O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ИСЛОМИЙ ОРЗУ ЙЎЛИДАГИ ИНҚИЛОБ

ИСЛОМИЙ ОРЗУ ЙЎЛИДАГИ ИНҚИЛОБ
180 views
04 January 2015 - 9:52

Мусулмонлар яшайдиган диёрлар. Таркибида ҳаром моддалар мавжуд препаратларни ишлаб чиқарувчи фармацевтика саноати ва уларни сотувчи дорихоналар касодга учраган. Беморга тиббий ташхис қўйиш учун хастани Рентген, УЗИ, УЗД, ЭКГ, МРТ каби турли зарарли жиҳозлар остига ётқизадиган клиникаларнинг мижозлари кескин камайиб кетган. Касали аниқланган бемор кириши биланоқ шприци ёки скальпелини яланғочлаб: “Укол қилдирмасангиз, ишингиз чатоқ. Операцияга ётмасангиз, ўласиз”, – дейдиган медикларга иш қолмаган.

Чунки одамлар ўзларидаги хасталикларни очлик, рўза, ҳожамот, тўғри овқатланиш каби Исломий низомлар асосида ўзлари даволашмоқда. Улар узоқ яшаш ёки ўлимга чап бериш учун эмас, балки Аллоҳнинг фарзларига ва расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларига мос бўлиш учун даволанмоқдалар. Мусулмонлар ўлимдан қўрқмайдиган бўлишган, ўлимни Аллоҳнинг неъмати, деб қабул қилмоқдалар.

Медицина институтларида академик ва профессорлар касалликларнинг оқибатларини эмас, уларнинг сабабларини даволашни ўргатиш билан бандлар. Улар даволаш мақсадлари ва усуллари Аллоҳнинг Қуръони ва расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларига мос бўлиши шартлигини ўқитишмоқда. Хуллас, мусулмонлар Исломга уйғун тарзда кун кечирмоқдалар.

Сиз шуларни тасаввур қила оласизми?

Раҳматли доктор Ойдин Солиҳ айнан шу орзуда яшаб ва курашиб ўтдилар. Бу йўлда у киши тиббий инқилобни амалга оширди. Ойдин опанинг “Ҳақиқий Тиббиёт/Йўқотилган шифо изидан” китоби шу инқилобнинг машъали бўлди.

Бу китоб фақат касалликларни даволашни ўргатувчи бир тиббий йўл-йўриқ эмас, балки биринчи навбатда мусулмонларни Исломий ҳаёт тарзига қайтариш йўлидаги энг таъсирли ДАЪВАТ бўлди.

Ҳа, очлик ва табиий гиёҳлар билан даволаш ҳақида кўплаб олимлар ажойиб китоблар ёзишган. Масалан, Ғарблик олим Поль Брегнинг “Очлик мўжизаси” китобини кўпчилик билса керак. Бу соҳада фаолият юритиб, монография ёзган бошқа олимлар ҳам кўп. Лекин Ойдин опанинг китоби соҳанинг инқилобий асари бўлди.

Чунки “Ҳақиқий Тиббиёт” дунё юзини кўргач, куфрга асосланган ҳозирги медицина, ҳаром моддали дори-дармонлар ишлаб чиқараётган фармацевтика саноати, зарарли сунъий қўшимчали озиқ-овқатлар ва ичимликлар ишлаб чиқараётган йирик синдикатлар ҳамда уларнинг маънавий-моддий раҳнамолари уюштирган фитна ва ёлғонлар фош бўлди. Ислом ва мусулмонларнинг душманларига катта зарба бўлди.

Бу китоб мусулмонлар ва умуман одамлар орасида қанчалик тез тарқалса ва оммалашса, мусулмонлар ва инсоният мазкур асардан шунчалик фойда олади, “Умумжаҳон Ҳукумати” деб аталган куфр элитаси эса ундан шу қадар кўп “зарар” кўради, иншааллоҳ.

Чунки “Ҳақиқий Тиббиёт” муаллифи ўз асарида очликдан, кам ейишдан ва тўғри овқатланишдан кўзланган асосий мақсад соғлом бўлиш ёки узоқ умр кўриш эмас, балки Исломга уйғун равишда яшаш эканлигини англата олдилар. “Ҳозирги медицинанинг асосий мақсади инсон умрини ҳар қандай йўллар, шу жумладан, ҳаром йўллар билан узайтириш, ўлимга чап беришдир. Бу медицина Аллоҳга нисбатан ўзига хос исён йўлидир. Бу медицина кассаликларнинг сабабини эмас, оқибатини бартараф қилиш билан банд. Бу куфр тиббиётидир. Афсуски, бу тиббиётга мусулмонлар ҳам қаттиқ қизиқишмоқда. Мусулмонлар ҳам кофирларга қўшилиб, яҳудийларга ўхшаб, улимга чап беришга уринаётганлари ачинарли ҳолат. Бизнинг йўл бу медицинага муҳолиф бир тиббиётдир. Бизнинг тиббиёт Исломий тиббиётдир. Унинг асосий мақсади ўлимга чап бериш эмас, хастани исломий ҳаёт тарзига қайтариш, касалликларнинг оқибатини эмас, сабабларини йўқотишдир”, – деган эдилар раҳматли Ойдин опа ўзаро суҳбатларимизнинг бирида.

Доктор хоним одамлар, айниқса, мусулмонлар яшаш тарзини Исломий қоидаларга мослаштурмагунларича турли касалликларга дуч келаверишини ўзининг табиблик фаолияти давомида исботладилар. Назарияда эмас, амалда исботладилар. Хасталарни Исломий тиббиёт усуллари билан даволаб исботладилар.

Дунё мусулмонларини фикран уйғотиш ва Исломга қайтариш йўлида юзлаб шайҳлар минглаб даъвату чақириқлар, ажойиб маърузалару беҳисоб саъй-ҳаракатлар қилаётган бир пайтда мўъмина ва муслима бир аёл айни шу ишни шовқин-суронсиз, оҳиста ва ўта муваффақиятли шаклда амалга оширди.  Бу муваффақиятнинг сирлари нимада эди?

Биринчидан, Ойдин Солиҳ бу даъватни бирон бир моддий ёки бошқа дунёвий манфаат, масалан, шон-шуҳрат учун эмас, фақат холис Аллоҳ ризоси учун қилдилар.

Иккинчидан, доктор опамиз қилган даъватларида одамларга ўзлари ўрнак бўлдилар. Яъни, баъзи даъватчилар каби чиройли гапириб, инсонларни бир яшаш тарзига чақириб, ўзлари бошқа ҳаёт тарзида яшамадилар. Ойдин опа одамларни ўзи яшаётган ҳаёт тарзига чақирдилар. Айнан мана шу жиҳат Ойдин Солиҳ қилган даъватлар муваффақиятининг асосий омили бўлди.

Учинчидан, Ойдин опанинг даъвати ирқидан, миллатидан ва динидан қатъий назар ҳамма инсон учун бир хил зарур бўлган соғликни тиклаш, саломат ҳаёт кечириш соҳасида амалга оширилди.

“Нега бунчалик ишонч билан гапиряпсиз? Сиз буларни қаердан биласиз?” дерсиз, балки.

Мен Ойдин опа билан кўришиш ва суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман. “Ҳақиқий Тиббиёт/Йўқотилган шифо изидан” китобини туркчадан ўзбекчага ўгириш бахти ҳам менга насиб қилди, алҳамдулиллаҳ.

Ана шу китобнинг турк тилидаги аслини ўқиб чиққач, мен ўзимга ўзим: “Шунча пайтдан бери бир ҳайвон каби овқатланиб, бир кофир ҳаёт тарзини яшаётган эканман”, деганман. Мазкур асар нафақат менинг, балки оила аъзоларимнинг ҳам, яқинларимнинг ҳам ҳаёт тарзини тубдан ўзгаришига, исломийлашувига туртки бўлди.

Масалан, “Ҳақиқий Тиббиёт”ни ўзбекчага таржима қилиш жараёнида мен очлик тутиб ва овқатланишимни тўғрилаб, чап буйрагимда неча йиллардан бери тўпланиб ва катталашиб келаётган тошни Аллоҳнинг изни билан парчалашга ва туширишга эришганман. Бундан ташқари, 2008 йилда онкологларнинг: “Икки йилдан нарига ўта олмайди”, деган “башорати”га сазовор бўлган бир ҳолам Ойдин опанинг кўрсатмалари асосида кўкрак амалиётининг иккинчисидан қутулиб қолди, саратон оғриқларидан ҳалос бўлди. Ҳолам Аллоҳнинг хоҳиши билан ҳали ҳам ҳаётлар.

“Ҳақиқий Тиббиёт” таъсирида оиламизда сунъий қўшимчали озиқ-овқатлар ва ичимликлар истеъмол қилиш тўхтатилди. Ўткир ҳидли атирлар ва кир ювиш воситаларидан фойдаланишга ҳам барҳам бердик.

Ушбу асарни ўқиб, унга ишониб, амал қилган барча кишиларда ва оилаларда ана шундай ижобий ўзгаришлар, Исломий ҳаёт тарзига қайтиш содир бўлганига ишончим комил.

Гарчи “Ҳақиқий  Тиббиёт”ни таржима қилиш жараёнини жуда чўзиб юборган бўлсам-да, таржимада кўплаб хатоларга йўл қўйган бўлсам-да, Ойдин опа менга бир оғиз ёмон гап айтмадилар. Аксинча, турмуш ўртоғи Муҳаммад ака билан маслаҳатлашган ҳолда мени уйларига меҳмонга чақирдилар.

Гарчи мен эъзозга арзигулик бир иш қилмаган бўлмас-да, Ойдин опа ва Муҳаммад ака мени жуда катта ҳурмат билан кутиб олишди. Ўзлари билан бирга Узункўл саёҳатига олиб кетишди. Тўғриси, уларнинг менга бўлган эътиборидан бир томондан ҳурсанд бўлган бўлсам, иккинчи томондан жуда ҳижолат чекдим. Чунки ҳудди шундай эътибор ва хизматни мен у кишиларга қилишим керак эди аслида. Ахир, муаллиф таржимонга эмас, таржимон муаллифга хизмат кўрсатиши керак-да!

10 кунлик саёҳатимиз эътиборга молик воқеалар ва қизиқарли суҳбатларга бой бўлди. Ана шулардан баъзиларини қуйида келтираман.

Узункўлга учиш учун аэропортга келганимизда хавфсизлик текширувида аэропорт ходимлари менинг сумкамдаги шампунни ёнувчан модда ҳисоблаб, олиб қолишди. Бундан Ойдин опа роса ҳафа бўлибдилар. Мен опанинг юзларида ҳафалик аломатларини сезмаган эдим. Буни менга Муҳаммад ака айтдилар. Ойдин опа турмуш ўртоғига: “Менинг китобимни таржима қилган одам сочларини табиий кирсовун ёки қатиққа ювиш ўрнига, зарарли шампунга ювар экан. Китобимдаги кўрсатмаларга амал қилмас экан”, деган маънода ғамгин бўлибдилар.

Аслида мендаги кирсовунни Истамбулга учиш чоғида бошқа аэропортдагилар ёнувчан модда ҳисоблаб, олиб қолишган эди. Шунинг учун Истамбулга келгач, шампун сотиб олишга мажбур бўлган эдим. Мен буни тушунтиришга ўзимда куч топа олмадим, тўғриси. Мана шу воқеа Ойдин опа ўз мижозлари ёки таниш-яқинлари ҳақида қаттиқ қайғуришидан дарак бўлди. Зеро, ўз даъват аудиторияси ва мижозлари ҳақида қайғуриш ҳақиқий даъватчи ва табибларга хос ишдир.

Узункўлда чоғимизда тоғнинг тепасида бир аср илгари қурилган ёғоч уйда истиқомат қилдик. Бир куни қўшни уйдагилар бизни меҳмонга чақиришди. Уйга киришимиз билан Ойдин опанинг эътиборлари йўғон ёғоч тўсинга ўйиб чизилган олтиқиррали Довуд (Сион) юлдузи ва унинг ичидаги кўз тасвирига тушди. Ойдин опа мезбондан: “Уйингизни яҳудийлар қуришганми?” – деб сўрадилар. Мезбон аёл: “Шундай бўлса керак. Аниқ билмайман”, – деди.

Шунда Ойдин Солиҳ: “Мен Сизга шу олтиқиррали юлдуз ва унинг ичидаги кўзни бирор нарса билан ёпиб қўйишни ёки умуман ўчириб ташлашни маслаҳат бераман. Чунки инсоннинг кўзи расмдаги кўзга тушса ҳам, инсоннинг руҳияти ва зеҳнияти жин ҳамда шайтонлар учун очила бошлайди. Қадимда фолбинлар кўз ва кўзли жониворларнинг тасвирлари орқали одамларнинг руҳияти ва зеҳниятига кириб, масофадан туриб, сеҳр-жоду қилишган. Шундай сеҳргарлар бизнинг замонамизда ҳам йўқ эмас”, – дедилар.

Буни эшитиб, мезбондан бошқа ҳамма хавотирга тушди. Аммо уй эгаси бу огоҳлантиришга унчалик парво қилмади, шекилли: “Ҳа, бирор кун имкони туғилса, ўчириб ташлармиз”, – деди. Меҳмондан қайтаётганимизда Ойдин опа: “Нега бизнинг мусулмонлар даъват ва огоҳлантиришларга бунчалик бефарқ?! Нега улар атрофидаги хатарларга енгил-елпи ва лоқайд қарашади?!” – деб бироз, сиқилдилар. Ҳа, мусулмонларнинг лоқайдлиги ва бефарқлигидан раҳматли Ойдин Солиҳ эзилар эдилар. Исломият ғами билан яшаш ҳам ҳақиқий мусулмон олимларга хос бир хусусиятдир.

Узункўлдаги суҳбатларимиз давомида Ойдин опа айтган баъзи гапларни ёндафтаримга ёзиб олган эдим. Қуйида раҳматли докторнинг ана шу  фикрларини келтираман:

“Инсониятни сунъий озуқа ва дориларга тобеъ қилишга уринаётган доиралар ўзлари тарғиб қилаётган маҳсулотларни ҳеч истеъмол қилишмайди. Улар табиий овқатларни ва дориларни қўллашади. Улар ҳаттоки уяли телефонлардан ҳам фойдалнишмайди. Чунки бу нарсаларнинг соғлиққа ўта зарарли эканлигини жуда яхши билишади”

“Оммавий эмлашни тўхтатиш ҳукуматлар учун шунчалик қийинми?”, деяпсизми? Бирор ҳукумат шу ишни қилган куни дунёнинг энг йирик фармацевтик синдикатлари жўнатган мулозимлар мамлакат президенти ёки Бош вазирининг эшигини тепиб кириб келади”

“Соғлом яшаш ва соғлом бўлиш яҳудий пойдеворга қурилган медицина айтганчалик қийин иш эмас. Соғлом яшаш ҳудди нафас олиш каби ўта енгил ва табиий бир ишдир”

“Coca Cola” каби зарарли ичимликларни ёки сунъий овқатларни муттасил истеъмол қилиб юрган кишилар очлик тутсалар, ичида оловни ҳис қиладилар. Чунки очлик жараёнида уларнинг ичидаги ҳаром ёна бошлайди. Бу жуда қувонарли ҳол. Бундан ташвишга тушмаслик керак”

“Мусиқабозлик ва рақсбозликни тарғиб қилиб, кенг ёйишга уринаётган ҳукуматлар ўз халқларини онгисзлантириб, маънавий ва руҳий жиҳатдан қул қилишга интилаётган ҳукуматлардир”

“Афсус-ки, бугунги кунда хасталанган кўпчилик мусулмонларимиз учун Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам эмас, оқ халатли медиклар “пайғамбар”дирлар. Пайғамбаримиз: “Нажас билан даволанманглар, бу ҳаром” деган бўлсалар ҳам, баъзи диндошларимиз: “Нажас билан даволанишнинг ҳеч ёмон жойи йўқ”, дейдиган замонавий уринотерапевтларнинг буюрганларини қиладиган бўлиб қолишган”

“Бугунги кунда кўпчилик мусулмонлар учун Аллоҳнинг Қуръони ва расулининг суннати эмас, Ғарб оммавий ахборот воситалари тарқатаётган ёлғон маълумотлар ва реклама роликлари ўлчов мезони бўлиб қолди. Агар эртага Ғарб телеканаллари: “Фалон вакцина – пистиён гриппга қарши энг самарали восита” деган маънодаги лавҳа ва роликларни намойиш этишса, кўпчилик мусулмонлар бунга шубҳасиз ишонадиган, амал қиладиган ва реклама қилинган вакцинага эртаси куниёқ навбатга турадиган ҳолатга келиб бўлишди”

“Мусулмон ўлимдан қочиш учун эмас, ўлимни Исломга уйғун ҳолатда қабул қилиш учун даволанади”.

“Аллоҳ бактерия ёки вирусни инсон организмига унинг иммун тизимини тоблаш, чиниқтириш учун юборади. Баданига бактерия ёки вирус тушиши биланоқ, ҳарорати кўтарилиши ҳамоно вакцина ёки антибиотик моддаларни қабул қилувчи кишилар организмга тушган бактерия ёки вирусни эмас, ўз иммун тизимини заифлаштиришади”. Доктор Ойдин Солиҳ.

Аллоҳ Ойдин опани ўз раҳматига олган бўлсин! Исломий орзу йўлида у киши бошлаган инқилобий ишларни давом эттираётган шогирдларига куч-қувват ва самара берсин! Омийн!

Туркия туркчасида нашр этилган “Ҳақиқий Тиббиёт/Йўқотилган шифо изидан” китобини  ўзбекчалаштирган Таржимон

Тошкент

05.01.2015