O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ИБРОҲИМ ҒАФУРОВ: “ШЕЪРИНГИЗНИ ТУШУНТИРИБ БЕСАНГИЗ”

ИБРОҲИМ ҒАФУРОВ: “ШЕЪРИНГИЗНИ ТУШУНТИРИБ БЕСАНГИЗ”
519 views
11 July 2022 - 15:28

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати
1983 йил, 5 август, №32 (2720)
Куюнчак китобхонлардан хатлар
ТУШУНЧА
Ҳурматли ўртоқ муҳаррир!
Газетангизда эълон қилинган “Шеърингизни тушунтириб берсангиз…” мпқоласи бизда бир мунча мунозарали фикрлар уйғотди. Рухсат этсангиз бу фикрларимиз билан ўртоқлашсак. Аввало мақола муаллифи китобхон билан мулоқотга киришаркан, Муҳаммад Солиҳ шеърларига юқори мезондан туриб ёндашади: шеър – “аввало ижтимоий ҳодиса”, деб тўғри қайд этади.
Аммо танқидчи билан “оддий кишилар” замонавий поэзияни бир хил савияда тушунади, деб бўлмайди. Масалан, шеърхон Рўзимбой Қурбоновга Муҳаммад Солиҳнинг “Оқ кўйлаклар” тўпламидаги шеърларнинг деярли ярми “чигал, жумбоқ бўлиб туюлади”. Мулоқотдан кўринадики, китобхон ёшлар шеъриятидаги тажрибаларни чуқур англаб етмаган. Танқидчи И.Ғафуровнинг “Ёш қалбнинг тажрибалар” (Иброҳим Ғафуров. Лириканинг юраги. 1982) мақоласида “Оқ кўйлаклар” тўпламидаги шеърларнинг аксарияти изчил таҳлил қилинган, уларда “навқирон бир самимият”, “қанча ҳаёт муносабатлар бор”лиги эҳтиросли талқин этилган.
Мунаққиднинг “Шеърингизни тушунтириб берсангиз…” мақоласида эса “Қайтасан уйингга…” деб бошланувчи шеърнинг бутунлай бошқача талқинини кузатамиз: “Наҳот, мутлақ умидсизлик ва тушкунлик ичида яшаб келган бўлса бу шеър қаҳрамони?”.
“Қайтасан уйингга…” шеъри лирик қаҳрамоннинг “мутлақ умидсизлик” ҳолатини англатмайди. Уйига – ўзлигига қайтган қаҳрамон юракдаги идрок кўмагида чуқур мушоҳада юритаётган бир ҳоллатда. У уйқуда эмас. Умид ҳорғин руҳий ҳолатдаги қаҳрамон вужудида дафъатан ўзгариш содир қилади…
Кейин бошқа сезги келади,
Кейин лойқаланади ақл…
Ётган – лоқайд ҳолат бузилади, мувозанатдаги ақл торози паллаларидек лопиллайди. Лирик қаҳрамондаги бу оний ҳолат ҳар бир кишига хос, қалбда кечиши мумкин бўлган руҳий жараён. Ақл лойқаланади, аъни қаҳрамон руҳиятидаги турғун вазият бузилади. Уни умид лойқалатади – бузади. “Лойқалатиш” ибораси қаҳрамон руҳидаги ўзгариш жараёнини ифодалаётир. Бу рамзий иборада ижодий оҳанг мавжуд. “Лопиллаш” эса ўзгариш жараёнининг метафорали тасвири. Хуллас, руҳиятда содир бўлаётган кўтарилиш жараёни айнан умид билан боғлиқ. Умид “ярим тунда” уйғотади. Бу шунчаки эмас, безовтакор, қаҳрамон идрокида кучли туғён қўзғатишга қодир умид.
Муҳаммад Солиҳ сўзлардаги ҳали очилмаган имкониятларни кашф этишга уринади:
Қулоқ жаранглайди,
Бош жаранглайди,
Жаранглайди вужуд ғалати.
“Жаранглайди” феъли бу ўринда Қулоқ, Бош, Вужуд каби рамзий поэтик деталларга нисбатан янгилик сифатида қўлланилаётир. Бундан кузатилган мақсад кўп ишлатилган “шағиллар”, “ғувуллар”, “ўртанар” сўзларини “енгиш” эмас. Мақсад – лирик қаҳрамоннинг фаол ҳолатини бир сўзда психологик далиллашга урунишдир.
Одам сезгилар воситасида дунёни билади ва унга ўз таъсирини ўтказади. Шеърдаги “жаранглайди” сўзи мутаассир қаҳрамон иродасининг воқеликка фаол муносабатини англатган.
Сезгиларга жовдирайди
қалб–
Бўрилар ичида қолган
қўзичоқ!
Мунаққид “қалбнинг жавдирашини кўз ўнги”га келтиролмасликда ҳақ. Чунки қалб – инсон вужудининг ички, ҳиссий хоссаси. Қалб тебранишини кўз билан кўриб, ақл билан тасаввур қилиб бўлмайди. Уни фақат ҳис этиш, метафорали деталларда тасвирлаш мумкин. Шеърда “бўри” ва “қўзичоқ” ана шундай тасвир вазифасини бажариб келган. Ёш шоирнинг тажрибаларидаги “Қулоқ”, “Бўри”, “Қўзичоқ” сингари сўзлари айнан “қулоқ”, айнан “бўри”, айнан “қўзичоқ” деб тушуниш танқидчининг шеър таҳлилидан нотўғри хулосалар чиқаришига сабаб бўлган. Аслида, бўрилар қўзичоқни таламаяпти, балки объектив реаллик сезгилар орқали қаҳрамон қалбига таъсир этмоқда.
Чидай олмай сакраб кетасан,
Дераза олдига етасан –
Чўян тизза чаноқларида
Чайқалиб кетади лим тўла
қудрат!…
Бу ерда тиззага берилган “чўян” сифатида лирик қаҳрамоннинг бардошига ишора. Бу бардош чаноқларда чайқалган қудратга лим тўла. Сезгилар қудратни “чайқатади” – инсоний эзгу ишларга қўзғайди.
Фойда йўқ. Сен қўрқиб
ётасан.
Хотинингнинг сокин юзига
Бу олов лабларни босиб
олишдан.

“Бу ўта ҳаяжоннинг боиси”, И.Ғафуров айтганидек, “хотиннинг сокин юзига бу олов лабларни босиб олиш истаги” эмас. Қолаверса, бундай “истак”нинг “қўрқинч” туғдириши типик ҳодиса ҳам эмас. Мунаққид, аввалги сатрлардагидек, рамзий “Хотин” образини айнан эрнинг тасарруфидаги хотин деб тушуниб, янглиш хулосага келган. Бу ўринда хотин образи дунёда кимга нима муқаддас бўлса, ўшанинг тимсоли.
Шоир ўз қаҳрамонини “тафтиш” қилишни бекорга унинг сезгиларидан бошламаган. Бу “ўхшашликдан қочиш учун” атай “тескари фикрлаш” эмас. Тескари фикрлаш ҳеч қачон оригиналлик ҳисобланмаган. Шу жиҳатдан “уйқусизлик” шеҳрини ҳам “эрта сарғайган япроқ”қа қиёслаш адолатдан эмас. Зеро, қаҳрамон нутқидан ҳам, шеърдаги “ухламайсан”, “жаранглаб” каби иборалардан ҳам “оғриб тўкилаётган варам мевалар”ни эмас, шиддат билан ёзилаётган, қуёшга талпинаётган бўлиқ куртакларни тасаввур этиш осон.
Хуллас, китобхон Муҳаммад Солиҳнинг шеърларини тушунмаганлигини тан олади. Танқидчи И.Ғафуров эса ўз нуқтаи назарини, афсуски, оддий китобхон савиясидан туриб талқин этади.
Мансур Тенглaш
ШЕЪРЛАРНИ КИТОБХОН АНГЛАШИ КЕРАК
“Шеърларингизни тушунтириб берсангиз…” мақоласида М.Солиҳ шеърларида китобхон ва шеър ўртасидаги алоқа, сўз қўллаш ва лирик қаҳрамон проблемалари хусусида мунозара юритилади.
Мунаққид дастлаб, шеърни ўқувчига яқинлаштириш керак, деган фикрни айтади. У М.Солиҳ шеърларининг ўқувчидан узоқлиги сабабини “субъектив талқин биринчи даражали бўлган”лигида кўради.
Мақоладан кўринадики, танқидчи М.Солиҳ шеърларидаги сўз ва ибораларга юкланган мазмунни нотўғри англаган, натижада тиниқ чизилган ҳолат ва манзаралардан ноўрин хулосалар чиқарган. Буни “Уйқусизлик” шеъри таҳлилида ҳам кузатамиз. Бизнингча “жаранглайди” сўзини қаҳрамон ҳолати билан боғлиқликда олиб қараш керак эди. Негаки, синоним сўзларнинг маъноларида ўзаро фарқланувчи нозикликлар мавжуд: “шанғилламоқ”, “ғувилламоқ” бошқа-бошқа ҳолатларни ифодаловчи сўзлар бўлгани сингари “жарангламоқ” сўзи ҳам бутунлай ўзгача ҳолатни англатиб келяпти.
Шоир “жаранглайди” сўзини қўллар экан, сезгилар қулоққа, бошга, вужудга келиб урилаётганининг тасвирини чизади. Мана шуни нотўғри тушуниш бошқа образлар моҳиятини англашга, натижада яхлит бир шеърни тўғри ва теран таҳлил этишга монелик қилган.
Агарда жаранглаш тўқинишнинг ҳосиласи, деб шоир сўзларда образ чизяпти, деб тушунилса, таъсирчан, аммо метиндай мустаҳкам вужуд кўз ўнгимизга келган бўлар эди. Бу ерда шоир вужудидан айри тушган руҳ тасвирини яратмоқда, яъни вужуд қанчалик мустаҳкам бўлмасин, қалбнинг “бўрилар ичида қолган қўзичоқ” мисол ожизлигини, шу ожизлигини, шу ожизликдан келиб чиқиб, вужуднинг ўзига тегишли бўлган сезгиларга жовдираб қарашини тасвир қилмоқда.
Лирик қаҳрамон сезадики, тонг кутиб турибди. У англайдики, ҳозир ётиш керак… Қаранг, шоир бу ҳолатни бор-йўғи бир жумлада қандай баён қилади:
Фойда йўқ.
Ҳа, айни лаҳзада ҳамма иш фойдасиз бўлиб чиқиши мумкин. Буни тушунган қаҳрамон ётади.
Шеърда сезгиларнинг ўзи эмас, сезгилар таъсир этаётган, бир-биридан айри тушиб қолган вужуд ва қалбнинг сурати – маълум бир психологик манзара чизилмоқда. Бу ерда сезгилар эмас, манзаранинг ўзи муҳим. Аммо бунга танқидчи эътибор бермаган.
Танқидчи ушбу шеър таҳлилини шундай тугатади: “Сизга, азиз мухлис, қандай билмадим-у, лекин мен, гапнинг очиғи, ханжардай жаранглаб ётишни эмас, ханжардай жаранглаб – агар шундай дейиш ўринли бўлса – яшашни, меҳнат қилишни, яратиш, ижод этишни яхши кўраман ва ёқлайман”.
Албатта, бу гаплар ўз ўрнида тўғри. Аммо бар ҳақиқат иккинчи ҳақиқатга зид қўйилмаслиги керак. Шеърдаги “ётиш” сўзи ётавериш керак деган маънони билдирмайди. Бу сўз фақат шеърда сурати чизилган ҳолатга тааллуқли бўлиб, уни бошқача мазмунга буриш нотўғри.

Мунаққиднинг М.Солиҳ лирик қаҳрамони ҳақидаги фикрлари билан ҳам мунозарага киришиш мумкин. Зеро, М.Солиҳнинг лирик қаҳрамони пассив шахс эмас. Мисол тариқасида, танқидчи ҳам маъқуллаган “Отхонада от ухлар тикка…” деб бошланадиган шеърни олиб қарайлик. Шеърда от образига сингдирилган мазмун аста-секин равшанлашиб боради. Чуқурроқ ўйлаб қарайлик. Атрофдаги одамларга разм солайлик! Наҳотки, атрофимизда шу от каби яшаш ва яратишнинг ёниқ завқи – бўрондан бенасиб, жим, лоқайд ўтиб бораётган одамлар кам бўлса! Ахир, уларда ҳам курашиб, яратиб яшаш ҳуқуқи бор-ку! Шоир шундайларга қараб ачиниш билан:
Уни силаш учун,
Ачиниш учун,
Юзта сулув қизнинг қўллари
керак.
Юзта!–
деб таъкидлаганда нечук ҳақ бўлмасин?!
Наҳотки, китобхонда шундай инсоний фикрлар, ҳиссиётлар туғдираётган, инсон учун куйинаётган шундай қаҳрамонни тор, субъектив шахс дейиш мумкин?!
Бироқ, ҳар ҳолда, адабий ҳодиса сифатида М.Солиҳ шеъриятимизнинг ифода техникасини янги босқичга кўтаришга ҳаракат қилаётганини табриклаш керак.
Мусурмон Номозов
САМИМИЙ БЎЛАЙЛИК
Одамга ўзи ёзган нарсаси ҳақида гапириш ноқулай. Уни ҳимоя қилиш ҳам, менингча, шарт эмас. Ёзилган нарсанинг ҳимояси ўзида. Борди-ю уҳимоясиз бўлса – бўш бўлса, унинг учун қайғуришнинг не кераги бор?
Иброҳим Ғафуров мен самимий ҳурмат қиладиган мунаққидлардан бири. У менинг китобимдан танқид қилиш учун қулай шеърларни танлаган. Бу факт унга ҳурматимни янада оширди: шеърлар чиндан ҳам заиф. Фақат мен бу нуқсонни улардаги “тушунарсизлик”да эмас, бошқа нарсада кўраман, сатрлар яхши ишланмаган, сўзлар танланмаган, оҳанг бузилган ва ҳоказо. Агар уларни қайта ишлаш имкони бўлганда, мен қайта ишлардим, яъни танқидчига ёқмаган нарсани янада чуқурлаштирардим. Мени тўғри тушунинг, танқидчига аччиқма-аччиқ эмас, балки шеърни унга нисбатан бошқача тасаввур этганим учун шундай қилардим.
Ўйлайманки, ёзувчи ҳам танқидчига лойиқ бўлмоғи керак, яъни, танқидчи уни кўкларга кўтариб мақтаганида кўкка чиқиб кетмасин. Ана шундагина уни “ерга уришганида” ерга ҳам кириб кетмайди. Мақтовга ҳам, танқидга ҳам ишониш керак эмас, деяётганим йўқ. Фақат мақтов ёки танқид довдиратиб қўядиган ёзувчи бошқа касб танлагани маъқул демоқчиман.
“Шоир – одамлар дардини ёзади”. Бу – илм. Аслида шоир ўз дардини ёзади. Ўша дард қанча самимий бўлса, У шунча одамларга яқин демак, “одамларники” бўлиши муқаррар. Шу боис шоир учун ўзини оқлашга зарурат йўқ. Зеро, “Фалон жойим оғрияпти, кечиринг”, деб узр сўраш кулгилидир.
Шоирнинг бир заиф жойи бор, бу – унинг шоирлигидир. У бошқалардан фарқли ўлароқ, ўз “бурга”сини ўз уйида эмас, ҳамманинг олдида “ўлдиради”, одамлар олдида “тозаланади”. Бу ғалати ҳуқуқни унга табиат берган. Бу ҳолат бизни гоҳо ижирғантириши, уялтириши ҳам табиий.
Лекин, афсуски, шоирга мавзуни биз танлаб беролмаймиз, у оғриётган жойини ўзи билади. Шунинг учун танқидчи шоирга қандай ёзиш кераклигини ўргатмай, унинг ёзган нарсаси тўғрисида фикр юритса яхши бўларди. Чунончи, шеъриятни танқидий мақолалар эмас, балки шеърият танқидни яратади. Бу эски ҳақиқатни такрорлашга мажбурмиз, чунки “ёшлар шеърияти” деб аталмиш шеърятнинг танқидчилари ёзган аксарий мақолалар ўша шеъриятнинг нима эканлигини кўрсатиш ўрнига, унинг қандай бўлиши кераклиги хусусида ҳавойи гаплардан нари ўтмаяпти. Масалан, шу кунгача бирорта танқидчи кейинги ўн йиллик шеъриятимизнинг шакл жабҳасида нимани йўқотиб, нимани топганини батафсил таҳлил қилиб кўрмади. Ахир, бугунги бармоқ вазни (эркин шеърни қўйиб турайлик) эллигинчи, олтмишинчи йиллар “бармоғи”дан фарқ қилади-ку? Рауф Парфи, Усмон Азим, Йўлдош Эшбек ва Тилак Жўранинг китобларини эринмай, диққат билан ўқиб кўринг. Улар бу шаклга ўз оҳангини киритмоқдалар, уни ичдан ўзгартиришга уриниб кўрмоқдалар, айни пайтда оғзаки ижод мотивларидан унумли фойдаланмоқдалар.
Танқидчиларимиз бўлса “бу шоир оригинал бўлишга тиришади” қабилидаги юзаки баҳолар доирасида ўралашиб қолмоқдалар. Сирасини айтганда, оригиналликка интилишнинг нимаси ёмон? Ахир, ўзини билган ҳар бир ижодкор шунга интилади-ку? Бу табиий эмасми?

Шоир – хоҳлаймизми, йўқми – шахс сифатида индивидуалист, у ўз қувончи каби қайғусини ҳам бўрттириб кўрсатишга мойил одам. Умуман, санъатнинг ўзи улкан Бўрттириш эмасмикан? Агар шундай бўлса, шоир – бўрттиришлар умумлашмасидир.
Менингча, танқиднинг олий вазифаси – қалб кураши даражасини: иккиланиш амплитудасини аниқ кўрсатиб беришда бўлса керак.
Кейинги йиллар шеърияти ҳақида кўп ёзаётган мунаққидларимиздан бири – Иброҳим Ғафуровдир.
Менингча, И.Ғафуров ўзининг сўнгги “Шеърингизни тушунтириб берсангиз…” мақоласида бош фикрини пардалаган. Ваҳолангки, шеърни ўнинчи синф ўқувчиси ёки унинг отаси тушунмаса, бу “фожеа” эмаслигини танқидчи биздан кўра яхши билади.
Ўйлашимча, танқидчи қандайдир шоирнинг тушунарсиз шеърларини эмас, балки 70-80 йиллар шеъриятидаги ўзгача кайфият, унга маъқул бўлмаган руҳ тўғрисида гапирмоқчи бўлган, лекин ёшлар шеъриятига ғамхўрлик юзасиданми, М.Солиҳни аябми, ўз фикрини анча юмшатган. Демоқчиманки, агар бу фақат ғамхўрлик оқибати бўлса, бугунги ёшлар бундай ортиқча имтиёзларга муҳтож эмас. Чунки яна такрорлайман, бугунги ёшлар шеърияти ҳар қандай танқидни кўтара оладиган, мақтовга ҳам, танқидга ҳам муносиб шеъриятдир.
Муҳаммад Солиҳ