O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“ИАК”ни ҳийласи ёхуд чув тушган Қора байроқ

“ИАК”ни ҳийласи ёхуд чув тушган Қора байроқ
52 views
12 January 2016 - 12:23

Kar-kolЎзбеклар армони

(3-қисм)

Галдаги хуруж 2015-йилнинг августида ИШИДга қарши кураш баҳонасида бошланди. Амалиётларга тайёргарликларни масъуллар, обдон пишиқ-пухта қилдилар. Барчаси енг ичида битирилгани боис, буни уларнинг ўзларидан бошқа биров бошида пайқамади.

Гўё, ҳаммаси яқинлашиб келаётган янги 2016 йилдаги “тинчлик ва фаравонлик” учун ўта зарур эди…

Каримов тахтга ўтирипди-ки, халққа ором бермаслик учун ўтказиладиган ҳар қанақанги тадбирлар, юракка ваҳима соладиган дўқ-пўписалар: “юрт тинчлиги ва фаровонлиги учун” “иқтисодиётни янада юксалтириш учун”, “юксак маънавият – енгилмас куч”, “ваҳҳобизмга қарши кураш”, “ҳизбут таҳрир таҳликаси” каби шиорлар остида амалга ошириб келинади. Шиорлар қанақанги шакл-мазмун касб этмасин, барчаси замирида, кутмаганда, истибдодга қарши бош кўтариб қолмаслиги учун халқнинг бурнини ерга ишқаб, миллат ичидаги ерга урса кўкка сапчийдиган Мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларига ўхшаш “тажанг” ва “қайсар”ларнинг кўзининг ўтини олиб қўйиш, “думини кетига қисмаганларни” қамаш, йўқотиш: ҳукумат тактика-стратегиясининг бош мақсади қилиб белгиланади.

Амалиёт бошланиши учун ҳам бир ойдан кўпроқ вақт лозим бўлди.

Вақт-соати етиб, шоввозлар йўқ душманни қириб ташлаш учун жон-жаҳди билан “жанг майдони”га отилганларида, “Боғдодда тинчлик” – шаҳарда ўлик бир сукунат ҳукмрон эди.

Нишонга олинадиган обеъкт топилмагач, ҳар доимгидай бу сафар ҳам ҳукуматнинг қаҳру ғазаби тинч фуқароларга қаратилди.

“Алдамчи маневур”лар, ҳийла-найрангга лиқ тўлалиги билан ёдда қоларли эди. Ўтган йиллардаги йиғилган бой тажрибалар, йўқни йўндириб, ёлғонни кўпиртиришда жуда ҳам қўл келди.

Биринчи дастурга “ислом хавфи” асос қилиниб, амалиёт: “И” деб номланди. Аслида, амалиётга унинг ижодкори президент Ислом Абдиғаниевич Каримовнинг исмидан олинган биринчи ҳарф: “И” асос қилиб олинганлигини, бошқа биров билмаса ҳам хавфсизлик генераллари яхши билардилар.

Кузнинг этни жунжуктирадиган бир тунида, Қорасув даҳасидаги мактаб пештоқига хавфсизлик кучлари бўлинмаси тарафидан, бир кечада икки даъфа Қора байроқ илиб кетилди. Икки мартасида ҳам хавфсизлик кучларининг бошқа бир бўлинмаси ўн дақиқа ичида етиб келиб, ҳокимият ва маҳалла фаоллари гувоҳлигида, Қора байроқни мактаб пештоқидан юлиб олди ва қонунга хилоф мактаб пештоқининг қўндоғига қўнган ўзбошимчанинг қўл-оёғига кишан солди.

Сўнгра, ўта хавфли жиноятчи ўн беш сонли танк ва иккита полк қуршовида Миллий хавфсизлик хизмати ертўласига сўроқ этиш учун олиб кетилди.

Ҳокимият ва маҳалла фаоллари, бу мудҳиш жиноят хусусида, ИШИДнинг мамлакатга сизиб кираётганини иддао қилиб бутун атрофга ваҳимали хабарларни тарқата бошладилар. Мамлакат телеканалларидан ҳам тез ва сифатли иш берадиган мишмишлар силсиласи, ярим кун ичида Ўзбекистоннинг жами туман ва қишлоқларини қамраб олиб, эртаси кун азонда бутун дунёга чиқиб кетди. Тезкорлиги билан ўзбеклар орасида шуҳрат қозонган “Озодлик” ҳам, воқеалардан бир кун ўтиб хабар топди.

Акс-садодан титроққа тушган маҳаллий радио-телевидение ва газета-журналлар эса, орадан уч кун ўтиб, президентнинг яширин имосидан шиддат билан ишга тушди. Тошбақа тимсоли бўлган ўзбек матбуоти вагонлари, тезроқ шон-шуҳрат ва сохта обрў орттириш учун шошилган мустақиллик мафкураси ҳимоячиларига тўлди. Маънавий марказларда, завод-фабрикалар ва республикадаги бутун ўқув муассасаларида, Қора байроқнинг Ўзбекистон мустақиллигига тажовузи муносабати билан; “Сени ҳеч кимга бермаймиз, жон Ўзбекистон” шиори остида, митинглар авж олдирилди. Қора байроқнинг дунё бўйлаб амалга ошираётган “қора жиноят”ларини, таъриф-тавсиф қилишга тушган ўқитувчиларни шайтон чалиб, сиёсий шарҳловчиларни жазава тута бошлади.

Бир сўз билан айтганда, бутун ўлкада: “кинна кирди, чиқ-чиқ”, “алас-сух” ва “Чўтиринни арвоҳ урди” тадбирларига кенг йўл берилди. Миршабларнинг кўплигидан кўчаларда юриб бўлмай қолди. Эгаси йўқ дайди итлар, тумшуқ суқишга жой топа олмагач чегараларни уриб қўшни мамлакатларга ўтиб кетдилар.

Мишмишлар манбайи бўлмиш маҳаллий ҳокимият ва маҳалла фаоллари: Қора байроқни ким, қачон мактаб пештоқига илиб кетган, уни мактаб қоровули кўрганми, йўқ, ким хавфсизлик кучларига хабар берган, дея бош қотириб ўтирмадилар. Бу каби ҳийла-найрангларнинг замирини чорак асрдан буён кўравериб кўзлари пишиб кетганлиги сабаб, улар хавфсизлик кучларининг муродларини ҳосил қилишга киришдилар. Бошқа нарсалар уларни қизиқтирмасди. Хавфсизлик кучлари узатган эстафета байроқчасини, яна уларнинг қўлларига тутқазиш вазифаси, улар учун ўта долзарб эди. “И” амалиёти мусиқасига обдон ўйнаб берсалар, бемалол ўтирган ўринларида фаолият юргизиб, олаётган мояналарини олаверардилар, улар ҳар галгидай бу гал ҳам кимнинг ҳақ кимнинг ноҳақлигига тупирардилар.

Ишсизлик ва бекормандалик ҳукмрон бўлган бир замонда, оила боқишнинг, арзимас бўлса ҳам бир маромда келиб турадиган даромад манбайига эга бўлишнинг ўзи бўлмасди.

Орадан икки кун ҳам ўтмади. Қийноқлардан жони халқумига келиб, ўлиб кетган катта энасининг арвоҳини қоронғи ертўланинг зах бурчагида бир неча бора кўрган босқинчининг бутун тан-бадани момоталоқ бўлиб, вужудида титилмаган, йиртилмаган жойи йўқ. Бўздай оқариб, унинг рангида ранг қолмаганди. “И” амалиёти ташкилотчиларининг сўзига кириб, у мактаб пештоқининг қўндоғига қўнаман, дея, жонидан айрилишига бир баҳя қолганди. Жаллодларнинг қўлида бир кеча-кундузда, неча марта ўлиб, неча марта тирилганини унинг бир ўзи билади, бир Худо билади. Ҳаммасидан ҳам, “И” амалиёти “жазо гуруҳи”нинг ҳамма нарсанинг қандай амалга оширилганлигини билиб туриб, ўзини қайта-қайта сўроқ қилганлари Қора байроққа жуда ҳам қаттиқ ботди. Унинг ҳеч қачон қўзғалмаган ҳамияти қўзғалди, номусдан қони қайнаб, ҳар калтак еганда, тишлари қарич-қарич бўлди.

Орқага йўл йўқлигини, ҳаммасига кеч қолганини у энди яхши биларди.

“И” амалиёти дастурида ёзиб қўйилганидек, МХХнинг ертўласида сўроқ қилинган ана шу Қора байроқнинг сохта иқрори туфайли, Тошкент шаҳри Қорасув ҳудудидаги ўттиздан ортиқ намоз ўқиши гумон қилинган шахс кечиктирилмасдан ҳибсга олинди. Уларнинг орқаворатдан рўйхатга олинишларига динга бўлган ихлослари сабаб бўлганди. Ҳукумат наздида, уларнинг бошқа бирорта ҳам “айблари” йўқ эди.

Рўйхатни олти ой бурун маҳалла фаоллари, хавфсизлик идораларига тақдим қилган бўлсаларда, уларнинг ҳам ҳайратдан оғизлари кападай ланг очилиб, ўзлари ҳайкалдай турган жойларида, серрайганча довдираб қолдилар. “Тавба-а, ишидчилар билан ёнма-ён яшаб, чойхонада ошни бирга еётган эканмиз-у, билмай юрган эканмиз” дея, улар чин юракларидан афсус-надоматлар тортдилар. Жиноятчилар билан қуда-андачилиги бор баъзи бир ҳушёрроқ фаоллар вақт ғаниматда, уларнинг ўғил-қизларининг никоҳидан ўзларининг ўғил-қизларини чиқариб олишга шошилдилар.

Қамалганлар қандай қилиб ИШИД сафларига кириб кетганларини билолмасдан, бошлари гаранг эди. Улар, минг йиллар қоронғи бир ғорда ухлаб қолиб, уйқудан кўзларини очолмаётган одам каби ўзларини ноқулай ҳис этар эдилар. На фикратлари, на оёғу қўллари ўзлариларга бўйсунмасди. Айбларига иқрор этиш учун сўроққа тутаётган терговчилар ва жонларини тинимсиз қийноқларга солаётган уларнинг кўмакчилари ҳам, улар учун рисоладаги одамлар эмас. Гўё, улар “кўринмас қўллар” измидаги бошқарув тугмасига уланган “зулм машинаси”, шу учун уларда инон-ихтиёр йўқ эди. Улар “кўринмас қўл”нинг инон-ихтиёри билан унинг мақсадини амалга ошириш учун ҳаракатга келардилар.

Баъзилар, ялчитиб намоз ўқимаса ҳам, жумага ойда-йилда бир чиқса ҳам, ўзининг беш вақт намозни канда қилмаслигини тан олди. Баъзи бировлар эса, терговчининг: “Айбингизни чин дилдан тан олсангиз, президентимиз, кечирадилар. Ота жуда ҳам раҳмдил, қўй оғзидан чўп олмайдиган инсонлар. Ҳамма балони, унинг атрофидагилар бошлаяпти. Унинг ҳеч биридан хабари йўқ. Қайсарликни йиғиштирсангиз, ҳозироқ бу ердан чиқиб кетасиз. Сизни хотинингиз, бола-чақангиз кутиб ўтирипди” деган авровига лаққа тушиб, унинг талаб қилганларини тўла-тўкис ёзиши асносида, ўзининг қилмишига тўлиқ иқрор бўлди.

Баъзи бировлар, ИШИД нималигини билмаса ҳам, ИШИД ўзининг елкасига қанақа вазифа юклаганини адашмасдан, бирма-бир санаб, танимаган, умрида бир марта ҳам кўрмаган шерикларикларини биринчи кўрганидаёқ, таниб, уларнинг исм-шарифларини тутилмасдан айтиб берди.

Аҳдида собит турганларни минг бир азобга солдилар. Эътиқоди жонини асраб қололмаслигини айтиб, келишишга ундадилар. Кўнмаганларнинг бир-иккисининг уйидан бориб хотини ва қизларини еталаб келдилар…

Мустақиллик йилларида орттирилган қанақанги тажриба бор, барчасини бирин-сирин ишга солавердилар. Нима қилмасинлар, барчаси президентнинг кўнглини овлаш учун, унинг ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун қилинди. Ҳатто, “Темир одам” деётганимиз – терговчилар ва уларнинг ишларини осонлаштирувчи қонхўр жаллодлар ҳам, “жиноятчи”га нисбатан сал раҳмдиллик қилиб қўйиб, президентнинг ғазабига дучор бўлмаслик учун ўз ишларига ўта ҳушёрлик билан ёндашардилар…

Барчасидан “бехабар” “ота” оммани асл воқеалардан чалғитиш учун телевизирга чиқиб, Қундуз бобо бўлиб элга чўпчак сўйларди. Иш бошида, унинг ўзи турган бўлса ҳам, содда одамлар уни ҳаммасидан бехабар деб ўйлардилар…  Шундай қилиб “И” амалиёти бошлангунга қадар ҳам орадан ўттиз йил вақт ўтди. Ҳаммаси, ҳаш-дегунча, кўз юмиб-очгунча содир бўлди…

Бутун ўлкани бир кун ўтмасдан даҳшатли мишмишлар босиб кетди. Бўлди бир қиёмат, бўлди бир қиёмат! Бошланган ишлар, “И” амалиёти дастурида битилганидан ҳам минг чандон зиёда бир алфозда кечарди. Кўзлари тўрт бўлиб кузатиб турган президентнинг кайфияти чоғ бўлишини ўйлаб, генераллар барчасига ўзларида йўқ қувонардилар.

Иккинчи амалиётга “А” деб ном берилди. Дастур номи президентни боқиб олган отаси: Абдиғани пўстакчининг шарафига “А” деб аталди.

Калашников автомати йўргакка қалин қилиб ўралиб, оёқларига ангори эчки жунидан тўқилган мукки пайпоқ, бошига зар иплар билан тикилган жимжитдеккина намонгони дўппи кийгизилди. Унинг юзи-кўзи ёпиқ бўлса ҳам, атай бир чеккасидан сўрғичининг попугини осилтириб, бегона кўзга ташланадиган қилиб қўйиш шартлигини ҳам йўриқчилар унутмадилар. Дастурда аввалдан нима ёзилган бўлса, улар шошмасдан ҳаммасини бекаму кўст адо этдилар.

Аввал кўрмаган одам, либос кийдирилган Калашников автоматини онаси қучоғида маза қилиб ҳам ухлаб, ҳам сўрғич сўриб ётган чақалоқ деб, ўйларди. Чақолоқни ҳар икки хавфсизлик ташкилоти генераллари бир бўлиб, Тоштурмада узоқ йиллар мақбул жаллод бўлиб ишлаган нафақадаги корейс аёлининг қўлига тантанали равишда топширганларидан кейин, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг хизмат машинаси, она-болани Тўйтепага олиб бориб ташлаб келди…

Эргаш Сулаймон