O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Инсоф борми..!

Инсоф борми..!
406 views
07 May 2016 - 6:00

396_001Абдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(34-қисм)

Покизалик хусусида исломнинг қатьий ҳукмлари шулардан иборат… Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик-а, биз шу фармойишларга амал қиламизми? Бахтга қарши атрофга боқсак, бу амрларга хилоф иш тутишимизни кўрамиз. Биздаги бу паришонлик ва хароблик қандай ҳолат ўзи? Бечора саҳройиларимиз йилда минглаб болаларини ифлослик қурбони қиладилар. Ёзда мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси бир мажруҳхона шаклига киради. Азиз миллатимизнинг бир қисми бошдан то оёқларигача чирку ифлосликка ғарқ бўлиб юрадилар. Тиббиётдан маълумки, кўп жароҳатларга фақатгина ювиб, тозалаш орқали ҳам барҳам бериш мумкин.

Одамларимизнинг бир қисми либосларининг кирлиги билан фахрланиб ҳам юрадилар. Ҳожиларимизнинг ҳолига бир бора назар ташлангчи? Бу жаноблар муаззам Каъбани ва Расулуллоҳ қабрларини зиёрат қилишга борадилар. Бутун сафар давомида бир марта кийимларини алмаштирадилар, у ҳам бўлса эҳром боғлаш учун. Ҳар бир шаҳарда бир-икки кун турсалар, ўша шаҳар аҳолиси устиларидан кулиб, бегона тилларда ислом динига нисбатан таънаю дашномлар айтадилар. Айнан шу ҳожилар сабаб бўлиб, бугун фарангликлар динимизни ифлосларнинг дини, деб атайдилар, баъзи йирик Оврўпа давлатлари эса ювинишни ҳаж манъ қилган деб ўйлайдилар. Булар ҳар йили бир кичкина шаҳарга минглаб ифлос одамлар келиб жамоат бўладилар, бу қадар ифлос жамоадан вабо пайдо бўлиб, ҳаж тамом бўлгач, уларнинг ҳар бири ўз мамлакатига бу касалликларни юклаб олиб кетади. Шу сабабдан инсоният ҳар йили нобудгарчиликка учрамоқда.

Инсоф борми..! Наҳот бегоналарнинг шу барча таънаю маломатларини динимизга, ўзимизга раво кўрсак? Бутун дунё одамларининг биздан нафратланишларига қандай қилиб рози бўламиз? Жаҳон халқларининг орасида шунча бемазагарчиликлар билан қай тарзда ёнма-ён яшаб келамиз? Шунча расвогарчиликлар билан Жазо куни Расулуллоҳ ҳузурларида қандоқ ҳолда турамиз? Илоҳий амрларнинг бирортасига амал қилмай, ўзимизни мусулмон ҳисоблашимизда нима маъно бор? Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломни бегоналарнинг маломати остида қолдириб, яна зиёратларига бориш нима фойда беради?

Бугун бизнинг орамиздаги баъзи азизлар покиза кийим кийиб, баданни тоза тутиб юришни, бошқача қилиб айтганда, зийнатланиб юришни ислом динига хилоф деб биладилар.

Кони жаҳолат! Бу фикр мутлақо шариатга хилоф. Аксинча, дини ислом бизга доимо тоза бўлиб, чиройли ва озода либосларда юришни буюради… «Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни, тоза либосда бўлингиз) ҳамда хоҳлаганингизча еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилгувчи кимсаларни севмас. Айтинг, (Эй Муҳаммад): Аллоҳ бандалари учун чиқарган безак (либосларни) ва ҳалол-пок ризқларни ким ҳаром қилди?»237

Шу ерда яна ҳадислардан мисол келтирмоқчимиз: «Либосингизни тоза тутинг ва одамларнинг назарига чиқмасдан олдин уловларингизни тузатинг». Ойша разияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен хушбўй атримдан Пайғамбарга суртиб қўярдим, унинг ҳиди бошлари ва муборак соқолларидан ҳам таралиб турарди». Покизалик хусусида шу ҳадисларни уқдингиз, энди қулоқ тутинг, ислом дини ифлосликни қай тариқа манъ этаркин.

Мўминларнинг онаси Ойша разияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбаримизнинг саодат замонларида одамлар жума намози учун шаҳар чеккаларидан Мадинага келардилар, йўлда бош ва юз-кўзларига чангу ғубор қўниб, терлаб кетардилар. Бир кун шу хилда бир одам Расули акрам ҳузурларига кирганда Пайғамбаримиз: «Шу бугун покиза бўлиб келсангиз нима бўларди?!» — деган эканлар.

Пайғамбаримиздан яна шу хилдаги ҳадис ворид238 бўлганки, айтганлар: «Саримсоқ пиёз еган одам бизнинг ҳузуримизга келмасин, уйда ўтирсин». Аммо зийнатни ҳаддан ортиқ қилиш исрофга киради, шунинг учун зийнатнинг ортиғи жоиз эмас.

(давоми бор)

237.Куръони карим, Аъроф сураси, 31—32-оятлар.
238.Ворид бўлмоқ — нақл қилинмоқ.