O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Императив-29. Ширин тил билан рўзғор тебратганлар ҳақида

Императив-29. Ширин тил билан рўзғор тебратганлар ҳақида
232 views
24 May 2021 - 17:46

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” аудиокитобининг 28-қисми. Матнни муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)

Халқ шоирлари миллат ҳақида қайғурар экан, ТВ лардан чиқиб, Шароф Рашидов “иккинчи она тилимиз” деб эълон қилгани рус тилининг шаҳарларда ўзбек тилини сиқиб чиқараётгани ҳақида эмас, балки Ўзбекистонда ширин тил билан суҳбатлашиш кераклиги ҳақида ваъз ўқир эди. Ўзбек тилининг нақадар ширин тил эканини бутун дунёга намойиш этайлик, дея ҳайқирарди бу ширинлик шайдолари:

ШИРИНСУХАН КИШИ

Менда ёмон сўзнинг ўзи йўқ.

Мен дунёда энг мамнун зотман.

Ҳар бир сўзим гулдай сокин ўқ,

Гулдай табассумда озодман.

Кун кўраман, боқаман рўзғор

Ўз тилимдан томган бол билан.

«Олис табассум сояси»,

1986

(1981)

Тил масаласи Мустақиллик эълон килинганидан кейин автоматик равишда кун тартибидан тушади деб ўйлагандик, бундан амин ҳам эдик ҳатто. Акси бўлиб чиқди: махсус қонун қабул этилганига қарамай, диктатор даврининг гизли тўсиқлари сабаб ўзбек тили давлат тили кўтарилиши керак бўлган биринчи мавқега кўтарила олмади…

Диктатор ўлиб ўрнига ҳокимиятга келган унинг шогирди даврида эса, баттар пастга тушиб кета бошлади. Бугун мамлакатда рус тилининг мавқеини янада кучайтириш ҳаракати бошланиб, Москвага яхши кўринишнинг жирканч бир усули топилди.

Эски шеърларимиз бугун ҳам ўта долзарб бўлишда давом этяпти, демак:

ХОРИЖДА

Ўзга тилда бераман мен ўз саломимни,

Ўзга тилда нонуштага қилишар таклиф.

Бу шаҳарнинг кўчасида кўр мисол мени

Ўзга тилнинг уч-тўрт сўзи юрар етаклаб.

Ўша тилда кўрсатарлар менга юлдузни,

Ўша тилда уйғoтурлар мени саҳарда,

Ўз тилимни эмас,

Уч-тўртта сўзни

Унутмоқдан қўрқаман бу улкан шаҳарда!..

Ватан бўлса-менинг тушим,

Ватан тушимдир

Ўз тилимда гапираман фақат тушимда…

(1981)

(«Олис табассум сояси», 1986)

Тилимизни хўрлаб келаётган бу диктаторлар ҳокимиятини оёқда мустаҳакам тутиб турган муҳим факторлардан бири яна ўша ҳол – ҳақсизлик қаршисида мум тишлаган зиёли қатламининг қўрқоқлиги.

Бу қатлам ўз жасоратсизликларини демагогик «ҳикмат»лар билан моҳирона ўрта билади.

Бир мисол: фэйсбук саҳифасида биттаси рус ёзувчиси Фозил Искандарнинг «ҳикмат»ли сўзини қўйибди: «Инсон ахлоқли бўлиши керак. Бу ҳар қандай шартда ва ҳар қандай ҳокимият даврида мумкин. Аҳлоқлилик қаҳрамонлик талаб қилмайди. У аблаҳликка шерик бўлмасликни тақозо қилади холос». Яхши гап.

Биз Диктатура (1989-2014) режими даврида режимнинг бизга қилган аблаҳликларини кузатиб турган, аммо аблаҳликка шерик бўлмаган дўстлардан «шерик бўлмаганлари учун» миннатдор қолдик.

Бошқа тарафдан, кўчадаги итлар ҳам инсон қилган аблаҳликка шериклик қилмайди.

Демак, аблаҳликка шериклик қилмасликнинг ўзигина етмайди. Инсон аблаҳликни тўхтатишга ҳаракат қилиши керак: кучи етса, қўли билан, етмаса, тили билан, уни ҳам қилолмаса, ичида қарши чиқиши керак аблаҳликка.

Бизнинг Axлоқимиз шуни тақозо этади.

Улар шонли ўзбек адабиётининг ўгай фарзандларидир. Бундайлар жуда озчиликни ташкил этади, афсус.

Бу шеър шу кичик синф кайфиятини белгилайдиган матн:

ШОИРНИНГ СЕВГИЛИСИГА ЁЗГАН ОЧИҚ ХАТИ

Мунисим, пахтадан бошингни кўтар Кун ботди, келди бош кўтармоққа пайт! Чўлни қувавериб, ўзинг ҳам, дилбар, Чўлга қувғин бўлдинг, етар, уйга қайт.

Пахтани терасан… ватанга бериб, Донг қотиб ухлайсан, фақат ухлайсан Уйқунгда ётасан қучоғинг кериб, Қайси саодатни бундай йўқлайсан?!

Булар кесак эмас, эмасдир харсанг, Булар – ўғилларинг, айтаяпман-ку. Ҳар бири, сен агар кўзингни очсанг, Кўзларин юммоққа тайёрдир мангу!..

Жоним, ухламагин!..

Айтолмайман мен

Бундан ҳам соддароқ, бундан ҳам баттар

Наҳот, ўз жигарим, тушунмасанг сен,

Душманлар ҳам мени тушунган пайтда?..

(1985)

Тун ташбеҳлари», 1988

Бизнинг «антисовет» кайфиятимизни 80-йиллар бошига келиб душманлар тушуниб етган эди, аммо ўз халқимизга бу кайфиятни ҳали ҳам тушунтира олмадик.

Чунки халқимиз рус оғаси 70 йил миясига суққан «кичик халқ» комплекси гирдобидан ҳали ҳам чиқмаган:

ДАРД ЧУҚУР

Дард чуқур,

Мазмун эмас.

Одам ичидаги махлуқ

Аллақачон бошқа,

Аллақачон маймун эмас.

Кўксини ўқларга тутмаган

Авлод шажараси дунёга келди.

Тасаввур қилингки, уларнинг

Бирортаси маймунмас энди.

Аммо отам елкасига теккан ўқ

Менинг кўкрагимда битмоқда.

Балким у кичикдир,

Сал кичик

Дурбинни тескари қилиб қарасанг,

Наинки, яра Ҳатто Халқ кичик!

Дард чуқур.

Мазмун эса…

Тўпиққа ҳам чиқмайди мазмун.

(1981)

«Олис табассум сояси», 1986

Русия ҳукмдори Ўрта Осиёга, унинг ҳамиша маркази бўлган Ўзбекистонга ТЕРС ДУРБИНдан қараб турaрди. Рус шовинистлари учун нуфузимиз 100 миллионга етса ҳам биз «кичик халқ» бўлиб қолаверамиз. Ва бизнинг бошимизда бу номга лойиқ бир лилипут доим топилади. Лилипут диктатор, тўғрироғи.

Баъзан бу қуллик кайфияти радикал хаёлларни тугдирарди. Сиёсий режимга қарши қуролли кураш хаёлларини масалан:

ШУНДАЙ ВАТАНИНГ БЎЛА ТУРИБ

Шундай ватанинг бўла туриб,

Ёзасан юлдузлар ҳақида,

Чароғон кундузлар ҳақида,

Қошлари қундузлар ҳақида.

Шундай ватанинг бўла туриб,

Сен гуллар ҳақида куйлайсан.

Онангнинг ҳам кўзёшини сен

Шабнам дея ўйлайсан.

Шундай ватанинг бўла туриб,

Коинот ҳақида сўйлайсан.

Тошга уриш керак бўлган бошни

Гулчамбар учун шайлайсан.

Шундай ватанинг бўла туриб,

Қурол йўқ қўлингда*,

Шундай ватанинг бўла туриб,

Қўрқасан ўлимдан!

(1986)

*Бу сатр китобда нашриёт тарафидан «Фақат қалам бор қўлингда» деб ўзгартилган.

«Тунги ташбеҳлар» 1988

Ҳақиқатан ҳам, шеърда ифодалангани каби дардимиз чуқур эди, аммо у мазмунсиз, монотон бир дард эди. Балки, бу Шайбоний қурган сўнгги Марказлашган Давлат йиқилгандан кейин бошланган вайроналик дарди эди.

Душманга қарши жиҳод руҳининг ўлиши дарди. Ҳеч қутулаолмаганимиз, бир неча юз йиллик жаҳолат дарди эди.

Муҳаммад Солиҳ

Манба: Eltuz.com