O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Инсон ҳаёти юксалиш ва пастга инишлардан иборатдир…

Инсон ҳаёти юксалиш ва пастга инишлардан иборатдир…
149 views
05 March 2018 - 12:49

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

9-ҚИСМ

Уйга кирганида елкалари узра оғирлик ҳис этди. Бурчакдаги креслога ўтирди. Қорлиғашевнинг ғазабноклиги сабабини ўйларди. Профессор Денизнинг ҳуштак чалиши унинг жаҳлини чиқарганмиш.

–Мен китобни олган одамни тополмай, станциядан чиқсам, у сариқ тунғиз (профессор Дениз) майдонда xуштак чалиб, айланиб юрибди!, — деди жиғибийрони чиқиб Қорлиғашев, — расмий таклиф билан келмаган бўлсайди, унга кўрсатардим!…

Мавзу “йўқотилган китоб”дан очилса бас, Қорлиғашев профессор Денизга “сариқ тўнғиз”, Гулнорга “сиз яхши коммунист эмассиз”, деб бақира бошларди.

Гулнор авваллари Қорлиғашевга яқин бўлиш учун ғайрат қиларди, энди эса унинг ҳақиқий юзини кўра бошлаганди.

Қорлиғашев келишган одам ҳисобланарди. Мис рангли юзидаги чизгилар бир-бирига мутаносиб эди. Ёноқ суяклари бўртган, кўзлари унча чуқур эмасди. Орқага таралган тулқинли сочлари очик пешонасини бўрттириб кўрсатарди. Узун бўйи ва кенг елкалари унга қаҳрамон тусини берарди.

Гулнор ўзини Қорлиғашевга яхши кўрсатиш учун урунганини ичида тан олди. Ҳатто бир-бирини севсалар, уйланиб оила қуриш эҳтимолини ҳам ўйлаганига иқрор бўлди. Йўқ, бу қадар чуқур ўйламаслиги керак эди. Қорлиғашевнинг янги қиёфаси яна қайси шаклларга кириб, ўзгаришини кутиш лозим эди.

Қизиқ, Қорлиғашев Гулнорга ишини профессионал бажармагани учунми ёки уни севгани учунми бақирарди?
Ҳар ҳолда, Гулнорнинг юраги иккинчи эҳтимолга майл кўрсатарди. Гулнор ўзича “Қорлиғашевдан ўпкаламаслигим керак,” деган қарорга келди. Ўша китобни ҳам тезроқ топишга аҳд қилди.

Кўзи жавондаги китобларга тушди. Kалин жилдли биттасини суғуриб олди. Таникли турколог Радловнинг луғати эди: “Словаръ тюркских наречий”. Санага бокди: 1888 йил. “Юз йил ўтибди”, деб ўйлади Гулнор…

Эртаси кўн Гулнор учун омадли кун бўлди. Академияда учратган ёш олим “Гулнор, сизга бир нарса кўрсатаман,”, деб қолди. Гулнорни хонасига чакириб, қўлига қўлёзма ҳолида бир тўп қоғоз берди:

–“Туркчилик асослари”, — Aнвар ака ўзбекчага таржима килибди, — деди Одил Турсунов.

Гулнор аспирант Турсуновни яхши танимасди, бир неча марта Aнвар Mуроднинг уйида кўрганди.

–Буни менга беришингизни Aнвар Mурод айтдими?, — деди Гулнор.

–Йўк, ўқиш учун менга берганди, — деди ёш олим, — ўқиб бўлгандан кейин ўзинг ишонган биттасига берарсан, деганди. Мен сизга бераяпман, мана. Ёки сизда копияси борми бунинг?

–Йўк, Одилжон. Aнвар Mуроднинг бу китобни таржима қилганини мен ҳам эшитгандим. Аммо бир неча кундан бери дўстлардан хабар ололмадим. Сизга раҳмат, китобни тез ўқиб чиқаман, — деди Гулнор.

Гулнор китобни Академияда ажратилган хонасида ўқишни ўйлади. Китобни биров кўриб қолишидан қўрқди. Шу пайт хонада бирга ўтирадиган касбдош дугонаси келди, унга “бошим оғрияпти”, деди ва уйига жўнади.

Гулнор китобни ўқиб тугатганда, кўзларининг чарчаганини сезди. Ўрнидан туриб, керишди. Назарий китобнинг бу қадар содда тил билан ёзилишига xайратланди. Ёки бу соддалик Aнвар Mуродга оид эмасми? Китобнинг биринчи қисмидаги “соддалик”ни тушуниш мумкин эди, чунки бу қисм тарих ҳикоялари эди. Аммо “Иқтисодий туркчилик”, “Эстетик туркчилик” каби бўлимларнинг бунча содда ёзилишини тасаввур қилолмасди. Китоб муаллифи Гўкалпнинг “эстетика”ни ҳам унутмагани Aнвар Mуродни жуда севинтирган бўлса керак. Қорлиғашевнинг ўша Ёзувчилар Уюшмасида “тайёрлаган” мажлисида Aнвар Mуроднинг марксистик эстетикани зимдан танқид қилганини эслади Гулнор.

Гулнор китобни ўқиркан яна бир нарсани кашф этди. Илгарилари пантукизмни Туркия турклари ўйлаб чиқарган, деб ҳисобларди. Аслида, пантуркизмнинг туғилишида Совет турклари ҳам муҳим рол ўйнаган эканлар.

Гулнор рапорт ёзиши кераклигини эслади. Аммо ҳеч столга ўтиришни истамаётганди. ўзини “чарчаганман” деб алдамоқчи бўлди, “одам бир кунда шунча ишлайди-да”, деди ўзини овутиб, аммо овунолмади. Кийиниб кўчага чиқди.

Дарахтлардаги сарғая бошлаган япроқлар қиз юрагида ғалати сокинлик акс эттирди. Майдалаб ёғаётган ёмғир ҳам уни доим сокинлаштирарди. Аммо бу сафар бундай бўлмади. Юраги қаттиқ-қаттиқ урарди.
Ўқиган китобини эслади. Боғчасаройнинг бир кичик водийда жойлашгани, у ерда кичик уйда Исмоил Гаспринский яшаганини ўқиганди. Бу уйдa Гаспринский кичик матбаа қурганди. Гулнор матбаа машинасининг қоғоз рулонларини айлантираётганда чиқадиган сасларни эшитди.

Гулнор Академияга бориб, кутубхонадан Гаспринский чиқарган “Таржимон” газетасини топиб ўкишга карор килди. Шундан кейин рапортни ҳам ёзаман, деб ўйлади у.

Лекин “Таржимон”ни кутубхонадан олиш мумкин эмас эди. Газета таъқиқланган адабиётлар рўйхатида эди. Таъқиқланган адабиёт. Гулнор бу ҳақда илк бор чуқур ўйлади. Юз йил аввал чиққан газетанинг таъқиқланишини ҳеч тушунолмади.

Мактабда ва университетда ўқиган китобларини хотирлади. Инсонлар жамияти зиддият устига қурилганди. Воқеаларни ишлаб-чиқариш ва зиддият (диалектика) бошқарар эди. Ишлаб-чиқариш воситаларга эга бўлган ҳоким синф золимлар синфи эди. Халқни, айниқса, хотинларни жоҳиллик ичида яшатарди. Халқ ҳоким синфнинг шуурсиз лашкари эди. Хамза Ҳакимзода каби зиёлини қатл қилиш даражасида жоҳил эди халқ.

Гулнор юқорига қаради. Хамза Ҳакимзоданинг ҳайкали ҳашаматли эди. Фақат унинг бўйнидан қон оқарди.

Гулнор бўйнини силади, енгил терлабди. Изига қайтди. Уйга кириб, сочиқ билан намли сочларини артди. Кейин қогозларини столга қўйди. Оппоқ саҳифага бир нечта жумла ёзди…

Рапортни тугатганида ҳаяжони ҳам тугаганди. “Туркчилик асослари” қўлёзмасини катта конвертга жойлаштириб, устига рапортини қўйди.

–Mана, китоб ва мана рапорт сизга, ўртоқ Қорлиғашев, — деди ичида Гулнор.

Гулнор ўзидаги ҳиссиётни тафтиш қилди: бу ғурурми ёки бошқа нарсами? Корлиғашевнинг бақириқларига қарши жавобми? Бу фикрлар Гулнорни безовта қиларди.

У ўз худбинлиги учун гуноҳсиз бир одамни қурбон қилмоқчими? Одил Турсунов ёш “кандидат наук” эди. Домлалари унинг келажакда катта кимёгар олим бўлишини башорат қилишарди. Унинг Aнвар Mурод билан алоқасини ташкилот (КГБ) ҳали билмасди. Гулнор ҳам унинг Aнвар Mурод уйида ўтадиган мажлисларда бир-икки марта кўринганини рапортида ёзганди.

Аммо бу воқеа бошқа эди. Гап ўзбек халқи зеҳнида йиқувчи фикрларни уйғотадиган пропоганда воситаси ҳақида борарди. Одил Tурсунов бу китобни ўқигани етмагандай, иккинчи одамга бераётганди. Буни рапорт қилмаслик мумкин эмасди. Советлар мамлакатининг бутунлиги билан бир шахснинг ҳаётини қиёслаб бўлмасди.

Эшик тақиллади.

“Нега бунча қаттиқ урушади”, деб уйлади Гулнор ва эшикни очди. Остонада Қорлиғашев турарди. Сочлари ёмғирдан намланганди.

Ичкарига кириб плашчини ечди:

–Икки кун ўтди, ўртоқ Кунбоева, — деди Қорлиғашев, — сиз эса китобни ҳали ҳам топмадингиз!

–Китоб, мана, столда, рапортим ҳам шу ерда, — деди Гулнор жаҳли чиқиб.

–Яхши, — деди Қорлиғашев ва пакетни қўлига олди. Уни очаётиб, яна дағдаға қилди:

–Лекин нега менга бу ҳақда дарров хабар бермадингиз? Китобни қачон топдингиз? — деди у.

Гулнор учун бу бақириқ ортиқча эди. У бир неча ойдир-ки, ўз вазифасини холис бажарарди. Одамлар xакида батафсил “донос” ёзарди. Нима? Гулнор доносчи эдими? Бу сўзлар унинг шуурида илк бор портлади.

–Ўртоқ Қорлиғашев, менга ноҳақ бақираяпсиз, — деди овози титраб Гулнор, — сизга холис хизмат қилган одамга ноҳақ бақираяпсиз. Китоб бугун қўлимга тушди, уни ўқиб чиқдим ва рапортимни ёздим. Сизга эрталаб бермоқчи эдим.

Қорлиғашев плашчини кийиб, қўлига пакетини олди:

–Муҳим воқеаларни дарҳол телефонда билдиришингиз керак, ўртоқ Кунбоева, — деди у ва ташқарига чиқди.

–Даф бўл!, — деб юборди Гулнор чиқиб кетган одамнинг орқасидан.

Эшикни ҳам қарсиллатиб ёпганини сезди.

Келиб ётоққа узaнди. “Бу ландавурга яна нима керак мендан?”, деб ўйлади Гулнор. Деярли ҳар кун рапорт ёзиб турган бўлса…

Одил Tурсунов кўз олдига келди. Зиёли йигит китобни Гулнорга берар экан, унинг нияти яхши эди. Унинг нима гуноҳи бор эди?.. Гулнор келажакнинг буюк кимёгар олимини йўқ этиш учун илк қадам ташлаганди. Кошки, Қорлиғашевга эшикни очмаса!

Гулнор ўз ҳаёлларининг янги йўналишда кетаётганини ҳис этди, аммо буни тўхтатишга ҳаракат қилмади. “Даф бўлсин!”, деди яна шивирлаб Қорлиғашевга.

Гулнор ҳудди жаҳаннам оташида тургандай чирпина бошлаганди. Одил Турсунов каби ёш ва бегуноҳ одамнинг келажагини йўқ қилаётганди Гулнор…

Энди ҳаёлидан кечган фикрларни ҳам рапортга ёзиб ўзимни ҳам жазолантиришим керак, деб ўйлади Гулнор. Аммо руҳи сукунат тополмади, топиши ҳам мумкин эмасдай кўринарди. Шу пайт руҳини мажҳул бир бўшликдан оқиб чиқаётган сувга ташлади гўё. Сув тоза ва шаффоф эди. Ичи ювилди, чайилди қизнинг.

Туриб ойнага боқди. Ёноқларида титраб турган томчилар биллурдай порлади. Кулимсиради. Оппок тишлари тоза, масъум эди. Ечинмасдан ётоғига узанди, ухлаб қолди.

Уйғонганида соат етти бўлганди. Бу кеча қўрқинчли тушларни кўрмаганди. Теран, ҳузурли уйқу билан ухлаганди. Фақат юрагидаги ёнғин ҳали ҳам сўнмаганди.

Юзини ювди, сочини таради, нонушта қилмасдан, кўчага чиқди. Тонгда ярим соат юриш уни яйратди.

Эшикни Aнвар Mуроднинг хотини очди:

–Келинг, Гулнор, — деди у, — қалай, тинчликми?, — деди у.

–Тинчлик, Бахтигул опа, сиз билан нонушта қилай дедим, — деди Гулнор.
Бахтигул хоним:

–Aнвар, бу ёққа келинг, Гулнор келди, — дея эрини чақирди.
Aнвар Mурод зинапоядан тушаркан, “бир нарса бўлди”, деб уйлади. Чунки, Гулнор ҳеч қачон тонг соати келмаганди.

–Ассалому алайкум, Aнвар ака, сизни каллаи саҳарда безовта қилдим, узр, — деди Гулнор.

–Нима деяпсиз Гулнор, дўстлар истаган пайтда келиши табиийдир, — деди Aнвар Mурод.

Гулнор бўлган воқеаларни айтиб-айтмасликда яна тараддудлана бошлади.

–Сизни безовта қилдим, чунки жиддий бир хато қилдим, шуни айтишга келдим, — деди ниҳоят қиз.

–Қанақа хато, Гулнор?

Бахтигул хоним столга қўйган бир пиёла чой Гулнорга нафас ростлаш имконини берди.

–Мен сиз билан бўлган бутун суҳбатларимизни КГБга ихбор этиб келдим, — деди Гулнор.

–Ё Оллоҳим!, — деб юборди Бахтигул хоним ва қўлидаги лаганни столга қўйди-да, креслога ўзини ташлади.

–Ўзингни бос, Бахтигул, — деди Aнвар Mурод, — биз зотан Гулнорнинг аҳволини таҳмин қилгандик. Унга кейинги кунларда муҳим нарсалар ҳақида гапирмай қўйгандик…

–Қачондан бери, Aнвар ака?, — деди Гулнор.

–Сиз профессор Tурғут Дениз билан учрашгандан бери, — деди Aнвар Mурод.

Гулнор чойдан xўплади:

–Аммо “Туркчиликнинг асослари”ни олганимни сиз ҳали билмайсиз, — деди у Aнвар Mуродга қараб.

–Билмайман. Китобни кимдан олгандингиз?, — деди Aнвар Mурод.

–Одил Tусуновдан.

Aнвар Mурод Гулнор ҳақидаги шубҳаларини Одил Tурсуновга айтмаганини эслади.

–Китобни Турсуновдан олганингизни рапортда ёздингизми?, — деди Aнвар Mурод.

–Афсуски, ёздим, — деди Гулнор.

Ва кўзларидан тошиб келган кўзёшларини тутолмади. Бўғзига қичқириқлар тўлди. Бахтигул ёнига келди, юзини унинг елкасига қўйди, қаттиқ йиғлади.

Aнвар Mурод Одилни ўйлади. Бу ёш йигитга ачинарди. Aнвар унинг келажагига зомин бўлдим, деб ўзини айбларди.

–Сизни ҳам айтдим, — деди Гулнор ҳиккиллаб йиғлашда давом этаркан.

–Ҳечқиси йўқ. Улар шундоқ ҳам биз ҳаққимизда кўп нарса билишади. Сиз ўзингизни айблашни тўхтатинг. Бу ишда Одил кўпрок зарар кўради. Аммо бу иш бизга сизни қозонтирди.

–Аммо Oдил учун яхши бўлмади, — деди Гулнор.

–Тўғри, — деди Aнвар Mурод, — аммо бу ҳаракатга кўшилган ҳар ким бошига бир балолар келиши мумкинлигини аввалдан ҳисоблаган бўлиши керак. Мен аминман-ки, Одил xам бунинг ҳисобини қилган.
Гулнор бу қадар совуққон бўлолмасди. Инсон ҳаётини ҳисоб билан ўлчашни истамасди.

–Барибир Одил учун азоб чекаяпман, бунинг ягона сабабчиси менман, — деди Гулнор.

–Йўқ, Гулнор, менинг ҳам айбим бор. Уни сен ҳақда огоҳлантиришим лозим эди, — деди Aнвар Mурод.

Бу сўзларни сўйламаслиги керак эди. Aнвар Mурод яна эҳтиётсизлик қилиб, Гулнорни инжитдим, деб ўйлади.

–Ундай демоқчи эмасдим, Гулнор, — деди Aнвар Mурод, — мени тўғри тушунинг, сиз биз учун доим яқин эдингиз, ҳатто сиздан шубҳалана бошлаганимдан сўнг ҳам…

–Балки Қорлиғашевга китобни бермаслигим керак эди. Кеча кўп иккиландим. У одам уйимга келиб китобни ва рапортни олди, — деди Гулнор.

Демак, айни Қорлиғашев. Нима бўлса бўлди, деб ўйлади Aнвар Mурод. Гулнорнинг кўнглини олиш, юпатиш лозим эди.

–Гулнор, — деди Aнвар Mурод, — инсон ҳаёти юксалиш ва пастга инишлардан иборатдир. Хато қилмаган одам дунёда йўқ. Хатто шуни айтиш мумкин-ки, хато қилмаган инсон инсон эмас. Менинг ҳам, Бахтигулнинг ҳам ҳаётида хатолар бор ва шу маънода инсонмиз. Энди хатоларнинг устидан юриш замони келди. Улардан дарс олиб, устидан юриб кетасан. Хатоларга асир тушишдан ўзингизни асранг.

Aнвар Mурод узун гаплашни ёқтирмасди. Узун гаплашнинг таъсири оз бўлади, дерди. Ва сўзини қисқа кесди:

–Сиз ҳам ўз хатоларингиздан дарс олинг, — деди у.

–Одатдагидай чиройли гапирдингиз Aнвар ака, раҳмат сизга, — деди Гулнор.

Унинг юрак урушлари сокинлашиб, овозидаги титроқ йўқолган эди.

–Менинг чекадиган азобим яна давом этадиганга ўхшайди, Aнвар ака, — деди Гулнор, — бундай даҳшатли хатонинг устидан юриб, унутиб кетишим қийин бўлса керак. Мени юпатиш учун гапираётганингизни биламан, Aнвар ака. Инсон хато қилади, аммо жазосини ҳам тортиши керак, менимча…

–Қалб сасини тингласангиз етар, Гулнор. У сизга тўғри йўл кўрсатади. Бу ерга қалб амри билан келгандингиз, бундан кейин ҳам унинг айтганини қилсангиз янглишмайсиз, — деди Aнвар Mурод.

Бахтигул эрининг вазиятни юмшатганини англади. Гулнор ўрнидан туриб, хайр-маъзур қилди:

–Катта раҳмат, Бахтигул опа. Иншоллоҳ, Aнвар акам мени бундан кейин ҳам қабул этар…

–Буни биз эшитмадик ҳисобла, Гулнор. Эшигимиз сенга ҳар доим очиқ, унутма, — деди Бахтигул хоним.

Ва Гулнорнинг орқасидан қараб қолди.

(давоми бор)