Рауф Парфи ҳаёти ва ижоди ҳақида олим татқиқоти
1
ХХ аср ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаларидан Рауф Парфи Ўзтурк – Сир шоири, унвони соҳир шеърият соҳибидир. Бизнинг билимларимиз бу шеъриятнинг зоҳирий қисминигина ёритиши мумкин, чунки уни тизимларга айириб, аниқ қолипларга жойлаб бўлмайди. Бу – жўн ўқувчи учун содда; билимдон ўқувчи учун – қудратли аъмол бўла билади.
Рауф Парфи Ўзтурк асли насаби фарғоналик (Водилдан) бўлиб, 1943 йилнинг 27 сентябрида Тошкент вилояти, Янгийўл тумани Шўралисой қишлоғида Парфи Муҳаммад Амин (1893-1955) ва Сакина Исабек (1913-1995) оиласида дунёга келди. Бошланғич ва ўрта таълимни «Шарқ юлдузи» (1-7 синфлар), Шўралисой (53-мактаб, 8-9-синфлар), Янгийўл шаҳридаги Алишер Навоий (10-11 синфлар, кечки) мактабларида олди. У меҳнат фаолиятини матбуот қўмитасининг 2-сон босмахонасида, туман «Янгийўл» газетасида бошлади. 1960-1965 йилларда Тошкент Давлат Дорилфунунининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди. Жумҳурият Кино қўмитасида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси тарғибот марказида бош муҳаррир, «Жаҳон адабиёти» журналида етакчи муҳаррир вазифаларида хизмат қилди.
У шоир, носир, таржимон сифатида элга танилди. Шоирнинг олтмиш йиллик ҳаёти ва қирқ йилдан ортиқ ижодий-ижтимоий фаолияти жамоатчилик тарафидан муносиб тақдирланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Туркия Ёзарлар бирлигининг адабий мукофотларига сазовор бўлди. У Халқаро Маҳмуд Қошғарий, Туркия Диёнат Вақфи мукофотининг лауреатидир. Унга Ўзбекистон халқ шоири фахрий унвони берилди (1998).
Рауф Парфи Ўзтурк шеъриятининг асосий мавзуи – бу Ватан, Туркистон, Турк дунёсининг воҳидлиги. ХХ аср турк одамининг абадий шуурини, кескин фожеъ руҳиятини муқаддас туркий тилда ифодалашга жазм этган ва муродига етган жасоратли шеъриятдир.
У адиб сифатида ўзгалардан фарқли ўлароқ қийин, машаққатли, лекин Чин шоир тажаллиси-ла ижодининг бошидан то бу кунга қадар замона зайлининг аччиқ шамолларида эгилиб букилмади, синмади (энг буюк ҳикмат – Оллоҳ қўрқувидир). Асосий мавзуига содиқ, эътиқодига собит яшади. Мўмин банда — бевафоларга ҳам вафо қилди, фақат иймонини сотмади. Илло, иймони фано водийсида илоҳий Ватан эрур.
Ўзбек шоирлари томонидан унга бағишланган шеърларнинг ўзи бир китоб бўлади… Рауф Парфи Ўзтурк ўзбек адабиётида мутлақо ўзига хос мактаб яратган шоир. Ўзбек-туркларининг юксак миллий руҳиятини ўз шеърияти орқали таниш ва танитиш учун олис йўлга чиққан, толмай кетаётган йўл аҳлидандир.
Замондошлар букун уни Туронзаминнинг, Турк Дунёсининг, Улуғ Туркистоннинг порлоқ шоири, деб тан олмоқдалар.
2
Рауф Парфи Ўзтуркнинг аждодлари билимли, маърифатли, Туркистоннинг нуфузли ойдинларидан бўлганлар. Отаси Парфи Муҳаммад Аминнинг эскича, янгича маҳлумоти бўлиб, форс-тожик, усмонли туркча ва рус тилларини яхши билган. Рус босқинига қадар, ундан кейин ҳам бир муддат турли маҳкамаларда таржимонлик-тилмочлик қилган. Кейинроқ большевизмнинг қонли қатағонидан жон сақлаш учун умрининг охиригача барча ҳужжатларда ўзини саводсиз, деб ёздирган.
Рауф Парфи Ўзтуркнинг туғилган йили ва исми турли ҳужжатларда турлича ёзилган. У вақтлар бу тарафларда туғилганлик гувоҳномалар ҳали расм бўлмаган. Биргина ишончли ҳужжат яқингача жамоа раиси Ҳамроқул Турсунқуловнинг котиби Ҳамид Азимбоевнинг уйида сақланган катта хўжалик дафтари бўлиб, унда «… Турсунали Парпибой ўғли Мадаминов 1943 йил 27 сентябрда туғилган…» деб ёзилган. Ҳ.Азимбоевнинг айтишича, энг тўғри ҳужжат шу эмиш. Гарчи, отаси ёлғиз ўғлига Абдурауф деб исм қўйган эса-да, қариндош-уруғлар, шу бола ўлмасин Турсун деб, Оллоҳдан сўраб ирим қилишиб Турсун Али отини қўйганлар. Худди шу маънода бошида икки кокил ҳам ўстириб, бирини Ўшпиримга, бирини Шоҳимардон пиримга бағишлаганлар (Исломий, Шомоний). Шундай қилиб Рауф Парфи Ўзтурк 1943 йил 27 сентябрда Парфи Муҳаммад Амин (1893-1955) ва Сакина Исабек (1913-1995) оиласида Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Шўралисой қишлоғида туғилган.
1945 йили Парфи Муҳаммад Амин оиласи билан юқори раҳбарият ўртасида алғов-далғов можаролар бўлиб ўтади. Бу можароларга ота-онасининг келиб чиқиши бойлардан бўлганлиги асосий сабаб бўлади. Парфининг отаси – Муҳаммад Амин, унинг отаси Муҳаммад Сиддиқ Норқучоқ, унинг отаси Муҳаммад Расул Фарғоний, унинг отаси Муҳаммад Раҳим Фарғоний… Ота томондан момоси Жосият биби, унинг онаси Хосият биби, унинг онаси Марям биби. Катта бобоси Муҳаммад Расул Фарғоний Доғистонга Имом Шомил қўшинига ёрдамга бораётган туркистонлик мужоҳидлар билан чор босқинига қарши жангга кетган экан. Доғистондан туркийча сўзлашадиган Марям деган қизни олиб келиб, тўй қилиб уйланган экан…
Она томондан бобоси Исабек, унинг отаси Мусабек. Унинг отаси Толиббек, унинг отаси Олимбек… Она томондан момоси Қумринисо, унинг онаси Чаман бека… Онасининг катта момоси Ҳувайдо пиримнинг набираси бўлган экан…
Урушдан кейинги илик қуриган йиллар. Ўша пайтда «Бирлашув» жамоа хўжалигида отаси боғбон, онаси пиллакор бўлиб ишлайдилар. Отаси мусаллас қилиб, ўрислардан буғдойга, карислардан гуручга алмаштириб, очарчиликдан оиласини сақлаб қолади. 1947 йили ота-онаси билан Водил, Шоҳимардон, Жалолободга боради. Кейин Ўшга ўтишади. Ўшпиримга бағишланган кокилини 1948 йили олдиради. Биринчи синфга боради.
1950 йили иккинчи синфга ўтади. Дарсликлардан ташқари бадиий китобларни чанқоқлик билан ўқий бошлайди. Ота-онаси билан Шоҳимардонга боради. Шоҳимардон пиримга бағишланган иккинчи кокилини олдиради… Абдулла оға Кримли (отасининг дўсти) тарбиясида бўлади. Уйида кутубхона очади (биродари Абдулла Собир билан) ва фильмлар қўяди (ибтидоий диафильм).
Рауф Парфи Ўзтурк 1953 йилдан эҳтиборан биринчи устози (отасининг дўсти) шоир Абдураҳмон Водилий тарбиясида бўлади. 5 март куни илк шеърини ёзади. У Сталин вафотига бағишланган «Энди қандай яшаймиз» деган марсия эди. Отаси билан Тошкент вилояти бўйлаб сафарга чиқади. (Отаси турли жойлардан кўчат олиб келади. Боғлар барпо қилади).
Мактаб кутубхонасида мавжуд бўлган ўзбек халқ достонларининг ҳаммасини ўқиб чиқади. Аммаси Хосиятбибидан (эртакчи) халқ достонларини ёзиб ола бошлайди.
1958 йили «Янгийўл» туман газетасида биринчи шеъри босилади. Янгийўл шаҳридаги 2-сон босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишлай бошлади. Кечки мактаб таҳсилини тугатгач, ТошДУ шарқ факультетининг араб филологияси бўлимига ҳужжат топширади. Лекин, омади чопмади. Келгуси – 1960 йили ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетига ўқишга киради. Талабалик давриданоқ жаҳон классикасини – Блок, Такубоку шеърларини таржима қилади. «Турк дунёси адабиёти» курсини ўқитишни таклиф қилади; ўзи дўстлари учун «Турк дунёси шеърияти» дастурини ёзади.
Талабалик йиллари Р.Парфи учун том маънода изланиш, ижодий шаклланиш даври бўлди. Ҳикоялар ёзади. Леся Украинка шеърларини таржима қилади. 1962 йили Нозим Ҳикмат шеърлари билан (София нашри) танишади. Унинг шеърларини, «Инсон манзаралари» шеърий эпопеясини таржима қила бошлайди.
1963 йили «Эрк» деб номланган биринчи китобини нашрга тайёрлайди. Ҳикоялар ёзишда давом этади. Шоирлар, ёзувчилар, рассомлар, бастакорлар, киночилар билан танишади ва дўстлашади. «Қрим» китобини ёзади. Самарқанд вилояти, Пойариқ туманида «Лайло» пьесаси қўйилади (муаллифи – Барот). Бош қаҳрамон – Рауфдир. («Лайло» қўшиғи атрофидаги афсоналар асосида).
1965 йили биродари Абдулла Собир ўғли ҳарбийда фожиали ҳалок бўлади. Русиянинг Навокузнецк шаҳридан (АЗАСС) унинг жасадини олиб келади. Уч қисмдан иборат «Абдуллажон марсияси» шу фожеа муносабати билан ёзилган. Дўстининг жасади солинган темир тобут билан поезддан тушганда қариндош-уруғлари, яқинлари Рауфни танимай қолишади. Олис Россиянинг Новокузнецк шаҳрига кетаётганда қоп-қора бўлган сочлари қайтганда қордек оппоқ оқариб кетган эди. Буни, хатто, ўзи ҳам сезмаган. Атроф-теварагидагиларнинг ҳайрат, ҳаяжонларидан кейингина билган.
«У кечикиб келди» кино қиссасини (Эрвин Умарий билан) ёзади.
1967 йили Устози Абдураҳмон Водилий вафот этади. Абдураҳмон Водилийнинг йўқолган девонини унинг ўғли Абдурауф билан излаб тополмайди. Девонни қоралама қўлёзмалар асосида тиклашга ҳаракат қилади. Абдураҳмон Водилий Низомийнинг «Маҳзанул асрор», Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут тайр» достонлари насрий баёнини яратганини айтадилар. Аммо бу асарлар ҳам топилмади. 1969 йили «Карвон йўли» – биринчи китоби босилади. Москва олий сценарийчилар курсига ҳужжат топширади. 1970 йили Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир бўлиб ишлай бошлайди. «Акс садо» иккинчи китоби босилади. Қизи – Муқаддас туғилади. 1971 йили Анвар Саламетнинг «Олтин болта» эртак-достонини таржима қилади. Келгуси йили Нозим Ҳикматнинг «Инсон манзаралари» асарининг 1-китобини нашриётга топширади.
1973 йили «Тасвир» китоби нашр этилади. Ўзбекистон ва Озарбайжон адибларининг Халил Ризо раҳбарлигида ўтган йиғинда унга Рауф Парфи Ўзтурк – исм-шарифи берилади. Кандакор Омон Азиз мисга унинг суратини ўяди. (Хабибулло Зайниддинда сақланади).
1974 йили Байроннинг «Манфред» драматик достонини (Шенгелиа), К.Каладзенинг «Денгиз хаёли» китобини таржима қилади. Ҳайкалтарош Илҳом Жаббор унинг бюстини ишлайди (ҳайкалтарошнинг айтишича, кимдир болта билан чопиб ташлаган).
1975 йили «Хотирот» китоби босилади. Мочаварианининг «Шиддат» китобини таржима қилади. Уйдан кетгач, кандакор Омон Азизнинг устахонасида яшайди.
1976 йили А.Дюманинг «Уч сарбоз» унинг таржимасида (роман асосидаги драма) ёш томошабинлар театрида қўйилди. «Зайтун новдаси» китобини, М.Ҳодийнинг «Алвоҳи интибоҳ» достонини таржима қилади. Ҳайкалтарош Илҳом Жаббор устахонасида яшайди. Рассом Шуҳрат Абдурашид суратини ишлайди. (Қизи Муножотда сақланади).
1977 йили «Ойдин» газетасида ишлайди. Саййид Азим Ширвоний девонини тайёрлайди. Девонга Навоий тилида ёзилган асарларни танлаб олади. «Кўзлар» китоби нашр этилади. Шеърлари русчага таржима қилинади.
1979 йили «Уйғур шоирлари» номли мажуани тайёрлайди. Қизи – Муножот туғилади. Турк Дунёси адабиёти билан жиддий танишади.
1980 йили Брехт, Бехер, Неруда ва бошқа ХХ аср жаҳон шоирларини таржима қилади. Рассом Исфандиёр Ҳайдар унинг суратини ишлайди. (Бахтиёр Исмоилда сақланади).
1981 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлайди. «Қайтиш» китоби босилади. Қизи – Севинч туғилади.
1982 йили Н.Ҳикмат «Инсон манзаралари» эпопеясининг иккинчи ва учинчи китобларини таржима қилади. Шеърлари латиш, эстон тилларида босилади. Рус шоири Виктор Соснора унинг русча китобини тайёрлайди. Я.Соловичнинг «Кумуш сиртлон» драмасини таржима қилади. Юрий Ласский, Владимир Лешенко унинг русча китобини тайёрлайдилар. Рассом Дилёр Сиддиқ шоирнинг суратини ишлайди (Акрам Муҳиддинда сақланади).
1985 йили А.Твардовскийнинг «Хотира ҳуқуқи» достонини таржима қилади. 1986 йили «Сабр дарахти» китоби учун Ўзбекистон ёзувчилар Уюшмасининг адабий мукофоти берилади. Кинорежиссёр Умида Аҳмад у ҳақда қисқа метражли фильмни суратга олади.
1987 йили «Баргрезон» китобини ёзади. Туркияга таклиф этилади. 1988 йил «Она Туркистон» китобини тайёрлайди. Лия Сеппель таржимасида эстон тилида китоби босилади.
1989 йил. Туркистон Халқ Жабҳаси. «Туркистон» газетига муҳаррирлик қилади. «Ўлимдан сўнг» китобини ёза бошлайди.
1990 йили «Турон диёри» китобини тартиблайди. 1991 йил «Сукунат» китоби босилади. Туркия Ёзарлар бирлигининг Адабий мукофоти берилади. Рассом Исфандиёр Ҳайдар устахонасида яшайди. Ўзбекистон мустақил Республика деб эълон қилинади.
1992 йил. «Туркистон руҳи» китобини тайёрлайди. Халқаро Маҳмуд Қошғарий мукофоти берилади. 2 жилдлик асарлар мажмуасини тайёрлайди. Тоғаси – тарихчи Акрам Муҳиддиннинг уйида яшайди. Рассом Ваҳҳоб Зиё суратини ишлайди (хусусий мулк).
1993 йил. «Фано водийси» китоби устида ишлай бошлайди. Рассом Азиза Мамат унинг суратини ишлайди (хусусий мулк). «Она Туркистон» китобига Рассом Рўзи Чори суратлар чизади. (Нўъмон Раҳимжонда сақланади). Роҳила – телефильм яратади. (Ўзтелеком). Бастакор Мирсодиқ Тожи унинг шеърлари асосида «Она Туркистон» симфониясини ёзади. Онаси Сакина Исабек қаттиқ бетоб бўлиб қолади, онасига ўзи қарайди. 1995 йили оғир бетобликдан вафот этади.
Шоирнинг тугалланмаган асарлари: «Турон Диёри» (шеърий китоб), «Фано водийси» (шеърий китоб), «Муҳожир» (роман).
Кейинги йилларда «Тавба», «Минг йил сизни изладимми мен», «Дунёнинг энг гўзал аёли», «Тҳакурия» туркумларини, «Адашган руҳ» достонини битади. Шоир ижоди ХХ асрнинг 70-йилларидан бугунги кунгача адабий жараён марказида. Салкам ярим асрлик адабий ҳаётни Рауф Парфи ижодисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Бадиий-эстетик тафаккур ривожининг таҳайюллар асосига қурилган тимсолли тамойилларини, теран реалистик поэтик тадқиқотчилик маданиятининг бадиий шартлилик, рамзли образлилик сингари устивор йўналишларини белгилаб келаётир.
3
Фасллар алмашиниши табиатнинг ўзгармас қонуниятининг табиий жараёни, ҳосиласи. Бадиий адабиётда ҳам нуроний авлодлар ўрнига навқирон наслларнинг кириб келиши маънавий-интеллектуал эҳтиёж, руҳоний зарурат тақозосидир. Бу — бадиий-эстетик тафаккурда ҳамиша янги дид ва эстетик савияларнинг зоҳир бўлиши демакдир. Бу — табиат ва жамият ҳодисаларини, Одам ва олам сир-синоатларини янгича тушуниш, янги образлар ва бадиий воситалар билан тушунтириш санъати, демакдир.
Асл шоирларнинг таржимаи ҳоли ниҳоятда қисқа, тақдирлари эса узун бўлади. Туғилишу сўнгги нафас оралиғида кечган умр, бу — ёруғ қисмат, аччиқ тақдир. Тун билан кунларнинг, шом билан тонгларнинг ўрин алмашиниши, бу — табиат ҳаётининг шунчаки бир одатий кўриниши, ҳолати эмас. У — эзгулик билан ёвузлик, мутелик билан эркин нафас, яхшилик билан ёмонлик, адолат билан ёлғон-риё, нур билан зулмат ўртасида кечадиган азалий ва абадий кураш, муҳораба жараёнлари. Қисмат — бу шеърият. Уни бировга чўпчак қилиб айтиш қийин; ёлғиз дил-дилдан чуқур туйиш, ҳис этиш мумкин, холос. Рауф Парфи қўлига қалам тутган аснолардан эҳтиборан шеър — унинг учун қисматга, бир умрлик тақдирга айланган эди. Аслида, ўзбекнинг шоири бўлиш ниҳоятда масҳулиятли. Ва лекин, ниҳоятда шарафли. Боиси, ўзбек чақалоқларининг қулоғига айтилган азон ҳам шеърдир. Тўйлару байрамлари шеърсиз кечмайди. Ҳатто яқинларини, қариндош-уруғларини сўнгги манзилга ҳам йиғи-йўқловлар, марсиялар айтиб кузатади. Илло, шеър ўзбек учун ижтимоий зарурат, маънавий эҳтиёж. Руҳоний ҳаётининг ажралмас бир бўлаги.
Шеъриятда шоирнинг бировдан яширадиган махфий нарсаси йўқ. Фақат, шеърнинг сир-асрори чексиз имкониятлари чегарасиздир. Бу — бадииятга айланган қисмат. Тақдирнинг олов кўзларини кўнглига жойлаган шеър. Рауф Парфи илк шеърлариданоқ дунёқараши, руҳонияти, маънавий эҳтиқоди шаклланган ижодкор сифатида ўзлигини намоён қилди. «Ҳасратлари дунёнинг кўпдир», «Мудрар ярим кеча…», «Шеърият», «Тонг отмоқда. Тонг ўқлар отар», «Тарғилланиб бормоқда осмон», «Термуламан олис уфққа», «Чексиз-чексиз дақиқалардан иборатдир» сингари ўнлаб шеърларида ижтимоий-эстетик идеалининг ёруғ аломатларини кузатиш мумкин. «Бир қушча сайрайди менинг руҳимда, Мен сенинг исмингни билмайман қушчам…», дейди шоир «Дарё мавждарига ёзилмиш ғазал» шеърида.
ХХ асрнинг 60-йил ўрталари, 70-йил бошлари шеъриятга кириб келган, ёрқин ўзлигини намоён этган Рауф Парфи янги, охори тўкилмаган, кутилмаган ноанъанавий мажозий (Қушча, Чироқ, Дарахт, Най, Нур) образлари билан адабий жамоатчилик муҳаббатини қозонди; мажозий образлилик асосига қурилган бадиий тафаккур табиати билан эл-юрт назарига тушди. Коммунистик мафкуравий манфаатдорлик (ғоявийлик, синфийлик, партиявийлик сингари) эстетик мезонларга айлантирилган шўро адабий ҳаётида — айни шу 50-йилларда дабдабабозлик, риторика, маддоҳлик, ҳавойи тумтароқ пафос давр услубининг, адабий услубнинг етакчи йўналишига айланган эди.
Ҳаводан ҳолва ясаб бўлмас экан-да. Коммунизм, коммунистик партия, «доҳий» Ленин мадҳига бағишланган тумтароқ пафосдан, ширин ёлғондан безган ўқувчи учун Рауф Парфи шеърларидаги инсонга меҳр-муҳаббат ҳарорати, ишонч-эҳтибор руҳи, дардчил-маъюс ва маҳзун оҳанг, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган самимийлик кўзга суртилгудек эҳзоз-эҳтиром топди. Ва янаям муҳими, шоир асарларининг ижтимоий-фалсафий мағзи шеъриятимизда янги йўналиш эди. Хусусан, биринчидан, ҳаётдан, тирикликдан мақсад руҳни камол топдиришдир. Иккинчидан, руҳоний эркинликсиз одам ўзлигини намоён қила билмайди; учинчидан, миллий бирликсиз миллат, халқ ўз борлиғини сақлаб қола олмайди, деган устивор ғоялар шоир шеъриятининг эстетик қимматини белгилаб берди. «Айни орзуларда, айни қайғуларда, айни севинчларда яшамоқ» тирикликнинг моҳиятидир, деб билади у. «Шундай бўлмаса агар, Нега керак бу келбат, бу овоз! Шунчаки дарахтдай ўсмоқми, шунчаки дарёдай оқмоқми дарбадар» дейди шоирнинг лирик қаҳрамони.
Мен-ку истамасман ўлимни,
Бироқ ҳар соатда, ҳар дақиқада
Бу ёруғ дунёнинг ҳар томонидан
Ҳукм этмоқдалар ўлимга мени.
Мен Юлиус Фучик — дорга осилди бошим.
Тўйчи Эрйигит ўғли — отим маним —
Кўксимда совиган қўрғошин.
Ботган кўзларимда жаллодларнинг аянч
сурати қотган.
Вьетнамлик бир гўдакман мен — бағри яра.
Қўлсиз, оёқсиз ва бошсиз ётган.
Мен ҳали ҳам турма панжаси ора
Сўнгсиз ва озод осмонларга қарайман.
Қарайман қуёшга!
Мазкур парчада кузатилганидек, жамият воқелигига, даврнинг сиёсий нафасига муносабат ишоралар орқали аёнлашаётир. Шартли маънодорлик юзага чиқаётир. Дор, қўрғошин, яра, темир панжара, осмон, қуёш сингари деталлар воситасида ҳаётдаги ноҳақлик, зулм-зўравонлик, жамиятда илдиз отган, кенг палак ёзган адолатсизлик кўринишларига лирик қаҳрамоннинг эркин шахсни ёқлаётган муносабати ойдинлашмоқда.
Кўринадики, Рауф Парфининг илк шеърларидан эҳтиборан эрк истаги ва озодлик руҳи, жамиятдаги зулмга, ижтимоий адолатсизликка, тенгсизликка, ноҳақликка қарши исён ғоялари етакчилик қилади. Демак, шоирнинг 70-йиллар бошида куртак ёзган, уч кўрсатган руҳ эркинлиги, фикр эркинлиги, қалб ҳурлиги ғоялари кейинги босқич шеъриятимиз тараққиётида миллатсеварлик, миллатпарварлик йўналишининг ўзак мағзини ташкил этди. Рауф Парфи ижодининг ижтимоий-эстетик моҳиятини, салафларидан, устозларидан, тенгқур шоирлардан фарқланиб турган бадииятининг табиатини белгилаб берди.
Чироқ, қуёш рамзли образлар зиммасига шоир чуқур маънолар юклайди. Хусусан, зимистон тун оғушида бўзариб ёнган чироқ хонани, атроф-теварагини шунчаки ёритиб қўя қолмаяпти. У куйиниб, ёзғириб, ёниб куйлаяпти. Чироқнинг ёниши — лирик қаҳрамоннинг севимли орзуси. У одамларнинг дилидаги армонларини, ғамларини, тилининг учида ёнган дардларини сўйлаяпти. Шунинг учун ҳам «Чироқ ёнар — сўнгги йўқ ҳасрат».
Чироқни тинглангиз, одамлар,
Қаршисида эгиб туринг бош,
Сизни куйлар у тонгга қадар,
То навбатни олгунча қуёш.
Чироқни тинглангиз, одамлар.
(«Акс садо», 21-бет)
Рамзли образларга юкланган мазмунни ўқиш унчалик қийин эмас. Тун — мустамлака зулматига чўмган жамият, чироқ — одамлар онги-тафаккурига фикр ёруғлигини элтишга тутинган шоир. Чироқ — фақат сўйлаётгани йўқ. У, яна ҳасратга ботиб куйлаяпти. Демак, одамлар кўнглини янги туйғулар, кечинмалар билан бойитади, поклайди. «Тонг отмоқда, тонг ўқлар отар, тонг отмоқда, қуёш замбарак», сатрлари бевосита 60-йиллардан жамиятда сиёсий вазият ҳийла юмшатилганига, одамларга эҳтибор ортганига, шахс эрки учун отланган курашчан Сўз маънавий ҳаётда тонг янглиғ, Офтоб янглиғ мақомга эриша бошлаганига бир ишорадир. Янги образлар воситасида аёнлашаётган маъно теранлиги ва фикрий қудратдир.
Рауф Парфининг қалдирғоч шеърларида кузатилганидек, бадиий идрок ва ифода тарзи, тафаккур табиати ва тимсолли образлари билан ўзига хос бетакрор услубга эга бўлган шоир кўз очган, ўз нуқтаи назари билан дунёнинг қўрчоқбозлик шеваларини таний бошлаган, ўзлигини ҳам дунёга танитишга тутинган шахс эди. Бу — Рауф Парфи феномени эди.
Инсоннинг руҳоний эркинлиги масаласи Рауф Парфи ижодининг ўзак мағзини ташкил этади. Шу боисдан ҳам шоир лирикасида туйғулар ҳаётини, кечинмалар манзарасини. ҳолат-кайфиятлар суратини чизиш алоҳида тамойилга айланган. Шу боисдан ҳам уни туйғу-кечинмалар мусаввири дейишади. Шу маънода биргина «Ёмғир эмас, марварид ёғар» сатри билан бошланадиган шеърини кўздан кечириш кифоя. Ёмғир — шарқона тасаввурларга кўра — қут-барака, илоҳий неҳмат, яхшилик ва эзгулик уруғи. Унга шоирлар ўз руҳоний ҳолатлари, кайфиятларига монанд маънолар юклашади. Яҳни, ҳар бир шоир ўз эстетик принципларидан келиб чиқиб, ёмғир воситасида турфа хил бадиий-фалсафий мазмунни ифодалашга интилади. Кимдир ёмғирда ёрнинг кўз ёшларини кўради. Яна кимдир йиғлаётган кўнгилни тасаввур қилади. Бошқа бир шоир шеърида ёмғир булутларнинг, қоп-қора қўнғир осмоннинг ерга йўллаган тансиқ сўзлари бўлиб англашилади.
Рауф Парфи тасвирида ёмғир — қоп-қоронғи кеча шаклида. Кеча эса сув сингари жилдираб оқади. Шу боисдан ҳам кеча шод ва беармон кечаётир. Боиси — бағрида сувдек ҳаётбахш ойдинлик, эртанги куннинг ёруғ эпкини бор.
Баргларда рақс этар шаббода,
Ўйнар сабо шаклида кеча,
Гуллар каби сақлайди одоб,
Афсоналар айтар тонггача.
Кеча тепасида учади,
Кипригимдан отилгувчи нур.
Менга кеча ёмғир ичида,
Гўзал хаёл каби кўринур!
(«Акс садо», 6-бет)
Лирик қаҳрамон кечинмалари қоронғу кечада ёғаётган ёмғирга эш. Ундан сурур, умид туяди. Шу маънода, унинг наздида, баргларда рақс этар шаббода. Ҳатто зимистон қоронғулик ҳам сабо шаклида ёқимли, фарахбахш. Гуллар сингари химо тортиб, тонггача афсоналар айтаётгандек туюлади. Шу боисдан ҳам лирик қаҳрамон кўнглидан шуҳла отилади, кипригидан нур чатнайди. Ҳаёл – адоқсиз бўшлиқ қаҳридаги рўё эмас. У ёмғир ичидаги зимистон қоронғулик. Унга ишонса бўлади. Гарчанд, қоронғулик оғушида эса-да, ёмғирдаги ойдин шаббода эпкини эртага отажак тонглар умидини уйғотади.
Кўринадики, тимсолли, мажозий лиризм Рауф Парфи услубининг ўтли нафаси, ўзак мағзи, дейиш мумкин. Давр воқелигига, жамиятдаги сиёсий вазиятга, ҳодисаларга, Инсон шаҳни-эркини, Ҳақни оёқ ости этувчи, адолатсизлик кўринишларини юзага чиқарувчи ижтимоий зулмга қарши туғён Рауф Парфи шеърларида туйғулар реализми устивор дейишга асос беради. Рауф Парфи ХХ аср ўзбек поэзиясида фикр билан кечинманинг синтезини бадиий санъат даражасига кўтарган, соф туйғунинг табиий оқимини, қабариқ мажозий ифодасини омухталаштирган бетакрор услуб яратди. Бу — ХХ аср ўрталаридан эҳтиборан ХХI аср ўзбек шеърияти тараққиётида алоҳида йўналиш касб этди. Мустақил бадиий идрок ва ифода маданияти сифатида шаклланди.
ХХ асрнинг 60-йил охирлари, 70-йил бошларидан эҳтиборан ўзбек шеъриятига Рауф Парфи Ўзтурк олиб кирган янги эпкин мустақил бадиий-эстетик йўналишга айланди, дедик. Эҳтиборлиси шундаки, ХХI аср ўзбек бадиий-эстетик тафаккурида ҳам Рауф Парфи Ўзтурк тамал тошини қўйган тимсолли лиризм, мажозлар асосига қурилган идрок ва ифода маданияти устиворлик қилмоқда. Мана, салкам ярим асрки, у ўз Сўзи билан ўзбек шеърияти тафаккур гулханининг тафтини оширяпти. Бўй-бастини юксалтираяпти. Ичкин мушоҳадалари билан фикрчан ҳисларини кўнгил гулханида ёқаяпти. Не тонгки, ҳамма шоирларнинг ҳам юраги бу гулханда ёнавермайди. Бу, шундай бир оташгоҳки, барча шоирларни ҳам ўз бағрига олавермайди. Аксариятининг «суягида суви» кўплиги боис оловни ўчириб қўйиши мумкин.
Рауф Парфи Ўзтурк юраги — боқий шеърият гулханида ёнаяпти. («Юракда қайнаган сўзларим, ҳисларим ёнғини юракда»). Одамларнинг онгига нур, қалбига ҳарорат чўгларини қалаяпти, алангаланяпти.
Бу — шоирнинг ёруғ қисмати. Балки, пешонасига битилган ёзуқи — толеи шудир. Бу — ўзбек бадиий Сўз маданиятининг бахти. Чўлпон, Ойбек, Миртемир, Усмон Носир, Зулфия, Асқад Мухтор, Шуҳрат ва ҳ.к. юзлаб шоирлар силсиласида насиб этган, Тангри Таоло юқтирган ёруғлик шарофати. Зеро, Қодир Эгам назари, боқий назаркардалик ҳам тақдир, беназир қисматдир.
Рауф Парфи лирикасининг ўзига хослигини белгиловчи асосий омил, бу — жанрлар хилма-хиллиги эмас. Аксинча, ана шу турфа хил жанр ва шеърий шаклларни юзага келтирган бадиий тафаккур табиатидир. Хусусан, фикрий-ҳиссий маънонинг фожеий хазин оҳангга йўғрилганлиги Рауф Парфи услубининг зоҳирий аломати.
Серқатлам маъноли метафоралар асосига қурилган шоир лирикаси янги шеърни юзага келтириши билан баробар яна янги шахслар авлодининг ҳам туғилиши ва шаклланишига замин яратди. Истибдодга, Хиёнатга, Ёлғон ва риёга қарши исёнкор лирикаси юракдан чак-чак томаётган қон зардобларини эслатади. Эрк, Ҳақиқат, Эзгулик ва Гўзалликнинг таҳми, ранги, чеҳраси умумбашарий. Дунёдаги барча эллар ва элатлар учун таниш, жондош ва қондош. Р.Парфи шеъриятидаги Ишқ, Қуш, Дарахт, Нур тимсоллари эркка интилиб ёниб яшаётган Шахс руҳоний ҳаётини акс эттирувчи янги рамзли маънодорлик касб этди.
… Бир уй бекаси пазандалик ҳақидаги қўлланмага қараб ош пиширишга чоғланибди. Сабзи, пиёз, гўшт, ёғ — керакли ҳамма масаллиқни ҳозирлабди. Қозонга босибди. Амал қилмаган йўриқлари қолмабди. Ва лекин, аксига, таомни тайёрлай олмабди. Боиси, китобда, аввало, Олов ёқиш керакли ёзилмаган экан…
Бугунги бозор шароитида яратилаётган адабиётда оловсиз пиширилган хом-хатала таомлар — руҳсиз асарлар хаддан ташқари кўпайиб кетди.
Чўкмоқдаман сувларга,
Кўкларга чўкмоқдаман,
Ўпмоқдаман қуёшнинг оёғини.
(«Она Туркистон» мажмуи, 254-бет)
Бу — лирик қаҳрамоннинг оний кайфиятини ифодалаётган ҳолат эмас. У — руҳнинг ҳайқириғи. Жамият иллатларидан юз бурган, чиркин муҳитдан бош олиб кетиб покиза ҳаволарга чўмган, оловга ошно тутинган ҳақ Сўз. У ёлғонга, ҳиёнатга, риёга қасида тўқишдан кўра бокираликнинг, ёруғликнинг оёғини ўпишни маҳқул кўради. Ўзига муносиб билади. Маҳзун асноларида лирик қаҳрамон чақмоқ билан, момақалдироқ билан сўзлашишни хуш кўради. Боиси, чинакам шоир қуёшнинг оёғида, оловнинг қучоғида яшайди, деб билади. Шеър — ёруғлик билан олов фарзанди, дейди у. Ёнмаган дил бамисоли кўлмак сув. Кул уюмлари орасида милтираган чўғдан алангалар ҳосил қилмаган кимса, бамисоли тунда ялтираган шиллиқ қурт. Нега сиз яшинни уйғотмадингиз, дейди у «Мен узоқ ухладим» учлигида. Яшинни яшириб қўйнимда, дунёни унутдим, ўзимга келдим, дейди «Севгили одамим…» учлигида. Қуёш эриб кетди кўзимда, Ой йиқилди кўксимда эриб, дейди яна бир учлигида.
Рауф Парфи шеъриятида табиат унсурлари, моддий олам ўз ҳаёти, хаёллари билан яшайди. Хоҳ осмон кенгликларию юлдузларми, хоҳ булутлару офтоб нурларими — барчаси ўз қувончи, ташвиши, дарди-дунёси билан бетакрор қиёфасини намоён этади. Сирли олам синоатларини тушунишга кўмак беради. Табиат образлари кўзимизга сингиб кираркан, кўнглимиздан жой олади. Яна муҳими, табиат деталлари, ранглари, образлари жамиятни, инсонни тушунишимизга кўмаклашади.
Томчида офтоб акс этгани сингари Рауф Парфи шеърлари — бу ички «мен» шаклида зоҳир бўлаётган шахснинг намоён бўлиш жараёнларини акс эттиради. Қайси сатрини ўқиманг, ундан шоирнинг нигоҳини туясиз, нафасини ҳис этасиз. Ўткир, синчков, олов кўзларини кўрасиз. Ҳар бир саҳифадан юриб келаётган, қўл чўзиб, «ассалому алайкум», дея сўрашаётган очиқ чеҳра шоирнинг ўзи билан танишасиз.
Шоирнинг илк шеърларидан бошлаб, Тонг, Ўлим. Офтоб, Нур, Дарахт, Қушча тимсоллари, Оқ ва Қора ранг образлари уйғоқ «мен»нинг, бетакрор Шахснинг беҳаловат руҳиятига эш. Улардаги теран маъно қирралари қирғоқларга урилиб қайнаб чиқаётган, ўз ирмоғини очиб кетаётган булоқ мавжларини эслатади. Айтиш мумкинки, шоир ҳар бир шеъридан ўзини излайди. Жамият ва инсон сир-синоатларига, ҳукмрон мафкура кирдикорларига — ўйинларига муносабат билдираётган уйғоқ дилнинг тимсолларга айланган нолалари, дардлари кўзларини очади.
Бир замон фалакнинг кўзлари сўнди,
Аста қора кийди мудраган жаҳон.
Руҳимнинг асрлик музлари синди,
Нимадир бўғзимни кесди беомон.
Қора кийган фалак, қоронғу нигоҳ, қора лола… — лирик қаҳрамоннинг афтода, муте ҳолатидан йиғлаяпти. Фалак чирқиллайди, дов-дарахтнинг кўзлари ёшли. Фаришталар чекади нола. Нима бўлди, кўзларининг нури синдими? Юрагининг тафти сўндими? Ҳисларининг товушлари ҳам қора кийдими? Ушалмаган орзулари бўғзидан узилган сўнгги нафас мисол етим. Таҳбири ечилмаган тушлари ҳам кўланка сингари ўлган орзулари узра қанот қоқади. Аза тутади. Гуллар яноғида шабнам эмас — қон. Майсалар кипригида титрайди оғу. Боғларда мевамас, унади заҳар. Недан ҳузур-ҳаловат туйсин? Чирмовиқ мисоли қадамига илашар илон. Тилининг учида новвот эмас, заққум томчилар.
Ана, қоп-қора кўланка осмонда эмас, қуюқ ўрмонлар оралаб эмас, енгидан чиқиб келди, бош кўтарди. У кимларнинг ва ниманинг совуқ нусхаси? Мунча вужудини чирмаб боради? Кунгил тафтини, орзулар оловини суғуриб олмоқчими ночор танасидан?
Отилдим, номаҳлум, қоронғу нигоҳ,
Биров қулоғимга совуқ шивирлар.
Азиз бир товушни эсладим ногоҳ,
Рангин овоздир бу, гўзал ғимирлар.
Кўланканинг қўл-оёғи бемажол… Кўзларию сўзлари ҳам, ўйлари-ю туйғулари ҳам муз қотган, тилсиз. Қора кўланка… мунчалар совуқ, мунчалар сурбет. Уят-андишани биладими бу? Яна, ювуқсиз, кир-чир энгил боши билан оппоқ кўрпага ўраниб олди. Уйидан ҳайдаб чиқарай деса, кўланканинг боши йўқ, гап уқмайди. Қўлларидан тортиб турғизай деса, дасти-тиргаги йўқ. Начора, ўзининг ҳолати ҳам қўл-оёғи тушовланган ой мисоли. Қимирлашга мадори йўқ. Ёрдам сўрай деса, тили кесилган.
Қоп-қора кўланка шунчалар қудратлими? Суянган тоғи қайда? Унга шунчалар куч-қувват ато этган тирик ўликлар ўлкаси қани? Майитлар арвоҳи мисоли шамчироқлар теграсида айланади. Яна, липиллаган шуҳлалар билан бирга рақс ҳам тушади, қувлашмачоқ, бекинмачоқ ўйнайди. Ҳей, суллоҳ кўланка. Энгил-бошимни еб тугатдинг. Энди, сочларимни битта-битталаб териб ейсанми? Қоч, нари кет! Ҳайдаган сари баттар ёпишади-я.
Кўланка оҳиста сидрилиб, лирик қаҳрамоннинг сочлари орасига кириб яширинди. Жунбушга келиб тўлғанаётган, куяётган туйғулари қўққисдан ёниб кетди. Буткул вужуди гулханга айланди. Энди кўзлари, қўл-оёқлари ёна бошлади. Ёнғинда сочлари чарс-чарс чатнарди. Ловуллаган сочлари ҳам учиб бориб тупроққа қадалади. Худди кўчатларга ўхшаб экилиб қоларди. Энди, тупроқ ёнишга тушди.
Кошкийди ана шу издиҳомда қора кўланка ёниб кул бўлса. Бадар йўқолса. Йўқ, энди у бир думалаб аланганинг кўланкасига айланиб олди. Энди ер юзини олов қоплади. Кўланка олов денгизида қулоч отиб сузиб кетди. У … тирик. У кимларнингдир, нималарнидир соясига айланиш учун сузиб, учиб бораётир…
Нақадар гўзалдир чиркин бу товуш,
Оҳанг вужудимни чирмади буткул.
Бўғилдим, инградим, титрадим, беҳуш,
Ожиз баданимга суйканди бир гул.
Надир бу? Қўлимда қора лоладир,
Ул кўздан ғойибдир, тирик ноладир.
Ёвузлик, зулм-қабоҳат ўлим билмайди. Аксинча, йўқликка суяниб эзгулик ва ёруғликнинг кушандаси бўлиб қолаверади. Ёмонлик, ёвуз кучлар ёруғ орзу-умидларнинг ҳаётига зомин бўлаверади. Эркни, ҳур фикрларни бўғизлаб, қонини ичаверади. Дунё шевалари мунчалар чигал, турфа ва жумбоқли. Жаннат билан дўзах, кун билан тун, иссиқ билан совуқ, олов билан сув, эзгулик билан разолат, тириклик ила ўлим — бари инсоннинг икки дунёси учун. Не саодат ва не қабоҳатки, инсон ичида, яҳни феҳлида шайтону кўнглида раҳмон яшайди. Ҳурлик ила қуллик ҳам инсоннинг бир бурда умрига синов. Бу дунёси — ёруғлигию, у дунёси — охирати учун ҳам синов. Инсон — икки дунё зийнати. Инсон қисмати мунчалик чигал? Ҳар бир одимида, ҳар нафасида фожеа ҳамроҳ.
Рауф Парфи Ўзтурк шеърияти Инсоннинг ана шу азалий ва адабий ёзуқи ҳақида. Пешонасига битилган ёзуқнинг фожеавий руҳи тўғрисида. Бу — шоир шеъриятининг бадиий-эстетик мағзи.
Лирик қаҳрамон қўлида қора лола. Ёнган, куйган, ва лекин, адо бўлмаган жола. У, энди, тирик нола; туғён ва исён. У, энди сўзнинг додини беради. Кечинмаларнинг суяк-суякларини бурдалаб ёқади. У лирик қаҳрамоннинг мутелик ҳолатига, қулликнинг уйига ўт қўяди. Буду нобудини, ўзини ёндиради. Сўзлар ёнганда ана шу тахлит дунёга ўт кетади. Ҳўлу қуруқ баравар куяди. Коинот бўшлиққа айланиб аланга ичида қовжирайди. Бу — бадиий Сўзнинг салоҳиятидан. Шоир истеҳдодининг чақмоқларга, шамолларга айланган сеҳрли қудратидан.
Рауф Парфи Ўзтуркнинг шахс эрки, миллат ҳуррияти, Ватан мустақиллигига бағишланган, миллий руҳнинг бадиий ифодасига айланган шеърлари гўзаллик ҳодисаси бўлиб қолди. Рауф Парфи шеърияти янги туйғуларнинг, янгича онг ва фикрларнинг мукаммал бадиий шаклдаги ифодасидир.
Сарбаст, хокку, танка, сонет, саккизлик, олтилик, тўртлик, фард ва ҳ.к. лирика жанрлари ва поэтик шакллардаги изланишлари истеҳдоднинг зоҳирий кўринишларидир. Рауф Парфи яратган янги Сўзнинг мағзини, янги шеърнинг табиатини олам, жамият ва одамни янгича англаш, тушуниш ҳамда англатиш маданияти ташкил этади. Илмий ифода билан айтганда, бадиий уйғунликнинг янгича кўриниши юзага келди, демакдир.
Рауф Парфи Ўзтуркнинг миллий маданиятимиз тараққиётидаги, бадиий тафаккур такомилидаги ўрни ва хизматлари яна шу нарса билан белгиланадики, у янги Сўзни, янги мазмунни қабул қиладиган, вужудига сингдирадиган ва ўзгаларга ҳам тушунтира биладиган китобхонлар зумрасини юзага келтирди. Тарбиялаб, камол топдириб бораяпти. Бунинг учун Шарқ, Ғарб ва Лотин Америкаси (япон, ҳинд, турк, араб, француз, немис, инглиз рус, озарбайжон, италян ва ҳ.з.) бадиий анҳаналарини ўрганиш, ўзлаштириш ҳамда ўзбек миллий маданиятига мувофиқлаштиришдек катта ва масҳул вазифани адо этди. (Исикава Такубоку, Робиндранат Тагор, Нозим Ҳикмат, Жаброн Ҳалил, Доғларжа, Пол Элюар, Сен-Жон Перси, Жак Превер, Пол Валери, Рене Шар, Гийо Аполлинер, Байрон, Шиллер, Пушкин, Блок, Квазимодо, Ҳусайн Жовид, Пабло Неруда ва ҳ.к.).
Демак, Рауф Парфи Ўзтурк ижодий тажрибаси новатор шоир эканлигини тасдиқлайди. Ўзбек поэтик сўз маданиятидаги новаторлиги шундан иборатки, у бой бадиий анҳаналардан воз кечмади. Уларга таяниб, ўз сўқмоғини очишга, ўз йўлини белгилашга эришди. Мавжуд бармоқ системасига асосланган туркий шеър маданиятини, таркибларини такомиллаштирди, бойитди, ривожлантирди.
Классик шеър маданятидаги, халқ оғзаки ижодидаги шеър тузилишининг пинакка кетган шакллари кўзларини уйқудан уйғотди. Қайтадан жон бағишлади, қанот берди. ХХ аср тонги адабий ҳаётига олиб кирилган насрий шеърни (Миртемир) қиёмига етказди. Гўзал, бадиий баркамол намуналарини яратди.
Ўзбек шеърий маданиятига сарбаст шеър тузилишини олиб кирди, дейиш анча чекланганлик бўлурди. Сарбаст шеър тузилиши туркий шеър учун буткул бегона эмаслигини, қадимий шеър маданиятимиз тарихида мавжуд бўлганлигини ижодий тажрибаси мисолида тасдиқлади. Уларни ХХ аср ўзбек халқининг нафақат орзу армонлари, дарду-аламлари, шу билан баробар яна тафаккур маданияти, қалб зарблари, ўзбекона миллий руҳи билан бойитди. Сонет, хокку, танка ва ҳ.з. жаҳон шеърияти жанрларига, поэтик шаклларига миллий ўзбекона руҳ олиб кирди. Томирларига туркона ҳарорат, оловли сўз ва тафаккур нурини қўшди.
Рауфона оксиморон образлар системасини яратди. Шеърий сатрлар мусиқийлигини кучайтиришда ҳайратангиз изланишлар олиб боради. Сатрлар такрорида нафақат фикрий кўчимларни, яна ҳис-туйғулар тўлқинини, кечинмалар пўртанасини вужудга келтиради. Ушбу жараёнда эмоционал ҳолат ва кайфиятлардаги, руҳоний кечинмалардаги ҳислар оқими шеър мусиқийлигини ҳосил қилади. Бу — ёлғиз Рауф Парфи ижодий изланишлари учун хос бўлган бетакрор самарадир. Сатрлардаги ички қофияланиши, аллитерация — оҳангдош сўзлар билан бойитилиши шеърнинг эмоционал таҳсир кучини оширади. Тафаккур тўлқинининг онг-шуурларда михланиб қолишини таҳминлайди, асослайди.
4
Рауф Парфи Ўзтуркнинг поэтик маданиятимиз тараққиётидаги ўрни, хизмати аввало, бадиий тафаккурдаги стереотип — қотиб қолган тасаввур ва тушунчаларни синдирганлиги билан белгиланади. Хўп, стереотип тушунча ва тасаввур дегани нима ўзи? «Бўладиган боланинг пешонаси дўнг бўлади», деган ҳикматни суюб тилга оламиз. Айниқса, ўғил кўрсак, манглайига тикиламиз. Пешонаси кенг ва дўнг бўлса, ич-ичдан ғурур туямиз. Фарзандимиз феҳли кенг, бағри бутун, олижаноб, ақл-заковатли, доно-билимдон бўлади; ёзуқининг белгиси қутлуғ, дея тотли умидлардан кўнглимиз қанотланади.
Бу — асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келаётган табаррук тушунчалардан бири. Худди шу тахлит онг-шууримизда шаклланган тушунча ва тасаввурлар ҳаётимизга алоҳида мазмун, шукуҳ бағишлайди.
Бадиий адабиёт, шу жумладан шеъриятнинг ҳам ёзилмаган қонуниятларидан бири, бу — стереотиплар билан фикрлашни асло ҳазм қилолмайди. Санъат асарлари онгда шаклланган турғун тасаввурларни синдириш асосида юзага келади. Бадиий тафаккур кўз очиб дунё танибдики, минг йиллар мобайнида ана шу табиатини асрий анҳаналардан бири сифатида сақлаб келаётир.
Поэтик тафаккур салоҳиятини симоб доначаларига қиёслаш мумкин. Симобни гарчанд, кўз билан кўрсак-да, қўл билан ушлаб бўлмаганидек, шеърдаги фикрчан кечинмалару, ҳиссий тафаккурни қўл билан ушлаб, кўриб бўлмайди. Уларни ёлғиз ҳис этамиз, ички эмоционал идрок ила туямиз.
Тахайюллар асосига қурилган мажозий образлилик, бу — воқеликни, инсонни, руҳоний ҳаётни реалистик идрок этиш шаклларидан бири. Бадиий тафаккурнинг мазкур йўналиши ХХ аср ўзбек шеъриятида Рауф Парфи ижодий изланишлари билан боғлиқликда гўзаллик ҳодисасига айланди. Ва салкам ярим аср бадалида бадиият мактаби сифатида шаклланди. Бу — миллат бадиий диди ва эстетик савиясининг янги босқичи демакдир.
Хўш, бунинг моҳияти нимадан иборат?
Рауф Парфи шеърияти 60-йилларда бадиий тафаккурда қотиб қолган андозаларни, стереотип фикрлаш тарзини синдирган бўлса, ХХ аср адоғида мазкур фалсафий-эстетик тажрибани мукаммалликка етказди. Хусусан, Ватан мустақиллиги, миллат озодлиги, шахс эрки масалаларининг бадиий талқинларида, Эзгулик, Адолат, Гўзаллик ҳақидаги тасаввур ва тушунчалар конорасини умумбашарий қадриятлар маъноси ила беҳад кенгайтириб юборди. Хусусан, санъаткор асарларининг бадиий-эстетик, ижтимоий-фалсафий аҳамияти муаллифнинг қайси миллатга, ёхуд Мағрибу Машриқ, кунчиқару кунботар маданиятларига мансублиги билан белгиланмайди. Бадиий асарнинг қадр-қиммати миллий-башарий қадриятларни нечоғлик ҳимоя қилганлигида, улуғлай олганлигида, умуминсоний мазмун-моҳиятида, Одам кўнглини қанчалик кашф эта билганлигида, деб тушунади. Бу, табиийки, янгича дунёқараш ва дунёвий дид маҳсули.
Шу маънода, Рауф Парфи ва унинг авлоди шўро даври фарзандлари эмас, маданият фарзандлари бўлиб қолди. Мағрибу Машриқ, кунботару кунчиқар қозонидаги таомлардан баҳраманд бўлишга, ва шу асосда, янги ўзбек шеърини — ўз дастурхонини ёзишга муваффақ бўлди. Шоирнинг бадиий-эстетик тажрибаси шўро мафкурасининг таҳқиб ва тазйиқлари остида онгимизга, дунёқарашимизга катта тўлқин олиб кирди. Хусусан, шўро-истибдод ўлкасида шахсларни тарбиялашга, шахсиятларни шакллантиришга, Шахслар мамлакатини вужулга келтиришга қаратилди.
Ушбу жараёнда Рауф Парфининг ижтимоий-сиёсий қарашлари бадиий-эстетик туйғуси билан омухта шаклланди, камол топди. Шу боисдан ҳам уларни бир-биридан айириш ёки бўлак-бўлак ўрганиш мумкин эмас. Улар бир мағизнинг икки палласи, бир олманинг икки бўлаги мисоли. Шоир эстетик қарашларининг илдизи халқимизнинг минг йиллар мобайнида қарор топган ижтимоий, бадиий, фалсафий тафаккури сарчашмаларига бориб туташади. Ундан ҳаёт сувини ичади.
Ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантириш ўзбек шеърияти тараққиётининг барча даврлари учун ҳам бош хусусият бўлиб келган. Лекин унга эришиш йўллари кўп, усуллари ниҳоятда хилма-хил. Хусусан, мажозий образлилик ҳақ сўзни айтишнинг, воқеликни реалистик идрок этишнинг шаклларидан биридир. Хусусан, шеърга ёлғон ёт. У ўлим билан баробар. Шоир ўзини ўлимдан — ёлғондан асраши керак. Шу маънода. ҳар бир шеърнинг юзага келиши, бу — ўлим билан юзлашиш демакдир. Ҳар бир одам, шу жумладан шоир ҳам ўзи билан ўзи курашиб, ўлиб кетади. Ана шу жараён — ўзи билан курашишнинг ўзи санъат, қолган ҳаммаси омилкорлик. Шу боисдан ҳам шоирнинг ўз жонини сақлайдиган жойи йўқ. Бу рост ва ёлғон, нур ва зулмат, ҳаёт ва ўлим оралиғидаги бир ҳовуч ҳаво, бир чимдим нафас. Бир Сўз. Уни кўзига тўтиё этгувчи ҳам, оёқлар остига ҳазондек сочгувчилар ҳам ижодкор, аслида. Сўзни шоирга худонинг ўзи беради. Сўзини ҳам ўзи олади. Бу — жонини олгани билан баробар. Зеро, ўз сўзини йўқотиш, бу — шоир учун ўлим. Шоир ўз жонини қандай сақлай олади, ёлғоннинг макридан қанчалик ўзини эҳтиёт қилади — буни ёлғиз худо билади.
Тиккандир жонини Ватанига у,
Бу сўз қаршисида титрама, эй жон.
Юзма-юз келгандек гўё ўт ва сув
Юзма-юз келадир шоир ва замон.
(«Она Туркистон» қўлёзмаси, 140-бет)
Шоир бу ёруғ дунёда яшаётган Инсоннинг чексиз-чегарасиз кечинмаларини сўз билан ифода қилгувчи шахсдир, — дейди Рауф Парфи. — Шоир кўзининг ўрнида дарёлар оққан, елкасида тоғлар йиқилган, ўз танидан чиқиб, руҳга айланган зотдир . Унинг ўз таҳбири билан айтганда, шоирни куйлатган ҳазрати инсон. Унинг ҳаққи-ҳуқуқлари — шеъриятнинг ҳам ҳаққи-ҳуқуқларидир. Жаҳолатнинг рангларини, зулмнинг маъносини, зўравонлик, адолатсизликнинг сирти шакар-ботини заҳар табиатини образлар тилига кўчирган тимсолли реализм Рауф Парфи ижодий индивидуаллигини тайин этади.
Ушбу хусусият Рауф Парфи Ўзтурк ва бошқа бир қатор шоирларимизнинг (Чўлпон Эргаш, Ҳ.Худойбердиева. Шавкат Раҳмон, Тоҳир Қаҳҳор, Хуршид Даврон, Абдулла Шер, Усмон Қўчқор ва ҳ.к.) ижодий изланишларидаги етакчи услубий йўналишдир. Мажозий образлилик — рамзлар воситасида фикрлаш маданияти ХХ асрнинг 70-йилларидан эътиборан ўзбек шеъриятида етакчи тамойилга айланди.
Ўтган асрнинг 80-йиллари ўзбек танқидчилигида бадиий тафаккурнинг ушбу кўриниши моҳиятини тушунмасликданми ёки тушунишни истамаганликданми, «Шеърингизни тушунтириб берсангиз», «Шоир нима демоқчи, шеър нима деяпти» қабилидаги мақолалар юзага келди. Уларда Рауф Парфи, Миразиз Аҳзам шеърларидаги мажозий образларни, рамзларни àðáãà òàқлидчиликда, ўта мураккаблик ва мавҳумликда айблаш расм бўлди. Тимсолли образлар сарбастдаги изланишларида ёрқинроқ тажассум топгани боисиданми, уларни Ғарб шеъриятига тақлидда айблашди. Ваҳоланки, маҳлум бўлишича, шеърнинг бу шакли аввалги минг йилликда мўйсафид Шарқнинг қадимий битикларидаёқ мавжуд экан.
Ушбу ҳодиса, айрим танқидчилар айтгандек, Ғарб ва Лотин Америкаси адабиётига тақлидан эмас, аксинча, эстетик таҳсир самараси ўлароқ юзага келди. Шу боисдан ҳам шоир: ўзимизнинг қадимий ёзувларимизда ўзимизни қайтадан топдик, дейди.
Рауф Парфи эстетикасида Санъатнинг, Сўзнинг маҳрифий-тарбиявий роли, аҳамияти масаласи алоҳида ўрин тутади. «… Миллат бор экан, демак, адабиёт бор, Сўз бор. Жаҳонга буюк сўз соҳибларини берган бу тупроқ, бу ҳаво, бу сув, бу олов инсониятни шафқатсиз, қонли ўйинлардан, қирғинлардан, балою офатлардан асрай олмади. Лекин, олижаноб, қутлуғ Сўз яхшилар тарафида экани қувончлидир» («Шеърият ва абадият» мақоласи, 4-бет). Шоирнинг ишончи-эҳтиқодига кўра, эзгу сўз одамлар онгига нур-ёруғлик олиб киради, кўнгиллардан ёвузликни, жоҳилликни, ёмонликни қувиб чиқаради. Шу тариқа кўнгилларни тозартиради. Руҳиятларни поклайди. Дин – бани Одамларни, демакки, жамиятларни ҳам поклар экан, асл шеърият ҳам дин мисол юксак маънавий салоҳиятга эга. Эзгу сўз одамлар онги-тафаккурига таҳсир кўрсатиш орқали кўнгилларга уя қурган хиёнатни, риё-мунофиқликни, сотқинликни, қўрқувни ҳайдайди. Кўнгилларда олижаноблик, эзгулик гулзорларини кўкартиради. Саҳоват ва меҳр-шафқат боғларини барпо қилади («Дилимда бир сўз бор эди. Бу сўз меники эди. Айтдиму, мен сўзники бўлдим ортиқ»).
Буғубор тонг каби гўзал,
Тонг чоғи очилган ғунча каби,
Ғунчада шабнам каби мусаффо…
Осмон каби бепоён кўзлар севинчи янглиғ,
Бир сўз бор,
Ҳақиқат сўзидан ҳам юксак.
Ҳақиқатнинг ўзидан ҳам юксак,
Бир сўз бор…
(«Она Туркистон» мажмуи,123-бет)
Бу – санъат – санъаткор – жамият масаласида янги нуқтаи назари, янги тушунча ва янги нигоҳи ила бадиий тафаккур маданиятида шоир ўзгача йўналиш яратди, демакдир. Бу – санъат асарларини тушуниш, тушунтириш ва баҳолашда ҳам эстетик меҳзонларни ўзгартирди, янгилади, демакдир.
Шоир эстетикасида виждон эркинлиги масаласи алоҳида ўрин тутади. Руҳ феномени, кўнгил ҳуррияти, эрк феномени Рауф Парфи эстетикасида ижтимоий-фалсафий категория даражасида бадиий тадқиқ этилади.
Хусусан, онгимиз-шууримиздаги кўринмас, сезилмас темирдек қўпол ва қаттиқ бир куч бизни метин иплари билан боғлаб туради. Юриш-туришимиздан тортиб, гап-сўзларимизгача, хатти-ҳаракатимизу ўй-фикрларимизгача, бир сўз билан айтганда, изимизу сўзимизни, кўрар кўзимизу ўзимизни бошқаради. Бурун остидан бошқа нарсани кўрмайдиган аҳволга солади. Ичимиздаги сиёсий нозирнинг фармонбардор ҳукмрон мавқеи кишини қуллик, мутелик ҳолатига солади. Ана шу нарса иймони суст ижодкорни бадгумон ҳукмрон мафкура тоғорасига ўтказиб, ноғорасига ўйнатиб қўяди. Қачонки, ижодкор руҳан эркин бўлмас экан, ҳеч қачон мафкуравий қолиплардан, сиёсий манфаатдорликдан халос бўлолмайди. Бош олиб чиқиб кетолмайди. Замонасозликка берилади. Замонасозлик ботқоғига ботиб бораверади. Нафсга суянган муроса – ғоят аянчдир.
Руҳий эркинликнинг мазмуни недир? Дил эркинлигининг таҳми қанақа бўлади? Қандай одам эркин бўлади. Дилидан бўлак, ўзидан бошқа ҳеч қанақа давлати йўқ, шип-шийдам бандаи мўминми? Ёхуд, сочидан тирноғигача ҳукмрон мафкура бўтанасига ботириб олинган кимсами? Қандай жамият озод бўлгандагина унинг фуқаролари ҳам эмин-эркин яшаши, дориломон кун кечириши мумкин?
Шахс эркин бўлмас экан, у мансуб миллат ҳам, Ватан ҳам озод бўлолмайди. Бу – шоир талқинидаги эркнинг баланд нуқтаси. Ана шу мақомга етишиш эса, аввало, Одам ўзини-ўзи танишдан бошланади. «… Нарсаларга эркимизни боғлаб қўйганмиз, моддиятнинг қулимиз, — дейди Рауф Парфи. – Бу «айёр» ақлнинг хулосалари, оқил ақлники эмас. Ақл Оллоҳни танишдан чалғиса, бу – айёрлик. Оқил деб Оллоҳни билганга айтишади. Оллоҳни таниган банда моддиятга боғланиб қолмайди, у ўзининг қоровули эмас У — Ўзининг эгаси, ўзлигини излаётган инсон» («Суҳбатдош» газ., 1999 йил, 2-сон, феврал).
Одам моддий борлиқни ҳам, руҳий дунёни ҳам идрок этишда холис. Унинг кўнглида ҳамиша тўрт фасл шавқи барқ уради. Еру Осмонлар оралиғида, барру баҳрлар сарҳадларида тизгинсиз бадиий диди ўзига хон эканлигини тасдиқлаб туради. Унинг илоҳий кўтаринкилиги, ҳеч қандай ўлчовларга сиғмаслиги – бадиий дидининг бетакрор асл табиати. Барча буюк санъаткорлар инсоният тарихи бадалида яратган энг гўзал ва мумтоз бадиият намуналари миллий мансубиятларидан, макон ва замондан қатҳий назар, бадиий диднинг безавол меҳзонларидир; юксак ўлчовлари, идеал тош-торозусидир. Агар, кўкдаги бир тилим хилол, тупроққа санчилган гуллар мукаммал гўзаллик намуналари бўлса, Муҳаммад с.а.в. комиллик мақомига етишишнинг энг мумтоз тимсолидир. Чинни кўзли булоқ сувлари бокиралик ва мусаффоликнинг кўзгуси экан, Юсуф Хос Ҳожиб ва Яссавий, Бедил ва Навоий, Данте ва Шекспир, Пушкин ва Чўлпон шеъриятлари бадиий гўзалликнинг идеал намунаси эмасми?
Рауф Парфи Ўзтурк эстетик қарашларининг илдизларини – баҳравар омилларини ёлғиз абадий қайнаб турган булоқлардангина излаш тўғри эмасдир. У Мағрибу Машриқ, кунчиқару кунботар умумбашарий бадииятининг мумтоз намуналаридан ҳаёт сувини ичади. Шу боисдан ҳам шоирни жаҳон эстетикасидаги тимсоллар реализмига, туйғулар реализмига мойил санъаткорлар кўпроқ қизиқтиради. Хусусан, реализм эстетикасига кўра шоирни жаҳонгир зулм-истибдодга қарши шахс эрки масаласи, табиатнинг тўрт фаслига монанд кечинмалар туғёни, ҳаёти банд этади. Шу боисдан ҳам шоир адабий асарларнинг эстетик қиммати ва аҳамиятини белгилашда уларнинг салоҳиятини, бадииятини бош меҳзон, деб билади. Бошига қилич келганда ҳам фақат рост сўзлаш, Ҳақ ва Ҳақиқатни ёқлаш, ҳар қандай ёлғон, риё, макр, зулм ва хиёнат кўринишларини инкор этиш, уларга қарши исён кўтариш Рауф Парфи Ўзтурк эстетикасининг мағзини ташкил этади.
«Санъатнинг вазифаси инсонга ўлимни англатишдир. Шакли қандай бўлишидан қатҳий назар… Тушунган, англаган инсон ҳамиша оғриқ, фожеа билан яшайди. Агар, таҳбир жоиз бўлса, шундай айтиш мумкин – фожеа инсон билан бирга туғилган аниқ нарса. Инсон доимо ўлим билан ёнма-ён юради. Тошбақа косасини бир умр ортиб юрганидек, ўз ўлимини доимо кўтариб юришга маҳкум. Менимча, ўз ўлимини кўтариб юрган одам Аллоҳга, Ўзига, бировга хиёнат қилмайди. Хиёнат ёлғонлардан туғилади. Инсоннинг фожеаси ёлғонларга тўқнашганида бошланади. Биз «Ёлғоннинг умри қисқа» деб ўзимизни юпатамиз. Йўқ, ёлғоннинг умри узун. Буни инсоният тарихига бир назар ташласангиз, билиб оласиз» («Суҳбатдош» газ., 1999 йил, 2-сон, февраль).
Шеър – чексизликнинг чекида туғилган дунёдир. Шоир кўнглини ўртаган оғриқли сўроқларга воқеликдан, жамиятдан жавоб излайди. Муайян қиёслар, образлар шу тариқа юзага келади. Хусусан, шахс эрки, кўнгил ҳуррияти одам билан бирга туғилади. Эркинлик бой берилган жойда фожеа юзага келади. Бахтини пойдор этиши ҳам, бахтсизлик чоҳига юз тубан йиқилиши ҳам руҳнинг нечоғлик уйғоқлиги, руҳоний саодатга боғлиқ.
Рауф Парфи Ўзтурк эстетикасида Турон-Туркистон мавзуи алоҳида саҳифани ташкил этади. «Турон-Туркистон мавзуи милоддан аввалдан ёзма адабиётларда юз кўрсатиб келади, — деб ёзади Рауф Парфи. – Миср-Бобил, Хитой-Ҳиндистон, Рум, Эрон, Оврупо, Америка сингари Турон-Туркистон, Турк Дунёси жаҳон илму фани, маданияти, адабиёти ва санъати хазинасига ўзининг муносиб меросини берди ва беражакдир» .
Шоирнинг кўнглини, ижодини билмоқчи бўлсанг, унинг она юртини бориб кўр, деган ҳикмат бор. Шоирнинг Ватани – бу унинг сеҳрла, пурҳикмат маъноларни ўзига сингдирган сирли қиёфалар дунёсидир. Р.Парфи лирикасидаги Сўз, Кўз, Қушча, Булоқ, Дарахт, Чироқ, Хаёл, Нур сингари образлар тагдор, пурмаъно мазмун ифодалашига кўра тимсолга айланаётир. Улар Туронзамин, Туркистон халқларининг тарихий ҳаёти саҳифаларини суратлантиради. Туркий халқлар тақдиридаги зилзилали воқеалар моҳиятини акс эттиради. Миллат тақдирида ўчмас из қолдирган ва айни кейинги юз йилликларда мудраган жўмардлик, жангарилик, қаҳрамонлик руҳини қайта тирилтириш, оёққа қўйиш, фаолликка даҳват Рауф Парфининг Турон-Туркистон мавзуидаги шеърларининг етакчи хусусиятларидан биридир.
Сўз санъатида ҳамма бир-бирига шогирд, лекин ҳар ким ўз йўлидан кетади, дейди адиб. Ўзбек тилининг рамзларга, тимсолларга бой маъно қирраларини акс эттириш Рауф Парфи Ўзтурк изланишларининг мағзидир. У сўзнинг таҳмини, ҳидини рангини, бўёқларини ғоят нозик ҳис қилади. Шу маънода, ҳар бир шеъридан шоирнинг қайноқ, этиросли нафаси шундоққина сезилиб туради. Ҳар бир сўзнинг ортидан унинг ўзи қараб тургандек туюлади. У айтадиган гапи учун сўз танламайди. Балки, фикрчан кечинмалари ўз маъноси, ўз ифодаси билан туғилади. Р.Парфи Ўзтурк «Ҳар бир сўзим – ошкор жаҳоним» дейиши ҳам шундан.
«Сўзлар» шеърида ёзади: «Яна тун қўйнида бўшлиқнинг темир қўллари кўксимни қисаркан: — Ёрдам беринг, ухлаб ётаверманг, — дея ҳайқираман. Шундай уйғотаман қадимий Сўзларни – Туркистонимни» («Она Туркистон» мажмуи, 315-бет).
Рауф Парфи Ўзтурк шеъриятида сўз — конкрет маъно ташиб келишидан ташқари инсон шахси ва маҳнавиятидаги муайян гўзалликни, тимсолли ёки ибратли мазмунни ифодалашига кўра ижтимоий-фалсафий, бадиий-эстетик аҳамият касб этади. Сўзлар табиатидаги шартлилик, коса тагидаги нимкоса тарзида ифодаланадиган кўчма маънодорлик, айниқса, Рауф Парфи изланишларида устивор. Рауф Парфининг сўз устида ишлаш заҳмати шундан иборатки, у «Сўзлар» шеърида кузатилганидек, «Оқ бинода қалин ва оқ кўрпаларига ўраниб-чирманиб қатор сўриларда» ухлаб ётган қадимий сўзларни уйқудан уйғотади. Уларни яшашга, курашга, фаолиятга сафарбар қилади. Зеро, шоирнинг ўз таҳбири билан айтганда, шеърият муттасил янгиланиб туради. Сўзларнинг маъносига кўра доимо янгиланиб туриши эса унинг асл моҳиятини ташкил қилади.
Р.Парфининг Турон-Туркистон мавзуига бағишланган шеърларида фалсафий, ижтимоий мазмунига кўра сўзларни қаддинию қадрини бир баҳя баланд кўтаради; қанотини юксалтиради, уларга парвоз беради. Шоирнинг «Сўзлар», «Шеърият», «Харита», «Она тилим», «Туркистон», «Чўли Ироқ», «Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё», «Қадимий туркийлардан», «Ўзингни аяма, бораётган илдиз», «Англатгани англаган бошлари қани» сингари ўнлаб шеърларида Турон-Туркистоннинг олис ўтмиши, бугуни ва келажаги билан боғлиқ турфа бадиий талқинлар силсиласини кузатамиз. Бадиий Сўзнинг шунчалар катта салоҳияти борлигидан ҳайратларга чўмамиз.
«Сўзлар» шеъридаги бадиий талқинга кўра, Инсон, бу – сўроқ гап, ундов гап, дарак гап. Сўзлар бизга яшамакни ўргатар. «Бир ажаб сўзлардир пешонада тўпланган ажин». Қўлларимиз ҳам фикрчан Сўзлар. Шу маънода, Турон – ҳаддан зиёд гўзал сўздир. Бу тонготару қуёшнинг ботиши, йўлдаги киши – барчаси ажойиб жумлаларга ўхшайди. Улар умр, тақдир, тириклик сатрлари. «Мозийга урилиб синди овозим» дейди шоир. Туронзаминнинг ўтмиши, кўҳна Туркистон хотиралари, аждодларнинг шонли ҳаёти тарихи лирик қаҳрамон руҳини кўтариши, тафаккурига қувват бериши билан баробар маҳзун кайфиятларга ҳам солади. Овозини синиқлаштиради.
Бу – олис қуёшдир куйиниб ёнар,
Олис эсдаликдир бўлмайди адо.
(«Она Туркистон» мажмуи, 384-бет)
Рауф Парфи шеъриятидаги поэтик образлар ва тимсолларнинг ўзига хослигини улар зиммасидаги маънолар моҳиятидан англаймиз. Шу ўринда тимсоллар табиатини очиб берувчи унсурлар орасидан характерли икки жиҳатига тўхталиб ўтиз жоиз кўринади. Хусусан, бу нарса тимсоллар табиатидаги ботиний ва зоҳирий аломатлардир. Чунончи, Ғ.Ғуломнинг «Соғиниш» шеъридаги ўғлини урушга кузатаётган ота – бу азамат Ватан, фидоий миллат тимсолига айланган. Ҳамид Олимжоннинг «Ўрик гуллаганда» шеъридаги баҳор тимсолига айланган ўрик гуллари – рамзнинг зоҳирий кўринишидир. Ўқувчи шеърни ўқиган заҳоти кўз ўнгида, тасаввурида ана шу символик маъно касб этган поэтик белгилар яққол суратланади. Шеърдаги поэтик образлар ҳам у қадар мураккаб эмас. ўқувчининг ақли-шуурини таҳайюлларга, пўртанали ўй-фикрларга чулғаётгани йўқ.
Энди, тимсолларнинг ботиний кўриниши ҳам борки, у серқатлам, сертармоқ тагдор, кўчма маъно қирраларига эга.
Рауф Парфи Ўзтурк сўзнинг тимсолли маъно жилваларини кашф этишда ўзига хос бетакрор мустақил йўлга эга бўлган шоир. У халқимизнинг кексалар изидан юрма, лекин улар излаган нарсани сен ҳам изла, деган ҳикматига амал қилаётгандек туюлади. Шоир янги шаклда янги гап айтиш учун тинмай изланар экан, ҳар биримизга таниш сўзлар зиммасига янги ва чуқур маънолар юклайди. Мазкур йўналишда Р.П.Ўзтурк шеър сатрларини синдиришни яхши кўради. Хўш, бу нарса шеърга зиён-заҳмат етказмайдими? Шеърни ногирон қилмайдими? Йўқ, албатта. Сабаби, бу нарса фикрнинг синишига, туйғуларнинг сочилишига, маънонинг дарз кетишига олиб келмайди. Энг муҳими, шеърда сўз синмайди. Сўзнинг бадиий-эстетик таҳсир кучи, салмоғи ортса ортадики, асло букилмайди, сусаймайди. «Минг йил сизни изладимми, мен» туркумига кирган учликда ўқиймиз:
Мен узоқ ухладим.
Бир аср ухладим, нега мени –
Нега сиз яшинни уйғотмадингиз .
Шакл жиҳатдан синган сатрлар кескин кечинмали ҳолатлар маъносини, мураккаб зиддиятли кайфият ва туйғуларнинг рангини, манзарасини чизишга йўналтирилган.
Шоир «Юрак» шеърида «Мен фақат Туркистон аталган ёрқин, Бир бутун юртимни истайман, холос» дер экан, ёқавайрон ўз ватанида ватансиз туркийлар бирлигини, йўллар, кўллар, тиллар, диллар бир бўлишини, яхлит бағри бутун миллат сифатида қад тиклашини орзу қилади («Кўкка етди сабр дарахти. Йиғла Қрим, йиғла, Тангри кўк. Не бўлмоқда инсонлар айтинг: Қрим бору қримликлар йўқ»). Зеро, қўллардан кетган ихтиёрларни тиклаш, туркийлар учун маҳрга берилган мутелик, қуллик, озорларга барҳам бериш, бизлардаги йўқ иттифоқни бор қилиш, оёқ остидаги пайҳон бўлган инсоний ҳуқуқларни тиклаш, тупроққа қоришиқ муқаддас ҳурликка эгалик ҳаққини барқарор этиш («Она Туркистондир туркларнинг тожи») лирик қаҳрамоннинг бош муддаоси.
Ўзингни аяма бораётган Илдиз,
бораётган Ҳасрат,
бораётган Ватан,
Она Туркистон. (383-бет)
Ана шу жараёнда уйғоқ Сўз Ҳақиқатнинг олов кўзларига айланади («Ухлама сен, Ҳақиқат»). Лирик қаҳрамон тийран сўзга, қиличдек қайралган Ҳақиқатга ўтинч билдиради. Мудроқ, қўрқоқ жонларни, норасо маконларни, басирларни уйғотгин, дейди. Қасрларни, асрларни, асирларни замонларни уйқудан уйғотишига ишонади. Заҳар хўплаб эса-да, одамларни тўплаб айт. Сўзларинг ловуллаб турсин. Токи, юракларда кул босган чўғлар ловуллаб кетсин, алангалар ҳосил қилсин.
Сўзларингнинг қуёши,
Аччиқ ёшга айлансин.
Ботирларнинг кўз ёши,
Бир кун тошга айлансин. (377-бет)
«Лутфихоним. Уйғон болам», «Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё», «Туркистон ёди», «Оғриқ» сингари миллатпарварлик руҳи билан йўғрилган ўнлаб шеърларида миллий бирлик ғоясининг рангин қирралари ёритилади («Уйғон, уйғон болам, уйғонгил эй, дил»; «О, сабр дарахти, қутлуғ Туркистон»). Кўнгил хур туғилган эди. Руҳнинг омонлиги, эрки «азал гўзалликнинг шаҳмини ёқади». Ёрқин саҳарларда «Келур от ўйнатиб халоскор сарбоз».
(давоми бор)
Нўъмон Раҳимжонов