O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Икки қардош миллатни қийинчиликлари ортда қолгани рост бўлсин

Икки қардош миллатни қийинчиликлари ортда қолгани рост бўлсин
156 views
14 January 2018 - 13:45

Тоғам Тожикистондан келин туширганлар. Келин ойим Қарийб йигирма йил шу ерда яшашига қарамай, ҳалигача фуқаролик ололмаган. Ҳар ой Тожикистонга бориши бир азоб. Виза масаласи, чегарадаги ноқулайликлар… у ёқдагиларни келиши ундан ҳам катта муаммо. Айниқса тўй ҳашамларда жуда қийналади, бечора.

Куни кеча бир нарса айтиб берди:

“Ўтган йили чегарадан ўтиб, Тожикистонга бордим. Қайтишда Тожик чегарачиларидан ўтдим. Тожик ва Ўзбек чегарасигача анчагина пийода юрадиган масофа бор. Нейтрал ҳудуддан токи Ўзбек чегарасига қадар, қўлида сумкалари билан ёшлар ҳам чарчаб қолади. Қарияларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Ўзбек чегарасига бир амаллаб етиб келдим. Мени ёнимда қари чол-кампирлар ҳам бор эди. Кампири чарчаб, чегарачилар олдида ўтириб қолди. Мадори қолмади ортиқ юришга. Чегарадаги солдатлардан бири: “тур ўрнингдан, катта ҳолангни уйими? Қани, тез тур, жўна”, деб бақира бошлади. Қўпол муомала, уни устига отаси тенги одамга сансираб мурожаат қилиши жаҳлимни чиқарди “ҳой, ука, сизни ҳам ота-онангиз бордир, уялмайсизми бундай дейишга?”, деб гапимни тугатишга ҳам улгурмадим, ёнидаги шериги “бизни ота-онамиз сенларникига ўҳшаб бундай ҳор бўлиб юрмайди, тез жўна, эй, Ит тожиклар”, деди. Бояги чол кампирини амаллаб тургазиб, юриб кетди. Аёл бошим билан индай олмай мен ҳам ўтиб кетдим…

Йиллар давомида мана шундай муомала ва қийин шароитларда бориб-келавериб эзилиб кетдик. Чегарачилар одам ҳисобида кўрмас эди. Алҳамдулиллаҳ, ўтган ҳафта яна бориб келдим. Ҳудди Ўзбекистон эмас, бошқа давлатга ўтиб қайтаётгандай ҳис қилдим ўзимни. Ҳушуомала, жуда самимий сўзлашишлар. Чегарачилар қарияларга сув беряпти. Нарсаларини олиб ўтиб беряпти. Ҳаттоки “ҳуш келибсизлар” деб айтишни ҳам унутишмаяпти. Биргина шахс шундай катта ўзгаришларга сабаб бўляпти. Тожикистонда ота-оналаримиз тинимсиз Ўзбек раҳбарини дуо қилишяпти. Эҳтимол, мени йигирма йиллар давомида чегарадаги қийинчиликларимни билмаган одам, бу гапларни ҳис этмас. Аммо ичимдан ўтаётганини ўзим биламан. Кимлар учундир бу арзимас нарса, мен учун жуда катта ўзгаришдир”

Мана шунақа гаплар. Аллоҳ қўшниларимиз билан алоқаларимизни мустаҳкам қилсин. Давлат раҳбарига инсоф берсин. Ҳайрли ишларда бардавом қилсин. Икки қардош миллатни қийинчиликлари ортда қолгани рост бўлсин.

Саййид Ислом

facebook.com