Сиз аслида Исломни
Одамларга илинган,
Онангиз поклиги ҳам
Сиз орқали билинган.
Бугун мўминнинг қалби
Сиз учун нақд тилинган.
Асли улардан кўра,
Сиз бизларга маҳрамсиз.
Дажжолни йўқотувчи
Ийсо ибни Марямсиз.
«Муҳаммад умматиман»
Деб овоза қилган – сиз.
Энг охирги умматни
Саодатли билган – сиз.
Қиёмат нафасида
Шу умматда ўлган – сиз,
Асли – масиҳийларнинг
Қалбидаги аламсиз,
Қуёшни уйғотувчи
Ийсо ибн Марямсиз.
Қавм адашиб кетди,
«Худонинг о‘ўғли» дея,
Парвардигор шаънига
Сўзлар айтмиш ножўя.
Бугун бу – синов учун
Энг қулай йўл, воқеа-
Асли сиз ҳам Аллоҳга
Қул, банда ва қарамсиз.
Ширк йўлларни отувчи
Ийсо ибн Марямсиз.
Хоч кўтарган инсонга
Асли шубҳа қиламан.
Чунки ўзимни ундан
Сизга яқин биламан.
Аллоҳ Росули деган,
Иймон ила ўламан.
Гарчи менинг қалбимдан
Отилган дард, ноламсиз.
Исломий дард тотувчи
Ийсо ибн Марямсиз.
Хайрулло Ҳамидов