ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 21
(давоми)
Турма тартиби бўйича ҳар куни камерани супуриш, параш кўтариш каби хизматларни навбати билан бир одам бажариб туриши лозимдир. Кекса, қари одамларнинг кезиги (ўрни, навбати) келганда уларнинг хизматларини кўпинча ўзим қилиб турдим. Одам боласи ҳар ишга чидаёлса ҳам, бекорчиликга чидаёлмайди. Шунинг учун пайғамбаримиз: «Бекорчи, соғлом йигитларни Аллоҳ душман тутади, ишчан қариларни дўст кўради. Бузуқчилик, фитна фасод ишлар кўпинча бекорчилардан чиқади», дедилар. Айниқса, тоғ тош, далатуздан (текислик, пастлик жой) келган қирғиз қозоқлар диний этиқодлари бўш, ўзлари очиқ ҳаво, кенг далаларда униб ўсганлиги учун бундай оғирчиликларни кўп кўрмаган, турма машаққатларига чидами йўқ бўладилар. Шу сабабдан вақтлик бўлса ҳам, орти нима бўлишига қарамай, имконият борича қутулиш чорасига киришадилар.
Мана шу ҳолдан фойдаланиб, халқ ичидаги ўнг-сўлини пайқайдиган, кўзга кўринарли кишиларнинг кўпларини бу маккорлар ўзларига жосус қилиб, бурунларидан боғламиш эдилар. «Душман қўли билан илон бошини янчи, ўлса ҳам сенинг фойданг, чақса ҳам сенинг фойданг», деган мақол сўзи буларнинг шиорлари эди. Бу виждонсизларнинг баъзи бир қўрқоқлари ўз ҳимоялари учун бошқалар устидан ноҳақ сўзлар келтириб, кўп одамларнинг ёстиғи қуришига сабаб бўлдилар. Ёлғиз шаҳар, қишлоқ, маҳалла кўйларида эмас, балки ҳар бир оилада ҳам, жосуслик балоси бошланмиш эди. Бундан чиқаётган фитна фасод ишлар, ҳар томонлама халққа бўлаётган жабр зулмлар кўплигининг ҳадди ҳисоби йўқ эди.
Шунинг учун бу Туркистон халқларидан, айниқса, кўпчилиги мазлум мусулмонлардан ер ости, ер устидаги бутун турмаларини тўлдирмиш эдилар. Бу каби ҳеч бир даврда кўрилмаган ваҳшатли даҳшатли азоблар совет ҳокимияти қурилган кунидан бошлабоқ давом этмоқда эди. Шундай қилиб, ортиғи билан 6 киши сиғарлик камерада 20 чоғли киши энг оғир аҳволда бир ойдан ошиқроқ ётдик. Сўнгра турма одати бўйича камера алмаштириш иши бошланиб, мани тўққизинчи уйга кўчирди. Қарасак, бундаги кўпчилик илгаригига қараганда неча баробар ортиқроқ эди. Шу жойга чиққан кунимиздан бошлаб, Тўқмоқ, Пишпекка қараганда узоқ яқиндаги қирғизларнинг бой манапларини қолдирмай келтириб, бизнинг устимизга қамадилар. Булар ичида Саяқ уруғидан ёши саксондан ошган туркман оқсоқоли бошлиқ, ёшлари етаёзган Кукумбой, Қурмон деганлар бўлиб ва ҳам шулар қаторида ҳар уруғ қирғизларидан исми чиққан, атоқлик манаплари кўп эди. Булар эса, ер ости камераларида кўпчилик билан беш ўн кун ёткандан кейиноқ, ҳавонинг бузуқлигига чидаёлмай ишигали турди. Охири булардан юқорғи саксон ёшлик туркман оқсоқол бошлиқ қанча кўп кишилар шу ғариблик турма азобида вафот топдилар. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!
Шунча кўп қирғизлар ичида саксон тўрт ёшлик бир чол киши қутулиб кетди. Бу эса Отбоши Норин томонидан келган, мол боқишдан бошқани билмаган, худо яратганича қолган, бир мўмин эди. Ундан ким сўз сўраса, ўз тилича айтиб «Барм ишти сўпом иле билетқу», деб қўяр эди. Бу сўзига мендан бошқа ким қулоқ солсин! Бир куни яна шу юқорғи сўзини гапирганида «сўпом» дегани нима дегани экан, «субуҳона» дегани бўлмасин, деб ўйланиб қолдим. Ҳар куни эрта кеч турма одатича икки вақт ҳаво янгилаш учун бутун қамоқдагиларни турма саҳнига чиқарадилар. Чиқариш вақти бўлиб, эшиклар шарақлаб очилиши билан, тор қўрода қамалиб ётган ҳайвонлар каби, ўзларини эшикка уриб, ташқарига чиқишга интиладилар. Бошқа нима қилиш керак, бир нафас бўлса ҳам камера сассиқлигидан қутулиб, қуёш юзини кўриш, соф тоза ҳавода ўлтириб, бошқа камерадан чиққан мунгдошларимиз билан кўришиш биз учун энг керакли нарса ҳисобланур эди. Чунки, ортиғи билан 15 кишилик ўринга 50 кишини қамагандилар. Ҳамманинг юраги ғам қайғу билан тўлган, бунинг устига турма тозалиғи ночор, баъзи одамларнинг тан саломатлиги яхши кутилмаган. Шу хил сабабларга кўра сассиқчилик, ифлосчилик қўпганликдан ҳаммани бит босган эди.
Шундай қилиб, камерадагилар шошилинч билан чиқаётганларида ҳар киши ўзи билан бўлиб, ёлғиз қолаётганини кўргач бояги «сўпом»чи чол: «Ҳай балдар, мендағи қудайдин жариғин кўрайин, мени таштамангдар», деб қаттиқ қичқирди. Қарасам, шунча кўп қирғизлардан бирорта одам унга қайрилиб қарамагач, мен келиб қўлтиқлаб ташқарига олиб чиқдим. «Сўпом»нинг ҳурмати учун бошқа кунлари ҳам «сўпом»чига қўлимдан келган ёрдамимни аямадим. Шу билан уч тўрт кун ўтгач, бунинг ҳам соғлиғи бузилиб, саломатлиги йўқола бошлади. Қўл оёғи тулумдай (дум-думалоқ) бўлиб ишигани тургач, ўз оёғи билан ташқарига чиқолмай қолди. Бир куни камерада навбатчилик гали менга келмиш эди, қарасам, камерани супураётганимда чолим йиғини бошлаб: «Айланайин сўпом, мени ташлаб қўйдингми», деб қайғулик кўзларидан ёш тўкиб, шу сўзни икки-уч қайтарди. Шунда аниқ билдим, унинг «сўпом» дегани «субҳон» дегани экан.
Орадан 10 минут ўтар ўтмай, юқорида ўтирган жаллодлар бошлиғидан бирови тездан туша келиб, қўлидаги қоғозга қараб, ҳаммани текшириб бўлғач, югурганича юқорига чиқиб кетди. Хиёл ўтмай яна қайтиб тушиб, ҳаммамизни қайта бошдан сўрағали турди. Кимнинг фалокати ариб, иқболи очилди экан дейишиб, мендан бошқа ҳаммалари жалдирашган ҳолда қарашиб турардилар. Менинг кўнглимда эса, бу чолнинг бояги қилган худога ноласи, отган ўқдек етган бўлиши керак эди. Шунинг учун «Кимни истайсиз, оти нима?», деб ундан тортинмай сўрадим. Бошқалар эса, жаллод олдига келган ўлим кишисидек термилган ҳолда қараб турардилар. Ҳалиги одамни истаган экан. «Сўпом»чи чол шундай қилиб бўшаниб чиқиб кетди.
Ҳар бир мусулмон одамга Аллоҳ фарз килган иймон тақлидий эмас, балки ҳақиқий иймон эканлигини аниқ билишлари керак. Ҳақиқий иймонлик одамлар ҳақ йўлда чидамлиқ билан турадилар, ҳар ишга ҳаққоният кўзи билан қарайдилар ва шу йўлда ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Динсиз даҳрийлар даврида ўз кўзимиз билан кўриб ўтган тажрибаларимиз ҳам, тақлидий юзаки мусулмонларнинг ҳеч ишга ярамаслигини кўрсатди. Бундай одамлар жонларига эмас, балки турмушларига озгина зарар етгудек бир иш бўлиб қолиш эҳтимоли бўлар экан, бунга қарши диний ва миллий ҳиссиётларини бутунлай қурбон қилиб юборишдан тортинмайдилар. Бу дунё шайтонларига қарши туролмаган тақлидий иймон, охират шайтони, малъун иблисга қандай бардош беролади? Шунга кўра, ҳар икки олам давлатини қўлга келтириш учун юзаки эмас, ҳақиқий иймонга эга бўлишлик, ҳар бир мусулмонга Аллоҳ тарафидан буюрилган фарздир.
Дунё яралгандан бошлаб, ҳеч бир даврда ҳозирги замонамиздек ер юзини қоплаган улуғ офатлик балолар халқ бошига тушган эмасдир. Чунки, инсон насли яратилгандан бери, ҳеч бир замонда худога ишонмаган динсизлар қўлига ҳукумат ўтмаган эди. Энди эса, бутун дунёнинг тенг ярим халқи ҳеч нарсага ишонмайдиган даҳрийлар ҳукмига ўтди. Буларнинг энг ёмон кўрган нарсалари худога ишонмоқ ва худо қонуни бўлган ҳақиқий инсоний қонунларга бўйсунмоқдир. Шунинг учун коммунистлар ҳокимиятни қўлга олган биринчи кунидан бошлабоқ, диний мактаб ва мадрасаларни бутунлай йўқотдилар. Шундан бери биринчи синф болаларидан бошлаб, энг олий юқори даражага еткунча динга қарши ташвиқот дарслари узулмай ўқитилиб келинмоқда. Ўз мақсадларига эришмоқ ва бошқаларни руслаштириш учун чиқарган байналмилал қонуни Козоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва умумий Ўрта Осиё халқлари устида юзда юз бажарилмоқдадир.
Бунинг бирдан бир сабаби эса, Масков маккорлари ўз давлатини мустаҳкамлаш учун бу ўлкаларнинг, айниқса, Ўзбекистоннинг нақадар буюк аҳамиятга эга эканлигини яхши тушунишидур. Советга қарашлик бутун ўлкалар давлат таркибида гавда мисоли бўлсалар, улар олдида Ўзбекистон ҳаёт берувчи жон ҳукмида бўлиб ҳисобланади. Бизнинг бу Ватанимиздан нималар чиқмайди? Бу бойликлар қаёққа кетаётганлиги ҳаммага маълум эди. Бирни бериб, мингни оладилар, шунга кўра ўтган чор ҳукумати давридан бошлабоқ Туркистон ўлкасини доимий равишда қўлдан чиқармаслик, балки, имконият топилар экан, бу ўлкаларни тўла мустамлака қилиш сиёсати бошланмиш эди.