O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Инсоний ҳақларидан ҳам бутунлай ажратиб, ҳайвонлар қаторида ишлатмоқдадир…

Инсоний ҳақларидан ҳам бутунлай ажратиб, ҳайвонлар қаторида ишлатмоқдадир…
279 views
29 February 2016 - 4:00
Қоракўл шаҳридаги масжид. (XIX-аср)

Қоракўл шаҳридаги масжид. (XIX-аср)

Алихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 14

(давоми)

ҚОРАКЎЛ ШАҲРИ

Шу билан Тўқмоққа келиб минг турли ташвишлар орқали бирор йил ўткариб эдим, шу орада ўнтача шогирдларини эргаштирган ҳолда машҳур Лўлиқори лақаблик Рўзиқори домла бизникига меҳмон бўлиб Андижондан келиб қолди. Бу киши биз билан Бухорода бир пир, бир устоз бўлғонликдан, энг ҳурматлик саналган азиз меҳмонимиз эди. Имконият борича беш-ўн кунлаб меҳмоннавозлик хизматимизни бажо келтирдик. Қарасам, бу ернинг об-ҳавоси мижозларига тўғри келиб қолди. Асли мақсадлари эса Қоракўл (Ҳозирги Қирғизистон шаҳри) орқали Ёркентга, у ердан Ғулжага ўтмоқчи эканлар.

Йўлбошчилари у томондан хабар келтургунча шу ерда турмоқчи бўлдилар. Дарҳол ўз истакларича, Тўқмоқдан ўн икки чақиримлик тоғ ичидаги Бектошота мозорига чиқариб қўйдим. Бектошота — ҳозирги тарихдан 900 йил илгари ўтган Туркистон ҳоқонларидан Жамбулдаги Авлиёота лақаблик Қорахон подшоҳ билан замондошдир. Бектошота у кишининг лақаблари бўлиб, номлари эса Абдулазиз бободир. Меҳмонларимиз бу мозорга чиқарилгач, ихлослик мусулмонлар булар учун ҳар тўғрида ёрдамларини аямадилар. Орада 30 — 40 кун ўтгандан кейин буларни Ғулжа томонга кузатиб қўйдик.

Шу кунлар даҳрийлар давлатининг бошланғич даври бўлганлиқдан ГПУ жаллодларининг даҳшатли ҳаракатлари авж олмиш эди. Булар кетиб 5 — 10 кун ўтар-ўтмас мени Пишпекка чақириб сўроқка олғандин сўнгра қамоққа буюрдилар. Кетганлар устидан неча қайта сўроқ ўтказиб илинтира олмагач, уч ой чамалиқ қамоқда ётиб, яна бўшаниб чиқдим. Бу эса тўртинчи йўл қамалишим эди.

Шу сабабли сафар тараддудини кўриб, Тўқмоқдан 250 чақирим чамали шарқ томондаги Қоракўл шаҳрига бормоқчи бўлиб, йўлга чиқдим. Тўқмоқда турган отушлик Абдураҳмон туячи сафар йўлдошим бўлди. Уйдан чиққач, орада бир қўниб Иссиқкўлга етдик. У кунлари энг кўнгилли, манзарали бўлган кўлни бўйлаб юрганимизча Тўқмоқдан чиқиб бешинчи қўналғуда шаҳарда бўлдик. Қоракўл шаҳрининг қурилган ўрни — гўзал манзарали, кўркли бўлиб бир ёғи кўм-кўк шишадек кўкариб турган кўл қўлтиғига, иккинчи томони, тўғри кўчалар бўлиб, чўзилғанича ям-яшил қарағайли тоққа бориб туташган эди. Биз борган кунлари май ойига тўғри келганликдан ҳаво очиғида кўл кўкдай кўриниб, дала, тоғ-тошлари ям-яшил бўлиб кўзга ташланур эди. Шаҳарга киргач, марҳум отамиз қадрдонларидан отушлик Рўзиохун ҳожим уйига тушдик.

Қоракўл шаҳри неча томондан тарихий аҳамиятга эга бўлган бир ер устига қурилмишдир. Биринчидан, бу жойларни бутун тарихий китобларда Туркистон бешиги, турк отаси Ўғузхон пойтахти деб атайдилар. Иккинчидан, исломдан илгари маданиятли ўғуз турклари бўлган Эдиқут элининг тупки ватанлари бўлиб, Болосоғун эса турк ҳоқонларининг пойтахти эди. Учинчидан, Мовароуннаҳр (Турон) мамлакатларида мўғуллар ҳокимияти Темур султон томонидан зарбага учрагач, Тўғлуқ Темирхон ўғли Илёсхўжа қўшинини тақамиш қилиб юз минг аскар билан келаётган Амир Темур Иссиқкўл бўйлаб Қоракўл, Қорқора, Текас, Кўксув, Ўғуз орқали ўтиб, чўнг Юлдузга тушмиш эди.

У ердаги мўғул қолдиқлари ҳам енгилгач, Илёсхўжа ўғли Ўғлонхон ўз аскари билан Олтой орқали Қорақурум Монғулияга қочмишдир. Булар ортидан Мирзо Улуғбек бобоси Темур султон буйруғи билан ўн минг отлиқ аскар олиб қувган бўлса ҳам, қочқинларга етолмай, Эртиш сувидан қувиб ўтказиб ортга қайтмиш эди. Сўнгра Улуғбекга етарлик аскар қўшиб Муздовон орқали Олтишаҳарга ўтиш, у ерлардаги мўғуллар ҳокимиятини битиргач, Кошғар орқали Андижонга боришни буюрди. Ўзи бўлса бор лашкари билан ғолибият зафар байроғини кўтарганича Юлдуздан қайтиб Тойошув, Доғут, Кунас орқали Тўғлуқ Темирхон пойтахти Олмалиғга, ҳозирги Қўрғосга кирди. Бу ердаги хон хазиналаридан қолдиқларини сипириб олгандан сўнгра, ҳоқон оиласига эга бўлиб, хон қизини ўзига никоҳга олгач, мўғуллар уни кўрагон (куёв) деб атадилар. Ўз расмларича улуғлаб, хон қизи тароғини юз мўғул, сирғасини яна юз мўғул олтин қутиларга солишиб бошларида кўтаришганларича Самарқандга келтирдилар. Шулар уруғидан Тарамочи, Сирғали номида икки қабила ўзбеклашиб, Самарқанд, Шаҳрисабз атрофида ҳозирги кунга довур яшаб келмоқдалар. Темур султон шу сафарида мўғулларга энг сўнгги қаҳшатқич зарба бериб, Турон-Туркистон элидан уларнинг ҳокимиятини туб-томири билан юлиб ташламишдир.

Чингизийлар давлатининг сўнгги ҳоқони Тўғлуқ Темирхоннинг Самарқандга келтирилган хазинаси ичида яшил тошдан ясалган бирови кўк, иккинчиси — оқ тусли каттароқ тахт тошлари ҳам бор эди.

Самарқандда «Хитойдан келган кўктош» деган халқ оғзидаги сўз асли шундан чиққан бўлиши керак. Кўрганлардан эшитишимизча, бу тошларнинг тўрт пучмоғида коса оғзидек тўрт ўйиғи бор экан. Туркистон халқи ўзларига бир кишини хон кўтармоқчи бўлсалар, расм одатларича шу ўйиқларга тилла тўлдириб қўяр эканлар. Сўнгра, юз киши сиғиб ўлтурғудек, катта бир оқ кийгиз устига хон бўлмиш кишини ўлтирғизиб, тўқсон икки бовли (унвонли) ўзбек-турк уруғидан келган тўқсон икки улус беклари кўтаришиб, тахт тоши устига қўяр эканлар. Палончини хон кўтардик деган сўз асли шундан чиқмишдир. Бу эса бутун халқ унинг хонлигига розилик билдириб, унга берган байатлари ўрнида қўлланиб келинган турк тузукларининг бирисидир. Шунда тахт тоши пучмоғларидаги уймаланган тиллани атрофдан келган улус вакиллари — беклар бўлишиб олур эканлар. Мана, маданият ваҳшийлари Ватанимизга қадам қўймасдан илгари, Турон аҳлининг хон сайлаш усуллари шу асосга қурилмиш эди. Бунга кўра бутун халқ розилигини олиш бу ишда шарт қилинганлиги билинади. Ҳақиқий сайлов шундай, халқ розилиги билан бўлиши керакдир. Йўқ эса ўзларини халқ ҳукумати атаган маданият ваҳшийлари кўзбўёв, ёлғон сайловларини эллик йиллардан бери кино кўрсатгандек қилиб ўтказмокдалар, лекин қоғозни бир тешикдан олиб иккинчисига ташлашдан бошқани ҳеч ким билмайди ва ҳам билиш ҳақига эга эмасдир.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундай қилиб, Қоракўл шаҳрида бир ой чамали турдим, бу ердаги мусулмонларнинг кўпчилиги уйғурлар бўлиб, қолғанлари — ўзбек, нўғой, тунгон ва сарт қалмоқ (мўғул мусулмонлари) эдилар. Борган кунимдан бошлаб, кеча-кундиз демай халқ боса бошлади. У кунлари мусулмонлар менинг олдимга киришиб диний масалалар, ахлоқий ваъз-насиҳат англашга ортиқ қизиқар эдилар. Биринчи жумъа Нўғой катта масжидида, иккинчи жумъа тунгон жомеъсида оят, ҳадислардан маънилар баён қилиб, иймон-ислом асосларини тушунтирдим. Дардлик кўнглимдан чиққан руҳоний ваъзлар сўзлаганимда, масжид тўла неча минглаган мусулмонлардан чиққан йиғи зори товушлари билан жомеъ бинолари ларзага келмиш эди. Бу каби руҳий томондан лаззатланиб, ботиний сезгуларининг қўзғолиш хусусиятлари кўпинча диний ваъз мажлисларидагина кўринади.

«Одам ўғлининг яхшилари фаришталардан ҳам ортикдир», — деб пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошлиқ ўтган барча яловчи-пайғамбарлар бу сўзнинг чинлигига тўнуқлик (гувоҳлик) берадилар. Уларнинг ёвуз-ёмонлари эса, йиртқичларни йўлда қолдириб, шайтонларга дарс беради.

Ҳозирги бизнинг давримизда (1967 йил) Ғарбий, Шарқий Туркистон босқинчиларининг қилаётган чексиз зулмлари эса, бунинг жонлик гувоҳидир. Инсон яратилгандан бери икки Туркистон мусулмонлари учун бу каби зиёни туганмас, зарбаси узулмас узун офат — қизил бало ҳеч вақт, ҳеч қачон кўрилмагандир. Негаким, дунё борлиғидан бери худосиз-динсизлар қўлига қурол ўтиб, ҳокимият устига минмаган эдилар. Бу йиртқичлар инсонларни ёлғизгина диний, ватаний, шахсий ҳуқуқларидан эмас, балки инсоний ҳақларидан ҳам бутунлай ажратиб, ҳайвонлар қаторида ишлатмоқдадир.

Асримиз бошида чиққан сиёсий фирқалар ичида коммунизм каби ақлдан йироқ, хаёлий бир маслак аҳли бўлган эмас. Мана шу хаёлий маслак эгалари 50 йилдан бери ақлдан ташқари тузумларини қурол кучи билан халқ устида юргизиб келадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан қиёмат аломати сўралмиш эди: «Унда ҳаромзоданинг ўғли — ҳаромзодалар ҳукумат эгаси бўлиб, халқ устида зулм ҳукмини юрғизади», — дедилар. Ҳозирда эса, нақд шу кунлар устида турибмиз. Энди бу фирқадан қандай яхшилик умиди бўлурким, буларнинг асосий тузумлари — худосизлик, динсизликка, ўзларидан бошқа ҳеч нарсага ишонмасликка қурилган бўлса. Чунки, динсизлик ҳар бир ёмонликка йўл очади, инсонни инсонлик сифатида тутиб турадиган, ҳар бир яхшиликка бошлайдиган нарса — диндур.

Қоракўл шаҳрида қанча турган бўлсам ҳам, уйқи вақтларидан бошқа чоғлари келим-кетимдан бўшанолмадим. Шундай бўлса ҳам вақт топиб, машҳур швед сайёҳи Ванхидиннинг «Такламакон» асарини ва «Тибет» саёҳатнома китобларини ўқиб чиқдим, улардин кўп фойдаландим. Ўзгариш олдида таланга учраган Қоракўл кутубхонаси татарча, усмонли туркчадан таржима қилинган нодир асарлар кўплиги билан машҳур эди. Инқилоб бошланган даврда қонунсиз қора куч, нодон одамлар ҳокимияти қурилганликдан шаҳарлардаги кутубхоналар ва бошқа маданий асарларнинг кўплари зои бўлмишдир.

Ўрта аср ваҳшийлари — мўғул аскарлари ўз вақтида ислом маркази бўлган Бағдод шаҳрига босиб кирганларида, улар наздида ўлжага арзимас, ғоят қимматбаҳо, нафис, нодир китоблар Дажла дарёсига тушганликдан, олти ойлаб дарё суви қорайиб оққанлиги тарихларда ёзилмишдир. Ундан ҳам жирканчли ишларга йигирманчи асрда маданий йиртқичлар ҳокимияти даврида йўл қўйилганликдан, анчагина тарихий асарларимизни, халқ қўлида сақланиб ётган қимматбаҳо, нодир қўлёзма китобларимизни эгалари қўрққанларидан ўтта ёқтириб, сувга оқизишга мажбур бўлмиш эдилар. Ёлғиз ўзимнинг Тўқмоқ, Сўқулукдаги бирор арава келгудек ҳар турли китобларим эса, шу кўмилганича чириб ер остида қолмишдир. Бу каби фожиалар ёлғиз чет ўлкалардагина эмас, балки ҳукумат маркази Петроград кутубхоналарида ҳам бўлмиш эди. Шундоққи, бутун ислом олами кўз тиккан, 1300 йилдан ортиқ тарихий шарафга эга бўлган Мусҳаф Усмоний, яъни ҳазрат Усмон устида шаҳодат топган Қуръон, шу кутубхонада сақланиб келар эди. Оти мусулмон бир неча гумроҳлар томонидан унинг анчагина варақлари олинмишдир. Марҳум Татаристон муфтийси ҳазрати Ризафаҳрий бошлиқ Мусоҳазрат ва бошқа олимлар бу фожиадан хабар топгач, дарҳол чорасига киришиб, бу улуғ тарихий Қуръон шу кунга давр сақланиб қолинишига сабабчи бўлдилар. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин! Ҳозирда эса бу Қуръон Тошкент музейхонасида сақланиб, четдан келган саёҳатчиларга, айниқса мусулмонлар учун бек ҳурматли нодир эсталик ҳисобланади.

Шундай қилиб, Қоракўл шаҳрида бир ой — қирқ кун чамали турғаним сўнггида, у ердан қайтиб Тўқмоққа келдим ва яна бир воқеа устидан чиқдим. Шундоқки, ҳозирги кунларда Арабистонда туришган Олтинхон, Мубашширхонларнинг устози, асли Косон зодагонларидан, Фарғона вилоятида обрўйи баланд бўлган, замонасига кўра улуғ олимлардан саналган, марҳум Носирхон тўра коммунистларга қарши қўзғолон кўтармиш эди. Нима қилишларини билолмай, сувга оққан кишидай ҳайронликда турган мусулмонлар, ўз диний олимларини илоҳий кучдан холи бўлмаса керак деб гумон қилганликларидан, мол-жонларини аямай, у кишига қўшилувчилар ўлка бўйлаб кўпаймиш эди.

Бироқ, иш вақтидан ўтган, не фурсатлар қўлдан кетган эди. Узоқ-яқиндаги большевикларга қарши кўтарилган қўзғолонлар бутунлай бостирилиб, ишлари марказга боғланмиш эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Ҳар оқил киши ўз замонасига тушунган бўлсин», деган ҳикматлик сўзларига амал қилиш ва пайғамбаримизнинг 23 йиллик нубуват давридаги ибратлик таржимаи ҳолидан хабардор бўлиш ҳаммадан кўпроқ ислом олимларига лозим эди. Замонавий сиёсат оламидан хабарсиз бўлганликдан у кишининг бутун ишлари тескарисига айланди. Ёлғиз қўзғолончиларгина эмас, шулар баҳона ўзларига тўғри келмаган, икки кишига сўзи ўтарлик одамлардан Наманган, Косон атрофлари билан ҳеч жойда қолдирмай, отиб-чопиб ўлдирдилар. Қолган қўлга тушганлари қаттиқ қамоқда ёки узоқ сургунларга юборилиб, йўқотилди. Бечора Носирхонтўра қочиб юрган еридан икки ўспирин ўғли билан ушланиб, Тошкентга келтирилган сўнггида, энг қаттиқ, ер ости, қоронғу зиндонда ётқонлиғини эшитган эдик. Сўнгра икки ўғли билан бирликда ўлим жазоси берилиб, дунёдан йўқотилмишдир. Агар бу киши ўрнида сиёсат оламидан хабардор, онглик бошқа биров бўлганида, ишни бошқача ташкилий равишда олиб борар эди. Бу қадар улуғ қўзғолон майдонида тўкилган ерлик халқ қонлари бекорга кетмас эди. Чунки, жанубий томондаги Афғон ва Ҳиндистон чегаралари қўлга келтирилса, у ёқдан ёрдам етказиш имконияти туғилмиш эди; онгсизлик шумлигидан шу ишни бажара олмадилар.

(давоми бор)