O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Инсон туйғуси

Инсон туйғуси
294 views
22 April 2017 - 6:00

Янги йил яқинлашаркан, шуларни ўйлаяпман. Инсон зоти келажaкни билаолмаслиги ҳақидаги ҳикматни билмаган чоғларимда йилда нималар бўлажaгини башорат қилиш жoҳиллигини кўрсатган пайтларим бўлди. Оллоҳ кечирсин.

Кейинги вақтларда бундай жoҳилликка тушмаслик учун эҳтиёткор гапирадиган бўлдим.

Бу эҳтиёткорликни унутмасдан шуни айтиш мумкин, яқин йиллaрда Яратганнинг изни билан Катта ўзгаришлар бўлишини кутяпмиз. Халқимиз учун, Каримов режимининг 17 йиллик зулмидан кейин бир нур кўринаётганга ўхшайди олдинда. Балки бу нур фақат менга кўринаётгандир, балки бу ҳам бир саробдир.

Барибир, камина такрор умид тузоғига тушди ва такрор ҳуррият ҳақда ойдин хаёллар уйқуни бузабошлади. Аммо бу туйғу ўз-ўзидан ҳеч бир қиймат касб этмаслигини ҳам англайман.

Агар бу туйғуни бизнинг 27 миллионлик мазлум халқимиз ҳам яшаганда эди, бу туйғунинг қиймати тарихий бўларди балки. Чунки бутун тарихий қўзғолишларнинг илк турткиси – туйғудир, руҳнинг бир ҳадаф (мақсад) сари йўналган таважжуҳидир, интилишидир.

Туйғу қанча кучли эса, у туртки берган ҳаракатнинг самараси ҳам шу қадар буюкдир.

Бу туйғу ҳар хил бўлиши мумкин: инонч туйғуси, адолат туйғуси, озодлик туйғуси, тенглик туйғуси, очлик туйғуси, алам туйғуси ва ҳаказо.

Бу саналган тартибда туйғуларнинг қувват (энергетика) даражаси пастга инади.

Бу туйғуларнинг ҳар бири мaълум савияга юксалганида халқнинг қўзғолишига сабаб бўлиши мумкин. Ва бу қўзғолишнинг сифати ўша туйғунинг даражаси билан тенгдир. Ундан ҳам муҳими, бу туйғу сабаб ўртага чиққан вазият ва шароит, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар ҳам қандайдир нисбатда ўзида ўша туйғунинг тамғасини ташимоғи мумкин.

Дейлик, Эрон инқилобига, асосан, диний қадриятларни янгидан иншо қилиш туйғуси билан ва жуда оз миқдорда, Ғарб маданияти тарафдорлари туйғулари туртки бўлди. Ва инқилобнинг маҳсули сиёсий режим характери ўша бошланғич турткининг расми шаклида пайдо бўлди.

Украина, Гуржистон ва Қирғизистондаги бугунги мавжуд режимларнинг сурати ҳам уларга туртки берган туйғуларнинг инъикоси, десак муболаға бўлмайди.

Бизнинг вазиятда аҳвол фожеали даражада фарқлидир. Юқорида зикр этилган психологик турткиларнинг деярли ҳаммаси йил сайин, ой сайин ва кун сайин қабармоқда. Халқимиз фақат инонч ҳуррияти тақчиллигидан эмас, адолат тақчиллигидан ҳам азоб чекмоқда, у фақат демократик, сиёсий ҳурриятларнинг йўқлигидан эмас, меҳнат қилиш ва бу меҳнат ҳаққини олиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум, очлик ва аламзадаликка маҳкумдир.

Айнан шу боис, унинг қўзғолиши минтақада бугунга қадар кўрганимиз қўзғолишлардан ҳайбатлироқ ва миқёслироқ бўлиши эҳтимоли юксакдир. Бу муҳтамал қўзғолишнинг мусбат ва манфий (позитив ва негатив) асоратларини олдиндан ўлчашнинг имкони йўқ.

Аммо бу асоратларнинг мусбат йўналишда шаклланишини таъминлаш учун бугундан бошлаб тадбир олишимиз керак. Ҳар кимдан аввал ўзбек халқининг мунавварлари бу муҳтамал уйғониш натижаларининг энг камида тарихимизни ўзгартириш даражасида муҳим бўлажагини идрок этишлари лозим. Улар халққа халқ қудратининг нақадар халоскор ва айни пайтда нақадар таҳликали бўлиши мумкинлиги тушунтирсинлар. Фақат бу ташвиқотни юритар экан, баъзи асаби заиф ақлавваллар каби «уйдан чиқманг, чиқсангиз уруш бошланади» қабилида ваҳимачи услубда эмас, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашмаган ҳеч бир халқ бу ҳақларни ҳақ этмаслигини, аммо бу йўлда ақлли ҳаракат этилиши кераклигини англатмоқ лозим. Буни тушунтиришга қобил мунавварларимиз ҳам, буни тушунадиган халқимиз ҳам бор, Худога шукр.

2005

(119)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (348-350-саҳифалар.)

(давоми бор)