O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Зўрники тегирмон юргизаркан

Зўрники тегирмон юргизаркан
122 views
07 June 2016 - 9:10

9006EDD3-B300-4D77-8E59-5234D7328194_mw1024_s_nЭшматнинг тут егиси келиб қўшниси Тошматникига ўтиб қараса тутни кесиб кетишган экан.

Афсусланган Эшмат қўшнисига юзланиб “тут егим келиб турувди, минг афсус кесиб кетишибдида”, деса, дарахти кесилганидан жаҳли чиқиб турган бўлса керак, Тошмат унга жавобан “ён қўшним Иванники кесилмаган бориб ўшаникидан енг”, деган экан.

Советлар даврида тез тез айтиладиган ушбу латифа ҳозирги кунда ҳам ўзининг актуаллигини йўқотмаган кўринади. Гап шундаки май ойига келиб Самарқанд шаҳри ва унинг атрофидаги кўча, маҳалла ва хиёбонлардаги тут дарахтлари ипак қурти баҳона кесиб кетилди. Ва битта иккита кўздан панада қолган тут дарахтлари эса ҳокимият вакиллари, прокуратура ва милиция ходимларидан ташкил топган махсус комиссия томонидан аниқланиб ва уларнинг назорати остида кесиб кетилмоқда.

Айни шу кунларда Самақандга ташриф буюрган одам кесилган тутлар сабаб хунук бир манзарани кузатиши мумкин. Агарда шаҳарнинг баъзи бир кўчаларининг икки четига нуқул тут дарахти экилганинилигини ҳисобга олсак, ўша кўчага келиб қолган одам ўзини жаҳаннамга  тушиб қолгандай ҳис қилиши мумкин.

Камина яшайдиган маҳалла ҳам шундай “манзара”дан четда қолмади. Май ойининг охирларида маҳалла территориясида тут дарахтларини кесаётганларнинг бири билан гаплашиб қолдим. Кўринишидан бир мунча содда, камгап, 30-35 ёшлардаги йигитдан, “нима, сизларда тут дарахти йўқми”, даб сўрадим. У эса менга жавобан, “бир пайтлар бор эди, керагидан ортиқ бор эди, ҳозир эса йўқ”, деди.

У сўзини давом эттираркан, “охирги 20 йил мобайнида газ, электр токининг танқислиги боис халқ, қаҳратон қиш мавсумида уйини иситиш учун нафақат тут дарахти, ўтинга яроқли барча дарахтларни кесиб ёқиб юборди. Шунинг учун ҳам 20-30 километр узоқликдан келиб шу ерлардан тут барги олиб кетишга мажбурмиз. Сабаби туман ҳокимнинг буйруғи билан прокурор, милиция ходимлари уйма-уй юриб, мажбурлаб, хонадонларга бир қутидан ипак қурти тарқатишган. Ана шу бир қути ипак қуртини парваришлаб, пилла ҳолда давлатга топширишимиз шарт. Илож қанча. Ҳокимнинг буйруғини бажаришга мажбармиз. Акс ҳолда улар менга ўхшаган ҳимоясиз йўқсилларни тинч қўйишмайди”, деди оғир хўрсиниб.

У сўзини давом эттираркан, “замон зўрники бўлди, зўрники тегирмон юргизади деганлари шу бўлса керакда”, деди қўлини мушт қилган ҳолда қаҳр билан. У билан хайрлашиб ортга қайтар эканман, очиқчасига мушт кўрсатилдими, демак халқ уйғонмоқда деган ўй ўтти хаёлимдан.

Эгамқул Худойберди

Самарқанд, 2016 йил, май.