O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ИМПЕРАТИВ-39. ТЕРС ЖУНБУШ ДАВРИ

ИМПЕРАТИВ-39. ТЕРС ЖУНБУШ ДАВРИ
434 views
08 February 2022 - 16:23

Масалан, чаённинг инсонга қандай зарар келтиришини аввалдан пайқаш мумкин. Чаён – чаён, у мутлоқа инсонни чақади. Арслон, айиқ, бўрининг ҳам инсонга қайси шароитда қандай зарар етказишини тахмин қилиш қийин эмас.

Нафақат ҳайвонлар феъл-атвори, ҳатто кутилмаганда ўзгариши мумкин бўлган об-ҳавони ҳам олдиндан башорат қилиш мумкин. Аммо инсон зо- тининг муайян шароитда муайян ҳаракатини олдиндан сезадиган одам дунёда кам топилади.

Ёшим етмишга етди, ҳалигача инсонни таниш қобилиятим билан мақтанолмайман. Ҳалигача, «Муҳаммад Солиҳ инсонни танимайди» деган дашномлар эшитаман, хафа бўлмайман, чунки ҳақлидирлар; мен риё тўнига бурканиб, пихини ичига тортган баъзи инсонларни дарров таний олмайман. Таниганимда, кеч бўлган бўлади.

Характеримдаги бу етишмовчилик Совет даврида ўзини очиқ ошкор этди. Жараён шундай зуҳур этди. Дейлик: 1980 йилларда Тошкентда бир сурув ватансевар пайдо бўлди. Воқеалар мени бу ватан- севарлар гуруҳи марказига судради. Гуруҳ ичида ва ташқарисида анча танилдим. Совет даврида ёзилиб, ўқилмаган ва ёки уқилмаган «анти» матнларим машҳур бўлди.

Гуруҳ ҳам севикли ватани учун мақола, шеър ёзиб, жунбушга кела бошлади. Мазкур жунбуш «қайта қуриш» сиёсати даврида чўққисига чиқди. Айтиш мумкин, ватанпарварлик мода тусини олди. Ватанини севмаган анойини топишдан кўра анқонинг уруғини топиш осон эди.

Жунбуш шу қадар кучайди – мавжуд сиёсий режим бу феномендан қўрқа бошлади. (Чунки бу тур ҳодиса совет даврида илк эди: «ВАТАННИ СЕВИШ!»)

Режим қўрқишга ҳақли эди.

СССР каби катта бир давлат қисқа муддатда жунбушга келган ватансеварликнинг кучли частоталаридан парча-парча бўлди.

СССР ҳудудида пайдо бўлган квазидавлатча- ларнинг бошқарувчилари тахтга ўтирган заҳоти ўзларини тахтга ўтқазган ватансеварлик манбаларини яксон қилишга киришдилар.

Манбаа юқорида эслатганимиз ижодкор зиёлилар суруви эди. Уларнинг кўпчилиги ватани- ни севганлари учун, ватан севгиси ифодаланган шеърлари учун, ватанни эзаётган сиёсий режимга қарши ёзган мақолаллари учун зудлик билан жазолана бошладилар.

Жунбуш тумтарақай бўлди.

Ватансеварлик қора курсига ўтқазилди. Маҳкама бошланди. Ўзбекистоннинг янги тарихида узлуксиз, йилларча давом этган маҳкамалар силсиласи пайдо бўлди.

Бир замонлар ўз ватансеварлигини ифода этиш учун ТВларда навбатда турган зиёли қатлами энди Муҳаммад Солиҳ бу севгисини яширишга жой тополмай зир югура бошлади. Ёзган шеър, мақолаларини омма кўзидан гизлашга киришди. “Жиноятлар”ини пардалаш учун Мустабидга садоқатини куйлай бошладилар. Жунбуш терс дўнди.

Терс жунбуш даври бошланди.

Бир дўстимизнинг каминага бағишланган бир романи бор эди. Терс Жунбуш даврида бу романни ўша бағишловсиз нашр этди ва енгил нафас олди.

Ёки яна биттаси, бир хонанда дўстимиз, 1986  йилда ёзганим бир шеърга куй басталаб, самимий бир алфозда куйлади. Қўшиқ халқ орасида ёйилгандан кейин МХХ уни чақириб сиқувга олганида хонанда «бу бастани менга қўшиқ матнининг муаллифи М. Солиҳ ёздирди», деди. Ва буни исбот қилиш учун каминага тош отишга киришди. Ёлғонлар уйдирди, каминага қарши уйдирмалар тўқиди. Қўшиққа айланиб, таъқиқланган матн «Шундай ватанинг бўла туриб»(1986) номли шеър эди.

Мен дўстларнинг бу йўсинда ўзларини ҳимоя килиш ташаббусларни ҳамиша қўллаб турдим.

Уларга мурожаат қилиб, М.Солиҳга бағишланган ёки унинг яхши сифатлари кўрсатилган мақола, шеър ва ҳакозо бўлса, дарҳол ўчиринг, йўқ қилинг ёки ундан тонинг дедим. Сизларга менинг собиқ дўстлигимдан зарар етмасин, дея илтимос қилдим.

Ўчирганлар ўчирди, улуролмаганлар дўстликнинг жазосини тортди; бири ишдан бўшатилди, яна бири ишга олинмади, хуллас ҳеч бирининг косаси оқармади.

Аммо ҳар ёмон нарсанинг бир яхши тарафи бор.

Бизнинг «дело»мизда ҳам бу қоида юз кўрсатди. Масалан, таржимаи ҳолларида «М. Солиҳга яқин» деб кўрсатилганларга зид ўлароқ «М. Солиҳга алоқаси йўқ», «М. Солиҳдан узоқ» ва ҳатто «М.Солиҳга душман» дея ишоратланган кишиларнинг чин маънода омади чопди; ишсиз бўлгани ишга олинди, ишлилари лавозим пиллапоясида юксалдилар.

Советлардан кейин қурилган сиёсий режим халқни советлардан баттарроқ эза бошлади. Ҳитлер Рейхстагни ёқиб, ҳурфикрли инсонларни қан- дай жазолаган бўлса, Ўзбек мустабиди Тошкентда портлаш уюштириб, ўз мухолифларини шундай жазолади.

Бу даҳшатли қатоғонда каминанинг исми яна олд планга чиқди. Портлашларни уюштиришдан тортиб, режимга қарши ёзилган бутун мақолалар каминанинг зиммасига юкланди. Мақолаларнинг муаллифлари эса муаллифликдан тондилар. Улар «бу матнларни М.Солиҳ ёздирди», «бу ишларларга у илҳомлантирди», «…ёзишга ундади» каби баҳоналар билан ўзларининг ватанга севгисини ифодаловчи самимий ёзувларидан тондилар.

Албатта, агар оғир аҳволда қолсангиз, бутун айбни менга тўнкайверинглар деб уларга розилигимни бергандим. Зайниддин Асқаров БиБиСи ра- диосига интервюсида « М. Солиҳ бизга душман қў- лига тушиб қолсанглар, мени ёмонлайверинглар деганди» дея эътироф ҳам этганди эсингизда бўлса. У тўғри айтганди.

Аммо мен «ватанга бўлган севгингиздан тонинг», деганим йўқ эди.

Ватан севгиси бўлган мақолалар ёзишга бировни мажбур қилиш мумкин эмас. Аммо бизда ватансевар билан каримовчи жаллоднинг сўроқ-саволи мазмунини қуйидагича тахмин қилиш мумкин:

  • Бу мақолани сен ёзганмисан, жаноб?
  • Йўқ, буни М. Солиҳ ўз газетаси учун ёздирган.
  • Аммо буни ўз қўлинг билан ёзгансан, шундайми?
  • Ҳа, аммо М. Солиҳнинг ғояси бу бариси.
  • У мажбур қилдими?
  • Йўқ, илҳомлантирди.
  • Мақолада ватанга севги тараннум этила- ди, аммо аслида сен севмайсан, бунга М.Солиҳ илҳомлантирди шундайми?
  • Xудди, шундай!

Хуллас, 30 йиллик қатағон даврида ватансевар- ларнинг тамоми ўз қўллари билан ёзганларини менинг номимга қайд эттирдилар. Улар ўз мақолаларини ватан учун эмас, М. Солиҳ учун ёзганини истаб истамаган ҳолда бирин-кетин тан олдилар.

Мен ғариб учун бундан ҳам буюк шараф бўлиши мумкинми? Ватансиз бир ватангадони ватан деб тан олиш эмасми бу?

«Ватанга севги билан йўғрилган мақолалари- мизни аслида М. Солиҳ учун ёзгандик» деган эътирофни бошқа қандай изоҳлаш мумкин?

Албатта, ватансеварлик мавзусида ёзганларимдан сўроққа тутилсайдим мен ҳам шубҳасиз «бу мақолаларни М. Солиҳ ёздирди» дердим, аммо бу эътироф ёлғон бўлмасди.

Барибир, мен инсон зотини танимай ўтаяпман. Балки уларни Охиратда таниш насиб этар…

 

Манба: Элтуз