O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Изтироб

Изтироб
159 views
28 January 2017 - 12:05

Яқинда Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб қайтдим. Бу гўзал шаҳарнинг бунёд бўлишида ўзбекларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ўз юртида тайинли иш топа олмаган ўн минглаган ўзбеклар, мана шу навқирон шаҳарга келиб, йиллар давомида қурилиш ва бунёдкорлик ишларида иштирок этмоқдалар. Минг машаққат билан муҳожирликда қозонган маблағлари туфайли, иқтисоди тамомила касодга учраган жонажон Ўзбекистонга – оилалари ва қариндош-уруғларига баҳоли қудрат ёрдам қўлини чўзиб келмоқдалар. Уларнинг кўпчиликлари бугунги кунда Қозоғистон фуқаролигини олишга улгурган.

Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан узоқни кўзлаб сиёсат юргизган Қозоғистон ҳунари бор, қўлидан иш келадиган ўзбекистонликларга қучоқ очиб, уларнинг меҳнатини қадрлай олди. Кечагина ўз ватанларида хонавайрон бўлиб, икки қўлини бурнига тиқиб иш излаб келган ўзбекистонликларнинг кўпчиликларининг бугунги кунда Қозоғистоннинг ҳар ерида хусусий тижоратлари – ишлаб чиқариш корхоналари, дўкон ва овқатланиш муассасалари мавжуд. Кўпчиликлари соғликни сақлаш соҳаси, банк, унверситетлар ва давлат ташкилотларида хизмат қилмоқдалар.

Улар ким бўлмасинлар, қайси жойда фаолият кўрсатмасинлар, Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларга бефарқ эмаслар. Ер юзидаги ҳар бир ватанпарвар инсон сингари улар ҳам тарихий ватанлари бўлмиш Ўзбекистоннинг тараққиёти ва сиёсий барқарорлигини истайдилар.

Марказдаги кўркам бир масканда ватандошларнинг бир пиёла чой устида йиғилишлари бор экан. Истамасам ҳам, ўрта мактабда бирга ўқиган қозоқ дўстларим, мени қўярда-қўймай у ерга бошлаб бордилар.

Йиғилганларнинг сони қирқ нафардан ошарди. Эркакларнинг кўпчиликлари хонимлари билан ташриф буюрган. Бир-икки ёш-яланглар ҳам бор.

Барчанинг оғзида Ўзбекистондаги ўзгаришлар, янги президентнинг ислоҳатларни шиддат билан амалга оширишга киришгани хусусидаги гап-сўзлар.

Суҳбатлар кўтаринги бир руҳда эканлиги, сўнган умидларнинг қайта ёлқинлана бошлагани ёниб турган кўзлардан шундоқ билиниб туради. Хуллас, йиғилганлар кайфиятида кейинги йилларда ҳеч қачон кўрилмаган қатъият ва самимият ҳукмрон.

Менинг диққатимни тортган нарса, ён томонимдаги уч кишининг ўзаро суҳбати бўлди. Тошкентга қайтиб келганимдан кейин ҳам, уларнинг суҳбатини унута олмадим. Ётсам-турсам, уларнинг овозлари қулоқларим остида жаранглайверади.

Аслида, уларнинг суҳбатида одамнинг диққатини тортадиган муҳим бир нарса йўқ, ҳаммаси одатдаги гаплар. Бунақа гап-сўзлар ҳар бир ўзбек хонадонида ҳар кун юз марта гапирилади. Муаммо ҳам таниш, сурункали хасталикка ўхшаб, у ҳам одамлар учун сояси каби фарқсиз бўлиб қолган. Аммо, бу суҳбатда одамнинг ғурурига тегадиган нарса йўқ, деб ҳам бўлмасди.

Гапнинг пўст калласи, эшитганларимни кимгадир илинмасам, ичим бўшамайдиганга ўхшайди. Шунинг учун эзмалик қилиб ўтирмасдан, нимани эшитган бўлсам, эшитганларимни туришидек тўкиб солсам, деган қарорга келдим:

– Ўзбекистон ҳукуматининг коррупцияга ҳужум бошлагани яхши бўлди.

– Янги президентнинг бу қадами жуда тўғри бир тадбир, бўлмаса, хонавайрон бўлган иқтисодиётни кўтариб бўлмасди. Бутун мамлакатни порахўрлар бошқараётган эди. Оёғингни чўзишинг учун ҳам, йиғишинг учун ҳам пора талаб қилар эдилар. Одамлар қуруғидан чўзмаса, энсасини қашлай олмайдиган даражага тушганди.

– Мустақиллик йилларида илк бора “Коррупцияга қарши кураш” ҳақида қонун имзоланди. Мирзиёевнинг юрак бетлаб, бу ишга қўл урганига қойил қолиш керак. Мамлакатда пора бериб-пора олмайдиган бирор раҳбар топилмайдиган бир вазиятда бу ишга киришиш, ҳақиқий инқилоб, демакдир.

– Бироқ ўтган ойлар мобайнида бу соҳада бирор бир тайинли иш қилинмади. Илариги президентнинг давридагидек, ҳаммаси гап бўлиб қолмаса бўлди. Гап бўлиб қоладиган бўлса, Ўзбекистонни тамом бўлди, деяверинглар.

– Мен Ўзбекистонда яхши томонга ўзгариш бўлишига ишонмайман!

– Нима учун?

– Чунки, у ерда тил учида яхши гаплар гапирилаверади, қонунлар чиқаверади, ҳаётда эса ҳеч нимани амалга оширишнинг иложи йўқ. Ҳамма, шунақа нопок тизимга ўрганиб қолган, ҳалол фаолият юргизишга эҳтиёж сезилмайди. Амалдорлар оғиз кўпиртириб гапиргани билан, уларнинг ўзлари ҳам ишнинг амалга ошмаслигидан манфаатдорлар.

– Мен ҳам шундай, деб ўйлайман. Пора бериб пора олмаган ўзбекистонликни қуёшли кунда чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмаса керак. Пора сигарет, нос, геройин каби ўзбекистонликларга кайф берувчи, муаммолардан чалғутувчи бир восита бўлиб қолган.

– Ўзингиз пора бериб пора олмаганмисиз?

– Бусиз, Ўзбекистонда яшаб бўларканми?

– Тўғри, айтасиз. Мен ўзим ҳам пора орқасидан оила тебратганман. Пора бўлмаса, Ўзбекистондаги Олий ўқув юртларида бир соат ҳам ишлаб бўлмайди. Ойлик маош жуда кам бўлганда ҳам тишни-тишга қўйиб, бир амаллаб ишласа бўлади. Аммо, пора бериб пора олишни билмасанг, декан, ректорга ўхшаган раҳбарларнинг ўзлари, сенинг кавушингни тўғирлаб қўяди.

– Мирмуҳсин Акбаров деган Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини ўтказиш тест марказининг бошлиғи бўларди…

– Ҳа, у кимсани мен ҳам яхши танийман. Тест марказининг бошлиғи бўлиб ўн йил ишлади.

– Тошкентнинг қоқ марказида, “Ракат” маҳалласида жуда қиммат турадиган кошона тиклаган. Бутун бошли бир мактабнинг бутун коллективи емай-ичмай бир умр ишласа ҳам, унақа кошонани тиклай олмаса керак?

– Албатта! У уй учун камида икки миллион доллар сарфланган. Ана, ўша кимса порахўрларнинг қироли эди.

– У билан Олий ўқув юртларидаги учар ўқитувчиларнинг кўпчилиги яқиндан таниш бўлган. Деканларнинг ўзлари унга кириш имтиҳонларидаги тестларни ўзгартириб бериш учун қоплаб, пора олиб борардилар. Ректорлар унга қуллуқ қилиб турардилар.

– Мен ўзим шахсий машинамда пора ортмоқлаган деканимизни бир неча марта унинг олдига олиб борганман.

– Унинг дунёнинг турли бурчакларида ресторанлари, кальянхоналари, ер-жой мулклари бор. У мултимиллионер бўлиб кетган.

– Хабарим бор. Яна, унинг Тошкент Алмати ва Дубай шаҳарларида сутенёр – қўшмачи сифатида машҳурлигини ҳам биласизларми? У бу ишдан жуда катта даромад олади.

– Ҳаммасига у тест марказини бошқариб юрган йилларда асос яратди. Талабаларнинг пуллари уни қутуртириб юборди.

– У пора туфайли қамалиб ҳам чиқди, шекилли.

– Ҳа, ўн икки йил қамалиб, пора бериб икки йилда чиқиб келди. Ўзбекистонда пулинг бўлса, нималарни қилмайсан?!…

Суҳбат шу тарзда давом этди. Суҳбат замирида ўзбек миллатини камситадиган ҳеч қанақа ишорат йўқ эди. Сўз ўзбекистонликлар ҳақида борарди. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонда қайси миллатлигидан қаъти назар, кимса пора бермаса, совет йилларида ҳам осонлик билан ишини битира олмасди. Мустақиллик йилларида, бу қусур авж нуқтасига олиб чиқилди.

Тўғриси, мени хафа қилган нарса, таълим-тарбия тизимининг бошида турувчи шахсларнинг исм-шарифлари ҳар ерда ёмонлик билан йўқланиши бўлди. Бўлмаса, мен Мирмуҳсин Акбаров деган одамнинг исми-шарифини ҳеч қачон эшитмаганман, эшитишни ҳам истамайман.

Иккинчи томондан, янги президент саратон хасталиги каби ҳар ерда илдиз отиб, панжалаб кетган порахўрликка қарши, қайси усуллар билан курашади, деган савол, мени ўйлантириб қўйди.

Абдураҳмон Йўлдош

Муаллифнинг facebook.com ижтимоий тармоғидаги саҳифасидан олинди