Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Кеча ва кундуз бандани унинг ажали тарафга қараб олиб боради. Кеча ва кундуз уловига ўтирган инсон ўзи хоҳламаса хам олдинга қараб интилади. Бу нарсада ақл ва илм эгаларининг фикрлари ҳамоҳангдир. Кунлар инсонлар йўл аро бирма-бир босиб ўтадиган босқичлар бўлиб, охир-оқибат ҳар бир киши сафарининг охирига етиб келади. Уларни ғанимат билиб фойдаланиб қолган киши бахтли, фойдаланишдан маҳрум бўлган, нафси ва Раббисининг ҳақларини ўрнига келтирмаган ва сафар тадоригин кўрмаган инсон бахтдан йироқдир.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло кеча ва кундузни алмашиниб турувчи ва бир-бирини ўрнини босувчи ўлароқ яратдики, буларнинг бирида яхши амал қила олмай қолган киши кейинги қисмида унинг ўрнини тўлдириши мумкин:
“У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган зотдир”.
Бу кунлар Аллоҳнинг наздида баробар эмас, балки Аллоҳ уларни ўз ҳикмати билан бирини бошқасидан афзал килди, баъзи кунларни алоҳида танлаб олди. Аллоҳинг замон, макон ва шахслар орасида Ўзи танлаб ихтиёр қилганлари бордир.
“Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган нарсани яратур ва (Ўзи хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур. Улар учун ихтиёр йўқдир”.
Аллоҳ таоло кунлар орасидан баъзиларни ихтиёр қилиб, уларни эзгулик мавсумлари, тоат ва ибодат кунлари, қурбат ҳосил қилиш вақтлари қилди. Булар йил мобайнидаги ҳадя тариқасида берилган кунлардир. Ким уларга эътибор бериб, яхшиликларидан баҳраманд бўлиб қолса, ўша ҳақиқий бахтиёр кишидир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир умр яхшилик қилинг ва Аллоҳнинг раҳмат шаббодаларига йўлиқинглар! Албатта Аллоҳнинг раҳмати жумласидан бўлган шаббодалари борки, уларни бандаларидан хоҳлаганига насиб қилади”.
Бу нур сочувчи мавсумлар ва муборак ҳадялар жумласидан Зул-ҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир. Аллоҳ таоло уларни бошқа кунлар орасидан танлаб, сайлаб олди ва қадрини улуғ қилиб, бу кунларда қилинган амаллар савобини бошқа пайтларда қилинганидан афзал қилди. Ҳамда бошқа кунларда бажариб бўлмайдиган бешинчи фарз — ҳаж ибодатини фақат шу кунларгагина хослади.
Зул-ҳижжа ойнинг ўн куни фазилатлари
– Аллоҳ таоло бу кунлар билан қасам ичди, ҳолбуки Аллоҳ таоло ўзининг китобида фақат улуғ нарсалар билангина қасам ичган: “Тонгга қасам. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам”. Ибн Касирнинг тафсирида, Ибн Аббос оятдаги “Ўн кеча”ни “Ўн кун”, деб тафсир қилган.
– Бу кунлар ҳаж амалларини ўз ичига олиганлиги билан фазилатлидир. Зеро ҳаж амаллари амалларнинг энг афзали ва савоби катталаридан ҳисобланади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, у киши деди: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: Қайси амаллар афзалроқ? – деб сўради. “Аллоҳга иймон келтириш”, – дедилар. Кейин қайсиниси? – деди. “Аллоҳ йўлидаги жиҳод”, – дедилар. Ундан кейин қайси бири? – деди. “Мабрур (ҳақиқий, тўлиқ) ҳаж”, – дедилар.
– Бу кунлар орасида Арафа кунининг мавжудлиги. Бу кунда Аллоҳ Арафотда турган бандаларини малоикаларига мақтайди. Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда келишича:
“Аллоҳ азза ва жалла дунё осмонига тушади ва (ҳаж қилишга келган бандаларини) фаришталарга мақтаб: “Бу бандаларим менинг раҳматимдан умидвор ва азобимдан қўрққан ҳолда меннинг даъватимга жавобан (ер юзининг) ҳамма тарафидан (юзларини) чанг-ғубор босган ва сочлари тўзиган ҳолатда келдилар”, – деб айтади”.
Аллоҳнинг мақтови бу бандаларининг гуноҳларини мағфират қилиши, уларга раҳмат, афв ва тавба қўлини чўзиши билан бўлади. Ҳамда Аллоҳ бу кунда рўза тутган кишига икки йиллик мағфиратини беради.
– Бу кунларда “Ҳажжул-акбар” куни борлиги. Бу кун бир сўз билан айтганда дунё кунларининг энг яхшиси ва Аллоҳ таолонинг назаридаги ҳурмати энг улуғ кундир. Термизий, Насоий ва Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳим Амр ибн ал-Аҳвас разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам наҳр куни шундай дедилар: “Эй одамлар! Қайси кун ҳурматлироқ? Қайси кун ҳурматлироқ? Қайси кун ҳурматлироқ?” – дедилар.
“Ҳажжи акбар куни, ё Расулаллоҳ”, – дейишди одамлар.
Бас, у зот айтдилар: “Албатта, қонларингиз, молларингиз, обрўларингиз сиз учун худди шу кунингиз, шу шаҳарингиз ва шу ойингиз ҳурмати каби муқаддасдир “.
Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ наздидаги кунларнинг энг хайрлиси наҳр кунидир. Наҳр куни — ҳажжи акбар кунидир”. Абу Довуднинг сунанларида келадики, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳнинг назаридаги энг улуғ кун — наҳр куни, ундан кейин ал-қарр кунидир”. Ал-қарр куни — Минода қолинадиган кундир (Наҳр кунидан кейинги кундир, яъни 11-Зул-ҳижжа). Кўпчилик инсонлар бу куннинг фазилатидан ғофилдирлар.
– Бу кунлар ичида Мино кунлари борлиги. Мино кунлари шайтонга тош отилади. Бу кунлар аҳли Ислом учун байрам бўлиб, еб-ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир.
Сўнгра бу кунларда қурбонлик сўйиш, Аллоҳнинг амрини ижро қилиш ва пайғамбарлар: Муҳаммад ва Иброҳим алайҳимас-саломлар суннатларини иҳё қилиш бор.
Баъзи аҳли илмлар Зул-ҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигидаги бу фазилатлар боис уларни рамазон ойининг охириги ўн кунлигидан фазилатда олдинга қўйишган. Шайхул Ислом Ибн Таймия бунинг тафсилотида шундай дейди: “Зул-ҳижжа ойининг аввалги ўн куни рамазон ойининг охириги ўн кунидан хайрлироқдир, рамазоннинг охириги ўн кечаси зул-ҳижжанинг аввалги ўн кечаларидан хайрлироқдир”.
Ибн Ҳажар “Фатҳ”да айтади: “Зул-ҳижжа ойи ўн кунининг афзаллиги сабаби — бошқа вақтларда бир ўринга жамлаш мумкин бўлмаган катта ибодатлар: намоз, рўза, закот ва ҳажнинг бу кунларда жамланишидир”.
Зул-ҳижжа ойининг ўн кунидаги амал фазилати
Бу ўн куннинг фазилати ҳақида имом Бухорий ва бошқалар Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас”. “Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?” – сўрашди саҳобалар. “Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан (жиҳодга) чиқиб, ҳеч нарсасиз қайтган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно”, – дедилар.
Имом Байҳақий ривоятида, Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо деди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳеч қайси кунда қилинган яхши амал Азҳонинг ўн(куни)да қилинганчалик Аллоҳнинг ҳузурида покроқ ва савоби улуғроқ эмас”.
Табароний “Мўъжамул кабир”да жаййид санад билан ривоят қилади: “Ҳеч бир кунларда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳнинг ҳузурида улуғроқ ва Аллоҳга суюклироқ эмас. Шундай экан, бу кунларда тасбеҳ (субҳаналлоҳ), таҳмид (алҳамдулиллаҳ), таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) ва такбир (Аллоҳу акбар)ни кўпайтиринглар!”
Зул-ҳижжа ойининг илк ўн куни мустаҳаб ибодатлари.
1. Ҳаж қилиш. Ушбу ўн кунда қилинадиган амалларнинг энг афзали Байтуллоҳни ҳаж қилишдир. Аллоҳ таоло қайси бандасига ҳажга боришлик ва унинг рукнларини суннатга мувофиқ бажаришни насиб қилса, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидан насибадор бўлади –иншааллоҳ–: “Умра кейинги умрагача ўртадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир”.
2. Рўза тутиш. Зул-ҳижжанинг аввалги тўққиз кунида рўза тутиш мустаҳабдир. Чунончи пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кунларда солиҳ амаллар қилишга қизиқтирганлар. Рўза эса амалларнинг энг афзалларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни Ўзига хослади. Ҳадиси қудусийда келади: “Одам фарзанди қилган рўзадан бошқа барча амал ўзи учун. Рўза эса Мен учун ва Ўзим унга мукофот бераман”, – дейди.
Набий солаллоҳу алайҳи ва салламнинг зул-ҳижжанинг тўққиз кунида рўза тутганликлари ривояти келган: Ҳунайда ибн Холид пайғамбаримиз аёлларининг биридан ривоят қилиб айтади: “Набий солаллоҳу алайҳи ва саллам зул-ҳижжанинг тўққиз кунида, ашуро кунида, ҳар ойнинг уч кунида, ойнинг биринчи душанба ва икки пайшанбасида рўза тутардилар”.
3. Ҳажда бўлмаганлар учун Арафа куни рўзаси. Бу кунги рўза тўққиз кунлик рўза ичига кирсада, унинг фазилати катталиги сабаб алоҳида зикр қилдик. Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффорати бўлур”, – дедилар. Эй мўмин! Бундай улуғ савобдан маҳрум бўлмагин!
4. Ҳайит кунлари қурбонлик қилиш. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оқ-қора рангли шохдор икки қўчқорни қурбонлик қилдилар, “Бисмиллаҳ” ва “Аллоҳу акбар” деб, уларнинг бўйнига оёқларини қўйиб туриб, ўз қўллари билан сўйдилар”.
Қурбонлик қилаётган киши –пайғамбаримиз қилганларидек–қурбонлик пайтида ўзи тепасида туриши ва унинг гўштидан ейиши мустаҳабдир. Бошқа кишини вакил қилиши, хайрия ҳайъатларини вакил қилиши –гарчи бошқа давлатларда сўйилса ҳам– жоиз. Битта қўйни бир кишидан, туя ёки сигирни етти киши томонидан қурбонлик қилса бўлади.
5. Таҳмид, таҳлил ва такбирни кўпайтириш. Ушбу кунларда такбир (Аллоҳу акбар), таҳмид (Алҳамдулиллаҳ), таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ), тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) ва бошқа зикрларни кўпайтиришлик мустаҳабдир. Бу зикрларни ибодатни изҳор қилиш ва Аллоҳ таолонинг улуғлигини эълон қилиш мақсадида масжидлар, кўча-кўй, зикр қилиш мумкин бўлган барча жойларда овозни чиқариб айтиб юришлик. Буни эркаклар жаҳрий, аёллар эса махфий қилади. Аллоҳ таоло деди: “Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)”.
Жумҳур муфассирлар Ибн Аббос ва бошқалардан нақл қилиб, оятдаги “маълум кунлар”ни зул-ҳижжанинг ўн куни деганлар.
Муснадда Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳеч бир кунларда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳнинг ҳузурида улуғроқ ва Аллоҳга суюклироқ бўлмас. Шундай экан, бу кунларда таҳлил, такбир ва таҳмидни кўпайтиринглар!”
Ҳозирги даврда такбир айтиш, айниқса зул-ҳижжанинг аввалги ўн кунида деярли унутилган суннатлардан бўлиб қолди. Ушбу ўн кунликда уни камдан-кам одам айтаётганига гувоҳ бўласиз. Аслида, суннатни тирилтириш ва ғофилларга эслатиш учун уни овоз чиқариб айтиш керак. Имом Бухорий ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Умар билан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳум зул-ҳижжанинг ўн кунида бозорга чиқиб такбир айтардилар. Уларнинг такбирини эшитиб, одамлар ҳам такбир айтишарди.
6. Фарз намозлари кетидан айтиладиган такбир. Бу ҳам ушбу кунларда қилинадиган суннат амаллар жумласидан бўлиб, Арафа куни бомдод намозидан бошлаб, ташриқ кунларининг охири, яъни 13- зул-ҳижжа куни аср намозигача айтилади. Шақиқ ибн Салама раҳимаҳуллоҳ айтади: “Али разияллоҳу анҳу Арафа куни бомдод намозидан кейин такбир айтишни бошлаб, то ташриқ кунларининг охирида асргача имом намоз ўқигандан сўнг такбир айтарди”. Худди шунга ўхшаган ривоят Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ҳам келган.
Ибн Таймия айтади: “Такбир айтиш борасидаги саҳоба ва имомлардан жумҳур салаф ва фуқаҳоларнинг саҳиҳ қавллари: Арафа куни тонггидан то ташриқ кунлари охиригача ҳар намоз ортидан такбир айтилади”.
Ибн Ҳажар айтади: “Такбир айтиш ҳақида саҳобалардан келган ривоятларнинг энг саҳиҳи Али ва Ибн Масъуднинг сўзларидирки, улар: “Такбир Арафа куни тонгидан Мино кунларининг охиригача айтилади”, – дедилар”.
Такбир сийғалари:
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбару кабийро.
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд.
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд.
Ушбу сийғаларни шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ зикр қилиб ўтган. Ибн Аби Шайба Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан ривоят қилган асарда: “У ташриқ кунларида: Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд, деб такбир айтарди”, – деб хабар беради.
7. Юқорида зикр қилинган амаллардан ташқари яна бошқа солиҳ амаллар қилиш. Бу муборак кунларда садақотлар, нафл намозлар ва қуръон тиловатини кўпайтириш, қариндошчилик алоқаларини боғлаш, етимларни кўнгилини олиш ва бошқа солиҳ амалларда бардавом бўлиш яхшидир ва фазилатлидир.
Бу фазилатли кунлар ўтиб кетиб, сўнгра надомат қилишдан олдин, орқага қайтарилиш ялиниб сўралганда ижобат қилинмайдиган Кундан олдин бу кунлардан унумли фойдаланиб қолайлик!
Аллоҳ таоло ушбу муборак кунларнинг фазлидан барчамизни баҳраманд қилсин. Эй Раббимиз! Сени зикр этишга, Ўзингга шукр қилишга ва Сенга гўзал ибодат этишга бизларни мушарраф айла – кўмак бер.
Валлоҳу аълам…
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Абу Абдуллоҳ аш-Шоший
islamhouse.com