O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ИЛДИЗИНГ ДЕНГИЗДИР

ИЛДИЗИНГ ДЕНГИЗДИР
579 views
20 April 2022 - 17:10

(Кеча қутлуғ оилада Билга Оқила исмли қиз дунёга келди.
Эски дунёнинг янги меҳмонига бағишлайман)

Қорайган дунёни оқлаган тонгдек
йиртиқ виждонларнинг ямалишидай
оқсоқ шодликларга бир чора истаб
жин чалган йўлларга баҳорни элтиб
кун кирмас чоҳларга шуъла пуфлаган
қорайган дунёни оқлагин тонгдек!

Бу дунё эскиган либосдек эски
юракнинг шаклида қорачиқларинг
жаранглар томирда қондай ҳовлиқиб
жонда суврати бор эгик ҳилолнинг
ичин шамоллатдим чўкинди ҳиснинг
дунё жулдур либос кийган аёлдек

Эрк десам юпундир ҳижрат-машварат
қурт тушган шамолдек ғимирлар танда
ёмғирли гулдаста қароқларингда
сувнинг оқишидай жилдирар кўнглим
қат-қат яраларга кун нури тушди
эрк десам юпундир тилимда суҳбат

Марварид қуёшсан дарахтлар тўсган
Билмайсан тақдирнинг лаҳжаларини
Илдизинг денгиздир, мавжларинг достон
шабада қирғоғида шам ёқиб улкан
юрак ҳужжатига ол имзо чеккан
марварид қуёшсан доно осмон.

Гўзал Бегим
20-апрель 2022 йил

Gozal Begim sahifasidan