O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Императив-34. Яшил белбоғ

Императив-34. Яшил белбоғ
151 views
04 October 2021 - 15:55

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 33-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)

1995 йилга келиб, каминанинг китоблари кутубхоналардан йиғиштириб олина бошлади. Бу ҳақда ҳар тарафдан хабарлар олдим. Аммо одамлар яшириб бўлса-да, ўқишаётгани ҳақда ҳам хабарлар бор эди.

Бир неча киши бу ҳақда «Озодлик» радиосидан чиқиб гапирганди ўтган йилларда. Ҳолбуки, бу воқеа 1978 йилда ёзилган шеърда ёритилган эди:

КИТОБЛАР

Ҳеч қачон ўлолмас

Асли ўлик бўлган китоблар.

Ҳиди ҳам чиқмайди жасадларидан

Китоб дўконига кирсангиз.

Ҳақиқий китоблар ўлиши мумкин,

Ҳидланиши мумкин

Ҳақиқий китобнинг жасади.

Шу сабаб, уларни кўммаса бўлмас,

Ёндирмаса бўлмас шу сабаб!..

(1978)

«Шаффоф уй» 1985

ЯШИЛ БЕЛБОҒ

1985 йил охирида бошим саждага келди, алҳамдулиллоҳ. Туғилишдан мусулмон ҳисобланган (ота-онаси мусулмон ўлароқ билинган) жуда кўп ёшлар каби мен ҳам ўзимни «одам тўғри бўлса, бас, намоз ва диннинг фарзлари шарт эмас, Аллоҳ юрагимизни билса, бу етарлидир» қабилидаги демагогия билан ўзимизни алдаб яшар эдик.

Аммо 80-йиллар ўрталарига келиб, руҳан ва маънан боши берк кўчага кириб бораётганимни ҳис эта бошладим. Воқеа кутилмаганда юз берди.

1985 йил киш ойи эди. Метродан иниб, истиқоматимиз «Пушкин-Салар» маҳалласига юрар экан, ичимда шу қадар қўрқинчли бўшлиқ пайдо бўлдики, уни фақат бизни яратганга инонч тўлдира олишини ҳис этдим.

Англамадим, ҲИС ЭТДИМ.

ЯШИЛ БЕЛБОҒ

Оқшом журъат этиб, бобом бисоти –

Ям-яшил белбоғни хуфия олдим

Ва уни ёздиму ёзган заҳоти

Ям-яшил оловнинг ичида қолдим –

Оловнинг забтига чидамай, туйқус

Белбоғни силкитган эдим, шу замон

Жаранглаб, тушди-ку ерга бир юлдуз,

Ярқираб кетди-ку тунда беомон!

Лекин ёнаверди лов-лов яшил ранг,

Мен уни сўнгги бор силтдим ҳойнаҳой –

Ҳушдан кетаётиб кўрдим-ку аранг,

Бу сафар жаранглаб тушди ярим ой!» (1985)

«Туш ташбеҳлари» 1988

Бу шеър руҳимдаги бу инқилобнинг акс тасвири эди. Оллоҳ раҳмат айласин биздан бир қат юқорида яшайдиган дўстим Эмин Усмондан илтимос қилдим, у фарзандларим (қизим Умида ва ўғлим Темур)га Қуръони карим ўргатадиган иккита муаллим топиб берди.

Эмин Усмон ёзувчи сифатида Ўзбекистон табиати, экологияси мавзусида жуда кўп фойдали мақолалар ёзган фидоий инсон эди. Унга бир шеър бағишлаган эдим:

ҚИШКИ ТУШ

Эмин Усмонга

Қишлоқ бир жимликка юз тутган,

Йўқ бунда қарғанган қарғалар.

Биттаси қолибди юз тутдан,

Узоққа кетибди долғалар –

Жайҳун кўп узоққа кетибмиш,

Тутларни ўзига ияртиб,

Бу ерда қолгани етиммиш.

Алвон яллиғликда куяр тут,

Сўнгги қуш ковакда тўшар пар.

Бу қушнинг кўзи кўр , кўрмайди.

Сукунат. Бундаги ҳар шарпа

Ёдингга умрбод ўрнайди.

(1980)

«Валфажр» 1983

Эмин Усмон диний эътиқоди учун Ички Ишлар вазирлиги ертўласида қийноққа солинди. Ва ўша ерда қатл этилди, иншаОллоҳ, шаҳид бўлди. Унинг муборак қони бадалини Каримов ва унинг жаллодлари нариги дунёда мутлақо тўлайдилар.

Эмин Усмон топган муаллимлар ҳафтада икки марта уйга келиб, болаларга Қуръони карим ўргата бошладилар. Бадалсиз, Оллоҳ йўлида бу заҳматга қатландилар. Мен уялдим, ҳеч бўлмаса йўл пулини олинглар, дедим, олишмади. Оллоҳ ҳаммасига ажрини берсин.

Ўтган асрнинг 70-80 йилларида Тошкентда шундай мусулмонлар бор эди. Болалар билан ўзим ва хонимим (Ойдин Солиҳ) хам Қуръон ўқишни ўргана бошладик. Муаллимларимизнинг исмларини айтишим керак:

Зоҳидхон ва Анвар. Икки ёш йигит. Зоҳидхон (отасининг исмини унутдим) машҳур қорининг ўғли эди. Анвар эса, ўзи адабиётшунос, аммо болаликдан диний илмларни ҳам ўрганган бир йигит эди. Анвар кейин имом бўлиб, исмига «қори» сифати қўшиб айтиладиган бўлди. Каримов даврида ҳукумат сиёсатини қўллаган диний арбоб ўлароқ машҳур бўлди. Аммо менинг хотирамда Анвар қори фарзандларимга динини ўргатган бир мусулмон ўлароқ қолажак.

Оллоҳ унга раҳм айласин, гуноҳларини кечирсин.

Муаллим Зоҳидхон укамизнинг ҳам, унинг аёли Мусалламхонимнинг ҳам (Ойдинхоним ва қизим Умидага Қуръонни ўргатган) хизматларини оиламиз асло унутмайди. Оллоҳ уларга ажрини берсин.

80- йиллар ўрталарига келиб, Ўзбекистон устида Москванинг мафкуравий назорати кучайган, айниқса, ер остидаги миллий ва диний ҳаракатланишлар унинг диққат марказида эди. Болаларга гизли Қуръон ўргатиш ҳам аксилсовет фаолият ўлароқ синфлантирилган эди.

1984 йил ёзилган шеър:

1. МУМКИН

Сўзингни айтмаёқ ейишинг мумкин,

Ҳали ҳам бор бўлса айтажак сўзинг,

«Мўмин мусулмонман», дейишинг мумкин,

Ҳали ҳам мусулмон бўлмасанг ўзинг.

«Оқ туя» кўрдингми?» деб сўрасалар,

«Кўрмадим», дейишинг мумкиндир кўриб,

Агар виждон қийнаб, топсанг ҳафсала

Уйингда йиғлашинг мумкин ўкириб.

Тишни тишга босиб мумкин чидамоқ,

Агар қолган бўлса оғзингда тишлар.

Мумкиндир суякка етгунча пичоқ

Ҳамон бутун бўлса суякларинг гар.

Чидамоқ мумкиндир токи ўлгунча,

Агар аллақачон ўлмаган бўлсанг.

2. МУМКИН ЭМАС

Сиз бетобсиз, бетобсиз, ошна –

Мумкин эмас, кўчага чиқиш.

Мумкин эмас дунёқарашни

Бузадиган китоблар ўқиш.

Мумкин эмас, номаълум томон,

Олис томонларни соғинмоқ,

Мумкин эмас, соғликка ёмон,

Севмоқ, чўкка тушиб сиғинмоқ.

Мумкин эмас, кийинмоқ қишда,

Мумкин эмас, оч бўлсанг, емоқ,

Мумкин эмас, ҳатто оҳиста,

Қўрқа-писа «мумкинми?» демоқ!…

(1984)

«Олис табассум сояси» 1986

Бу икки парчани Аҳмад Аъзамга ўқиб бергандим биринчи марта. Аҳмад «буни бостираман деб ўйламанг, ошкора антисоветщина», деб ваҳима қилди. Камина туғма оптимист бўлганим учун «босилади, иншаОллоҳ, бу аввалги босилганлардан қўрқинчлироқ эмас», деганман. Лекин ичимда бу қадар умидли эмасдим.

Бу шеърни «Солидарност» ҳаракатининг хайриҳоҳи, Тошкент Университетида ўзбекча ўрганаётган бир Полониялик хоним (Элжбета Госчитска) ўз тилига ўгирган ҳам эди. У ёқда босилдими, йўқми билмайман…

Қизиғи шундаки, бу шеър икки йил ўтиб (Раъно Абдуллаева Марказқўм котиблигидан олингандан сўнгра), Ғафур Ғулом нашриётида «Олис табассум сояси» номли тўпламда чоп этилди. Бу ҳам етмаганидек, бу китобни «Госкомиздат» деган ташкилот «йилнинг энг яхши шеър китоби» деган мукофотга лойиқ деб топди, аммо совет мукофотларига душман бўлганим учун улар юборган «анкета»ни тўлдирмадим ва мукофотни рад этдим.

«Олис табассум сояси» (1986) китобининг нашриёт тақризчиси (ички тақриз) Иброҳим Ғафуров эди. Бу китобда босилишга тайёрланган шеърлардан 50 тадан ортиғига «бу шеърда ёмон ният йўқ» деб «изоҳ» ёзиб берганимни аввалроқ эслатгандим.

Манба: Элтуз