Амир Темур ҳақида нафрат ва алам тўла сатрлар ёзган Ибн Арабшоҳ ҳам унинг «икки кўзи бамисоли икки шам бўлса-да, шодлиги билинмас, йўғон овозли эди; у ўлимдан қўрқмас, ёши саксонга (етмишга-Ш.Ў.) етган бўлсада, изтиробсиз, вазмин, бадани тўла ва пишиқ, худди зич қалин тош мисоли қаттиқ эди.
У ҳазил-мазаҳ ва ёлғонни ёқтирмас, ўйин-кулгию кўнгил ҳушликка майлсиз, гарчи (сўзда) ўзига озор етадиган бирон нарса бўлса ҳамки, садоқат унга ёқар эди. У (бўлиб) ўтган ишга азият чекмас ва ўзига ҳосил бўладиган (ютуқ)дан шодланмас эди. Унинг мажлисида уятсиз сўзлар, қон тўкиш, асир олиш, наҳбу ғорат қилиш ва ҳарам (ҳақи)га ҳақорат гаплар бўлмасди.
Темур қўрқмас, шижоатли, ботир кишиларни итоат қилдирувчан бўлиб, жасоратли кишиларни, довюрак ва мардларни ёқтирар эди.
У бетакрор (нишонга урувчи) фикрли, ажойиб фаросатли, мислсиз (даражада) бахтли, улуғворлиги (ўзига) мувофиқ, қатъий азм билан сўзловчи, (бошига) кулфат тушганда ҳам ҳақгўй киши эди. У (бировдан) бир гап эшитганда далил талаб қиладиган, зимдан қараш ва кўз ишоратларини сезадиган идрокли киши эди. У синчков бўлиб, юз берадиган барча ишни кўриб-билиб турар эди. Унинг назарида алдовчининг алдови яшириниб қолмас ва фирибгарнинг фириби ўтмас, ўз фаросати билан ҳақгўй ва ёлғончини ажратар эди. Ўз зийраклиги тажрибаси билан чин (ҳақ) насиҳатгўйдан сохта (насиҳатгўйни) идрок этар; ўз афкори билан сал бўлмаса учар юлдузни тўғри йўлга бошқарар, ўз фаросати ва мулоҳазалари билан ҳар бир бехато сайёра ўқини ўз орқасидан эргаштирар эди ,- деб унинг тўғри туғма ҳукмдорлик салоҳиятига катта баҳо берган эди.
Муарриҳнинг фикрича, бирор ишни бошласа «у ундан асло қайтмасди ёки бирор нарсага қасдланса, беқарорлик, енгилтаклик ва сусткашликка мансуб бўлмаслик учун ўз қатъияти жиловини у нарсадан сира бурмасди» .
Ибн Арабшоҳнинг Амир Темурга берган баҳоси.