Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(16-қисм)
Бешинчи кўчат
Икки буюкнинг бир буюк хатоси
Амир Темур шубҳасиз буюк шахс.
Йилдирим Боязид ҳам шубҳасиз буюк шахс.
Жаҳон ўлчови билан ўлчаганда кишилик тарихида амирлар ва саркардалар орасида буларга ҳартомонлама тенг келадиган шахслар бармоқ билан санарли даражада оз. Ўша ознинг иккитаси турк миллатига тегишли экани, биттаси ҳатто бизнинг тарихий диёримиздан экани, албатта, кишига ғурур беради.
Аммо лавҳабоши кишини сергаклантиради. “Хато” сўзи худди буюкларнинг буюклигига соя тушираётгандай. Лекин хавотирга ўрин йўқ. Буюкларнинг буюклиги хатоси ҳам буюклигидадир.
Биз у хатоларни ўзгартира олмаймиз, бўлар иш бўлган, демак тақдирда битилган улар. Кейинги авлод боболарининг ютуқлари қаторида хатоларини ҳам ўрганса, тарихдан сабоқ чиқариш, у каби хатоларни қайтармаслик, ютуқларни кўпайтириш мақсадларида ўрганади.
Аммо асрлар ўтиб яна ўша каби хатолар такрорланса, энди бу ҳол кечирилмасдир, кейинги авлод боболарининг у хатосидан тўғри сабоқ чиқара олмаганидандир.
Ушбу бобимиз шу ҳақда.
Сўзни Амир Темурдан бошлаймиз.
Хўш, унинг буюк хатоси нима эди?
Шубҳасиз, Амир Темур даври жуда муҳташам бир даврдир. Тарихи ҳам шунга яраша муҳташам ва қизиқарлидир.
Аммо, афсус, совет даврида мустамлакачилик сиёсати ва компартия мафкураси тазйиқида бу давр бутун ҳақиқати ва тафсилоти билан ўрганилмади; ўрганишга йўл ҳам берилмади.
“Мустақиллик”ка эришганимиздан кейин эса, жиддий илмий ўрганишга шарт-шароит етилганига қарамай, бирёқлама талқин этишга киришиб кетилди. Назаримда, у давр тарихи илм ўлароқ эмас, яна тағин сиёсатга, энди келиб бугунги сиёсатга уйғун мафкуравий қурол ўлароқ ўрганиляпти. Фақат айрим томонлари кўпиртирилаётгани ҳолда, у давр ҳодисаларига холис, бор бўйича назар солинмаяпти.
Масалан, мен Амир Темур урушларининг ҳаммасини ҳам оқилона дея олмайман. Қучган зафарлари айримлари чинакамига кўксимни тоғ қилиб юборса, айримлари ҳазин туйғулар уйғотади, алам қўзийди. Шундай аламли юришларидан бири Султон Йилдирим Боязидга қарши жангидир.
Бир зиёли ўлароқ бу уруш ҳақида кўп ўйга толаман, “Эҳ, қанийди шу уруш бўлмаганида!” дейман афсуслар ичида. Унинг тафсилотига киришмай, юзаки баҳолаганда ҳам, менимча, мана шу уруш Амир Темурнинг-да, Йилдирим Боязиднинг-да буюк хатосидир. Авлодларни хафа қиладиган, юракларни эзадиган хато!
Албатта, кучли давлатлар кучсиз давлатларни босиб олиши ва ҳукмига юргизиши, инсоф юзасидан ва юмшоқ айтилганда, мақталадиган иш эмас. Лекин хоҳлаймизми-йўқми, бутун кишилик тарихи шунақа урушлардан иборат. Қайси томондан қаралишига қараб, баҳо ҳам турли хил: кучлининг ғалабаси шу кучли томонни қувонтирса, кучсизнинг ютқазиши шу кучсиз томонни эзади ва ғолибни “босқинчи” деб атайди.
Одамнинг истаги билан, дунё учун қилинган ҳар қандай урушда мана шу қарама-қаршилик бўлаверади ва охиратда ҳам қаттиқ савол-жавобга тортилади. Ҳаётда икки кишининг муштлашиб қолишини қанчалик табиий, яъни бўлиши мумкин иш десак, халқлар ва давлатлар орасида катта урушлар бўлиб туришини ҳам шунчалик табиий дейишга мажбурмиз.
Бундан ташқари, уруш ва унинг натижаси ҳам томонларни бирдай қондирмайди. Бўлиб ўтган урушларнинг баҳоси ҳам шунга кўра турличадир. Ҳамма томонни қондирадиган энг тўғри баҳони инсон зоти бера олмас экан, бу ёқимсиз ҳодиса қанақа тарозига, қанақа ўлчовга солиб баҳоланса тўғри бўлади?
Оламларни, одамларни ва ҳодисаларни ҳикмат ила яратган Зот урушларнинг ҳам қатъий ўлчови ва чегарасини белгилаб қўйган. Бу ўлчовга кўра, урушлар иккига – адолатли ва адолатсизга ажратилди. Оллоҳ таоло белгилаган чегара ичидаги уруш адолатли, бу чегарадан ташқарида – нафс, димоқ ва дунё учун қилинган уруш адолатсиздир. Аммо шунда ҳам розимаслар топилади. Оллоҳнинг ўлчовига кўнмайдиганлар доим бор. Бунақа вазиятда нима бўлади?
Ўлчовни Оллоҳ таоло қўйганидан кейин бошқасининг “мулоҳазаси” кўп ҳам муҳим эмас. Оллоҳнинг бўлак ҳукмларига бўйин сунмаганлар бу ўлчовини ҳам қабул этмаслиги табиий. Шу илоҳий қиррадан қараганда Амир Темур билан Йилдирим Боязид ўртасида Онадўлида юз берган урушни сира оқлаб бўлмайди. Илдизи, тили, дини бир бўлган буюк халқнинг икки буюк саркардаси бор кучи ва мақсадини бирлаштириб, Оллоҳ таолонинг адолатли ўлчовларига риоя этган ҳолда, бир йўналишда ёки, икки йўналишда бўлса ҳам бир мақсадга – имонни ёйиш ва Оллоҳнинг Сўзини олий қилишга сарфлаганида, бугун дунёнинг ранги бўлакча бўлар эди!
Чунки ўша асрларда жаҳолат ботқоғига ботган “мажусий” Ғарб ҳам, жаҳолат ботқоғига ботган бутпараст Шарқ ҳам имонга муҳтож эди! “Мажусий” Ғарб буюк саркарда Йилдирим Боязид бошчилигидаги мусулмон лашкар қаршисида у ёқда, бутпараст Шарқ буюк саркарда Амир Темур бошчилигидаги мусулмон лашкар қаршисида бу ёқда зир титраб-қақшаб турган бир дамда хом сут эмган бу икки қул қаршисида зир титраб турган умумий душманни – куфр ва жаҳолатни ўз ҳолига ташлаб, ўз ҳолига ташлаш не, уларни севинтириб ва кучлантириб, мўмин мўминга қарши қилич кўтарди! Дўст билан душманни ажратмади, дўстга (имонга) душман, душманга (куфрга) дўст бўлди.
Оллоҳнинг адолатли чегарасидан чиқилганида ҳамиша шунақа бўлади. Бунинг нимаси мақтанарли, нимаси фахрланарли?! Нима қилаётганларини уларнинг ўзлари билмасмиди?
Уруш бошланмасидан олдинги бир-бирига ёзишмаларини ўқисангиз, қаноат ҳосил қиласиз: билар эди! Билиб туриб мусулмон мусулмонга қарши қилич кўтарди. Кибр, мақтанчоқлик, шахсий алам имондан кучлилик қилди.
Шундай катта уруш аслида арзимас, майда-чуйда гаплардан бошланган. Амир Темур ўзи билан жангда енгилиб қочиб турк султонига сиғиниб борган Бағдод султони Аҳмад Жалойир билан Қора Юсуфни “Оиласи билан бирга ё менга таслим қил, ё ўлдир, ёки мамлакатингдан чиқариб юбор!” деган талаб билан Йилдирим Боязидга хат йўллайди.
Бундай қараганда, Амир Темурнинг талабини тўғри тушунса бўлади, ёзган хати ҳам у замонлар тарозисига солиб ўлчаганда оддий бир хат эди. Аммо оҳанги қўпол эди. Шу боисми, Йилдирим Боязид қочоқларни қайтариб бермайди. Бу қарорни ҳам тушунса бўлади. Чунки Бағдод турк султонлигига қараган мамлакат эди. Агар ўзига қарашли юртлар бошлиғини бошига ташвиш тушган бир пайтда душманига таслим қилса, султонликка тобе бошқа ўлкалар подшоҳлари ҳам “Э, турк султонлиги учун бизнинг қадримиз йўқ экан-да!” дейишлари турган гап эди.
Лекин, афсус, шу мулоҳазани ётиғи билан тушунтирмай, Йилдирим Боязид ҳам осмондан келиб, қўполдан-қўпол жавоб хати ёзади. Ҳатто “Эй қари кўппак!..” каби қаттиқ ифодаларни қўллайди. Тўғри, кейинги хатларида иккаласи ҳам анча юмшайди. Ҳатто бир-бирига сизлаб, бир-бирини улуғлаб мурожаат этади. Аммо ғишт қолипдан кўчган, иккала буюк ҳам илк онларда ўзини осмонда кўриши, кибр, Ислом оламининг энг улуғи менман, деган манмансираши қилар ишини қилиб бўлган эди.
Бу урушга кириш билан қандай хатога йўл қўяётганларини иккала буюк ҳам билар эди, дедик. Чиндан, иккинчи хатидаёқ Амир Темур: “Биз билан келишиш йўлига қайтсанг ва узр тилаш ифодалари ила жавоб ёзсанг, ўртамизда (қайтадан) дўстлик ва севги бўлади. Шу тариқа фаранг кофирига (севинишига ё кучайишига) фурсат бермаган бўламиз ва Сивасдан чекиниб қайтиб кетамиз. Бизнинг ниятимиз сизни кучсизлантириб кофирлар динига ёрдам бериш эмас”, деб ёзади. Икки қардош урушга кирса, фаранг кофирларига ёрдам бериш бўлишига алоҳида диққат қаратади.
Амир Темурнинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатларига Йилдирим Боязиднинг жавоби олдинги қўполликдан элчилик одоби доирасидаги баҳс услубига тушган бўлса-да, эгардан тушгиси келмаётгани билиниб турарди.
Хуллас, икки турк салтанати бир-бирига қарши қилич яланғочлайди. Урушнинг шариат белгилаб қўйган шартлари бузилади. Икки томондан ҳам қанчадан-қанча мўмин-мусулмон… дин йўлида эмас, нафс ва димоқ йўлида қурбон бўлиб кетади. Уруш дин, имон, ватан ҳимояси учун бўлса, бошқа шартларига ҳам риоя этилса, лозимлигидан ташқари, Оллоҳ таоло бундай урушни мўминлар учун ибодат даражасига кўтарди, натижани эса кофирларга жаҳаннам, мўминларга жаннат қилди. Аммо нафс, димоқ ва дунё учун бўлган урушлар ҳаромдир.
Динимизнинг: “Икки мусулмон бир-бирига қилич кўтарса ва бирини ўлдирса, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахидир” деган ҳукми шу маънодадир. “Нега ахир? Ўлдиргани тушунарли, ўлгани нимага дўзахга тушади?” деган саволга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “У ҳам биродарини ўлдираман деб турган эди” (яъни, униси бунисини ўлдирмаганида буниси унисини ўлдирар эди), деб жавоб қайтарганлари энг адолатли ва ўзгармас ўлчовдир!
Анқара остонасида кечган уруш эса нафс учун, димоқ учун бўлгани билан ҳам адолатсиздир, юракларни эзувчидир, уятдир. Мен тарихчи эмасман, орзу-ҳавасли бир адабиётчиман, холос. Бу китобнинг услуби тарихчи олимлар услубига ўхшамаслиги табиий. Натижада мулоҳазаларим ҳам тарихчи олимларникидан бўлакча. Зотан, менинг ушбу ёзувларим тарихнинг ўзи эмас, мафкураси ҳақидадир. Шу боис, агар айрим муҳим масалаларда назаримдан четда қолган илмий далиллар, хулосалар бор бўлса, жон-жон деб қабул қиламан. Муҳими, мен тарих илмини яхши кўраман. Тарихий китобларни севиб ўқийман. Баҳра оламан. Ўзимизнинг тарихимиз, дунё халқлари тарихи жуда қизиқарлидир менга. Айниқса, қачондир ақалли бир марта тақдирларимиз кесишган бўлса.
Онадўли турклари билан Туркистон турклари тарихи нафақат кесишган, балки асли бирдир, бу икки халқ бир улкан дарахтнинг шохлари, барглари, мевалари кабидир. Бизларни бир-биримиздан айириш учун бегоналар, босқинчилар юз йиллар давомида онгимизга ўзининг дунёқарашини сингдирган бўлса-да, аслида биз бошқа-бошқа халқлар эмасмиз, балки турк номида бирлашадиган илдизимиз бир миллат, ўзагимиз бир халқмиз! Тарихларимиз бир бўлганидек, ютуғу камчиликларимиз ҳам, шон-шавкатимиз ва улуғ инсонларимиз ҳам умумийдир. Бўлгинчи, босқинчи, мустамлакачи миллатларнинг қутқуларига учмайлик, улар битган ёлғон тарихлар бошларимизни гангитмасин. Дунё халқлари тарихи, хоссатан туркийлар тарихига боққанда ўз кўзқарашларимиз билан боқайлик.
Ҳар қандай тарихий ҳодисага баҳо берганда қўлимизда ўзимизнинг мустақил мусулмон-турк ўлчовимиз бўлсин, барчамизга умумий бўлган воқеа-ҳодисаларни миллий-диний қарашларимиздан чиқиб келиб баҳолайлик. Мустақил ўлчовимиз бўлмас экан, муштарак тарихимизни (масалан, етмиш йиллик, юз йиллик ўрис-турк урушларини) ҳали ҳам ўрис ё Оврупа тарозисига солиб ўрганар эканмиз, бизни тўла ва узил-кесил мустақилликка эришган деб бўлмайди.
Ёт тушунча ва қарашлар таъсиридан қутулиб кета олмаганимиз учун ҳам, дейлик, қадим туркийлар хоқони Аттилага муносабатда; дунёда Ислом динининг пайдо бўлиши, ёйилиши ва диёрларимизга кириб келиши талқинида; Чингизхон ва унинг юришлари ва Амир Темурнинг Олтин Ўрда ё Онадўлига қарши юришига қарашда ва… то яқин тарихларимизга келиб, Туркистоннинг ўрис қўли остига тушиб қолишию халқимизнинг озодлик учун бошлаган ундан кейинги курашларини баҳолашда ҳамон очиқ-ойдин, мустақил илмий хулосаларга кела олмаяпмиз.
Биз киммиз, улар ким, бизнинг манфаатларимиз қандай, уларнинг манфаатлари қандай эканини узил-кесил ажратиб олмаганимиз учун ҳалигача:
“Амир Темур нафақат ўз ватанини чингизий мўғуллар истибдодидан халос қилди, айни пайтда, у мўғуллар истибдодининг қудратли таянчи бўлган Олтин Ўрдани тор-мор этиб, Шарқий Европа мамлакатлари, айниқса, Россия ва Украинанинг чингизий мўғуллар исканжасидан қутулиб чиқиши учун қулай шароит яратди. Шунингдек, Амир Темур 1402 йилда Анқара ёнида Боязид I Елдирим (?) устидан зафарга эришгач, бутун Европа турк султонига қарамликдан қутулиб, кейинги эллик йил мобайнида эмин-эркинликда яшади. Шу сабабли, ўз даврида европаликлар томонидан Амир Темур “Европа халоскори”, деб эътироф этилган эди. Ҳатто, миннатдорчилик рамзи сифатида, европаликлар унинг от устида мағрур турган ҳолатдаги олтин ҳайкалчасини яратишганлиги тарихдан маълум…” дея ўзликдан йироқ мулоҳазалар билдириб ётибмиз.