O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Имом Бутийнинг ўлими: зиддиятли қарашлар

Имом Бутийнинг ўлими: зиддиятли қарашлар
141 views
25 March 2013 - 17:05

Бундан бир неча кун олдин Шомдаги бир масжидга уюштирилган ҳужум натижасида 40 га яқин киши ўлдирилди. Улар орасида имом Бутий ҳам бор эди…

Бу ҳақда ёзиш оғир, бунинг устига масала чигал ва жиддийдир…

Албатта, бундай ҳужумни ҳеч ким маъқул иш, тўғри бўлди, дея олмайди. Масжидга, мусулмонлар ибодат қиладиган маконга ҳужумни қайси ақл ва мантиқ билан маъқуллаш мумкин?page_ramazan-el-buti-olduruldu_231753361

Яна Сурияда 40 йилдан бери даҳшат ва зулм сочаётган ота ва ўғил диктатор Асадларнинг жиноятларини ким ҳам маъқуллай олади?. Бу қотиллар оиласи ўтган асрнинг 80 йилларида Суриянинг Ҳамо шаҳрида ўн минглаб кишиларни қатлиом қилгандилар.

“Араб Баҳори” Сурияга келгандан кейинги икки йилда эса диктатор Башшар Асад режими 80 мингга яқин инсонни қатл қилди. Имом Бутий мана шу ота ва бола диктаторларга садоқат билан хизмат қилган, уларнинг сиёсатини, шу жумладан Сурияда бошланган халқ қўзғолонига қарши золимано қурол ишлатган Башар Асаднинг ёнидан айрилмай, унинг сиёсатини ҳимоя қилган “олим” эди…

Ҳолбуки, золим режимларни, яъни ҳар қандай диктаторликларни (динимиз истилоҳида тоғутий режимларни) рад қилиш нафақат Исломда илм соҳиби бўлганлар, балки оддий мусулмонлар учун ҳам фарздир. Намозни таҳоратсиз ўқиб бўлмагани каби, ширкни, нифоқни (мунофиқликни), куфрнинг бутун шаклларини, шу жумладан тоғутий режимларни ҳам рад қилиш Аллоҳ таолога имон келтиришнинг мутлақ шартидир.

Масаланинг бошқа томони ўзини сунний уламолардан, деб ҳисоблаган имом Бутийнинг тамоман залолат фирқаси ҳисобланадиган нусайрийлар тоифасига оид Асадларни қўллаб қувватлашидир.

Исломнинг сунний талқинида шиаликда бўлгани каби дегани деган, ҳар гапи шиалар  тарафидан Аллоҳнинг лутфи, дея қабул қилинадиган, ўзларига итоат мутлақ шарт бўлган оятуллоҳлар тоифаси йўқдир. Шунинг учун ҳам суннийликда мусулмон халқнинг устида илмий ёки амалий ҳокимият ўрнатадиган бундай тоифаларни топиб бўлмайди. У ҳолда суннийликда олимларнинг роли қандай бўлиши керак, сунний мусулмонларнинг жамияти қандай жамият , уларнинг давлати қандай давлат бўлиши керак?

Бу масалаларда афсуски сунний мусулмонлар яшаётган жамиятларда ва давлатларда аниқ амалий жавоблар йўқ. Балки шунинг учун ҳам Ислом умматининг тахминан 90 % ташкил қиладиган сунний дунёда тоғутий режимлар, турли фирқалар, улар орасида илмий, амалий ва ҳатто қонли ихтилофлар, саройлар ва бу саройларда уларнинг манфаатларига хизмат қиладиган “уламолар” сон саноқсиз бўлса керак…

Туркияда энг кўп сонда чиқадиган “Замон” газетасининг бош муҳаррири Акрам Думанли Имом Бутийнинг ўлдирилишига муносабат билдирган ўз мақоласини “Таҳлика қўнғироқлари” деб атаган. Унинг фикрича, Бутийнинг ўлдирилиши Ўрта Шарқда шиа ва салафийлик тарафдорларининг ўзаро ихтилофларига ишоратдир. Муаллиф ушбу мақоласида шундай дейди:

“Ал Бутийни ким ўлдирганини аниқ айтиш имконсиз. Лекин бу жиноят сабаб бўлиб, яқинлашиб келаётган бир таҳликани эслатиб ўтишда фойда бор. Ислом дунёсида зимдан бир тўлқин пайдо бўлиб келмоқда. Ўнларча йиллар давомида йиғилган тўлқин бу. Ислом дунёси шиалик ва салафийлик орасида қисилиб қолишга олиб келинмоқда. Эронга қарши бўлиб кўринаётган глобал кучларнинг ёрдами билан амалга оширилаётган шиаликни ёйиш ҳаракати бир томондан янги ҳудудларни қўлга киритмоқда, иккинчи томондан эса Аҳли Суннатни янада радикал бир нуқтага бошлаб бормоқда” (қаранг: zaman.com.tr)

Яна Туркияда чиқадиган “Янги ақд” газетасининг ёзувчиси Мустафо Ўзжон “Бутийнинг аччиқ ниҳояси” (қаранг: habervaktim.com)  номли мақоласида жумладан шундай дейди:

“Бутий халқнинг назарида шонли бир олим экан, Сурия инқилоби бошланиши билан манфур (нафрат этилган) сиймога айланди. Ироқли жамиятшунослардан Али Вердининг тарихини ёзгани каби Бутий замон ўтиши билан салнатан имомларидан бирига айланди. Ҳатто афсуски илмини тузумнинг хизматига ишлатган ва бу билан замонамизда салтанат имомларининг энг машҳурлари орасига киргандир”.

Маккадаги Каъба имоми Абдурраҳмон Ас Судайс имом Бутий ҳақида шундай деган:

“Ал Бутий бидъат ва залолатнинг бошлиқларидан бири эди, инсонларга бидъатни зийнатлаб кўрсатарди. Ал Бутий умрини Нусайрий давлатига хизмат қилиш билан ўтказди, буни ҳалок бўлган Ҳофиз Асад давридан бошлаб диктатор Башар ал Асад даврида давом эттирди ва у Башарни энг кучли қўллаб қуватлаган шайхларнинг раҳбарларидан бири эди” (қаранг: timeturk.com/tr)

Имом Бутий Шомнинг энг мустаҳкам қўриқланадиган ҳудуди жойлашган масжидга қилинган ҳужум натижасида ўлдирилди. Қотил Асад режими бу ишда қуролли мухолифларни, мухолифлар эса режимни айбладилар.

Мана шундай тушунтириб бериш ниҳоятда мураккаб бўлган қонли воқеалар, уларнинг заминида ётган илмий, ақидавий, амалий, ҳарбий ихтилофлар ҳақида Аллоҳ ризосини ўйлайдиган, сунний мусулмонлар орасида мулоқот ва келишувни мақсад қилиб олган биродарларимизнинг фикр ва мулоҳазаларини жамоатчиликка билдиришлари фойдадан ҳоли бўлмаса керак.

Намоз Нормўмин

25 март 2013 йил.