликка чақиришдир. Зеро, бугунги эрксиз, қашшоқ ва мутеъ аҳволга тушишимизга Каримовнинг турли ёлғонларига, масалан, ноннинг нархини оширмаслигига, тинчликни таъминлашига алданиб, кишанларга рози бўлганимиз, ўз эркимиздан воз кечганимиз асосий сабабдир. Шундай бир вазиятда энди кишанларни узишимиз, бошимизни тиклашимиз зарур.

Келинг, мазкур вазиятда, биз, оддий ўзбекистонликлар, олдимизга ана шу мақсадларни қўйиб, шоиримиз Абдулҳамид Чўлпоннинг “КИШАН КИЙМА, БЎЙИН ЭГМА, КИ СЕН ҲАМ ҲУР ТУҒИЛҒОНСЕН!” деган ўлмас мисраларини юртдошларимизга етказайлик! Ҳар биримиз шу варақачадан ҳеч бўлмаса 7 тасини одам кўп тўпланадиган жойларга ёпиштириб чиқсак, Каримовнинг ноқонуний ҳокимияти томонидан тиз чўктирилган ўзбек халқини қаддини тиклаш йўлида хайрли ишни амалга оширган бўламиз.

Еттинчи ҳафта варақасининг электрон шаклини қуйидаги линклардан юклаб олишингиз мумкин:

http://uzerk.org/…/19-02-2013.pdf (PDF форматида)

http://uzerk.org/…/19-02-2013.jpg (JPG Форматида)

Азиз юртдошлар!

Қуйида ҳавфсизлигингизга оид бир қатор маслаҳатларимизни яна эслатмоқчимиз. Варақачамизни принтердан чиқараётганда ҳамда бекатлар, деворлар ва симёғочларга ёпиштираётганда ўта хушёр бўлишни, иложи бўлса, атрофда ҳеч ким йўқ пайтларда ёпиштиришни тавсия этамиз.

Бир марта варақа ёпиштирган жойингизга иккинчи марта варақа ёпиштирмаганингиз маъқул. Варақаларни бегона одамларнинг принтерларидан, айниқса, компьютер клублари ва интернет-кафелардаги принтерлардан чиқармасликни тавсия этамиз.

Бундан ташқари, варақачамизнинг электрон версиясини компьютерларингизда узоқ сақламасликни, варақачаларни ёпиштириб бўлгандан кейин компьютерларингиздан иложи борича тез ўчириб ташлашни тавсия қиламиз. Қирқиб олинган варақачаларни ёнингизда узоқ муддат сақлаб юрмасликни, айниқса, Тошкент метрополитенига олиб тушмасликни, уларни иложи борича тезда ёпиштириб чиқишни маслаҳат берамиз.

Зеро, бугунги кунда Ўзбекистон озодлиги учун курашда эҳтиётсизлик туфайли қамалиб, курашдан ташқарида ётгандан кўра, эҳтиёткор бўлиб, озодликда ва аҳоли орасида юриб, кураш майдонида ҳаракат қилиш фойдалидир. Ўзимиз учун ҳам, халқимиз учун ҳам!

Келажак ҳафта мобайнида юртдошларимиз “Зулмга қарши 7 кун” лойиҳасида фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати логотипи туширилган ва “КИШАН КИЙМА, БЎЙИН ЭГМА, КИ СЕН ҲАМ ҲУР ТУҒИЛҒОНСЕН!” деган сўзлар битилган навбатдаги варақачамизни мамлакат кўчаларида ёпиштириб, ватандошларимизни курашга чорлашда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига кўмакдош бўладилар, деган умиддамиз.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ташвиқот бўлими

2013 йил 18 февраль