O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Инсонга муҳаббат

Инсонга муҳаббат
135 views
03 June 2017 - 10:00

(Суратда: Фитратнинг сўнгги фотосурати, 1938 й.)

Абдурауф ФИТРАТ

Мусулмонлар ўртасида ҳақиқий биродарлик қарор топганидан сўнг улар диний ҳукмларга биноан умумий биродарликни барпо қилиш учун ҳаракат қилишлари зарур бўлади. Гапимизнинг исботи учун қуйидаги ҳадислар кифоя қилади:

«Раҳм қилгувчиларга Аллоҳ раҳм қилади. Замин аҳлига раҳм қилингки, токи Аллоҳ сизга раҳм қилсин».

«Бу дунёда одамларга азоб берган одамни Аллоҳ ҳам, албатта, азоблайди».

Шу тариқа ислом дини умумбашарий саодат йўлини тайин қилади. Мен аминманки, агар бутун дунёнинг донолари ҳаракат қилсалар ҳам бундан яхшироқ йўл топа олмайдилар. Ҳа, ислом дини инсониятнинг саодат йўли ва умумий биродарлик йўналишини мана шундай гўзал этиб тайинлаган.

Лекин ўзимизни мусулмон билиб, дин тайин этган йўлдан фарсах-фарсах орқада қолганимизга қандай чора кўриш керак? Мулоҳаза қилинг-а, ислом дини бизни, аввало, шахсимизга муҳаббат, кейин ота-онамизга, кейин оиламизга, кейин қариндош-уруғга, сўнгра миллатимизга, диндошларимизга ва охирида умумий башарий биродарликка чақиряпти. Лекин биз буларнинг қай бирига амал қиляпмиз? Қайси биримиз қўшнимизга озор бермаганмиз? Қайси биримиз ҳамшаҳарларимизга муҳаббатли бўлганмиз?

Ҳа, ислом дини диний биродарликни умумий биродарликка чиқиш учун поя, погона қилган, умумбашарий биродарликка эришиш учун ўртада диний биродарликни барқарор қилиш керак. Аммо бизнинг давримизда нафақат ҳамма мусулмонлар, балки бир шаҳарнинг аҳолиси бир-бирига душман. Ислом дини бизни диний ихтилофлардан қайтариб турганда уламоларимиз шиа, сунний, зайдий273, ваҳобий, мўьтазилий, исмоилий каби етмиш иккита мазҳабни ташкил қилиб, уларнинг ҳар бири етмиш битта мазҳабга тобеълар билан талашиб-тортишиб, бир-бирларини дабдаба ва тантана билан жаҳаннамга равона қиладилар.

Ажабо, динимиз бир, қибламиз бир, Пайғамбаримиз бир, Худойимиз бир бўлса, шунча мазҳабга нима ҳожат бор? Нега уларнинг ҳар бири бошқасини кофир санайди?

Гапимиз асл мавзудан қайтиб, нозик бир йўлга кириб қолди. Бу масъала шу қадар муҳимки, бир-икки сатр ёзган билан тамом бўлмайди. Бинобарин, у баҳсимиз мавзуига кириб келган экан, қисқача бўлсада, исбот қилишга ҳаракат қиламиз, аммо бизнинг мамлакатимизда шиа ва сунний мазҳабларидан бошқаси бўлмаганлиги сабабли муҳокамамизни ҳам шу икки мазҳаб ҳақида юритамиз.

Юқорида айтганимдек, бир диннинг тобеълари, хусусан, бир юртнинг аҳолиси шиа ва сунний унвонлари остида бир-бирларига душманлик қилишлари шаръан гуноҳдир. «Ва барчангиз Аллоҳнинг арконига боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйдию сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир»274.

«Эй мўъминлар, тўда ҳолда исломга кирингиз! (Яъни исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз!) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Агар сизларга очиқ ҳужжатлар келганидан кейин ҳам тойилсангиз, билингки, албатта, Аллоҳ қудратли, ҳикматли зотдир»275.

«Нозил қилган нарсам (Қуръони карим)га иймон келтирингиз. Уни биринчи инкор қилувчилардан бўлмангиз.

Ва оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирманглар… Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва билган ҳолингизда ҳақни беркитманглар»276.

Ушбу оятларнинг мазмунини қуйида Имом Бухорий келтирган ҳадис янада тўддиради: «Қуръон ҳукмлари хусусида ихтилоф қилмангки, зеро сиздан аввалги ўтганлар диний аҳкомлар хусусида ихтилоф қилганликлари сабабли ҳалок қилингандирлар».

Ажабланарлиси яна шуки, уламоларимизга бу нифоқ ва ажралишлар ҳам кифоя қилмай, яқинда қадим ва жадид номлари остида яна бир ихтилофни ихтиро қиддилар. Миллатимизнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин бўлган шунча ижтимоий жароҳатлар устига яна бир заҳарли ханжарни санчдилар.

Хилма-хил йўлларда юрган бу жанобларга биз Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукми билан жавоб берамиз: «Шиа ва сунний ёки қадим ва жадид номлари остида келиб чиқаётган низо ва ихтилофларнинг барчаси шариатга хилофдир ва бизни гуноҳкор қилгувчидир».

Шу ўринда баъзи қориларимиз айтишлари мумкинки, низо ва бўлинишларимиз яхши эмас экан, ижтимоий ҳаётимизнинг бадбахтлик сабаблари ҳам шу ихтилоф ва низодир. Лекин нима қилмоқ керак? Бугун суннийлар билан шиалар баъзи мазҳаб масъалаларида, қадимлар ва жадидлар эса баъзи ижтимоий қоидаларда келишмайдилар, ихтилоф қиладилар, уларнинг ҳеч бири қарши тарафнинг раъйини қабул қилмайди, шунинг учун миллат ўртасида мухолифат ва низо қолаверади.

Сизларнинг ана шу эътиборларингизга ҳам Қуръони карим жавоб беради: «Эй мўьминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва Охират кунига ишонсангиз, у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтарингиз»277.

«Сизлар бу (ҳаёти дунёда кофирлар билан) ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми (Қиёмат кунида) Аллоҳга қайтарилур ва У зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур…»278

Устод ул-муҳаққиқ Имом Ғаззолий «Ал-қистоси-л-мус- тақим»279 номли китобида устод ва яширин мазҳабларнинг бирида бўлган шогирднинг ўрталарида бўлиб ўтган мунозарани келтиради. Баҳснинг охирида ўша шогирд устодидан ихтилоф масъаласини ҳам сўрайди. Имом жавоб берибди. Шогирднинг «Халойиқни ихтилофотлардан қандай қилиб халос қилиш мумкин?» — деган саволига Имом: «Агар одамлар менинг сўзларимни тинглашганда эди, бу ихтилофларга Қуръони карим ёрдамида барҳам берардик, лекин бунинг учун улар менинг гапларимни эшитишларидан бошқа чора йўқ», — деб жавоб берибди.

Имом Ғаззолий ҳам шу жавобнинг тарафдори эканлигини билдиради-ю, лекин афсус билан бунинг иложи бўлмаслигига иқрор бўлади.

Воқеан, исломдаги бу ихтилофлар қадим замонлардан буён давом этиб келади, илдиз отиб кетган, мазҳабларнинг тобеъларини бир доирага киритиш маҳол иш, бироқ бундан маъюс бўлиб, қўл силташ ярамайди, зеро, даъват қилиш билан иш битмаса ҳам, лекин уларни ислоҳ қилиб камайтириш мумкин.

Бугун ислом аҳли ўртасидаги ихтилофлар душманлик тусини олган, турли мазҳаб тобеълари бошқа мазҳабдагиларни «кофир» дейди. Лекин уларнинг ҳаммалари мазҳабидан қатъи назар, «ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур-расулуллоҳ» дейди. Ажабо, уларнинг ўртасидаги бу душманликни йўқотиб, қандай қилиб биродарликни ўрнатиш мумкин? Менинг назаримда, бу иш жуда ҳам қийин эмасдек кўринади. Масъалани шиа ва сунний мазҳаблари мисолида кўриб чиқамиз.

Мамлакатимизда мавжуд бўлган бу икки жамоа доимо бир-бирларига мушоҳада қиладилар, уларнинг ҳар бири мусулмонга жабру зулмни истамайди, ўзларини мусулмон деб биладилар, қиблалари бир – Каъба, Пайғамбарлари — Муҳаммад алайҳиссалом, китоблари — Қуръон, ягона Аллоҳга ибодат қиладилар. Энди Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукмларига назар ташлайлик-чи, шу икки жамоанинг бир-бирларига кофир дейишлари тўғримикан?

«…Ва бу ҳаётий дунёнинг нарсасини истаб сизларга салом берган кишига: «Сен мўъмин эмассан!» деманглар!»

Ҳазрати Имом Бухорий ушбу ҳадисни келтирганлар: «Биз қарайдиган қиблага қараб, биз каби намоз ўқийдиган ва сўйилган қурбонликларимизни ейдиган киши мусулмондирки, Худо ва Расулига иймон келтирган, бас, сиз унинг аҳд қилган иймонига халал берманг».

Шу хусусиятлардан келиб чиқиб масъала ечимига қарайдиган бўлсак, ҳамма исломий мазҳабларга назар ташласак, уларнинг тобеъларини кофир деб бўлмайди. Кофир деб бўлмайди, деган бир вақгда уларга бир-бировларининг қонини тўкиши жоизми? Асло ҳам жоиз эмас! «Ким қасддан бир мўъминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир». Мазкур оятлар мазмунини қуйидаги Имом Бухорий келтирган ҳадислар тўлдириб келади: «…Агар икки мусулмон қилич ялонғочлаб, бир-бирига ҳамла қилса, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахга тушадир». «Ё Расулуллоҳ, ўлдирган-ку майлия, ўлган нега тушгайдир», — деганимда, «У ҳам шеригини ўлдирмоққа жазм қилгандир», — деганлар, деб ривоят қилади Абу Бакр.

«Қўли билан ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир».

«Мусулмонга дашном бериш фисқ, ўлдириш эса куфрдир».

Масъалани яхшилаб тушунтирган бўлсам керак, деб ўйлайман. Энди яна бир савол қолди. Бир-бировимизга дўст-биродар бўлишимиз учун шуларнинг барчасига риоя қилишимиз лозимми? Албатга, лозимдир!

Мўъминлар бир-бирларига биродардирлар, деб яна қайтаряпмиз. Ҳамма мусулмонлар қайси мазҳабда бўлишларидан қатьи назар бир-бирлари билан биродар бўлсаларгина умумбашарий саодат йўлида ҳаракат қилишга вақт етиб келади. Шунда мусулмонлар ҳеч бир қавмга нафрат қилмайдилар, безор бўлмайдилар, ҳеч ким билан хусуматлашмайдилар, балки ҳиммат камарини боғлаб, ақлий далиллар ва илму ҳикмат ҳамроҳлигида ҳақ йўлда бардавом бўладилар. Ислом динининг ғояси мана шундан иборат. Ҳазрат Пайғамбарнинг «Раҳматул-оламин» эканлигининг маъноси ҳам шунда.

Тўғри йўлга ҳидоят қилувчиларга раҳмат ва мақтовлар бўлсин! Омин!

273.Зайдий — исломдаги мазҳаблардан бири.
274.Қуръони карим, Оли Имрон сураси, 103—105-оятлар.
275.Қурьони карим, Бақара сураси, 208-209-оятлар.
276.Қуръони карим, Бақара сураси, 41—42-оятлар.
277.Қурьони карим, Нисо сураси, 59-оят.
278.Қурьони карим, Шўро сураси, 10-оят.
279.«Ал-қистоси-л-мустақим» — аниқ тарози. Имом Ғаззолийнинг ваҳдати вужуд ҳақидаги асари.

“Нажот йўли” асаридан олинди.