O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Императив 44: Илҳом ҳақида

Императив 44: Илҳом ҳақида
189 views
18 April 2022 - 18:48

Паул Валери америкалик шоир ва ёзувчи Эдгар Аллан По қарашларига жиддий эътибор қаратади. Унинг интеллектуал таҳлилида бу таважжуҳ бўртиб кўринади. Валерининг бу таважжуҳи «Мосё Тест» прототипи ҳақиқатан ҳам Эдгар По бўлиши эҳтимолини юксалтиради.

Эдгар По ва Паул Валери бу икки мутафаккир шеърий илҳом(ҳиссиёт)нинг бир мистик бошланғич эканлигини шубҳа остига олмаса ҳам унинг назоратга тобе жараён эканлигидан амин шаклда фикр юритадилар.

Кўпчиликка совуқ ақлчилик бўлиб кўринган бу танафуссиз эҳтирос оташи улар учун тафаккур жараёнида кўздан қочиришдан қўрққан манзилни ёритиб турадиган муз машъаладир.

Манзил эса ҳеч қачон етиб бўлмайдиган ЎЗЛИКдир. Тафаккурнинг ўзлиги. Яъни, соф на маиший, на ижтимоий, на да сиёсий воқелик балчиғи сачрамаган эстетик борлиқ.

Адабий матн, расм ва ёки мусиқа, ҳаммаси бу шартлар исканжасида юқорига, вертикалга йўналсагина, ўша эҳтирос оташини татмин этаолиши мумкин.

Адабиётдаги бу Совуқ Эҳтирос Оташи тутқунларининг ашаддий танқидчиси Ив Бонфуа (1923-2016) Пол Валери ҳақда ёзган эссесида Валерининг «Денгиз бўйидаги қабристон» шеъридан бошқа шоҳ асари йўқ, деган хулосага келади. У Валерининг «мураккаблиги» ҳақида интеллектуал ғазабга тўла мураккаб бир эссе битади. Яъни, Совуқ Оташ унга қўл узатган қўлни ҳам куйдиради.

Илҳом ҳақда Валерининг «Шеър санъати» китобига сўзбоши ёзган Томас Стирнс Элиот шундай деб ёзади: «Валери поэтикасида «le reve» ибораси оддий қилиб айтганда «илҳом» деган нарсанинг шеър ёзишда кичик бир рол ўйнаганини ва ундан сўнгра келадиганлар тафауротли, билинчли ва машаққатли бир иш эканининг урғуланиши ёш шоирлар учун ўринли бир эслатмадир».

Раҳматли шоир акамиз Чўлпон Эргаш 60-йиллардан бир ҳикоя айтиб берган эди ўзининг нимкинояли табассуми ила: «Абдулла (Орипов) билан лағмон еб ўтиргандик, у менга «Чўлпон, биласизми, бир кунда 3 та гениал шеър ёзиш мумкин эканэй! Мен кеча ёздим»! деди ҳаяжонланиб. «Албатта, Абдуллажон, сиз генийсиз, бир кундан 3 тадан ҳам кўпроқ гениал шеър ёзишингиз мумкин», дедим. Сўнгра «сиз генийсиз, Абдуллажон, мен эса, генкаман, дедим унга», дея жилмайганди раҳматли Чўлпон Эргаш.

Илҳом билан битилган шеър бизнинг шоирлар наздида дарҳол муқаддасот қозонади. Шеърни ёзган одам уни (ўзини) «гениал» деб аташдан тоймайди. Бундай шеърни яна-да мукаммаллаштириш фикри «гениаллик»ка раҳна солиш бўлиб кўринади уларга.

Т.С.Элиотнинг П.Валери китобига ёзган сўзбошисидан яна бир иқтибос: «…агар бир шеър тугалланмаган туюлса ва ёки яхши шеър учун яхши хомашё бўлиб кўринса, бу бизга шоирнинг илҳомга ортиқча ишониб қўйганидан далолат беради».

«Валерининг «бир шеър асло тугалланмайди» деганда нимани назарда тутганини англайман, шекилли», деганди Т.С. Элиот.

Биз ҳам англадик, шекилли: истеъдод даражаларига қараб, шеърнинг мукаммалашув жараёни давом этади.

Эдгар По ва Паул Валерининг поэтик методи иррационал бир борлиқ билганимиз шеърга рационал-математик зеҳният билан ёндошув методидир.

Давоми бор.

Муҳаммад Солиҳ