O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Инсон ҳаётига зомин бўлган сайлов кураши ҳақида ҳикоя

Инсон ҳаётига зомин бўлган сайлов кураши ҳақида ҳикоя
189 views
19 December 2014 - 21:48

7Бир неча кундан сўнг Ўзбекистонда Олий Мажлис ва маҳаллий ҳокимият органларига сайлов номи остида ҳукуматнинг навбатдаги тадбири бўлиб ўтади. Сайлов номи остидаги ушбу тадбирнинг аслида кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмаслиги, “сайланиши” керак бўлган депутатларнинг исмлари олдиндан аниқлиги борасида деярли барча экспертларнинг фикрлари муштаракдир. Буни интернет тармоғидаги кўпгина нашрларда эълон қилинган экспертнинг бўлажак қўғирчоқ депутатларнинг шахси ҳақидаги маълумотларнинг олдиндан хавфсизлик тизимларида чиғириқдан ўтгани ва уларнинг режим манффатларига заррача тўғаноқ бўла олмасликлари ҳақидаги мулоқотларида кўриш мумкин.

Бироқ, шунга қарамасдан ҳали ҳам Ўзбекистондаги сайлов номи билан саҳналаштирилаётган тадбирнинг жамиятда ва давлат бошқарув тизимида қандайдир ўзгариш ясашига умид билдираётганлар ва шу туфайли ҳам мазкур тадбирга жиддий ёндашаётганлар ҳам топилади. Шундай экан, вазиятга холис баҳо беришда сайлов жараёнида бевосита ичдан хабардор бўлган гувоҳларнинг фикрлари муҳим аҳамиятга эга.

19 декабрь куни “Фарғона” ахборот агентлиги саҳифасида эълон қилинган мақолада мана шундай гувоҳларнинг ҳикояси берилган. Улар сайлов жараёни билан бевосита ичдан тўқнаш бўлган шахслардир. Сайлов участкаси комиссиясига раҳбарлик қилган гувоҳ қуйидагича ҳикоя қилади:

“1994 йилда мен тарбиявий ишлар бўйича мактаб директорининг ўринбосари эдим. Мени маҳаллий сайлов участкасининг раиси қилиб тайинлашди. Ўша йили биз ҳали горбачев қайта қуриши ва ошкоралик даври ҳаёлларини унутганимиз йўқ эди. 1989 йили маҳаллий кенгашларга ростакамига демократик сайловлар бўлиб ўтганди. Депутат бўлишни истаган ҳар бир киши сайлов олди кампаниясига ўзининг бор кучи, ресурслари ва ғайратини сафарбар қилганди. Биз ҳам ўша пайти туманлар бўйлаб юриб маҳаллий аҳолини ўз дўстимиз учун овоз беришга даъват қилардик. У Ўзбекистон Олий Кенгашига сайланганди. Ўшанда биз ҳар бир овоз учун курашгандик. Участкага келган ҳар бир одамни барча оила аъзолари номидан овоз бермаслиги учун назорат қилгандик. Ҳар битта сайлов участкаси қаршисига биттадан кузатувчи тайинлагандик. Бу эртакка ўхшаш бир давр эди, одамларда маънавий-руҳий кўтаринкилик бор эди.

Кейинчалик 1994 йилда сайлов комиссиясига раис қилиб тайинлашганларида, аввалги сайловларни эсга олиб демократик процедураларга риоя қилинишини назорат қилишга ҳаракат қилдим. Сайлов олди кампанияси аъло даражада ўтказилди. Ҳар бир ўринга уч-тўрттадан номзод кўрсатилганди ва уларнинг сайловчилар билан учрашувларини биз ташкил қилиб бергандик. Сайловлар бўлиб ўтганидан сўнг барча бюллетенларни жуда жиддий аниқлик билан санаб чиқдик, хулосаларни ёзиб баённома туздик. Барча натижаларни ва баённомани котиб билан биргаликда округ сайлов комиссиясига олиб бордик. У ерда округ сайлов комиссияси раисининг ёнида бизга нотаниш бўлган бир одам ўтирарди. У сайловнинг якуний натижаларини назорат қилиш учун келган экан. Бизнинг баённомаларимизни ўқиб чиқишди ва йиртиб ахлат саватига улоқтиришди. Бизга эса бошқа баённома беришди. Кимга қанчадан овоз тақсимлаб чиқилган баённомаларнинг аллақачон сайловгача тайёрлаб қўйилгани маълум бўлди. Фақат бизнинг имзоларимиз ва муҳр етишмасди холос…

Бизни имзо қўйишга мажбур қилишди. Норозилик билдиришга ҳаракат қилганимизда бизга: агар номзодлардан кимдир норози бўлса округга келсин, бу ерда гаплашамиз, дейишди. Бундай норози номзод топилди ҳам, округга борди ва қайтиб келди… У бечора колхоз (у пайтда ширкат деб номлана бошланганди, бироқ моҳияти ўзгармаганди) раиси эди. Орадан бироз вақт ўтиб колхозни прокуратурадан юборилган тафтиш комиссияси босди, раис эса инфаркт бўлиб тез орада вафот этди.

Ўшандан бери мен сайловларга ишонмайман. Менга 1999-, 2004-йилларда сайлов участкаси раиси бўлишимни таклиф қилишди, бироқ кечирасиз-у, мен ортиқ бу қўғирчоқ намойишида иштирок этишни истамайман”.

Юқорида тилга олинган воқеа ҳали одамларда ошкоралик кайфияти буткул йўолмаган 1994 йилда бўлиб ўтган. Йиллар ўтгани сари ҳур фикрлилар қамоққа ташланиб, қолганлари мамлакатни тарк этган ва Каримов диктатурасининг темир панжалари одамлар ҳаётидаги мутлақо шахсий алоқаларгача кириб борган бугунги кунда сайлов деб номланувчи расмиятчиликнинг қай тарзда бўлиб ўтиши ва натижалари ҳақида хулоса қилиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

ЎХҲ ахборот бўлими