O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Инсон ўз ниятининг акс-тасвиридир

Инсон ўз ниятининг акс-тасвиридир
240 views
29 May 2017 - 6:00

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фэйсбукда эълон қилинганига бор-йўғи 10 кун бўлди, аммо унинг сафларига қўшилган ёки қўшилишни истаганлар сони 900дан ошди. Бу ҳали қурилиб битмаган ташкилот атрофидаги кутилмаган шов-шув Ўзбекистон режиминигини эмас, мухолифатга ғайирлик туйиб келаётган давраларни ҳам саросимага солиб қўйди.

Каримов режимининг мухолифатга нафрати табиий кўринса-да, ўзларини режим мухолифи санаган ғаююрлар гуруҳидаги нафратнинг ижтимоий илдизларини топиш унчалик осон эмас. Ҳар ҳолда, буни 1980-йилларнинг охирида юртимизда юз берган сиёсий ўзгаришлар заминидан ахтариш лозим.

Лекин мақоламизнинг вазифаси бу эмас. Вазифа шу кечган 20 йил ичида жамиятимиз нақадар теран бир деградацияга, чиришга юз тутганини қисқа эътироф этиш ва бу иддаони бир неча конкрет мисол билан тасбит этишдир.

Бундан бир йил аввал эски дўстим рассом Ислом(Вячеслав)Охунов билан Оврупада учрашиб, юртимиздаги аҳволни таҳлил этарканмиз, рассом инсонлар ниҳоятда бузилиб бораётгани, ораларида бир-бирига ишонч тамоман йўқ бўлиб бораётгани ва бутун мамлакат узра бир жиннат атмосфераси ҳоким эканини гапирди.

– Тасаввур қил, бизнинг маҳаллада 70 йилларда битта жинни бор эди, бугун жиннилар сони еттита! Ўлкамиз социал психологияни тадқиқ этувчилар учун яхши лаборатория бўлиб қолди,- деди у.

Имом Газзолий ҳазратлари шундай дейди: Агар бир чўққидан пастга қараб бир шаффоф сув оқса, пастдаги лойқа ирмоқ ҳам шаффофлашади. Агар чўққидан ифлос сув оқса, пастдаги шаффоф сув ҳам ифлослашади.

Бугун Каримов ўтирган тепадан фақир-фуқоро водийсига оқаётган сув – ифлосдир. Пастдагилар ҳам бу ифлосликдан ўз насибини олмоқдалар. Ҳатто биз мунаввар деб суйган, зиёли деб алқаган жамоат ҳам бу ифлосликдан ўзини етарли даражда ҳимоя этаолмаган кўринади. Юз бераётган ҳалокат маънавий ҳалокатдир.Зиёли деганимиз кишидан зиё ўрнига ҳалокатли радиация нурлари таралмоқда бугун.

Инсон ўз ниятининг акс-тасвиридир.

Бу руҳий ҳақиқат Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига бўлган муносабатлар мисолида жуда яққол кўринди.

Бир зиёли деб ўйлаб юрганимиз киши Ҳаракат ташабусчиларини нега бу ҳаракатни бошлаганларини сўроққа тутиб, уларни Миллий Хавфсизлик Хизматининг лойиҳасини амалга оширишда, хатто МХХнинг қўғирчоқлигида айблайди.Айбларкан,инсофсизларча, ҳеч бир далилсиз, исботсиз, дабдурустдан, ҳаёсизларча айблайди. Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига ҳамма ишониши керакми? Йўқ, албатта. Куни кеча Озодлик радиосида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ҳақда мунозара бўлди, уни қўллаганлар орасида унга ишонмаганлар ҳам бор эди.

Масалан, жуда ҳурмат қилганимиз шоира Гулчеҳра Нуриллоҳ опамиз ҳаракатнинг амалга оширилиши мавжуд шароитда жуда қийин, деди ва буни зиёлига хос нозиклик билан айтди, ҳаракатни МХХ нинг лойиҳаси демади. Унинг ифодаси тарзи билан юкоридаги киши ифодаси орасида катта фарқ бор, бу – ният фарқидир.Опа яхши ниятли инсонлардан эди.

Абу Лаҳаб бир куни Пайгамбаримиз (сав) га қараб “Нақадар хунуксан, эй, Муҳаммад!” деганида Росулиллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам: “тўғри айтдинг”, деб жавоб берибди. Кейин Ҳазрати Абу Бакр келиб, ”Ё Росулаллоҳ, сен на хушрўй инсонсан!” деса, Пайғамбаримиз (сав) унга хам “тўғри айтдинг”, дея жавоб берибди. Бунга гувоҳ булган саҳобалар “Ё Росулиллоҳ. нечун ҳар иккаловига ҳам “тўғри айтдинг”, дединг, деб сўрашганида Оллоҳнинг сўнгги пайғамбари”Чунки менга қараб ҳар ким ўз аксини кўради”, деб жавоб берган экан.

Инсон ўз ниятининг акс-тасвиридир деганимда шу ҳақиқатни назарда тутгандим.

Бугун яхши ният билан йўлга чиққан ҳаракатимизга ифтиро қилаётганлар. бизнинг ҳаракатимизни ҳақорат қилаётганларнинг ҳаммаси унда ўз АКС тасвирларини кўрмоқда.

Агар шундай бўлмаганда эди, муфтарийлар бизга ҳаракатни “ўзини кўрсатиш учун” қурди, демаган бўларди. Ҳолбуки, Оллоҳу Таоло бизни ўзимизни кўрсатишга ҳеч муҳтож этмади. Доим кўриниб турдик, шаффоф бир уйда яшаган мисол, умримиз ҳамиша халқнинг кўз олдида ўтди.

Унутилдик, энди бироз тинч яшаймиз, деб умид қилган заҳот душманларимиз ҳаракатга кечди, бир ифтиро, бирор туҳмат уюштириб, исмимизни воқеаларнинг қоқ ўртасига ерлаштираверди,ҳеч унутмади бизни,унуттирмади. “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати – ММХ лойиҳаси” мақоласи муаллифи Каримов режимининг бу анъанасини давом эттираётган экан, бунда бизни айблаш бемаъниликдир.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати – халқи учун жон куйдирган ва, керак бўлса, жонини шу муқаддас йўлда беришга тайёр, қалбларида жаллод қўрқуси эмас, Оллоҳ қўрқуси бўлган мард инсонларнинг лойиҳасидир. Бу сафда бўлиш ҳар бир номусли инсон учун бир шараф, бир бурч бўлмоги керак.

25.04.2011

(157)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (507-509-саҳифалар.)

(давоми бор)