O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Интернет ва Диктаторлар: Ким кучли?

Интернет ва Диктаторлар: Ким кучли?
17 views
14 August 2012 - 12:56

Эски совет тузуми сақланиб қолган худудлардаги амалдорлар замонавий технологиялардан худди ажинадан қўрққандек қўрқишади. Айниқса, кундан кунга кучга тўлиб, хаттоки, баъзи тахлилчилар айтганидек, катта катта мамлакатларда революциялар қилаётган Интернет уларнинг мазасини қочираяпти.

Технологиялар эса аксига олганидек, тез ривожланяпти, янгиланаяпти. Бундан 2 йил олдин, интернетнинг Skype ва бошқа программалари уяли телефонларда йўқ эди. Хозир эса, кўчада кетаётган одам кўлидаги телефон орқали, АҚШда ёки яна бошқа бир узоқ мамлакатда яшаётган одам билан бемалол об хаво хақида гаплашиб кетаяпти. Интернет технологияси мутахасисларининг фикрича, Skype, Gmail ва Hotmail каби интернет алоқа порталлари орқали бўлаётган телефон сухбатларини, давлатнинг махсус хизматлар эшита олишмайди, чунки бу каналлар ишончли шифр билан химояланган бўлади.

Айнан мана шу жихат, пост совет худуди диктаторларини анча асабийлаштиряпти. Араб давлатларини ларзага солиб, Бен Али, Хусни Муборак каби давлатни оилавий бошқараётган диктаторларни тагига сув қуйган халқни кўчага хайдаган хам, айнан интернетдаги ижтимоий тармоқлардир, дейишаяпти хозир турли сиёсий эврилишларни тахлил қилувчи мутахасислар.Шундаймикин? Эхтимол тўғридир… Чунки, айнан мана шундай иддаолардан кейин, собиқ совет давлатларини бошқараётган ярим ёки бутунлай диктаторлашган президентлар ўз худудларидаги интернет алоқаларни назорат остига олиш харакатини бошлашди.

Албатда, бутунжахон ўргимчак тўрини парчалаб ташлаш учун бошланган бу “муқаддас уруш”ни, бутун демократик жамият олдида ўзини улар билан тенг кўрсатишга интилиб, эркин ва тараққий этган давлатлар уюштираётган хар бир каттаю кичик издихомларда, ўзини худди улар билан тенг нуфузга эга каби кўрсатаётган путиннинг Россияси бошлаб берди.Мана шундай катта ва қудратли давлатнинг, энг кўрқинчли ва қўли узун ташкилоти Федерал Хавфсизлик Хизмати (русчасига ФСБ), Россия интернет алоқасини назорат остига олиши кераклиги хақида биринчилардан бўлиб вахима кўтарди.Федерал Хавфсизлик Хизмати ташкилотининг Махсус алоқа ва маълумотларни химоялаш маркази бошлиғи Александр Андреечкин Россия депутатлари олдида қилган чиқишида “Қаёқдаги Gmail, Hotmail ва Skype алоқа тизими Россиянинг миллий хавфсизлигига тахдид” деди. Албатда, бу гапларни Александр Андреечкин чин юракдан, Россиянинг тақдирига бефарқ бўлмаганидан айтяпти дейиш қийин. У буйруқни бажарган холос…

Иккинчи томондан, россиялик махсус хизматчиларнинг вахимага тушганларича хам бор – биринчидан, юқорида номлари келтирилган интернет алоқа хизматлари ичида бўлаётган сухбатларга “қулоқ” тутиш қийин экан. Иккинчидан эса, боринки сухбат мазмуни маълум бўлган тақдирда хам, бу гапларни ким айтаётгани ва ким эшитаётганини билиш, деярли мумкин эмас дейди соха мутахасислари.Буни билиш учун, серверга мурожат қилиш кифоя дерсиз? Бу хам қийин масала, чунки, бу интернет алоқа тизимларининг серверлари Россиядан ташқарида жойлашган. Улар эса бундай маълумотларни сир сақлашни яхши билишади ва бирон бир халқаро суднинг қарорисиз, хеч қайси махсус хизматнинг вакилига хеч нарса айтишмайди. Хаттоки Жеймс Бонднинг ўзи келса хам.

Депутатлар, кимсан, ФСБнинг вакили гапларига ишонишмайди? Ишонишади. Ахир шахсан бош вазир Путиннинг собиқ хамкасблари айтган гапларга қандай ишонмаслик мумкин?! Буни устига гап Россиянинг хавфсизлиги хақида кетаётган бўлса….Улар кўзларини чирт юмишиб, қанақадир хужжатларни имзолашди, нималаргадир тасдиқлаб овоз беришди. Бунинг нактижаси ўлароқ, хозир Россиянинг етакчи уяли алоқа провайдерлари, ўзлари сотаётган телефон апаратларидаги WiFi ва BlackBerry Messenger функцияларини олиб ташлашяпти.

Инсонларнинг Конституциявий хуқуқлари яксон қилинаяпти, дейишяпти хозир россиялик инсон хуқуқи химоячилари.Хиндистондаги террористлар бир бирлари билан Skype орқали гаплашишган экан, яқинда Минск метросини портлатганларнинг хам уяли телефонларида WiFi деган офат бўлган экан, дейишяпти уларга жавобан ФСБчи жиддий йигитлар. Ғарб мамлакатлари ва АҚШда давлат рахбарларига шахсий уяли алоқа телефони ишлатиш таъқиқланган экан. Чунки улар ўзларининг хар қандай ёзишмалари ва сухбатларини, ўзларини сайлаган халқдан беркитмас эканлар. Биргина Барак Обама бу таъқиқни четлаб ўтди: У, ўзининг махсус хизматига, “фақат хотиним билан гаплашаман” деб тилхат бериб (!), интернетга уланган шахсий BlackBerry уяли телефони ишлатишга рухсат олишга муваффақ бўлди.

Уларда одамлар президентларининг телефон орқали кимга нима деганини билиб турсалар, бизда буни тескариси: президентларимиз халқни телефондаги гапларини хуфя тарзда эшитиб юради…Интернет орқали одамлар майдонларга йўл топаётгани, Россия ва бошқа собиқ иттифоқ республикалари катталарини кўзини очди ва энди улар зўр бериб ўз худудларини бу “бало”дан сақлаш йўлига ўтишди.Россиянинг бу борадаги вахималари, Ўзбекистонга хам етиб келган кўринади: хозир у ерда кимда компьютер борлиги ва унинг интернетга уланган ё уланмаганлиги аникланаяпти. Лекин тарақиётни тўсиб, тўхтатиб бўладими?

Мана яқинда Канададаги Microsat Systems Canada компанияси, ерга яқин орбитага 78 дона кичкина ер йўлдошини олиб чиқмоқчи. Улар дунё бўйича интернетга тез ва арзон уланиш имконини беради. Яъни, ўша кичкина ер йўлдоши сиз яшаётган минтақа устида турса бас. Буни устига, Россия Думасидаги интернет телефон алоқасига боғлик вайсашларга қарамасдан, “Евросеть” компанияси, IP-телефон алоқасини ривожлантириши хақида баёнот берди.

Ойни этак билан ёпиб бўлардими?

 

www.yangifikr.com