Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 201
(давоми)
ЙИГИРМА БЕШИНЧИ МЎЖИЗА
Жобир ибн Абдуллоҳ шундоқ ривоят қилур:
«Қурайш бошлиқ Макка ва Мадина атрофидаги араб қабилалари бирлашиб, Абу Суфён қўмондасида Мадинага ҳужум қилмоқчи бўлди. Бу хабар эшитилгач, Расулуллоҳ уруш майдони атрофига ўра (ҳандақ) қазишни буюрдилар. Бу ишга Салмон Форсий маслаҳат бермиш эди. Расулуллоҳ бошлиқ барча саҳобалар бир ой чамалик бу ишда бўлдилар. Шул йилларда бир оз қаҳатчилик ҳам бор эди.
Бир куни кўрсам, очлик Расулуллоҳнинг юзларидан билиниб турар эди. Ул зотга ичим оғриб уйга келдим. Борлиқ овқатим бир сўа, (яъни саккиз қадоқ) арпа, бир улоғим бор эди.
Арпани ун қил, деб хотунимга буюрдим, улоқни сўйиб қозонга солдим. Таом пишгунча Расулуллоҳни чорлаб келмакчи бўлдим.
Анда хотуним:
— Расулуллоҳ олдида мени уятга қўймагил, бу эрса етти-саккиз кишилик овқатдир, ундан ортиқ одам чақирма, — деди.
Шу билан Расулуллоҳ қошига келиб яширинча:
— Ё Расулаллоҳ, бир улоқ сўйиб, бир сўа арпа унни хамир этиб, таом пишириб сизни чақиргали келдим, беш-олти кишига етарликдур, — дедим.
Расулуллоҳ бу сўзни англаб:
— Эй хандақ аҳли, Жобир сизлар учун ош пиширмишдур, қани юринглар! — деб қичқирдилар.
Ансор-муҳожирин бошлиқ бутун халқ Расулуллоҳ ортидан уйимга қараб юрдилар. Буни кўриб чопганимча эл олдида келиб хотунимга хабар қилдим:
— Уятга қолдим, бутун халқни олиб, мана Расулуллоҳ келиб қолдилар.
Анда хотуни:
— Қанчалик ошимиз борлигини Расулуллоҳ англамиш эрсалар, иншааллоҳ, бизга уят бўлғудек иш йўқдур. Бунинг сирини Аллоҳ пайғамбари ўзи билур, — деди.
Расулуллоҳ ҳам шу орада илгарироқ келиб қолдилар. Хотиним бир сўа ундан қилинган хамирни келтирди. Анга ва қайнаб ётган қозонга қараб:
— Эй бор Худоё, бу таомга барака бергил, — деб дуо қилдилар.
Сўнгра ул зот келганлар ўн кишидан бўлиб ўлтирмоқларини буюрдилар. Анда уйимгакелмиш кишилар улуғ қудратлик Аллоҳ оти билан қасам қилурманким, мингдан ортиқ эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқатни «Бисмиллаҳ» деб ўзлари суздилар. Бутун келмиш кишилар бир қозон ошдан еб тўйиб тарқашди. Эл кетгандан сўнгра қарасам, қозонда ош боягидек тўлиқ турибдур. Бир улоқ ва бир сўа арпа унидан бўлган ош минг кишини тўйдириб, яна шундай қолибдур.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотунимга:
— Бу овқатдан ўзинглар еб, бошқаларга ҳам ҳадя қилинглар, — дедилар.
Шу куни кечгача қўни-қўшниларга шу қозондан ош улашдик».
Энди шуни билмоқ керакким, мўжиза демак одатдан ташқари Аллоҳ қудрати биланбўладиган бир ишдур. Бир кишилик ошни минг ёки милён кишига етқизмоқ Аллоҳқудратига осондур. Одатдаги бўладиган ишлар эрса, албатта, бир сабабга боғлиқдур.
Сабабсиз пайдо бўлмиш ишларда Аллоҳ таоло ўз қудратини кўрсатмиш бўлур. Дунёда бор барча ишларнинг ақлга сиққудек бирор сабаби бўлиши, албатта, лозимдур. Аммо охиратда бўладиган аҳволлар, ўлгандан кейин бўладирган ишлар эрса, уларнинг ҳақиқатига инсон ақли бу дунёда ета олмайди.
Худонинг қудратига қараб, дин ишларидаги ақлиетмаган сўзларга оят, ҳадисдан олинган бўлса, таслим қилиш фарздур. Негаким, динишларида ақлнинг динга бўйсуниши лозимдур. Йўқ эса динсизлик офатидан киши қутулаолмайди. Чунки инсоннинг ақли дунёда бор бўлган нарсаларнинг борлиги учун унингсабабини ахтарур. Қайси нарсанинг сабабларини топа олмас эрса, унга инкор қилиб қаршиликкўрсатур. Ҳақиқатда эса инсон ақлига сиғмайдиган кўп ишлар бордурким, у нарса Аллоҳқудратига осондур. Буни билиш учун динга ишонмоқ керакдур.
Дин ушлашнинг асоси Аллоҳнинг борлигига инонмоқдур. Ҳазрати Али карамаллоҳу важҳа:
— Қиёмат бўлиб, жаннат ва дўзахни кўрганимдаги иймоним, шу кундаги иймонимдан кучлик бўлмайди. Кўрмай туриб ишонганим, кўрган кабидур, — дедилар.
Барча яратилмиш нарсалар, буларнинг турлик-туман бўлишлари, инсонларнинг тиллари ўнги-туши бир-бирларига ўхшамаслиги Аллоҳнинг улуғ қудратига очиқ далилдур. Шундоқ бўлса ҳам яна инсонлар хаёл қоронғулигида қолиб ҳақиқат йўлида адашиб, армонда қолмагайлар, деб қанча минг пайғамбарларини ўз томонидан вакил қилиб юборди. Алар халққа келган Худонинг вакилларидур. Аллоҳ одил эрур. Зулмини ўзига ва барча бандаларига ҳаром қилмишдур. Пайғамбар юбормасдан илгари ҳеч кимни азоб қилмагай.
Аллоҳнинг одати аввал пайғамбар юборгай, улар келиб халққа Аллоҳ амрини еткургайлар. Уларга иймон келтириб, кўрсатган йўлларига кирар эканлар, икки жаҳон давлатига эга бўлгайлар. Йўқ эса, Худо олдида узр айтишга тиллари йўқдур. Агар қиёматда абадий азобга қолсалар, ўзларидан кўрсинлар. Чунки пайғамбарлар ҳақиқатни айтиб, бу куннинг бўлишини билдирмиш эдилар. «Ва ма кунна муаззибина ҳатто набаъаса расулан». Яъни «Пайғамбар юбормагунча ҳеч бир қавмни азоб қилмаймиз», деган бу оят юқорида айтилган сўзга очиқ далилдур.