Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ)даги манбаларнинг хабар беришича, илгари вазирлик тизимида ишлаб, вазирлик томонидан уй-жойлар билан таъминланган ходимларнинг “муассасавий” уйлари жорий йил апрель ойидан эътиборан тортиб олина бошланган.
Уларнинг айтишича, асосан нафақага чиққан зобитларнинг уйлари қайтариб олинмоқда. “Бу ишлар вазир Адҳам Аҳмадбоевнинг 2015 йил апрель ойидаги махфий буйруғига асосан бошланди. Унга кўра, асосан мустақиллик йилларида ички ишлар идораларида ишлаб, вазирлик томонидан квартира билан таъминланган собиқ зобитлар бошпанасиз қолдирилмоқда”, – дейишмоқда ИИВдаги манбалар.
Манбаларнинг билдиришича, тўсатдан бошпанасиз қолган ИИВ ходимлари адолат талаб қилиб Ўзбекистон Республикаси Омбудсмани, Сенати, Инсон ҳуқуқлари миллий марказига ва ҳаттоки мамлакат президентига ҳам мурожаат қилишмоқда.
“Аммо уларнинг мурожжатларидан фойда чиқмаяпти. Чунки, бизга маълум бўлишича, истеъфодаги зобитларнинг “муассасавий” уйларини қайтариб олиш ташаббуси айнан президент Каримов ва унинг иқтисодий маслаҳатчиларидан чиққан бўлиб, Ички ишлар вазири мазкур ғояни буйруқ шаклига келтирган холос”, – дейди Ўзбекистон ИИВ тизимларидаги ходимлар.
“Мен ИИВда 25 йил ишлаб, ўтган йили нафақага чиққан эдим. Бу йил апрель ойида мени вазирликка чақириб, Тошкентдаги уйимни қайтариб олишларини айтишди. Дод-вой ва эътирозларимни тинглашмади ҳам. “Права качать қилаверсанг, уйингда маски-шоу уюштирамиз!” – деб пўписа қилишди. Каримов тузумига 25 йил содиқ хизмат қилиб, оилам билан кўчада қолдим. Ҳозир Тошкентда икки хонали квартирада 250 долларга ижарада яшаяпмиз”, – дейди президент Каримовнинг ташаббуси ва Ички ишлар вазири А. Аҳмадбоевнинг махфий буйруғи асосида бошланган адолатсиз кампаниядан жабр чеккан зобитлардан бири.
“Фарзандларингиз вояга етай деганда бошпанасиз қолибсиз. Бу ёғига нима қилмоқчисиз?” – деган саволга ИИВнинг истеъфодаги зобити: “Ҳозир ҳаёлимни фақат битта фикр – ИШИД Ўзбекистонга кириб келса, уларнинг сафига қўшилиб, қўлимда қурол билан Каримов тузумига қарши курашиш фикри бор. Ҳозир онгимни режимдан ўч олиш нияти эгаллаган холос”, – дейди бошпанасиз қолган зобит.
ЎХҲ ахборот бўлими