Бундан тўрт йил аввал иш юзасидан уч киши юк олиб келиш учун Қорақолпоғистон томон йўлга чиқдик. Қорқалпоқ юртининг Тўрткўл аталмиш шаҳрига бориб, у ердан Эллик қалаларни кўриб, Бўстон деган жойга бориб жойлашдик.
Гурунч олиб келиш учун боргандик. Бизга ваъда қилинган юкни ваъдалашган инсонимиз сотиб юборгани маълум бўлди. Ишимиз битмай, қуруқ қайтмайлик деб, юк йиға бошладик. Бир хонадонга жойлашилди. Хонадон аҳли жуда ҳам меҳмондўст ва яхши одамлар эди.
Жойлашиб, яшашимиз асносида маълум бўлдики у атрофда масжид йўқ экан. Энг яқин масжид қирқ километр узоқликдаги масофада эканини айтишди. Шу учун ҳар намозга азон айтардик. Табиийки жамоат бўлиб намоз ўқишни бошладик. Хонадон аҳли ҳайрон. Улар бундай манзарани ҳеч қачон кўрмаган эканлар. Хуллас яшашни бошладик.
Одамларда Ўзбекчилик бор, ихлос бор лекин дин йўқ эди. Шўродан қолган анъана! Советдан кейинги даврда динни ёйиш учун ҳаракат қилганларни таъқиқлашганди. Ўша кичкина қишлоққа Сирдарёдан икки йигит келиб масжид қурган, улар ўша ерда таълим бера бошлаган.
Жамоат ортиб турган маҳал… Эски манзара… босишган. “Экстремист”, деб йигитларни қамашган. Масжид эса ўша ёпилганча қолиб кетган. Агар кимдир менга: «калимани билмайдиган Ўзбеклар бор» – деса, табиий ишонмасдим. Аммо ўз кўзларим билан кўрганман. Бир эмас, бутун бошлик қишлоқ аҳли десам ҳам бўлаверади. Ёшу қарисидан эринмай сўраб кўрганман.
“Калима”, десам тушунмаяпти деб, “ла илаҳа иллаллоҳ”, десам ҳам айта олмаган. Мана шу бизнинг замонамиз. Мана шу бизнинг халқимиз. Сахарлабдан то кеч маҳалгача даладан бери келмайдиган, содда, мол қўйдан бошқа нарсани ўйлашга ҳам вақти йўқ инсонлар.
Азон айтганимиз қўшниларга эшитилдими, билмайман… Улар чалпак ва ҳар турлик нарсалар пишириб чиқиб: «домлалар ўқиб қўйсин отам ўтган, онам ўтган» – дейишни бошлашди. “Довруғимиз” тез тарқалиб, участкавой ҳам етиб келди. Обдон суҳбат қилди. Ҳар биримизни “экстремист” эмаслигимизни текширди. Уй эгаси ҳурматлик меҳмонлар, дегандан кейин қайтиб кетди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Айвонда намоз ўқиб тургандик, орқамизда қўшни ака чиқиб кузатиб турган экан. Намозни тугатганимиздан кейин томдан тараша тушгандек: «ука, сизларни гуноҳларинг кўпми?”, деди. Карахт бўлиб қолдик. Бир зум гапира олмай: ҳа, гуноҳкор бандалармиз, нафақат биз, барча инсонлар гуноҳкор» – дедим. У инсон эса: «бизда гуноҳи кўплар намоз ўқийди» деди.
Уйда эрталаб қурон ўқиб ўтирган эдим. Овозимни чиқариб ўқиб турсам, уй эгаси кириб келди. Ўқишдан тўхтадим. “Ука, сиздан илтимос, қуронни овозингизни чиқармай ўқинг. Яна нотўғри тушунманг. Қўшнилар эшитса кимдир ўлипти, деб ўйлайди. Шу учун тўғри тушунинг” – деди. Тўғри тушундим. Миллатимни динсиз қилганларга лаънат ўқидим. Миллатимни қадриятларидан, иймонидан, ақидасидан жудо қилганларни гўрига ғишт қаладим.
Сафаримиз чўзилиб йигирма етти кун меҳмон бўлдим. Умримни йигирма етти куни йигирма етти йиллик сабоқ берди. Кузатишларим натижасида қишлоқда ёппасига эркаклар мардикорликка қўшни давлат Қозоғистон ва Россияларга кетганини, қишлоқда аёллар ва қариялар қолганини, бир қишлоқда кўплаб фоҳишаҳоналар борлигини билдим. Кичкинагина қишлоқда тўрт фохишаҳона. Аёллари эркаклардан кўра кўпроқ жисмоний меҳнат қилишини, саҳардан то кун қорайгунча далада чопиқ қилиб, пахта териб, молга ўт териб куни ўтарди. Тўйлари буткул ўрисча бўлишини, никоҳ, маҳр ва шунга ўхшаш нарсалар умуман йўқлигини кўрдим. Одамийлиги, меҳмондўстлиги, қадр қимматни, дўстликни ва ҳоказо ҳамма қимматлик қадриятларни ўрнига қўядиган қишлоқдан динни суғуриб олганга ўхшарди. Имондан бошқа ҳамма нарса бор. Тушунча йўқ, тушунча берадиган одам йўқ.
Қалбимни бир чети қолган ўлка. Кўп нарсага сабоқ берган ўлка. Ҳа, бу сиз ва мен яшаётган замондаги ҳолат.
Биз бугун пайпоқга масх тортиш, қўлни намозда қаерга қўйиш, суннат, мустаҳабларни талашиб юрганимизда, аҳли қиблани, намоз ўқийдиган, динига озми кўпми амал қиладиган одамларни кофирга, мунофиққа, фосиққа ажратиб, шижоатимизни, идрокимизни бир-биримизни гўштимизни ейишга сарфлаб ётибмиз.
Шу даража ҳиммати пастмизки кучимиз гапимизни маъносини тушунадиганларга етади. Тушунмайдиганларга тушунтиришни хоҳламаймиз. Мана шундай жойлар борлигини инкор қиламиз. Бугун биз унисини Ваҳобий, бунисини Салафий, унисини ҳизбий, бунисини Мотурудий, бошқасини фалоний демасдан халқимизни жаҳолатдан қутқаришга ҳаракат қилганимизда эҳтимол, эҳтимол ўша одамлардан бирортаси намозга кирарди. Бирортаси имон нималигини тушунармиди. Ҳар ҳил лақаблар қўймаганимизда, ҳар ҳил туҳматлар қилмаганимизда ўша ерга масжид очганлар, балки халққа нафи тегарди. Тахминлар ва таъбирлар кўп. Бизга уларни ҳолатидан кўра баҳслашиш, ўзини ҳақлигини кўрсатиш муҳим.
Энг яқин улфати Отарчи, Бенамоз, фосиқлиги аниқ одамларга тоқати етганлар арзимаган масалаларда бир-бирларини нифоқда айблайдилар.
Биз мунофиққа, кофирга чиқараётган одам билан бир масжидда, бир имомга иқтидо қилиб намоз ўқиётгандирмиз. Бахсларга, адоватларга чек қўйиш вақти келгандир?
Sayyıd İslom