Ҳазрат Сулаймон (а.с.) дарёнинг бўйида ўтирарди. Нигоҳи бир дона донни дарё томон кўтариб бораётган чумолига тушди. Сулаймон (а.с.) чумолини кузатишда давом этди. Чумоли донни сув бўйигача судраб борди. Шу пайт сув ичидан қурбақа пайдо бўлди ва оғзини катта очди. Чумоли дони билан қурбақанинг оғзига кириб кетди. Қурбақа оғзини ёпди ва сувга шўнғиди. Бир муддат ўтгач, қурбақа сувга шўнғиган жойидан пайдо бўлди ва оғзини яна очди. Ичидан чумоли ўрмалаб чиқди. Аммо бу сафар буғдой дони йўқ эди.
Сулаймон (а.с.) чумолини ёнига чақирди ва ўз амали асрорини сўзлаб беришни сўради. Чумоли тилга кирди:
– Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Дарёнинг қаърида ичи бўш бир тош ётибди. Ўша тошнинг ичида бир қурт яшайди. Худо қуртни ўша ерда яратган. У дарёдан ташқарига чиқа олмайди. Менга унинг насибасини етказиб туриш вазифаси юклатилган. Қурбақага эса мени сувнинг тубига олиб тушиш амр этилган. Мен ҳар куни бир буғдой донасини дарё бўйига келтираман. Қурбақа мени оғзига солиб, сув остига, тош ёнига қадар олиб тушади. Мен у ердаги тешик орқали буғдой донини қуртнинг оғзигача олиб бораман. Сўнгра, қурбақа мени яна оғзига олиб қирғоққа қадар чиқариб қўяди.
Ҳазрат Сулаймон (а.с.) чумолига деди: Буғдой донасини қуртга элтганингда ундан бирор гап эшитганмисан?
Чумоли жавоб берди: Ҳа. У доимо шундай дейди: “Эй менинг ризқимни дарё тубидаги тош ичига қадар етказиб беришни унутмайдиган Худо! Иймонли бандаларингга нисбатан бўлган раҳматингни унутма”.
“Қачон инсонга неъмат берсак, у юз ўгирар ва ёнбоши ила узоқлашар. Қачон уни ёмонлик тутса, бас, у узундан-узоқ дуо эгасидир”.
(Қуръони Карим. Фуссилат сураси, 51-оят)