O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Имомга қарши суиқасд қайта кўрилади(ми?)

Имомга қарши суиқасд қайта кўрилади(ми?)
158 views
30 April 2013 - 18:03

120221174936_uzbek_islamic_cleric_imam_obidkhon_qori_nazarov_304x171_bbc_nocredit2012 йилнинг 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳрида таниқли ўзбек имоми Обид қори  Назаровга қилинган суиқасд нафақат бу мамлакатдаги ўзбек жамоаларини, ҳаттоки швед ҳукуматини ҳам ларзага келтирганди. Узоқ вақт давом этган изланишлардан сўнг полиция Мальмо шаҳрида яшаётган ўзбекистонлик эр-хотинлар, Боҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларни ҳибсга олди. Улар суиқасднинг бевосита ижрочиси бўлган Юрий Жуковскийга ёрдам берганликда айланишаётган эди, бироқ тўрт кун давом этган суд жараёнларидан сўнг Остерсунддаги маҳаллий суд ҳайъати уларнинг айблари тасдиқланмаганлигини эълон қилди. Шу билан ўзбекистонлик эр-хотин жавобгарликка тортилмай қолишганди.

Суд жараёни давомида Боҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар Обид қори Назаровнинг манзил-маконини аниқлаш учун Стромсундга қилган сафарларини Швеция шимолига, Лапландияга сафар қилганликлари билан, ҳамда сафар давомида болалари хасталангани оқибатида Стромсундда тўхтаганлари билан изоҳлашди. Тағин, устига устак, Юрий Жуковскийнинг ҳам айни ўша Стромсундга сафар қилгани ва у ерда мудҳиш жиноятни амалга оширганлигини эса, унинг бундай мақсади бўлганлигини билмаганликлари билан тушунтиришганди.

Ҳеч бир қимматга эга бўлмаган арзимас баҳоналарга ишониб қолган суд уларни озод қилиб юборди. Шу йилнинг февраль ойида Швециянинг Сундсвалл шаҳридаги суд биносида Остерсунд маҳаллий судининг қарорини аппеляция тартибида қайта кўриб чиқишилиши лозим эди. Бироқ, бизга номаълум бўлган сабабларга кўра, февраль оийда Сундсваллда жойлашган апеляция суди бу ишни  қайта кўрмади.

Айни дамда швед ОАВ Обид қори Назаровга қарши уюштирилган суиқасд иши бўйича апеляция тартибидаги суд жараёни шу йилнинг июнь ойида қайта кўриб чиқилиши ҳақида хабар беришмоқда. Швед марказий телевиденияси  прокурор Кристер Петерссонга (Krister Petersson) таянган ҳолда, мазкур хабарни берган (http://www.svt.se/nyheter/regionalt/mittnytt/imamdadet-upp-i-hovratten-1).

Прокурор швед телевидениясига берган интервьюсида ўзбекистонлик жуфтликнинг келтирган баҳонасига ишонмаслигини ва бу жуфтлик айнан Обид қори Назаров ҳақида маълумот йиғиш учун Мальмо шаҳридан Стромсундга сафар қилгани яққол кўринганини, бироқ Остерсунддаги маҳаллий суд тергов томони илгари сурган материалларига жиддий эътибор бермаганлигини таъкидлаган.

“Мен умид қиламанки, июнь ойида кўриладиган суд бу жиноят иши юзасидан адолатлик ҳукм чиқаради ва айбланувчилар ўз жазоларини олишади”. – деган Кристер Петерссон.

Кристер Петерссоннинг айтишича, у ўзига ишонади.

“Агар ишончим бўлмаганида юқори инстанция судларига шикоят қилмаган бўлардим”, – дейди у оптимистик тарзда.

Июнь ойида бу иш апеляция тартибида қайта кўрилиши ҳақида маълумот берилаётган бўлсада, аммо у қайси шаҳарда кўрилиши ва жараённинг тахминан бўлсада қачон бошланиши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Шунингдек, эр-хотин Боҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар Швециядан чиқиб кетишган, ёки кетмаганликлари борасида ҳам бирор нарса айтилмаяпти.

Тўлқин Қораев
Швеция