O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ижтимоий тармоқ – виртуал қармоқ эмас

Ижтимоий тармоқ – виртуал қармоқ эмас
22 views
10 August 2012 - 11:27

Ижтимоий тармоқлар режимнинг тишига тегаяпти. Албатта, бу каби интернет алоқалари ва одамларнинг бир-бири билан мулоқот қилишларидан асло чўчимаслик ҳам мумкин эди, фақат “Араб баҳори” деб номланаётган инқилобий тўлқинлар содир бўлмаганида ва бирин-кетин бир неча мамлакатда ҳокими мутлақ бўлиб олган диктаторлар тахтидан ағдарилмаганида…

Не ажабки, интернет оламида кейинги йилларда тобора урф бўлиб бораётган ижтимоий тармоқлар, айниқса ёшларни ўзига жалб қилмоқда. Бунинг яхши томони ҳам бўлгани каби, ёмон томони ҳам йўқ эмас, албатта. Масалан, шарм-ҳаё ва жамики инсоний қадриятларни уч пулги илмайдиган тармоқлар ҳам мавжудки, улардан ёшларни имкон қадар ҳимоя қилмоқ лозим. Лекин, барибир, кимлардир бу тузоққа тушмай қолмайди, албатта.

Ўзбекистон ҳукумати ижтимоий тармоқлардан ховотир изҳор қилмоқда ва бу ҳақда оммабоп нашрлардан бири бўлган “Ҳуррият” газетаси бир мақола берибди.

uzhurriyat.uz

“Ижтимоий тармоқ – виртуал қармоқми?” деб номланадиган мақоладан хулоса қилинадиган бўлса, Ўзбекистон ўз ҳудудларидаги интернетни турли ижтимоий тармоқлардан ҳимоя қилиш чораларини излаётганини тушуниб олиш мумкин.

“Бугун энг сердаромад соҳалардан бири сифатида, интернет эътироф этилмоқда, десак янглишмаймиз. Хусусан, чегарасиз майдон ва поёнсиз сарҳадга эга виртуал оламнинг энг жозибадор кўринишларидан бири бўлмиш ижтимоий тармоқлар ҳали 30 ёшнинг нари-берисида бўлган Марк Цукерберг, Альберт Попков, Павел Дуров, Джек Дорси каби кишиларни аллақачон дунё миллиардерлари рўйхатига тиркаб қўйди”, – дея бошланади “Ҳуррият” газетасида эълон қилинган мазкур мақола.

Дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоққа айланган “Фейсбук” аудиториясининг  901 миллион киши ташкил этаётганлиги ва улар орасида 130 минг ўзбекистонлик ҳам борлигини, ҳукуматнинг чўнтагидаги ижтимоий-сиёсий газетаси ташвиш билан келтирмоқда. Тағин мақолада айтилишича, унда 500 миллион киши сайтга телефон орқали ташриф буюраркан. Шундай бўлса бордир, аммо бунга алоҳида урғу берилиши боиси эса, Ўзбекистон мобил телефонлар тармоғида ҳам интернет хизматларини кўрсатувчиларнинг борлиги эслатиб ўтилаётганга ўхшаб кетаяпти.

Хориждаги ўзбекистонликлар ҳам ватанда қолган қариндошлари ва дўстлари билан айнан интернет тармоқлари орқали боғланмоқда. Ижтимоий тармоқлар эса одамлар бир-бирларини топиб олишларига катта кўмак кўрсатаяпти. Расмий Тошкент ҳукумати албатта бу нарсаларга аҳамият қаратмаслиги мумкин эди, лекин начораки, Ўзбекистон фуқаролари фақат бир-бирларини топиш билан машғул эмаслар.

“Бундан ҳам ёмони, ижтимоий тармоқлар Яқин Шарқ ва Осиёда турли намойиш­лар уюштиришнинг қулай воситасига айланганини бир неча бор амалда исбот этди. Ҳозирда дунёнинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб турган Сурияда кечаётган хунрезликларда ижтимоий тармоқлар ҳам фаол рол ўйнамоқда. Масалан, амалдаги тузумга қарши курашишга чақириқлар, бунинг учун хайрия йиғини ташкил қилишга даъватлар (Отнинг ўлими — итнинг байрами, деб шуни айт­салар керак-да)  шулар жумласидан”.

“Араб баҳори” деб ном олган Яқин Шарқ мамлакатларидаги инқилобий тўлқинлар авторитар ўзбек ҳукуматини ташвишга солмай қўймаслиги аниқ. Чунончи, мамлакатда бу сингари амалиётларни бошлаб юбориш учун барча зарурат пайдо бўлган. Аммо кишиларда журъат етмаслиги “Ўзбек баҳори”нинг бошланишини пайсалга солиб турибди. Биринчи ташкил топган кунида демократик очиқ бир минбар ўлароқ юз кўрсатган “Ҳуррият” бугунги кунларда режимнинг оддий лайчаси холос. Бас, ундан яна нимани ҳам кутиш мумкин эди?!

Мақолада даъво қилинаётганига кўра, “…ҳали бери поёни кўринмаётган бу ҳаракатлар Тунис, Ливия, Миср, энди эса Сурияда қатор худкушликларга сабаб бўлмоқда. Тараққиётни йиллар ортига суриб юбораяпти…”

Албатта Сурияда кечаётган уруш ҳар бир онги бутун одамни ташвишлантирмай қолмайди. Лекин начора, одамлар ўз диктаторларидан безор бўлишган бўлса ва улардан қутилиш йўлларини излаб топаётган бўлишса. Юзлаб, балкида минглаб одамлар ўлаётган бу ҳокимият алмашиниш жараёнларидан сўнг миллатнинг қолган фарзандлари инсондек яшаш имкониятларини қўлга киритишаяпти-ку. Демак, қурбонлар бекорга берилмаяпти.

Мақоланинг индоллоси эса унинг якунида. Ғарб матбуоти билан ўзбек матбуоти орасидаги фарқни кузатган киши албатта бирининг эркинлигини ва иккинчисининг эрк нималигини билмаслигини келтиради. Бу хато бўлмаса-да, лекин яна бир фарқ бор. Ғарб матбуотида мақоланинг асосий ўзаги, яъни муаллифнинг кўзлаган мақсади мақола бошида ёзилади. Ўзбекларимизда асосий мавзу мақола сўнгига қолдирилади.

“Яқинда Чехия пойтахти Прага шаҳридаги меҳмонхоналарнинг бирида ўзларини  халқнинг даҳолари деб санайдиган ва тузилмаларига демократия, халқ, таянч, адолат, тикланиш каби дабдабали ёрлиқларни ёпиштириб олган бир гуруҳ товламачиларнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Мақсадлари ҳокимият, юртимиздаги тараққиётни издан чиқариш бўлган бу ношуд кимсалар ҳам ўзларининг фаолият кўламларини кенгайтиришда ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланиш ҳаракатига тушиб қолдилар. Демак, вазият янада ҳушёрликни талаб этади”, – дейди мақола муаллифи, “Ҳуррият”чи Иномжон Абдиев.

Ўзбек журналистикасида ҳурматли юртбошининг номи келтирилмай қолса, бунақа мақола чўлтоқ бўлиб кўринади одатда. Бу ҳам авторитар тузум журналистикаси билан озод матбуот орасидаги фарқлардан яна биридир.

“Ҳа, дунё тараққиёти бизга мана шундай қарама-қарши вазиятларни рўбарў қилмоқда. Муаммони ечишнинг эса битта йўли бор: у ҳам бўлса, истиқлолнинг илк кунларидан муҳтарам Юртбошимиз томонидан таъкидлаб келинаётганидек, тарбияни оиладан, маҳалладан, мактабдан бошлаш керак”, – дейди журналист. Лекин нима деётганини ўзи ҳам тушунмаса керак. Кейин, “юртбоши” атоқли от эмаски, уни катта ҳарф билан ёзсанг. Иномжон Абдиев ўрта мактабда ҳам она тили ва адабиётани яхши ўқимаган, ёки хўжасига хуш ёқиш учун тил ва адабиёт қоидаларини атай бузаяпти.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати номи юқорида зикр этиб ўтилган барча ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очган ва мақсад Ҳаракат сафларига кўпроқ кишини жалб этиш. Ўзбекистон томонидан ташкил этилган ижтимоий тамоқларда ҳам (масалан “Олам.уз”) саҳифа очиб олишга қилган уринишларимиз зое кетди. У тармоқларда қатнашишни истаганлар Ўзбекистон ичкарисида яшаётган Ўзбекистон фуқаролари бўлишлари лозим. Акс ҳолда сизга йўл йўқ!

Мақола муаллифи эса айнан мана шу тарздаги тармоқларни ривожлантириш ғоясини илгари суради. Қизиқ, фақат Ўзбекистон ичкарисида фаолият кўрсата оладиган тармоқ кимга керак экан? Одамлар дунёга чиқишни истаяпти ахир!

“Қолаверса, маҳаллий ўз доменида жойлашган ва назорат қилиш имкони бўлган “доира.уз”, “мулоқот.уз”, “синфдош.уз”, “олам.уз” каби ижтимоий тармоқларни яна-да ривожлантириш замоннинг ўзи тақозо этиб турган вазифалардан ҳисобланади”, – дея тугайди мақола.

Ҳақиққатдан ҳам шундай қилиш лозим ва шарт!Муаллифни қўлламай иложимиз йўқ. Фақат UZ доменидаги тармоқларга эркинлик берилса ва уларда ҳам чет элликлар бемалол ўз саҳифаларини очиш имконлари бўлса, тағин домен устидан ўрнатилган назорат ҳам йўқотилса айни муддао бўларди. Ёшлар янгиликлар сари интилаяптими, демак ҳали умидли ёшларимиз бор экан.

Мақоламиз сўнгида “Ҳуррият” газетасида чоп этилган мақола сарлавҳасига қайтсак: “Ижтимоий тармоқ – виртуал қармоқми”? Жавобимиз эса бу: Асло йўқ! У қармоқ эмас, балки авторитар режим ва унинг малайлари устига ташланган виртуал тўрдир бу!

 

Тўлқин Қораев

Швеция