O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ижтимоий тармоқлар ва серверлар масаласида

Ижтимоий тармоқлар ва серверлар масаласида
1,493 views
22 February 2021 - 21:02

Пешонамизга авторитар давлатларнинг қоқ марказидаги давлат бўлиш битилган экан. Ҳамма томондан авторитаризмнинг бадбўй ҳиди анқиб туради. Бир-биримиздан ранг олиб яшаймиз. Яна бир ўшанақа сассиқ нарса юртимизга кириб келяпти – суверен интернет.

Фейсбук ҳам, Твиттер ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбекистонликларга тегишли маълумотларни мамлакат ҳудудидаги серверларда сақлаш талабига рози бўлмаслиги эҳтимоли катта. Ана шуни важ қилиб ҳукумат бу тармоқларни блоклаши ҳам мумкин. Бу сафар улар “Биз сўз эркинлигини чекламаяпмиз, балки шахсий маълумотларни ҳимояламоқчимиз” деб баҳона қилишади. Аввал Фейсбукни блоклаганларида писмаймоволиб, бизнинг хабаримиз йўқ деб ўтиришди. Энди қонун чиқариб, ўша қонунга кўра блокладик деб айтишади.

Қонун чиқариб ҳамма муаммони ҳал қилиш мумкинми? Қоғозда бор дегани ҳаммаси жойидалигини англатадими? Авторитар режимларда мумкин деб ўйлашади. Аслида мумкин эмас. Агар мумкин бўлганда АҚШда Конгресс битта қонун билан намойишларни тақиқлаб қўярди. Аммо ундай қилолмайди чунки давлатнинг энг олий органи ҳам буза олмайдиган принциплар бор. Агар бузса, бутун давлатчиликнинг ғоявий асоси зил кетади.

Серверлар ҳақидаги бу қонуннинг ўзи ноқонуний ва демократиянинг фундаментал принципларига зид.

Фуқаролар давлатга жамиятга (бирдан ортиқ одамларнинг ўзаро муносабатига) дахлдор масалаларни тартибга солиш учун ваколат беради. Шахсий масалаларда қарор бериш фуқаронинг ўзида қолади. Яъни бу ҳуқуқ ваколат тарзида давлатга ўтмайди. Шунинг учун ҳам “ажралмас ҳуқуқ” тушунчаси бор. Бу ҳуқуқни шахсдан ажратиб бошқага бериб бўлмайди дегани. Шахсий масала ўзгалар ҳаёти, мулки, қадр-қимматига таъсир қилгандагина учинчи томон (бу ўринда давлат) ўртага аралашиши, муносабатни тартибга солиш ваколатини ўзига олиши мумкин. Шунда ҳам ҳалиги икки томон (икки томон деганим ўша масала дахлдор бўлган икки киши ҳам, миллион одам ҳам бўлиши мумкин) рози бўлса.

Шахсий маълумотларни қаерда сақлаш шахсий масалами ёки ижтимоий? Масалан, мен Фейсбукда ким биландир гаплашган ёки нимагадир лайк қўйган бўлсам, бу менга тегишли маълумот. Уни қаерда сақлаш масаласи ҳам менга тегишли ва бу менинг ажралмас ҳуқуқим. Нега чет элдаги мулкини, пулини Ўзбекистонга олиб келиб сақласин деган қонун йўқ? Айтса бўларди-ку, биз ўзбекистонликларнинг мулкини ҳимояламоқчимиз деб. Шахсий маълумот ҳам шахснинг мулки. Нега унисини эмас, бунисини ҳимоялагилари келиб қолди? Аслида ҳаммаси мулк ва уни қандай ва қаерда тасарруф қилиш шахсий масала.

Парламентда шахсий ажралмас ҳуқуқлар борасида қонун чиқариш ваколати йўқ. Шунинг учун ҳам референдум деган нарсалар ўйлаб топилган. Яъни референдумнинг борлиги парламент исталган масалада қонун чиқариши мумкинлигини истисно қилади. Аммо ҳатто референдум билан ҳам ажралмас ҳуқуқларни тартибга солиш анча баҳсли – кўпчиликнинг озчилик ҳуқуқини бузишига олиб бориши мумкин. (Ҳокими ҳам мен референдумман деб айтишга ҳадди сиғадиган жойда бунақа нарсаларни тушунишларига шубҳам бор.)

Президентнинг ҳам, парламентнинг ҳам ваколатлари чексиз эмас, акс ҳолда, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш бошланади, диктатура бўлади (президент диктатураси ёки парламент диктатураси). Хўш, бизда парламент қайси масалаларда қонун чиқара олмаслиги аниқ белгилаб қўйилганми?

Амалда демократик бўлган давлатда ҳукумат қарор ёки парламент қонун чиқармоқчи бўлса, биринчи бериладиган савол шундай бўлади: шу қарор ёки қонунни чиқаришга ваколат борми?

Бизда ўзини либерал деб атовчи партия бор. Улар либерализм деганда тадбиркор ҳуқуқини ҳимоя қилишнигина тушунади чоғи. Аслида либерализм жуда кенг сиёсий-ахлоқий таълимот. Иқтисодий назарияси эса ундан ўсиб чиққан бир бутоқ, холос. Либерал назариётчилар бошданоқ ҳукуматнинг легитимлиги қаердан пайдо бўлиши, ваколатлар масаласини кўтарган ва бу либерализмдаги марказий мавзу бўлган. Чунки фуқаролар эркинлиги бевосита шунга боғлиқ. Биздаги “либераллар” қаерга қараяпти? Инсон ҳуқуқини таъминламасдан туриб, тадбиркор ҳуқуқини таъминлаб бўлмайди.

Бу гапларни айтишдан муддаом шуки, қонун чиқариб қўйиш, ҳаммаси жойида дегани эмас. Ваколатга эга бўлмай қарор чиқариш узурпация, зўравонлик деб таснифланиши мумкин. Ҳар қандай давлатчилик қонундан ҳам фундаменталроқ принципларга таянади. Агар биз ўзимизни демократик республика деб ҳисобласак, демократиянинг тамал принципларига қонунларимизни мослашимиз керак. Ёки ҳаммасини йиғиштириб, биз демократик давлатмасмиз, демократик принципларни қабул қилмаймиз деб очиқ айтиб, ана ундан кейин билганимизни қилаверайлик.

Khurshid Yuldoshev

Манба: facebook.com