O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ибрат

Ибрат
154 views
13 February 2014 - 10:29

images

Дунёда энг катта, зўр ибрат
Изласанг, сенгадир шул шиор,
Пайғамбар қилмишлар насиҳат:
«Қабрга бор, қабристонга бор!».

Бошингга бахт қуши ошиқди,
Мол-давлат йўлингга турар зор.
Қувончдан сапчима, яхшиси
Қабрга бор, қабристонга бор!.

Баъзида ҳаётдан норизо
Кўнглингга ўрнашмиш минг ғубор.
Ҳаммаси ўткинчи, сербақо
Қабрга бор, қабристонга бор!.

Олимлар кўп эди, хўш, қани?
Ҳаммасин кул бўлмиш гулшани…
Ҳақиқий илмлар маскани –
Қабрга бор, қабристонга бор!.

Яқинларинг қийнаб қўйса, бас,
Дунё санга туюлса қафас,
Тирикларнинг уйига емас,
Қабрга бор, қабристонга бор!.

Ҳар куни ўлимдан ҳадиклар…
Кўзингда кўряпман куюклар.
Жонингга тегдими тириклар?
Қабрга бор, қабристонга бор!.

Билиб бўлмас инсон боласин,
Ичда экан унинг оласи…
Энг ростгўй дўстларнинг давраси –
Қабрга бор, қабристонга бор!.

Шовқинли бу дунё шиддатдир,
Унинг алам, дарди беҳаддир.
Жим бўлса-да, катта ибратдир –
Қабрга бор, қабристонга бор!.

Тупроқдирмиз ҳаммамиз бекам,
Шаҳаншоҳга тўлмиш пойқадам,
Унда Чингиз, Боту, Қайсар ҳам…
Қабрга бор, қабристонга бор!.

Ўлим ҳақдир, келади бир кун,
Қайта боғлиқ бўлмас бу тугун…
Ихтиёрсиз келишдан бурун-
Қабрга бор, қабристонга бор!.

Хайрулло Ҳамидов