O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Идеалистлар

Идеалистлар
316 views
29 June 2016 - 5:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(5)

ИДЕАЛИСТЛАР

Омон Азизнинг ертўласида жуда кўп шароб ичиларди. У ерга келган, албатта, бир шиша кўтариб келарди, бу бир ёзилмаган қоида эди. Шароб интеллектуал суҳбатнинг хамиртируши эди.

Суҳбат, асосан, адабиёт ва санъат ҳақида, яъни, бизнинг ҳаётимиз атрофида қуриларди. Бу ерда ҳар ким ўзини ҳоҳлаган буюкликда кўриши, ҳоҳлаган юксакликда тасаввур қилиши мумкин эди. Масалан, рассом Исфандиёр жунбушга келиб, «мен доҳий бўлиб туғилган бўлсам, нима қилай, менинг айбим нима?» деб атрофга қараганда, ҳеч ким унга эътироз қилолмасди.

ОРЗУ

Айвон оддий бўлса – бўлмаса, тўри,
Ундан ҳам оддийроқ бўлса дўстларинг.
Оёқ уйқаштирган кимнидир кўриб,
Киноя қилмаса, зийрак кўзларинг.
Тепангда чайқалиб турса бир фонус,
Ҳоҳламаган қўйиб, ҳоҳлаган ичса.
Суҳбатлар туғилса ўзидан-ўзи,
Улар ўсимликка ўхшаб ўсишса.
На енгилтак бўлсак, на-да такаббур,
Бир текис жимирлаб турсайди этлар.
Осмонга тикилиб, одамлар каби
Ёзиб ўтирсайдик ойдин сонетлар…

1977 («Оқ кўйлаклар», 1980)

Исфандиёр ҳақиқатдан ҳам ажойиб рассом эди. Хусусан, табиат тасвирлари, хусусан, унинг дарахтлари, ҳар бири бир одам каби ўз характерига эга бўларди.

Рауф Парфи 70-йиллар ўзбек шеъриятининг байроқдорларидан эди. Аммо у Исфандиёрдай ўз буюклигини фош қилиш даражасида соддадил эмасди. Ўша йиллари Нозим Ҳикматнинг «Инсон манзаралари» деган асрини ўзбекчага таржима қилаётганди. Туркия образини бизнинг даврамизга Рауф Парфи олиб кирди. У қрим-татарларнинг ҳам миллий ҳаракатидан хабардор эди. Ҳаракат ичида дўстлари бор эди. Мен пантуркист
Исмоил Гаспирали ҳақидаги илк маълумотларни ҳам ўша йилларда эшитгандим. Кейинроқ мансуб бўлганим авлод учун идеалга айланиши керак бўлган турк қавмларининг бирлиги ғояси ўша ертўлада романтизм тумани аро элас-элас кўрина бошлаганди.

Етмиш иккинчи йил эди, янглишмасам. Тошкент Университетининг фалсафа факултетини тугатган хоразмлик Тоҳир Карим бир янгилик топиб келди. «Озодлик» ёки «Америка овози» радиосидан хабар эшиттирилибди. Унда айтилишича, туркиялик бир сиёсий лидер Хитойга бориб, у ердаги уйғурларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланишини талаб қилибди. Оти Алпарслон Туркаш, ўзи полковник экан.

Полковник Алпарслон Туркаш. Бу ҳарбий унвон ва антик исм, ҳали туркчилик ва Туркия ҳақида ибтидоий тасаввурга эга бўлган зеҳниятимизда ғалати акс-садо берганди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_13Фитрат ва Чўлпон асрларидаги ғоялари биздан гизли эди. Уларнинг тирик қолган замондошларида эса, бундай бир ғоя йўқ эди, балки, шунинг учун ҳам тирик қолгандилар. Лекин шунга қарамай, совет мафкурачилари ҳар ўн йил, ўн беш йилда гуманитар жабҳада пантуркизм вирусига қарши «дезинфексия» ўтказиб туришарди.

Етмиш биринчи йили «Қизил Ўзбекистон» газетаси «Гулшандаги шумғия» деган бир фелетон босди. Унда шоир Чўлпон Эргаш «фош» қилинганди. Унинг маиший бузуқлиги, хотинидан ажралгани, иккита паспорти борлиги ҳақида хабар берарди фелетон. Лекин мақоланинг муаллифи номаълум эди, лақаб билан чиққанди. Бу лақаб ортида КГБ турганини ҳамма биларди.

Чўлпон Эргаш шоир сифатида ҳеч қачон очиқ миллиятчилик ҳам, туркчилик ҳам қилмаган. Аммо шеърларидаги баъзи мажҳул имо-ишоралар ҳушёр сензуранинг манглайини тириштиргани шубҳасиздир. Чўлпон Эргашнинг миллиятчилик таърифи ўзига хос эди. «Миллиятчилик ҳам тракторчилик каби бир иш-да, бунинг нимасидан қўрқишади, билмайман», дерди у муғомбирона илжайиб. Бу илжайиш бизнинг миллий руҳдаги шоирларимиз ёзиш услубининг рамзи эди. Уларнинг чиқишларидаги киноя, истеҳзо, қочирим ва барча нимқоронғи жумлалар Чўлпон Эргаш илжайишининг ўзгинаси эди.

Чўлпон Эргаш фелетондан кейин яна ҳам муғомбирроқ илжаядиган бўлди. Шеърларидаги имо-ишора шу қадар чигаллашди-ки, буни миллиятчи шоирми ёки коммунист ёзаяптими, билиб бўлмасди. Мен Чўлпон Эргаш ва Рауф Парфидан ёшроқ бўлганим учун максималист эдим, шеърда фикрни бу қадар яширишга ҳожат йўқ, деб ўйлардим. Лекин уларнинг ўз фалсафаси бор эди, шеърни қанақа ёзишни мендан яхшироқ билишарди. Масалан, Чўлпон Эргаш «ўз ватанида бегона» халқини шундай тасвирларди:

Хайр энди, ўғлоним, хайр, яхши бор,
Сен бор-ки, жон сақлар муштумдек жоним,
Ҳамиша мени деб топганинг озор,
Ўз уйингга ўзинг сиғмайсан доим.

Ёки мустамлакадан озод бўлиш хаёлларининг тасвири:

Узоқ-узоқларда гумбур-гумбурлаб,
Пар-пар ёришмоқда кўклар дам-бадам,
Отлар кишнамоқда, дупур-дупурлаб…

Унинг китобларининг номи ҳам жуда беозор, яна ўша илжайишга ўхшарди: «Умид чироғи», «Баҳор орзулари» ва ҳакозо.

(давоми бор)