O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Икки ийд – ҳайит намози ҳақидаги боб

Икки ийд – ҳайит намози ҳақидаги боб
201 views
18 August 2012 - 15:46

911- Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: — «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир қанча марта икки ҳайит намозини азон ва иқоматсиз ўқидим».

(Муслим) Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

912- Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: — «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбон ва рўза ҳайитида (Қоф вал Қуръонил-мажид) билан (Иқтаробатус-соату ван-шаққол-қомар) ни ўқирдилар».

(Муслим) Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

913- Абдуллоҳ ибн Соиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: — «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит – иъйд намозини ўқидим. У зот намозни ўқиб бўлгач: -»Намозни ўқиб бўлдик. Энди биз хутба қиламиз. Ким хутбага ўтиришни хоҳласа, ўтирсин. Ким кетмоқчи бўлса, кетаверсин»,-дедилар».

(Саҳиҳ) (Ибн Можа, Ҳоким/мустадрак) Абдуллоҳ ибн Соиб розияллоҳу анҳудан қилганлар.

914- Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «Рамозон ҳайити намозининг биринчи ракаъатида етти такбир, иккинчи ракаъатида беш такбир айтилади. Ҳар иккала ракаъатда ҳам қироат такбирдан кейин ўқилади».

(Ҳасан) (Абу Довуд) Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

915- Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:- «Икки ҳайит ойи – Рамазон ва зул-ҳижжа ойлари кам бўлмайди. (яъни тўлиқ бўлади).«[1]

(Бухорий, Муслим, Аҳмад, 4) Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

916- Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «Мадинага келсам Мадина аҳлини жоҳилиятда ўйнаб келган икки куни бор экан. Дарҳақиқат Оллоҳ таоло сизларга у икки кунларингиз ўрнига ундан-да яхшироғини: Рамозон ва қурбон ҳайитини берди».

(Саҳиҳ) (Аҳмад, Байҳақий/сунан) Анас розияллоҳу анҳудан қилганлар.

917- Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «Балоғатга етган қизлар, отасини уйида ўтирган бокиралар ҳамда ҳайзли аёллар (ҳайитга) чиқсинлар. Яхшилик ва мўминларнинг дуосига ҳозир бўлсинлар. Ҳайзли аёллар намозгоҳдан четлансинлар».

(Бухорий, Насоий, Ибн Можа) Умму Аътийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.

918- Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳуга: — «Эй Або Бакр, ҳар бир қавмни ўзига хос ҳайити-байрами бор. Бу бизни ҳайитимиз – байрамимиз»,- дедилар.

(Бухорий, Муслим, Насоий, Ибн Можа) Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.

919- Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: — «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр – Рамазон ҳайити куни егулик тановул қилмасдан (ҳайит намозига) чиқмасдилар. Қурбон ҳайити куни эса то қурбонликларини сўйгунларигача бирон нарса емасдилар».

(Саҳиҳ) (Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Ҳоким/мустадрак) Бурайдаъ розияллоҳу анҳудан қилганлар.

920- Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: — «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайит намозидан олдин (намозгоҳда) нафл намоз ўқимас эдилар. Агар уйларига қайтсалар икки ракаъат ўқирдилар».

(Ҳасан)  (Ибн Можа) Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

921- Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: — «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ҳайити куни токи бир нечта хурмо емагунларигача (намозгоҳга) бормасдилар».

(Саҳиҳ) (Тобороний/кабир) Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

922- Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: — «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ҳайитда ҳам қизлари ва хотинларини (ҳайит намозини ўқишга) чиқинглар, деб буюрар эдилар».

(Саҳиҳ) (Аҳмад) Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

923- Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: — «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ҳайит (намози)га пиёда чиқардилар, (ҳайит намозини) азон ва иқоматсиз ўқирдилар. (Намоздан) кейин бошқа йўлдан яёв юриб қайтардилар».

(Саҳиҳ) (Ибн Можа, Тобороний/кабир) Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

924- Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: — «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ҳайитга овозларини таҳлилу такбирла кўтарган ҳолда чиқардилар».

(Ҳасан)  (Байҳақий/шуъаб)  Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

925- Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:- «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ҳайитида уйларидан чиққанларидан то намозгоҳга етиб келгунларигача такбир айтардилар».

(Саҳиҳ) (Ҳоким/мустадрак, Байҳақий/сунан)  Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

926- Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: — «Рўзани очган кунингиз рўзадан чиққанингиз (ҳайит кунингиз)дир. Қурбонлик қилган кунингиз, қурбон (ҳайитларингиз)дир. Арафотнинг ҳаммаси мавқиф – ҳожилар турадиган жойдир. Минонинг ҳаммаси қурбонлик сўйиладиган жойдир. Макка кенг йўлларини бариси қурбонлик қилинадиган жойдир. Муздалифанинг ҳаммаси мавқиф – ҳожилар турадиган жойдир».

(Саҳиҳ) (Абу Довуд, Байҳақий/сунан)  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. (Байҳақий/сунан)да: — «Рўза тутган кунингиз рўзадорлигингиздир», -деган қўшимча билан ривоят қилганлар.