O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Инсон ҳақида ўрганганларим (3)

Инсон ҳақида ўрганганларим (3)
418 views
21 June 2013 - 5:18

Инсон Вужуди

Инсон вужуди уни зоҳиран тамсил қилади. Зеро инсон дейилганда аввало унинг ташқи кўриниши, яъни вужуди назарда тутилади. Инсон вужуди Аллоҳ таоло тарафидан мукаммал лойиҳаланган бўлиб, вужуд фаолиятида одатда номутаносиблик кўрилмайди. Яъни инсоннинг ич органлари инсон иродасидан мустақил фаолият кўрсатишлари каби, унинг кўринадиган органлари ҳам ўз фаолиятларини ва ўзаро ҳамкорликларини бенуқсон амалга оширадилар. Шу билан бирга инсоннинг кўринадиган фаолиятлари унинг руҳи, қалби, ақли ва нафсининг хусусиятлари билан бевосита боғлиқдир. Бу боғликликда бирор фаолиятнинг бошланиши ва тугалланиши баъзан  яшин тезлигида амалга ошиши ҳам мумкин. Масалан, кўзнинг очиб юмилиши шундай фаолиятлардан биридир. Бирор бир мақсадда кўзини очиб юмишни истаган киши буни ҳамон амалга ошира олсада, бу фаолият ақл, онг, мия ва кўз мускулларининг ҳамкорлиги билан амалга ошади.INSON

Инсон вужудининг энг муҳим парчалари юрак, мия, жигар, ўпка, буйрак, меъда, ичак, кўз, қулоқ, тил, тери, суяк ва мускуллардир. Яна инсон вужудида ўзига хос алоҳида органлар ҳам бордир. Буларга мисол сифатида гормон таъминлайдиган ёки бу фаолиятни бошқарадиган гипофиз, ошқозон ости, буйрак усти, простат безларини ва жинсий органларни айтишимиз мумкин. Инсон вужуди жисмоний фаолиятни амалга оширади ва бу нуқтаи назардан унинг бошқарилишида аввало инсон миясининг роли ниҳоятда муҳимдир. Бош чаноғининг ичида жойлашган мия чап ва ўнг қисмларга бўлинади ва у умуртқа поғонасида жойлашган орқа мияга уланиб кетади. Инсон мияси мураккаб ва зарралар даражасида фаолият олиб бориладиган бир бошқарув марказидир. Халқ ичида ақлсиз кишиларга миясиз ёки эшакмия, дейилиши бежиз эмасдир. Инсон миясининг ақл фаолиятига бевосита алоқаси бўлмаса ҳам билвосита алоқаси бордир. Бу биринчидан, инсон миясининг онгга ёки ҳушга (русчаси сознание) ётоқ (ўзан) бўлиши, иккинчидан эса ақлнинг малзамаси бўлган билиш жараёнининг аввало миядаги беш сезги марказида тўпланиши туфайлидир. Бу беш сезги маълум бўлгани каби кўриш, эшитиш, ҳидлаш, таъм билиш, ушлаб ҳис қилишдир. Мия фаолиятининг у ёки бу сабабга кўра бузилиши (мия жароҳати, жигар ёки бошқа органлар фаолиятининг жиддий етарсизлиги) натижасида инсон комага киради. Яъни, ҳушсиз ҳолда бўлади. Инсон шууриз ҳолга тушади. Бу миянинг шуур ёки ҳушга (сознание) ётоқ (ўзан) эканлигига далилдир.

Бош мия ўзининг бошқарув вазифасини орқа мия ва ундан давом этадиган нерв (асаб) томирлари орқали амалга оширади. Миянинг ўз вазифасини бажаришида вегетатив нерв тизимнинг ўрни ўта муҳимдир. Инсоннинг мускуллари соматик нерв томирлари ёрдамида ҳаракатга келади. Аммо ички органларнинг вазифасини бошқарадиган вегетатив мия тизимининг фаолияти ўзининг мураккаблиги билан ажралиб туради…

Инсон юраги шубҳасиз вужуднинг маркази ҳисобланади. Бу ҳақда пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)нинг ҳадисларида шундай дейилади: “Инсон вужудида бир эт парчаси бордир. Бу эт парчаси соғлом эса бутун вужуд соғломдир. У хаста эса бутун вужуд хастадир. Бу эт парчаси қалбдир (юракдир)”.

Араб тилида қалб дейилганда аввало юрак назарда тутилади. Аммо қалб фақат юракдангина иборат эмас. Қалб айни пайтда юракнинг кўринмайдиган жиҳати ҳамдир. Худди руҳ ва нафс вужуднинг кўринмайдиган жиҳати бўлгани каби… Демак, қалб дейилганда вужуднинг парчаси бўлган юрак ҳамда унинг кўринмас тарафи бўлган қалб ҳам тушунилади. Шунинг учун ҳам юқоридаги  ҳадиси шарифда ифодаланган маъно инсон юрагига тааллуқли бўлгани каби қалбига ҳам тааллуқлидир. Яъни, юрак хасталиклари (масалан инфаркт хасталиги) бутун вужуднинг хасталанишига олиб келиши мумкин. Худди шундай қалб имон марказидир (ётоғи ёки ўзанидир) ва қалб бу маънода хасаталанадиган бўлса инсоннинг бутун ҳаёти ва тушунчалари хасталикка чалиниши мумкин. Қуръони Карим мунофиқларни таъриф қилар экан, уларнинг қалбида хасталик борлигини таъкидлайди:

“Уларнинг (мунофиқларнинг) қалбларида хасталик бор. Аллоҳ хасталикларини зиёда қилди. Ва уларга ёлғон гапирганлари учун аламли азоб бор”. (Бақара сураси 10)

Инсон юрагининг асосий вазифаси вужуд органларига қон етказиб беришдир. Қон эса вужуд ҳужайраларини озиқ моддалар ва кислород билан таъминловчи воситадир. Қонда эритроцитлар (қизил ҳужайралар), лейкоцитлар (оқ ҳужайралар), тромбоцитлар каби ҳужайралар бордир. Эритроцитлардаги гемоглобин моддаси махсус вазифани, яъни ҳужайраларга кислород олиб бориш вазифасини бажаради. Инсон кўзи кислород зарраларини кўра олмагани каби, инсонларнинг кўпчилиги ўзларида гемоглобин моддаси борлигини ва унинг жуда муҳим вазифаси борлигини билмайдилар ва ёки бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Субҳаноллоҳ, инсоннинг ўзи билмайдиган хусусиятларни унга ато қилган Аллоҳ таоло нақадар буюкдир…

Жигар қорин бўшлигининг ўнг тарафида жойлашган бўлиб, унинг асосий вазифаси “лаборотория” ишидир. Яъни, жигар меъдада парчаланган ва ичакларда сўрилган озиқ овқат моддаларини ҳужайралар учун ҳазм ҳолига келтирадиган марказдир. Бу маънода жигарнинг инсон вужуди учун аҳамияти юрак ва миянинг аҳамиятидан асло кам эмас. Ўзбеклар бекорга яхши кўрган кишиларига “жоним-жигарим”, дея хитоб қилмайдилар. Жигарнинг қаттиқ жароҳатланиши ёки хасталаниши натижасида мия ўз вазифасини бажара олмай қолиши ва баъзи ҳолларда эса инсон жинни бўлиб қолиши мумкин. Бунинг сабаби жигарга етган жароҳат натижасида у “лаборотория” вазифасини етарли даражада бажара олмайди ва қон заҳарли моддаларга тўлади. Бу эса ўз ўрнида мия ҳужайраларининг шикастланишига олиб келади. Мия юқорида айтилгани каби онг (ҳуш)нинг ўзани, онг эса ўз ўрнида ақлнинг қисмий ўзани ҳисоблангани учун, мияга етган зарар шуурга, шуурга етган зарар эса ақлга таъсир қилади…

Буйракларнинг вазифаси жигарда ҳозирланган урин (сийдик) моддасини қондан ажратиб олиш ва уни ташқарига узатишдир. Шу билан бирга буйрак устидаги безлар алоҳида гормон ишлаб чиқарадилар. Бу адреналин ва норадреналин дейиладиган гормонлар организмдаги модда алмашумида ва бошқарувида ниҳоятда муҳим роль ўйнайдилар. Буйрак усти безларининг баъзи ҳужайралари эса кортикостероид гормонларини ишлаб чиқаришда қатнашади…

Инсоннинг инсонийлик фаолиятида шубҳасиз кўз, қулоқ, бурун, тил каби органларнинг ўрни беқиёсдир. Зеро бу органларсиз инсон ҳақидаги  тасаввур тўлиқ бўлмаслиги каби, уларнинг ўз вазифаларини бажара олмаслиги эса инсонни ҳақиқий маънода “инвалид” ҳолатига келтиради. Фақат вужуднинг бу органлари инсоннинг моҳиятини белгилашда асосий ролни ўйнамаслиги ҳам бир ҳақиқатдир. Зеро, инсонлар ичида кўзи шикастланмаган ҳолда ҳақиқатни кўрмайдиган, қулоғу бору уни эшитмайдиганлар, қалби бору ақл юритмайдиганлар сон-саноқсиздир…

“Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг қалблари бору тушуна олмаслар. Кўзлари бору кўра олмаслар. Қулоқлари бору эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар.” (Аъроф сураси 179)

Бу органлар ичида тилнинг фаолияти ҳақида қисқача тўхталамиз. Тарихда инсонлар жиноятчиларни ёки душманларини қулоқ ва бурунларини кесиш ёки кўзларига мил тортиш билан жазолантирган замонлар бўлган. Қуръони Каримда ҳам жароҳатланган вужуд қисми муқобилида жиноятчиларга жазо бериш кераклиги таъкилданади:

“Биз унда уларга жонга–жон, кўзга–кўз, бурунга–бурун, қулоққа–қулоқ, тишга–тиш ва жароҳатларда қасос вожиб, деб ёздик. Ким у(қасос)ни кечиб юборса, бу унга каффоротдир. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар золимлардир. (Яъни, Биз Тавротда яҳудийларга жиноятчилардан қасос олишни вожиб деб ёздик. Жонга–жон, яъни, одам ўлдирганнинг ўзи ҳам ўлдирилади. Кўзга–кўз, яъни, бировнинг кўзини кўр қилгандан унинг ҳам кўзини кўр қилиш ила қасос олинади. Бурун, қулоқ, тиш ва бошқа аъзолар, шунингдек, етган жароҳатларга ҳам шунга ўхшатиб қасос олинади. Ушбу ҳукм Ислом шариатида ҳам ўзгартирилмасдан қабул қилинган.)” (Моида сураси 45) (Қаранг: http://www.quran.uz/tarjima/quran/5)

Аммо жазо сифатида тилни кесиш камдан-кам учраган бўлса керак. Шахсан мен бундай жазо шаклини ўқимаганман. Ҳолбуки, инсоннинг ўзини ифодалаши ва ўзгаларни таъриф этиши тил, яъни гапириш орқали амалга ошади. Бошқа сўз билан айтганда тил инсоннинг маънавий (сўзлаш) ва моддий (инсон тили таомни чайнаш ва меъдага узатишда қатнашади) тараққиётида энг асосий ўйнайди. Бу маънода қусурли (инвалид) инсонларнинг энг ночорлари тилсиз (гунг) инсонлардир. Албатта инсоннинг гапириши аввало қалбининг, ақлининг ва нафсининг маҳсулидир. Кўриш, эшитиш, ҳис қилиш, ҳид билиш каби хусусиятлар ва булардан олинган таассуротлар бош миядан онгга ва ундан кейин ақлга узатилади. Киши имонли эса бу таассуротларнинг фойдалиларини ақл имонга “имзолатади” ва бу шаклда олинган натижа сўз ёки амал сифатида ўртага чиқади.

Сўз Қуръони Каримда калом ва ҳадис шаклларида ифодалангандир. Ва албатта Сўз аввало оламларнинг Парвардиго Аллоҳ субаҳанаҳу ва таолонинг Сўзи-Қуръони Каримдир.

“Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур. Кимни Аллоҳ залолатига кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ. (Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. «Такрорланадиган» бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади. Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бундай бўлиши яхшилик аломатидир.)” (Зумар сураси 23)

“Роббингнинг сўзлари содиқлик ва адолат ила батамом бўлди. Унинг сўзларини ўзгартувчи йўқ. Ва У яхши эшитгувчи ва яхши билгувчи зотдир”. (Анъом сураси 115)

Сўзнинг энг муҳим маъноларидан бири аҳдлашув, яъни шартномадир:

“Аллоҳ Набийлардан: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз,–деб аҳду паймонларини олиб туриб:–Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», деди. (Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда: ҳамма Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланишган. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб туриб, ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб туриб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда. Демак, Пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган Пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келишган. Уларнинг барчалари бир силсиланинг халқларидир.)” (Оли имрон 81)

Зеро Аллоҳ таоло Одам (ас)нинг зурриётларидан аввал бошданоқ сўз олган эди:

“Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғанасидан, қиёмат куни, бундан ғофил эдик, демасликларингиз учун, зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: «Роббингиз эмасманми?» деганида; «Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!» деганларини эсла. (Аллоҳ таоло Ўзига маълум бўлган бир пайтда, даври қиёматгача дунёга келадиган барча одамларни оталарининг сулбидан уруғликларни чиқариб олган ва ўша уруғликларга «Роббингиз эмасманми?!» деб савол берган. Мазкур илоҳий саволга ҳамма зурриётлар «Худди шундай», яъни, албатта, сен Роббимизсан, «гувоҳ бўлдик», деб жавоб беришган. Шунга биноан инсон уруғлик пайтида, яъни, она қорнига ўтганда ва инсон бўлиб яралганда, Аллоҳнинг Робб эканлигини эътироф этгувчи табиат соҳиби бўлади.)” (Аъроф сураси 172)

Аммо Аллоҳ таолога берган сўзларини-аҳдларини бузадиганлар доимо топилган:

“Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар, албатта, ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва покламас. Уларга аламли азоблар бор” (Оли Имрон сураси 71).

“Аллоҳ китоб берилганлардан, албатта, уни одамларга баён қиласиз ва беркитмайсиз, деб аҳд олганини эсла. Бас, уни ортларига қаратиб отдилар ва арзон нархга сотдилар. Сотиб олган нарсалари қандай ҳам ёмон! (Ояти каримада аҳли китобларнинг, хусусан, яҳудийларнинг аҳдни бузиб, хиёнат қилишлари ўзига хос услуб ила баён этиляпти. Аслида, Аллоҳ уларга китоб бераётган пайтда, бу китобни албатта, одамларга баён қиласиз ва беркитмайсиз, деб аҳд олган эди. Жумладан, улар келишининг хабари ўз китобларида берилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг васфлари ва у киши ҳақидаги маълумотларни беркитмасдан одамларга баён қилишлари керак эди. Улар рози бўлиб, аҳд бериб олган бўлсалар ҳам, аҳдни буздилар.)” (Оли имрон сураси 187)

Инсонларнинг сўзларидан қайси бири тўғри ва қайсиси ёлғон эканлигини аниқлаб берадиган ҳам ҳеч шубҳасиз Аллоҳ толонинг каломидир.

“Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва «Албатта, мен мусулмонларданман!» деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?! (Дунёдаги энг гўзал сўз Аллоҳ таоло йўлига чақирувчи сўздир. Дунёдаги энг гўзал сўзловчи Аллоҳ таолога даъват қилувчининг ўзидир. Аммо ўша сўзнинг ҳақиқатда гўзал бўлиши ва ўша сўзловчининг ўзи энг гўзал сўзловчи бўлиши учун қуруқ даъватнинг ўзи етмайди. Балки даъват билан бирга, солиҳ амал бўлиши ҳамда: «Албатта, мен мусулмонларданман», дейиши керак. Ана ўшандагина, у одам энг гўзал сўз сўзлаган бўлади. Зеро, фақат мусулмонлиги туфайли шу фазлга эга бўлгандир.)” (Фуссилат сураси 33)

“Бандаларимга айтгин, улар энг гўзал бўлган нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир. Албатта, шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир. (Исро сураси 53)

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар”. (Аҳзоб сураси 70)

Сўзларнинг ёлғони Аллоҳ таолога, ундан кейин бандаларига бўҳтон қилишдан иборатдир:

“Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарганлардан ҳам кўра золимроқ кимса борми? Албатта, золимлар нажот топмаслар.” (Анъом сураси 21)

Ёлғон сўзнинг муаллифлари шайтонлар ва уларнинг малайларидир:

“Бас, Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғон гапирганлари учун Унга рўбарў бўладиган кунгача қалбларида нифоқни оқибат қилиб қўйди.” (Тавба сураси 77)

Бундай ёлғончилар аввало ўзларини сўнгра ўзгаларни алдайдиган мунофиқсифат кимсалардир.

Сўз инсон фаолиятининг тамомини ўз ичига оладиган бир хусусиятдир. Инсон аввало калимаи шаҳодатни айтиш билан мусулмон бўлади ёки илоҳий ҳақиқатларни ёлғон дейиш билан куфрга кетади. Шунингдек, сўз воситаси билан ўзгалар билан яхши ёки ёмон муносабатда бўлади, ҳисларини ва туйғуларини, севгисини ва нафратини ифода қилади. Қисқача айтадиган бўлсак, тил инсоннинг алмаштириб бўлмайдиган қуроли ҳисобланади. Ўзбеклар “ яхши сўз билан илон инидан, ёмон сўз бидан қилич қинидан чиқади”, дейдилар. Тилни таърифнинг муқаддимасида тарихда тилни кесиш жазосининг унча кўп учрамаганлигини айтган эдик. Аммо охиратда инсонларнинг баъзилари сўз сўзлаш ҳаққидан маҳрум бўладилар. Уларнинг тиллари ўрнига қўллари сўзлайдилар:

“Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур. (Жиноятчиларнинг оғизлари муҳрлаб қўйилади, бошқа аъзолари шоҳидлик бера бошлайди. Қўли гапиради, оёғи гувоҳлик беради.)” (Ёсин сураси 65)

(давоми бор)

Намоз Нормўмин

Биринчи мақола: uzerk.org

Иккинчи мақола: uzerk.org