Сўзбоши ўрнида
Бу китобчани икки йилдир ёзиб битира олмайман. Ҳар ҳолда битира олмасдан, шу ҳолида ўқувчилар билан баҳам кўрсам керак. Чунки инсонни инсоннинг тўлиқ таъриф этиши имконсиз эканлигини тушунганга ўхшайман. Шундай бўлса ҳам аввал инсон ҳақида Ҳақнинг далилларига суяниб, кейин ўз фикрларимни айтишга журъат этдим:
Инсон- ақлли мавжудот дейишади, фақат бу энг жўн таърифдир. Қолаверса, инсон ҳар замон ҳам ақлли мавжудот бўла олмайди. Инсонлар ичида, ҳикматини Ўзи билади, Аллоҳ ақлдан жудо қилганлари (жиннилари) бўлгани каби, ақлини тўғри ишлатмайдиганлари ҳам анчагинадир.
Инсон дейилганда аввало кўз ўнгимизга унинг вужуди келади. Инсон вужуди қолган барча мавжудотлар ичида ҳақиқатдан ҳам энг мукаммалидир, аммо инсонни энг кам таъриф этадиган “қисми” ҳам унинг вужудидир…
Инсоннинг асоси руҳидир, дейиш тўғри бўлса керак. Зеро, руҳсиз инсон ўлик (мавт)дир. Мавт эса тупроққа топширилиб, кейин чиришга маҳкумдир. Руҳ ҳақида инсонга кўп илм берилмаган. Аммо шу маълумки, инсон руҳи унга, яъни инсон вужудига, ақлига, қалбига, нафсига жон, ҳаёт бағишлайди. Руҳнинг вазифаси мана шундан иборат. Руҳдан жон оладиган ақл, нафс, қалб ва вужуд (қисман) ўз қилмишлари учун масъул бўладилар. Вужуд ўз бошича ҳаракат қила олмайди, унинг қилмиши аслида қалбнинг, нафснинг ва ақлнинг қилмиши ёки бу уч “аъзо” биргаликда қарор берган қилмишлардир. Шунга қарамасдан вужуд ҳам масъулдир, охиратда аҳли жаҳаннамнинг териси алмаштириб турилади, дўзах азобини қаттиқроқ чексин, деб. Қўллар ва оёқлар ўз эгаларига қарши гувоҳлик берадилар, оғизга эса муҳр урилади, шу билан тил ҳам охиратда дунёдаги каби ёлғон сўзлай олмайди…
Аллоҳ таоло, “Шубҳасиз инсонни энг яхши суратда (шаклда) яратган, кейин уни (баъзиларини) пасткашликнинг энг паст даражасига туширган”, (Тийн сураси 4 оят).
Инсонга мана шу ҳудудда баҳо берилса тўғри бўлади: бир томонда мукаммаллик, бошқа томонда эса пасткашликнинг энг пасткашлиги…Инсоннинг қандай ҳолда эканлигини унинг тили, юзи (нури ёки нурсизлиги), кўзи (осуда ёки бесаранжом нигоҳлари) айтиб туради…
Инсоннинг қандай ҳолда эканлиги қалбининг ҳолига (тириклиги, салимлиги ёки тошдай, унданда баттар қаттиқлашганлиги), ақллилик даражасига (ақлини тўғри ишлатишлиги ёки ишлатмаслиги) ва нафсининг ҳоли (мутмаинлиги, амморалиги, лаввомалиги, яъни ўзини айблаши)га боғлиқдир.
Инсон вужуди 90 триллион ҳужайрадан иборат. Бу ҳужайраларнинг фақат сони эмас, улар фаолиятининг ўзаро мутаносиблиги ҳам инсоннинг мукаммал яратилганига далилдир. Ишониш қийин, аммо шу 90 триллион ҳужайра бир бири билан тўқнашмасдан ва “жанжаллашмасдан” фаолият олиб борадилар. У ҳолда инсоннинг Яратувчиси, оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло ҳеч шубҳасиз ҳар нарсага қодир ва улуғ Зотдир…
Инсон ёлғиз ҳолида анча тушунарли ва мулойим мавжудотдир, аммо ижтимоий муносабатлар доирасида инсон ҳақиқий маънода яхшилигини ёки ёмонлигини намоён қила бошлайди. Инсон аслида ҳам ижтимоий ҳаёт учун яратилгандир, чунки унинг ёлғиз яшашини тасаввур қилиш қийин, дейлик умрининг дастлабки 30 ёки 40 йилини ёлғизликда ўтказган инсонга (бундай ҳоллар инсоният тарихида учраган) ҳақиқий маънода инсон, дейиш нақадар тўғри бўлади? Ҳеч ким билан гаплашмаган, на яхшилик, на да ёмонлик қилмаган, муҳр муҳаббат кўрмаган ва кўрсатмаган, жабру жафо кўрмаган, ота онасини танимайдиган, бола чақаси, оиласи бўлмаган, севмаган, севилмаган, нафрат қилмаган ва инсонлар ёмонлигидан ҳазар қилмаган, меҳнат қилиб роҳатини кўрмаган, зулмга учраб адолатни қўмсамаган бир “инсон” типи…
Инсон таърифининг энг асосийларидан бири унинг Абдусомад, яъни эҳтиёж соҳиби бўлишидир. Бу маънода инсон албатта мукаммал ҳисобланмайди. Инсон ҳавога ҳам, сувга ҳам, таомга ҳам, кийим кечакка ҳам, ижтимоий муносабатларга ҳам муҳтождир. Бу муҳтожликлари инсонни ижтимоий ҳаётга ва бу ҳаётнинг саҳифалари бўлган оилага, мактабга, меҳнат майдонига, иқтисодга, сиёсатга, маданиятга, дину диёнатга етаклайди. Инсон ҳаётнинг бу саҳифаларига кириб келар экан, буни табиийлик ўрнида кўради, мен нега бу ердаман, деб сўраб ўтирмайди…
Инсон иловаларга ҳам ташна ва муҳтождир. Масалан, инсонни исмсиз тасаввур қилиб бўлмайди, инсоннинг исми жисмига кийим кечагидан ҳам кўра “ёпишиб” кетгандир. Шундай иловалардан бири замонамизнинг ижоди “паспортдир”. Бу замонда инсоннинг ўзидан кўра кўп ҳолларда унинг ёнида олиб юрадигани турли қозоғлари (гувоҳномалари) муҳимроқдир…
Инсонни аввал эҳтиёжлари ҳаракатга келтиради. Яъни, нафси уни қитиқлайди (старт беради) ва инсон ҳар куни нонуштага (ювиниб тарангандан кейин) ўтиради. Кейин яна нафсининг истакларига (бу истакларни қалб ва ақл қайта кўздан кечириши мумкин) жавобан кўчага, яъни мактабга, иш жойига, бозорга ёки саёҳатга отланади…
Демак, руҳ инсонга жон, ҳаёт беради. Шу шаклда инсоннинг вужуди, ақли, нафси ва қалби фаолиятга кечади. Дастлаб нафс ниманидир истайди. Қалби тош каби қотган, ақли нафсининг қулига айланган “инсон”ларда нафснинг истаклари “қайта ишланмай”, хомлигича унинг фаолиятига асос бўлади. Қалби салим, ақли “албаб” ҳолида бўлган инсонларда ақл ва қалб нафснинг бу истакларини тафтиш қилади, нафснинг истаклари бу шаклда “арраланади ёки рандаланади…”. Кейин истак ниҳоий шаклини олади ва инсон ҳақиқий инсон сифатида шахсий ва ижтимоий фаолиятга бошлайди…
Ассалому алайкум, эй қалби тирик ва ақли салим Инсон!
Намоз Нормўмин
11.06.2013