Ассалому алайкум дўстлар!
Эски вақтлар ҳар куни эрта тонгдан газета ўқиларди. Энди эса интернет сайёҳати билан бошланади янги кунлар. Ажабо, бу саҳифада нима бор экан бугун? Унисидачи?
Шундай орзу ният билан интернет саҳифаларини кезадиганлар сони фақатгина Ўзбекистонликлар орасида миллионларча кишини ташкил қилади. Сўнгги маълумотларга қараганда ватанимизда 10 миллионга яқин киши интернет хизматларидан фойдаланади. Бекорга диктатор Каримов “ёшлар ва интернет мавзусига” эътибор қаратишга чақирмаяпти ахир…
Интернет саҳифаларини эса сизга ўхшаган ҳамюртларингиз янгилайди. Хорижий радиоларнинг ўзбек хизматлари сайтларини ҳисобга олмасак, интернетдаги уч ёки тўрт танилган сайтлар ҳаётни ўзича тушунган кишилар тарафидан жамоатчилик асосида, яъни ҳар кимнинг ўз имконияти ва манфаати доирасида ишлатилади.
Ўн миллион рақами жуда катта рақам бўлишига қарамай, Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсий вазиятга ва бу вазиятни яхшилашга бўлган иштиёқни қониқарли, деб бўлмайди. Қизиқ ҳол: 10 миллион киши интернетдан фойдаланади, аммо улар орасида ўз мамлакатининг аҳволига қизиқадиганлар сони унчалик кўп эмас. Бунга замонавий тилда “парадокс”, дейишади. Яъни, ҳар тараф “олам гулистон” бўлиб кўринади, амалда эса ўртада қизиқиш, фикр, баҳслашиш, курашиш “чўли” мавжуддир. Буни тушунтириб берадиган ақл қаерда? Манзарада олам гулистону, амалда ҳар тараф чўл…
Балки мен хато қилаётгандирман? Балки ҳақиқатан ҳам олам гулистону, мен бу гулистонни кўра олмаётгандирман, дейман ўзимга ўзим? Аммо, у ҳолда нега Ўзбекистондан олти, баъзиларига кўра эса саккиз миллион киши қочиб кетди бошқа жойларга? Баъзи қорни тўқ, кўзи лўқларнинг атрофда бўлаётган воқеаларга бепарволигини, лоқайдлигини тушуниш мумкин, аммо ватанидан, ота -онасидан, бола -чақасидан узоқда юрганларнинг бепарволигини ва лоқайдлигини қандай тушуниш мумкин? Бу ҳам бошқа бир парадокс эмасми сизнингча?
Ўртада шундай мавҳумлик, яъни ноаниқлик бор? Балки шунинг учун ҳам инсонлар ҳар тонгни интернет саҳифларида қаршилашар? Ажабо, бу саҳифада нима бор экан бугун?!
Бу қизиқиш ва талабнинг ўзи олқишланиши керак эмасми? Балки, аммо ҳақиқат шундан иборатки, “берган қўл олган қўлдан устундир…”. Демоқчиманки, ажабо, дея интернет сайёҳатига бошлаганларнинг қизиқишига жавоб берадиган киши ҳар биримиз бўлишимиз мумкин. Яъни, ҳар биримиз биргаликда умумий фикр ва қизиқиш хазинасини янада кўпроқ тўлдиришимиз мумкин. Бунинг учун нима исташимизни ва бу истагимиз нима асосланганини бир неча сатрда ўзимизга маъқул интернет саҳифасининг бошқарувчиларига ҳар тонг “почталашимиз” мумкин. Кичик мақола шаклида, изох шаклида, таклиф шаклида…Тома тома кўл бўлар, бир, икки, уч…
Бу бизнинг фикр ва қизиқиш дунёмизнинг Орол кўли каби қуримаслиги учун шарт бўлган бир ишдир. Зеро, моддий бойлик маънавий бойликка иловадир. Маънавий бойлик эса худди моддий бойлик каби ўз “тангаларидан” тўпланади. Агар ҳам биримиз бу ҳақда ўйлаб кўрсак, албатта ақлларимизнинг ва қалбларимизнинг хазинасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкин эканлигини кўрамиз.
Шундай экан, нега жим қараб турибсиз? Сизга ўхшаганларни сиз интизор қилманг, сизга ўхшаганлар ҳам сизни кутдириб қўймасин. Унинг ўрнига биргалашиб дунёнинг яхшилик хазинасини бойитайлик. Янги кунингиз муборак бўлсин!
Намоз Нормўмин
26 апрель 2013 йил.