Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН
ИЛТИЖО
Дунё на зар, на-да зўрники,
На-да толиқар у елиб-югуриб.
Шиддати — ялт этган нурники,
Борар мангуликка улгуриб.
Денгизлари қуриб, дарёлари тошиб,
Тоғлари емирилиб, боғлари ўсиб,
Гоҳ тўғри йўл топиб, гоҳо адашиб
Чарх урар… бир лаҳза илғамас кўзим.
Борар ерга кириб, учиб осмонга
Сувда чўкиб борар, борар ўтга ёниб.
Дийдорига тўйиб олай бир лаҳза,
Бир лаҳза тинч қўйинг дунёни.
* * *
Азал-абад истеҳзоларин
Ўйлай-ўйлай мен жим бўлурман.
Маймун эдим, сўнг одам бўлдим,
Одам эдим, сўнг ким бўлурман?..
* * *
ВАСВАСА
Эзгулик дегани — қуруқ сафсата,
Самимият — ниқобланган ваҳшийлик..
Беғараз келмаган, холис келмаган,
Дунёга ҳеч қачон яхшилик.
Инсоннинг манглайига битилгани шу,
Шулдир одамзодга азалдан буйруқ.
Самода чарх урган ер курраси ҳам,
Шудгордаги қуйруқ…
Шудгордаги қуйруқ…
(давоми бор)