Мусиқа ва Қуллик
Табиатан оҳангсеварман. Кўчаларда ҳиргойи қилиб юрмасам-да, қўшиқ тинглайман. Асосан мусиқа. Асосан классик мусиқалар. Классик мусиқаларнинг таъсири ҳар хил кечади. Дейлик “Чўли ироқ” дийдамни юмшатади. Моцарт тинч ухлашимга ёрдам беради. Паганини тушкунлик чоҳидан олиб чиқади. Шопен сокинлик уммонига ташлайди. Хуллас руҳиятим озуқаси учун фойдали улар.
Ана энди бугуннинг ликир-ликир ашулалари борки, одам қалбини ўлдириб, роботлаштиради. Бу жараён узоқ давом этади. Сезмайсиз. Телевизор, радио, машина, қўл телефонлари, тўй, байрамлар… ҳамма ерда сизга ҳужум қилади. Ва қўлга олади ҳам.
Толстой: бир немис кньязининг айтишича, қаерда қулларга эҳтиёж сезилса, ўша ерда мусиқага куч берилади, деб ўз кундалигига ёзиб кетган.
Қадимги Рим империясида халқ ҳукуматдан норози бўлиб кўтарила бошлайди. Вазиятни юмшатиш учун ўша пайтдаги сенат кўча томошаларини уюштириш, бозор, майдон, қисқаси одам мўл жойларда кўчма театр томошаларини кўпроқ қўйиш режасини ишлаб чиқади. Гладиаторлар жанглари ҳам ўша пайтда ўйлаб топилган. Ва ҳаммаси тинчиган!
Юқоридаги фикр нақадар тўғрилигини Гитлер жаноблари ҳам боплаб исботлаб берганлар. Ундан кейин бу ғояни СССР ўзлаштирди ва бутун мустамлакаларида синади. Натижа ёмон бўлгани йўқ.
Кексалар яхши эслашади. Ҳар қишлоқда киномайдончалар бўлган ўша пайт. Киночи амаки келиб ҳиндча филм қўйиб берган. Эътибор беринг, асосан ҳинд филмлари. Чунки яримидан кўпи қўшиқ билан ўтади. Кун узоқ далада ишлаб ҳолдан тойганлар сулайиб келишади. Кино кўришади. Томоша жараёнида ҳозиргача бўлган қийинчиликларини унутиб юборадилару кино қаҳрамонларини муҳокама қилишга ўтиб кетадилар. Уйга ҳам ўша мавзуда суҳбатлашиб қайтадилар. Пахтада ҳам ўша мавзу. Чалғитиш, авраш, қуллаштириш дегани бу. Одамда савол, фикр уйғотадиган кинолар деярли қўйилмаган. Тарковский филмларини беришса бўларди-ку. Йўқ. Бўлмасди! Ишчи чумолилар иш ташлашарди унда.
Бошим портлаб кетай деяпди.
Жин урсин, ичимга ғулғула солиб қўйдингиз Толстой бобо! “Қулларга эҳтиёж туғилган жамиятда мусиқага зўр берилади”.
Қуллаштирадиган мусиқа деганда Моцарт, Шопен, Ботир Зокиров, Чўли Ироқ, Шашмақомларни назарда тутмаганингиз аниқ. Ундан кейин ҳозир бизда дуруст мусиқачи ҳам, ашулачи ҳам йўқ ҳисоб, уч-тўрт арзирлисини айтмаса. Демак, ҳозир ҳаммаси яхши!
Демак мен қул эмасман.
Мен қул эмасман.
Мен қул эмасман.
Толстой бобо, ҳамма пачақ ашулачиларимиз қандай қилиб саҳнадан тушмай юришларининг сирини менга айтишингиз шартмиди?!
Суф сизга, Толстой бобо. Суф. Одам подам эмассиз. Ҳа, аллақандай одамбашара индивидсиз.
Қулларга эҳтиёж туғилган мамлакатда мусиқага зўр берилармиш.
Тавба, тавба, минг тавба.
Жонтемир Жондор
Манба: facebook.com