O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Инсон қадри

Инсон қадри
179 views
29 November 2012 - 14:57

22.09.2012 йил, Абдилло Тожибой Ўғли, Фахриддин Тиллаев ва мен Нуриддин Жуманиёзов, ўз-ўзини бошқарувчи, мардикорлар касаба уюшма ташкилотини тузиш ташкилий ишлари билан машғул пайтимизда, ИИВ ходимлари бизни кўчадан ҳибсга олдилар. Судга қоғоз тайёрлаб, 23.09.2012 бизни суд (Агар буни суд деб атаб бўлса) қилишдилар. Ҳар биримизни 7.235.500 сўм жаримага тортилар. Ҳукуматга ишончларини йўқотган ва бирлашиб, ўзларини ноҳақликдан ҳимоя қилишга жазм қилган мардикорлардан имзо йиққанимиз учун жаримага тортилдик. Расмийлар, ҳали мени бу жарима билан чеклаб қўйишмайдиганга ўхшайди.

Аҳли аёлим, қизим ва мен Тошкентда, ижарага квартирада яшаймиз. Бу ва бошқа воқеалардан кейин, участковой яшаётган хонадонимизга келиб, оиламни 72минг сўм жаримага тортиб кетибди. Уй эгасини хам 223.000 сўмга жаримага тортилибди. Участковой ёрдамчиси, мени квартира эгасига, воҳҳабчи деб тушунтирибди. Оддий фуқаро, вохҳабчи деганда, жуда бир даҳшатли ва золим одамни кўз олдига келтирадиган бўлган.

Каримовнинг қўрқитув сиёсатиниг бир қисми, халқни террорист ва ваҳҳобчилар билан қўрқитишга асосланган. Вахҳобчи сўзини эшитган квартира хўжайини, ёнимга етиб келиб, “квартирадан чиқинглар” деди. Вазиятни англаб, уй эгасига кимлигимни тушунтирдим. Хонадон эгаси, бир зум ўйга толгач, “правдист” экансиз-ку, яшайверинглар деди. Икки кун ўтгач, хонадон эгаси яна ёнимга келди ва шундай деди: Менга учасковой кун бермаяпти, сизларни уйдан чиқаришимни қаттиқ талаб қилаяпти, акс ҳолда менда проблема бўлар экан, деди. Ўзим яна участковойга бордим.

Бу уйнинг эгаси йўқ, эгасиз уйда квартирант яшаши мумкин эмас, деди. Эгасини топсангиз шартнома тузиб яшайверинг деди. Уйнинг эгаси ким? дедим квартира хўжайинидан. Мен, деди. Ҳокимият вакилининг ҳамда уй эгасининг гапи қовушмаяпти. Квартира эгасининг астойдил ҳаракати, бизни уйдан чиқиб кетишимизга мажбур қилаяпти. Аслида эса, бу расмий ҳукуматнинг, биз бошлаган ҳақ ишимизга маъмурий қоидалар орқали, ҳалақит беришнинг усулидир.

“Бу муқаддас ватанда, азиздир инсон” шиори, хилват кўчаларда ҳам осиғлиқ турган бу элда, бир парча қоғознинг нархи одамникидан анча баланд қўйилганига ачиндим. Бу муқаддас Ватан барчамизники. Жонажон ватанимизнинг миллионлаб фуқароларинг шахслари қадрланмаяпти. Чунки улар ишсиздирлар. Келажакка ишончсиздирлар. Ҳимоясиздирлар. Конституциямизнинг 34 моддасига асосланиб, мардикорлар касаба уюшмасини тузушга астойдил киришдик. Биз бошлаган ишимизнинг энг қимматли жойи шундаки, расмий ҳукумат эгаларининг сўзига, ишсиз халқ мутлақо ишонмаяпти. Жорий режимнинг инсон учун фойдаси ҳам, кераги ҳам йўқ эканини ҳамма тушунган.

Мардикорларни милиция пўписасидан ва ишлатиб ҳақини бермаётган алдоқчи иш берувчилардан ҳимоя қилаётганимиз учун, улар бизга ишонаяпти.
Шуниси этиборли-ки, уюшма аъзоларининг сони, бизга боғлиқ бўлмаган ҳолда , кундан кунга кўпайяпти. Илгари адолат ҳақида баҳслар кетаётган даврдан узоқлашишга ҳаракат қилаётган фуқораларимиз , энди адолатни излашга шай турибдилар. Милиция ходимлари билан рўпара келавериб, шуни англадикки, кучишлатар ташкилотлар ва бошқа давлат ташкилотлари таркибидаги ходимларнинг ҳам, бу режимга ишончлари сезиларли сусайган.

Жорий режим, сўнги босқичининг сўнги саналарини ўтаяпти.
Бу режим мазмунининг келиб чиқиш манбаи – коммунизм идеясидир.
Коммунизмда, одамга бир тўғрам нон берилиб, боши силанарди, идеология камчилигини сезганнинг эса, боши кесиларди.

Каримов режими қоидаси тубандагича: Нонингни ўзинг топ! Қандай қилиб? Ўзинг биласан. Режимга қарши келма, бошинг кетади.

Коммунизмда, инсоннинг йўқ қадри, бўяб кўрсатиларди.
Каримов режими, қадри йўқ инсонга, қадринг бўлса, кўрсат! деяпти.
Иккала режимда ҳам, инсон қадрсиз.

Нуриддин Жуманиёзов.
ЭРК ДП аъзоси.
Тошкент. 27.11.12.