Инновация ва Коррупция: Инновация иш жойларини яратиши керак!
Президент Мирзиёевнинг “Инновацион ривожланиш министрлигини ташкил этиш” ҳақидаги фармонига демократик талқин!
Маълумки 2017-йил 29-ноябрь куни Президентимиз Мирзиёевнинг “Инновацион ривожланиш министрлигини ташкил этиш” ҳақидаги фармони эълон қилинди. Мутахассис сифатида ушбу фармоннинг аҳамиятини ва оқибатларини тушунтириш мамлакат ривожланиши учун фойдали бўлишини алоҳида таъкидламоқчиман. Зеро юртимиз ривожига ҳеч бир ўзбек бефарқ эмас. Ҳаммамиз юртимизнинг ривожланишини ва яхши маошли иш жойлари бўлишини истаймиз. Россияда юрган мардикорларимизнинг ўз ватанига қайтишини кўриш ҳар биримизнинг орзуимиз. Инновацияни ривожлантириш билангина иш жойларини яратиш ва мамлакат ривожланиши мумкин. Афсуски, коррупция шароитида инновацияни ривожлантириш жуда оғир вазифадир.
Инновация – янги технологияларни ва янги маҳсулотларни амалиётга тадбиқ этиш орқали ривожланиш ва рақобатбардош иш жойларини яратиш демакдир. Эътибор беринг, инновация – илмий тадқиқотдан кейинги босқич яъни янги технологияларни ва янги маҳсулотларни амалий ривожлантириш босқичи. Президентнинг фармон матнини инновация бўйича мутахассис ёзмаганлиги яққол кўриниб қолган. Фармон матнида “инновацион ғоялар, ишланмаларни қўллаб қувватлаш” каби сўзлар кўп ишлатилади. “Инновацион ғоя ва ишланмалар” билан шуғулланиш илмий-тадқиқот институтларининг иши. Инновациянинг вазифаси патентланган технологияларни амалиётга тадбиқ этиш эканлигини яна бир марта такрорлаш зарур. Фармон матнида асосан илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ҳақида гап боради. Агар шунчалик илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланмоқчи бўлсаларинг Фанлар академиясини ҳам Инновация вазирлигига қўшиш керак унда. Президентнинг инновацияни ривожлантириш ҳақидаги фармони билан танишган мутахассисда бу фармон матни Фанлар академиясининг уставидан кўчирилмаган эканми деган савол туғилади. Президент фармонини ёзишга инновация бўйича мутахассислар жалб этилиши керак эмасми? Инновацияни бунақа нотўғри ташкил қилиш яна охирги 25 йилда қилган хатоларни ва коррупцияни такрорлашга олиб келади холос.
Ривожланган давлатларда инновацияни янги ташкил этилган инновацион компаниялар (startup) олиб боради. Инновацияни амалга ошириш асосан 3 босқичда амалга оширилади.
1) Янги технологияни ва маҳсулотни аниқлаш ва тасдиқлаш (Proof of concept)
2) Янги технологиянинг ёки ускунанинг ва маҳсулотни протитипини ишлаб чиқиш ва демонстрация қилиш (Prototype development and demonstration).
3) Коммерциализация (технологияни синовдан ўтказиш, сертификатлаш, маркетинг).
Инновацияни янги ташкил этилган компаниялар орқали амалга оширишнинг муҳим жиҳати шуки компания фойда ҳисобига ишлаши керак. Бўлмаса банкрот бўлади. Банкрот бўлмаслик учун компания инновацияни тўғри танлаб олади ва жон жаҳди билан тезроқ ишлаб чиқаришга қўяди. Натижада тезроқ даромад қилинади ва иш жойлари тезроқ яратилади ҳамда давлатга солиқ тезроқ келиб тушади. Албатта инновациянинг учала босқичи давомида давлат инновацион компанияларга молиявий ёрдам кўрсатади, чунки инновацион компаниялар инновацияни амалиётга тадбиқ қилиш учун катта маблағ сарфлашлари зарур. Бу билан иш жойлари яратилади, юрт ривожланади ва солиқ тўлашга олиб келади. Давлат эса янги иш жойларидан ва мамлакат ривожланишидан манфаатдордир.
Америка ва Eвропада ҳар бир министрлик ўз соҳаси бўйича инновацияга маблағ ажратади ва конкурс асосида инновацион компанияларга (startup) берилади. Масалан, қишлоқ ҳўжалиги министрлиги қишлоқ ҳўжалиги бўйича, энергия министрлиги эса энергия соҳаси бўйича ва ҳакоза. Одатда ажратилган маблағ инновацион лойиҳа бюджетининг камида 50% ини ташкил этади. Қолган 50% ини эса хусусий инвесторлар ёки инновацияни амалиётга тадбиқ этаётган компаниянинг (startup) ўзи қоплаши керак бўлади.
Инновацияни қандай амалга ошириш ҳақида қуйидаги Америка конгресси тасдиқлаган “Инновация ва янги технологияларни коммерцализацияси” ҳақидаги битикни ўқишни маслаҳат берар эдим. Чунки бизнинг энди хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Инновацияни ўрганиб ва рақобатбардош иш жойларини яратиб ҳалқимизни мардикорлик деган балодан қутқаришимиз керак. Ҳалқимиз бунданда хўрланиши керак эмас. Ушбу мақола интернетда қуйидаги линкда мавжуд. Eвропа инновация стратегияси ҳақида иккинчи линкдан маълумот олиш мумкин.
1.U.S. Congress, Office of Technology Assessment, Innovationand Commercialization of Emerging Technology, OTA-BP-ITC-165 (Washington, DC: U.S. Government Printing Office, September 1995). http://ota.fas.org/reports/9539.pdf
2.European Commission. Innovation Policy. https://ec.europa.eu/growth/industry/innovation_en
Инновациянинг кушандаси коррупциядир
Президент фармони инновацияни тушунадиган мутахассислар томонидан ёзилмаганлигини яққол кўзга ташланади. Чунки фармонда асосан илмий- тадқиқот ишларни ташкиллаштириш ҳақида гап боради.
Инновация – илмий тадқиқот эмас балки амалиёт босқичи эканлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз. Ушбу фармон матни давлат пулларини мақсадсиз сохта илмий-тадқиқот лойиҳаларга сарфланишига олиб келади ва натижада ҳеч қанақа иш жойлари яратилмайди ва мамлакат ривожланмайди. Чунки фармонда инновацияни ривожлантиришнинг жаҳон тажрибаси эътиборга олинмаган ва бир қанча коррупционер амалдорлар ўз манфаатига мослаб ёзилганлиги кўзга ташланиб турибди.
Афсуски, охирги 25 йил давомида Фан ва технологиялар комитети раҳбарлари давлат маблағларини мақсадсиз равишда илмий-тадқиқот институтларига ва ўз шахсий манфаатлари йўлида ишлатишди. Инновацион лойиҳалар ҳам фақат тутириқсиз вa сохта “илмий” ишлар бажаришга айланиб кетди. Инновацион лойиҳаларнинг қанча иш жойлари яратганлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш атайин “унутилди”. Иш жойларини яратилганлиги ҳақидаги йиллик ҳисоботлар қилинмади. Давлат пуллари коррупционер амалдорлар томонидан ўзлаштирилди лекин иш жойлари яратилмади. Коррупция шароитида ҳисоботлар сўралмайди ва инновацион лойиҳа натижалари баҳоланмайди. Натижада биронта инновацион лойиҳа амалиётга олиб чиқилмади ва иш жойлари яратилмади. Натижада ўзбек ҳалқи эса иш излаб Россияга мардикорликка кетди. Бугун яна ўша коррупцион амалдорларнинг шогирдлари ва хизматкорлари инновацион вазирликни эгаллаб олишди ва бу шаввозларнинг устозларининг коррупцион буйруғини бажаришдан бошқа иш қўлларидан келмаслиги мактаб болаларига ҳам маълум.
Фармонда давлат бошқарувида ва ижтимоий соҳада ҳам илмий ишларни ташкиллаштириш ҳақида гап кетмоқда. Давлат маблағларини чет эл тажрибаси асoсида мақсадли сарфлаш керак. Инновацион компанияларга молиявий ёрдам берсангиз бу компаниялар даромад қилиш мақсадида ўз маҳсулотларини барча соҳаларга ўзлари тадбиқ қилишади.
Фармон матнида инновация соҳасида аввал йўл қўйилган камчиликлар қисман санаб ўтилади. Камчиликларга сабаблар қилиб ягона орган йўқлиги ва маълумотларни таҳлил этилмаганлиги кўрсатилади. Охирги 25 йил давомида фаолият юритган Фан ва технологиялар комитети ва унинг давлат маблағларини қайси мақсадларга ишлатганлигига умуман баҳо берилмайди. Охирги 25 йил давомида инновацияга сарфланган давлат пуллари иш ўринлари яратилмаганлиги сабаблари ва вужудга келган мардикорлар, фоҳишалар ва террористлар армияси ҳақида лол-лим дейилмайди. 25 йил ичида давлат сарфлаган пулларнинг қаёққа кетганлиги ва нега иш жойлари яратилмаганлиги эсланмайди ҳам. Нега давлат маблағи сарфланган лойиҳаларнинг йиллик мониторингни ўтказилмаслиги ҳақида ҳам эсланмайди. Афсуски, мамлакатимизда вужудга келган қийин иқтисодий вазиятга ва мардикорликка коррупцион амалдорлар сабабчи эканлиги тан олинмайди. Фармон матнида чет элларда таълим олган ёшларни инновацияни ривожлантиришга нега жалб этилмаганлиги ҳақида чурқ этилмайди. Чет элларда таълим олган ёшлар нега Ўзбекистондан қувиб чиқарилганлиги сабаблари айтилмайди. Фармон матни ҳам коррупционер раҳбарлар томонидан ёзилганлиги ва президентга қўл қўйиш учун юборилганлиги кўриниб турибди.
Коррупция давом этмоқда!
Фармон матнини ёзган коррупцион амалдорлар инновациянинг “асосий йўналишлари”ни ҳам белгилаб беради. Асосий йўналишлар сифатида “аниқ” соҳалар кўрсатиб ўтилади яъни қишлоқ ҳўжалигида селекция, соғлиқни сақлаш соҳасида диагноз ва профилактика, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида энергия тежайдиган технологиялар ва сувни чучуклаштириш ва ҳакозалар. Аслида инновацияда устивор йўналишлар сифатида бутун бир соҳа танлаб олинади. Аниқ бир фаолият танланмайди. Чунки ҳар бир соҳада ҳар доим ҳар ҳил инновациялар содир содир бўлади. Бир соҳадаги аниқ бир инновацияларни амалга ошириш мумкин-у қолганлар eтимми? Хўш инновациянинг бу устивор йўналишлари кимнинг манфаатига хизмат қилади? Албатта мана шу фармон матнини ёзган коррупционер амалдорларнинг манфаатига хизмат қилади. Мана шу устивор йўналишлар орқали коррупционер амалдорлар давлатнинг пулини бошқа соҳа инновацияларига бермасдан “туя” қилишади.
Фармон матнида устивор йўналишларга қанча пул бюджетдан сарфланиши айтилмайди. Умуман инновацион фаолиятга қанча маблағ ажратилиши умуман айтилмайди. Бу эса инновациянинг шаффоф бўлмаслигига олиб келади. Инновацион лойиҳаларнинг монитoрингги қанақа тарзда амалга ошириш умуман кўрсатилмаган. Иш жойларини ярaтилишини қандай қилиб кузатиб бориш методлари ҳақида лом-лим дейилмайди. Бунақа тарзда сохта инновацияни “амалга ошириш” коррупцияга кенг имкониятлар яратади. Охирги 25 йилда амалга оширилган коррупцион схемалар давом этаверади. Бу коррупцион схемаларни энди коррупцион амалдорларнинг шогирдлари давом эттириши яққол кўзга ташланади.
Фан ва технологиялар соҳасидаги охирги 25 йил давомида давру-даврон сурган амалдорлар Али Ахунов, Шавкат Салиҳов ва Бекзод Юлдашевларнинг манфаати бу устивор йўналишларда ўз аксини топганлигини кўр одам ҳам кўради. Бу устивор йўналишлар мана шу коррупцион амалдорларнинг манфаатига хизмат қилиши кўриниб турибди.
Бу коррупцион амалдорлар молиянинг “М” ҳарфини билмаган Рустам Азимов орқали олган пулларини энди бошқа ном остида инновациянинг “И” ҳарфини тушунмайдиган хизматкорлари Абдураҳмонов Иброҳим орқали олиш режалари аниқ тиниқ кўриниб турибди. Бу коррупцион амалдорлар ва хизматкорлари инновацияни тушунганида ўзбеклар мардикор бўлиб Россия ва Қозоғиcтонда юрмаc эди. Рустам Азимов ҳам айнан мана шу амалдорларнинг тавсияси билан Президент эътиборига тушган эди ва мана шу амалдорларнинг манфаатига хизмат қилган эди. Рустам Азимовнинг опасини ҳам айнан мана шу амалдорлар институт директори қилишган эдилар. Бу коррупцион амалдорларнинг хизматкорлари Абдураҳмонов Иброҳим коррупционер амалдорларни чет эллардан сохта “илмий” ишларга олинган грантлар билан шунчалик оғзини мойладику натижада бу амалдорлар тўйганлигидан “ҳозир ўкириб юборамиз” деб юборишди ва давлатнинг инновацион пулларини ўзлаштиришга тавсия қилиб юборишди. Коррупциянинг битта боши кесилди лекин янги боши ўсиб чиқди.
Молия бўйича умуман билими йўқ Рустам Азимовни молия вазири қилиб уни қариндош уруғларини институт директорлигига қўйиш айнан манa шу коррупцион амалдорлар томонидан амалга оширилган эди. Рустам Азимов ҳам ўз навбатида улар томонида фан ва инновация учун олинадиган пулларнинг умуман ҳисоботини сўрамаган эди. Натижада иш жойлари 25 йил давомида яратилмади. Натижада ўзбек ҳалқи мардикорликка, фоҳишаликка ва террорчилика берилиб кетди. Энди эса худди шу амалдорлар умуман ўзларининг содиқ хизматкори ва инновация бўйича умуман билими йўқ кишиларни инновацияга масъул қилиб қўйишди. Бу камлик қилгандек инновация вазирлиги уставига пулни қаерга сарфлашни устивор вазифа қилиб белгилаб ҳам қўйишди. Бунақа коррупцион схемани бу кўҳна дунё ҳалигача кўрмаган.
Мана шу коррупцион амалдорлар ўз лойиҳаларидан “доля” бермаган билимли ёшларни қувғин қилишган эдилар. Бу коррупционер амалдорлар чет элларда таълим олган ёшлардан ҳам “доля” ундириш учун лойиҳаларини тортиб олишгача боришди. Бу очиқча қароқчилик сабаб чет элларда таълим олган “Умидчи” ёшларимиз Ўзбекистонни ташлаб кетишга мажбур бўлишди. Улардан қолган лойиҳаларни чиябўрилардек талаганлар ҳам мана шу коррупционер амалдорлар ва уларнинг шогирдлари эди.
Фақат “доля” берадиган ва айтганини қиладиган хизматкорларига сохта “илмий” ишлар бажаришга давлат ва грант маблағлари олишга рухсат беришган эди. Натижада иш ўринларни Ўзбекистонда охирги 25 йил давомида умуман яратилмади балки йўқотилди. Ўзбек ҳалқини мардикорлар тўдасига айланиши мана қандай содир бўлган эди!
Инновацион лойиҳаларнинг натижалари яъни иш жойларини яратилиши баҳоланиши керак!
Охирги 25 йилда давлатнинг инновацион маблағлари қаерга ишлатилган эди ва улар нега иш жойлари яратилмади деган савол бериш вақти келди.
Бу коррупционер амалдорларнинг охирги 25 йил ичида қилган ўзбек фани ва ўзбек ҳалқига қилган хиёнат ишларини қоғозга туширсак кўча ўғрилари ҳам “қойиле” деб юбориши аниқ. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки бу коррупционер амалдорлар давлатимиз ва Америка грантларини ҳар ҳил номлар остида ўзлаштириб ўзбек фанига Америка молиявий ёрдамини тўхташига сабаб бўлишган эди. Али Ахунов исм фамилиясини Alik Axunov, Alik Akhunov, Ali Ahunov; Шавкат Салихов эса Shavkat Salikov, Shawkat Salihov, Беҳзод Йўлдашев эса Bekzod Yuldashev, Bexzod Yoldashev деб ёзиб грант маблағларини ўзлаштирганликлари учун Америка ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлишган эди. Энди инновацион вазирлик остида ўзбек ҳалқинининг маблағларини шогирдлари орқали бошқатдан жиғилдонларига урушмоқчи. Мустақил давлатнинг маблағини 25 йил давомида жиғилдонга уруш ҳеч бир ўғрининг ҳам виждонига тўғри келавермайди.
Ўзбек ҳалқининг хор бўлиши, мардикорлар, фоҳишалар ва террористлар чиқиши мана шу коррупцион амалдорларнинг (Али Аxунов, Шавкат Салиҳов ва Бекзод Юлдашев) ўзбек ҳалқига хиёнат қилиб инновацияга ажратилган пулларни ўзлаштириб иш жойларини яратмаслиги, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқарилмаслиги, ёш қобилиятли кадрларни қувғин қилиши ва таниш билишчиликка йўл қўйиши сабаблидир.
Миллионлаб мардикорларнинг Россияда тентираб юриши, қиз ва аёлларнинг Туркияда ва Дубайда хизмат қилишига ва террористларнинг чиқишига айнан мана шу коррупцион амалдорлар сабабчидир. Чунки рақобатбардош иш ўринларни охирги 25 йил давомида мана шу коррупцион амалдорларнинг жиғилдони сабаб яратилмади ва Ўзбекистон ривожланмади.
Мана шу амалдорлар инновацияга ажратилган пулларга иш жойларини яратишлари лозим эди. Афсуски мана шу коррупционер амалдорлар сабаб ўзбек ҳалқи иш излаб Россияда ва дунё бўйлаб мардикорлик, фоҳишалик ва жиҳодчилик қилиб юрибди.
Хулоса ўрнида: Коррупцияга қарши курашиш керак!
Охирги 25 йил йил давомида иш жойларини ярата олмаган мана шу коррупционер амалдорлар энди бошқа ном остида ва содиқ хизматкорлари билан яратадими? Ҳеч қачон!
Коррупционер амалдорлар билан кураш узоқ давом этади ҳали! Агар курашмасак иш жойлари яратилмайди. Ўзбекистондан мардикорлар, фоҳишалар ва терррористлар чиқиши янада кўпаяверади. Буни тўхтатиш вақти келди. Буни сиз ва биз амалга оширишимиз керак. Ҳеч биримиз юртимиз ва ҳалқимиз тақдирига бефарқ бўлмаслигимиз шарт.
Бундай оғир ҳолатдан чиқишнинг битта йўли Президент Мирзиёев таъкидлаганидек чет эллардаги мутахассисларни жалб этишдир. Афсуски бунга коррупционер амалдорлар тиш тирноғи билан қаршилик кўрсатиши аниқ. Коррупцияга қарши курашиш билангина ривожланишга эришиш мумкин.
Проф. Тоҳирбек Мирзаев
Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети
Таҳририят почтасига келган мактуб