O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Илгари коммунист бўла олмагандик, энди мусулмонликни эплолмаяпмиз

Илгари коммунист бўла олмагандик, энди мусулмонликни эплолмаяпмиз
27 views
27 July 2013 - 12:11

Биз ўзбеклармиз ва бизга нима керак? Кўп пул топиш имконлари бўлсин ва тўю-томошалар қилайлик, шунинг ўзи бас! Қайси замонда бизга бунақа сифат юқди экан, ҳануз билолмайман. Боз устига биз лоқайдлармиз. Ўзбекистонда нималар бўлаяпти, нималар ўзгараяпти, чет эллардачи?.. Буларнинг бирортасига ҳаттоки муносабат билдиришга ҳам қодир эмасмиз. Пана-пастқамда, ҳакка бир чўқиб, атрофга ола-зарак қараб олгани каби, фикр-мулоҳазалар қилиб қоламиз гоҳида. Лекин катта минбарларга ўзбек учун йўл йўқдай. 

Ватандаги режимни ҳамма баробарига ёмон кўради, аммо ўша режимга қарши бирор фаолият олиб бориш ҳақида гап кетганида, кўпчилик 180 градусга ўгирилиб, ҳамма ҳар ёққа тарқалиб кетади. Эътибор қилинг, ҳозирда бизнинг миллий ўзлигимиз йўқолиб кетаяпти. Йўқолиб бўлди десак ҳам бўлаверади менимча. Ўзбеклар ёппасига мардикор бўлган замонлар иларилари бўлмаган. Қизларимиз фоҳишалик қилиб кун кўргани тарихимизда ҳеч учрагани борми? Буниси ҳам йўқ. Афсуски, бунақа қисматга ҳам рози бўлиб қолдик.

Бизни на бирор сиёсий ғоя ва на бирор дин ўзгартира олмас экан. Бир вақтлар ўйлагандим, Ислом дини сабаб одамлардаги минталитет ҳам ўзгариб кетади деб. Қайда! Исломни ҳам ўзгартириб юбора оладиган даражадаги устамон “олимлар” эканмиз.

Муқаддас Рамазон ойида ҳам ёлғонни бемалол гапириб юраверадиган “мусулмонларимизни” учратаман гоҳида. Фойда учун улар бемалол ёлғон айтадилар, ёки ҳақиқатни яшириб қоладилар. Пул учун! Бу пуллари уларга қиёматда наф бермаслигини билишади. Лекин негадир иймонларига, динларига хиёнат қилаверишади. Ва икки энлик соқолни ўстириб, виқор билан ўзбеклар орасида бош кўтариб юришдан ҳам уялишмайди.

“Ҳақ гап туққанинга ёқмайди” дейишади. Бироз хасталик сабаб, бир неча йилдирки, рўзадор ҳам бўла олмаяпман. Яъни, савобдан қуруқ қолиш ҳам гапми, балки гуноҳга ҳам ботаётгандирман. Бу ҳақиқатни келтириш билан ўша гуноҳга, ёки ўша қуруқ қолганим савобга каффорот истаётгандирман. Лекин мен билгувчи эмасман!

Биз илгари коммунист ҳам бўла олмагандик – гарчи кўкрак чўнтагимизга партия билетини солиб, виқор билан юра олган бўлсак-да. Худди шундай, биз бугун мусулмон ҳам бўла олмадик – гарчи соқол ўстириб, намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаттоки ҳажга бориб виқор қилиб юрган бўлсак-да. Мана шунинг учун ҳам миллат боши хорликдан чиқмаётгандир.

Тўлқин Қораев