Инсон тафаккури англай олган жамии гўзал сифатлар Эгасининг олий иродаси маҳсули, борлиқнинг меҳвари (барча нарсалар унинг атрофида ҳаракатланувчи бир ўқ), Моликнинг ер юзидаги ўринбосари ўлароқ яратилмиш Ҳазрати инсоннинг ўрнини, мартабасини, мавқеъини англаш ва англатиш ғоят муҳим вазифадир.
Ислом юртларидаги инсон ҳуқуқлари борасидаги муаммолар, мусулмонлар орасидаги ўзаро муносабатларнинг ачинарли ҳолати бизни бу муаммога жиддий аҳамият беришимизни ва бу борада кенгроқ фикр юритишимизни тақозо этади.
Борлиқнинг Холиқи ердаги ўринбосарига раҳмат қилиб ўзининг илм уммонидан бир қатра илму-ҳикмат берди. Шу илмни, ақлни, тафаккурни керакли йўналишда ишлатиб унумли фойдаланаётган халқлар борлиқнинг сир асрорларини ўрганиб жуда катта ютуқларга эришмоқдалар.
Замонавий фалакиёт олимлари кашф этган маълумотлар, Аллоҳнинг мулки бўлган коинотнинг нақадар улкан ва ҳудудсиз эканини билдирса, заррани қирқ мингга ёриб инсоният учун фойдали кашфиётлар қилаётган нанотехнология олимларининг ютуқлари бу мулкнинг эгасини қанчалар буюк илм ва ҳикмат соҳиби эканлигига далолат қилиб, барча онгли одамларни ўз роббиларини янада яқинроқ танишларига сабаб бўлмоқда. Зеро, мулкни таниш Моликни танишга олиб боради.
Меҳрибон ва раҳмли Зот ўзини танитиб, мулкини ва Моликлигини таъкидлаб инсониятга пайғамбарлар ва китоблар жўнатиб тарбиялади.
Мусулмонлар Қуръони каримнинг оятлари ва Пайғамбаримизнинг хабарлари орқали ўз Эгаларини жуда яхши танийдилар. Лекин шу Моликнинг ўринбосарининг ўрнини, мартабасини, мавқеъини яхши танимайдилар.
Айнан шу сабабдан ҳам Аллоҳнинг ер юзидаги ўринбосари бўлган Ҳазрати инсоннинг ҳурмати ислом юртларида анчагина ачинарли ҳолдадир. Зеро, ислом дини Ҳазрати инсоннинг ўрнини жуда юқори белгилаб, уни кўкларга кўтарган диндир.
Бинобарин, Моликул мулк Ўзи жамии одамзоднинг афзаллигини, қадрини белгилаб “Исро” сураси 70 оятда марҳамат қилади:
“Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик…, ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик”.
Қолаверса, Яратувчининг, лойдан яратилган, Аллоҳ Ўзи билдирган нарсаларнинг номларидан бошқа нарсалардан бехабар, на дини, на илму-эътиқоди бўлмаган Одамни Ўзининг ердаги Ўринбосари деб эълон қилиши ва улкан илм соҳиби бўлган Иблис ва фаришталарни унга сажда қилишга буюргани инсоннинг борлиқдаги ўрнининг нақадар юксак мартабада эканини билдирмайдими?
Бутун борлиқнинг Эгаси, соҳиби ҳикмат Зотнинг одамзотни бу қадар эъзозлаб, азиз ва мукаррам қилиб улуғлаганининг ҳикмати нима? Эгаси шунчалар икром қилган, эъзозлаб турган Одамзодни биз бандалар ҳар хил миллий, ирқий, диний, мазҳабий сабаблар билан навларга ажратишимиз ва уларнинг устидан дўзахий ёки жаннатий деб ҳукмлар чиқариб катталик қилишимиз жоизмикин?
Хусусан, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган динимизни моҳиятини тушунмай, бутун дунё ҳавас қиладиган “энг яхши уммат”га айланиш ўрнига шу муборак динни одамлар орасини бузиш, фитна-фасод қўзғаш воситаси қилиб олиш бандаликка, мусулмончиликка, мулкнинг Эгасига хиёнат эмасми?
Зеро, кибру-ҳавоси туфайли Аллоҳниниг даргоҳидан кофир бўлиб қувилган аламзада Иблис то қиёмат иғвогарлик қилиб, фитна-фасод қўзғаб инсонга, инсониятга душманлик қилишни ўзига касб қилиб олган.
Демак, айтиш мумкинки, ҳар бир инсонни эъзозлаш, ҳурмат қилиш мулкнинг Эгасини эъзозлаш ва ҳурмат қилишдир. Ҳар хил баҳоналар билан инсонларни ажратиб, фисқ-фасод қўзғаб, иғво қилиб, душманликни тарғиб этиш эса иблисга хизмат қилишдир.
Айни шу ҳақиқатни тушуниб, инсоннинг борлиқдаги ўрнини, юксак мавқеини англаб, Ҳазрати инсонни эъзозлашга ўтмас эканмиз, биз ҳеч қачон ижтимоий-иқтисодий таназзулдан, қолоқликдан чиқа олмаймиз. Аллоҳ таоло “одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат” деб сифатлаган ҳақиқий исломий жамият ҳам қура олмаймиз.
Бинобарин, инсоннинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишни асосий қоида қилиб ушлаган, ривожланган, инсонпарвар юртларнинг тажрибалари ҳам буни яққол исботлаб турибди. Зеро, жаҳон аҳлининг тўртдан бирини ташкил этган ислом оламининг ижтимоий-иқтисодий қолоқлигининг асосий сабаби ҳам айнан шу мезоннинг бузилгани, яъни инсоннинг борлиқдаги, ҳаётдаги ўрнини, мавқеини билмаслик, ўз ўрнига қўймасликдир.
Зотан, инсон улкан жамиятнинг қадрсиз бир бўлакчаси қилиб эмас, балки, борлиқнинг меҳвари қилиб яратилганини англаб олиш зарур. Бу дунё ҳам, динлар ҳам, пайғамбарлар ва китоблар ҳам инсоннинг сабабидан яратилган ва ер юзига нозил қилингандир. Шундай экан, Ҳазрати инсоннинг қадри диндан ҳам, эътиқоддан ҳам юқори қўйилиши лозим. Акс ҳолда, бундай нотўғри тушуниш сабаб дин ҳам миллатчилик ёки ирқчилик каби инсонлар ораларини бузилишига, фитна-фасод тарқалишига сабаб бўлиб қолади.
Токи, шу мезон ўнгланмас экан, динимиз нафақат бошқа дин вакиллари билан бўлган алоқаларимиздаги, балки, мусулмонлар ичидаги барча зиддиятларга сабаб бўлиб қолаверади. Ҳар бир инсоннинг аввало ақлини, ихтиёрини, танловини ҳурмат қилиш, унинг қадрини барча нарсадан устун қўйиш йўлга қўйилмаган жамиятда ҳеч ким ўзини эркин, озод, дахлсиз, мукаррам ва бахтиёр инсон эканини ҳис қилиб яшай олмайди.
Инсон ажалидан, инсон бахт саодати учун юборилган динни инсондан кўра муҳимроқ деб тушуниш сабаб ҳам исломий юртларда ва мусулмонлар орасида арзимас диний масалалар туфайли жиддий ички зиддиятлар урчиётгани ҳеч кимга сир эмас. Мусулмонларимиз дунёқарашида кескин бурилиш ясаб, сингишиб кетган жаҳолат ва диний таассубдан воз кечиб, инсон зотини барча нарсадан афзал билиб, ҳурмат қилиш асосий қоида қилиб ушланмас экан, ислом юртларидан одамлар безиб, киндик қони тўкилган масканларини ташлаб, инсонпарвар юртларга қочиб кетаверадилар.
Бундан ташқари, мавжуд диний таълимотларда умматнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги инсон омилига бўлган эътибор масаласи ҳам жиддий ислоҳотларга муҳтождир.
Таркидунёчиликни, дунё ишларига ортиқча берилмасликни тарғиб қилиш, Аллоҳга таваккул ва тақвони нотўғри тушунтириш ҳамда мусулмонларни ҳаёт мусобақаси майдонида илғорликка чорлаш, ғайратларини ошириш ўрнига муваффақиятсизликка кўниктириш йўлида юпатиш ва ҳатто қолоқлик ва ожизликни мусулмончилик белгиси сифатида тушунтириш каби ҳолатлар мусулмонларимиз дунёқарашларини мутлақо бузиб, ўзларига бўлган ишончларини йўққа чиқарган.
Ваҳоланки, барча ривожланган давлатларнинг ривожланиш жараёнларини ўрганиб чиқсангиз, инсон омилининг, инсон иродасининг нақадар катта қудратга эга эканлигини кўрасиз.
Бу мамлакатларнинг бирортаси муъжизавий тарзда ривожланган, юксалган эмас. Аксинча, илм-фанни ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий майдондаги илмий изланишлар ва халқининг фидокорона меҳнати туфайли, яъни инсон омилига бўлган катта эътибор туфайли амалга ошган.
Шундай экан, неча асрлардан бери диний таълимот тушунчаси остида бериб келинаётган, инсон онгида, шуурида лоқайдлик, бефарқлик ва масъулиятсизлик ҳиссини, тушунчасини пайдо қилувчи, барча муваффақиятсизликларни “Аллоҳнинг иродаси”га тўнкаб қўйувчи ёлғон диний таълимотларни йўқотиш зарур.
Буниг ўрнига, ўзининг Аллоҳнинг ердаги ўринбосари эканини ва шу шарафли мавқеънинг масъулиятини чуқур англашни ҳамда шунга яраша Аллоҳ учун, уммат тараққиёти, юксалиши учун, келажак учун Аллоҳ берган барча қобилият ва имкониятларини тўла сафарбар этиши лозимлигини тарғиб ва ташвиқ этиш лозим эмасми?
Токи, ҳар бир мусулмон фарзанди ўз юртини, шаҳрини, маҳалласини обод қилишни, юртидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўнглашни ўзининг асосий вазифаси деб билсин. Агар, мусулмонларнинг ҳар бири ўзини борлиқдаги, ҳаёт жараёнидаги арзимас, ожиз бир зарра деб эмас, балки яхшилик қилиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришдай муҳим бир вазифани адо этиш билан дунё ва охират саодатига етиш учун Ҳаким Зотнинг олий иродасига мувофиқ яратилганини англаганида эди, ислом юртлари ва мусулмонлар бу қадар хорлик ва қолоқлик исканжасига тушиб қолмас эдилар.
Афсуски, мавжуд исломий таълимотларда инсонни гўё борлиқдаги барча жараёнларда ҳеч қандай таъсирга, қудратга эга бўлмаган, фақат шариат белгилаган маълум чегаралардан чиқмаган ҳолда эплаб бу дунёдан ўтиб олиши лозим бўлган ожиз ва ўткинчи бир махлуқ каби тушунтирилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бу дунёдаги барча ҳодиса ва жараёнларни сабаб-мусаббаб, яъни сабаб-натижа қоидасига биноан содир бўлишини тақдир этган.
Одамнинг яратилиши ва Исо пайғамбарнинг отасиз дунёга келишидан бошқа деярли барча ҳодиса ва жараёнлар айнан сабаб ва натижа қонунига мувофиқ содир бўлгандир. Ҳар қандай натижанинг сабабларини бино қилишдаги инсон омилининг, ҳаракатининг ролини эса инкор этиб бўлмайди.
Тарихдаги Фиръавн, Чингизхон, Наполеон ва Гитлер каби шахсларнинг салбий ҳаракатлари ва уларнинг даҳшатли оқибатлари, Ибн Сино, Хоразмий, Фарғоний, Улуғбек, Ньютон ва Менделеев каби буюк шахсларнинг инсоният тараққиёти ва юксалишига қўшган улкан ҳиссалари ҳам инсон омилининг бу дунёдаги аҳамиятини очиқ равшан англатади. Зеро, иймоннинг асосий шартларидан бўлган қадарга ишониш ҳам аслида Аллоҳ таолонинг нарсаларга тақдир этган хусусиятларига ишонишни, яъни сабаб ва натижа қонунига ишонишни вожиб этади.
Ерни ҳайдаб, уруғ сепмасдан туриб буғдой ўриб олишни кутиш қанчалик ноўрин бўлса, тараққиёт ва юксалиш сабаблари бўлган илм-фан, юқори технология ва саноатни ривожлантирмай, ижтимоий адолатни ўрнатишга уринмай туриб Аллоҳ тарафидан муъжизавий нусрат ва ғалабани кутиш ҳам шунчалик ноўрин эмасми?
Демак, ҳар бир мусулмоннинг қалбида, онгида, шуурида шу юксалиш сабабларини бино қилиш учун Аллоҳ тарафидан алоҳида эътибор ва вазифа билан яратилганига ишонч уйғотиш зарур. Токи ўзини ожиз бир махлуқ эмас, балки, ҳаётнинг эгаси, Аллоҳнинг ердаги ўринбосари деб билсин ҳамда бу дунёдаги жараёнлардан масъул эканини тўла англасин. Зеро, дунё саҳнасидаги мусулмонларнинг ҳозирги аянчли аҳволини Аллоҳнинг иродасига йўйиш Аллоҳга ва Аллоҳнинг олий иродасига ёмон гумон қилиш, тухмат қилишдан бошқа нарса эмас!
Зотан, Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳаракатга ундаб, умумий тарзда, барча юксалиш ва таназзул фақатгина умматнинг, миллатнинг ўз ҳаракатига, интилишига боғлиқ эканини ёрқин ифодалаб, Раъд сураси, 11- оятида марҳамат қиладики;
“Албатта Аллоҳ ўзлари ўзгартирмагунларича қавмнинг бирор нарсасини ўзгартирмайди”.
Дарвоқеъ, Ўзи билан бевосита алоқадаги Пайғамбари ҳам Аллоҳнинг иродасига суяниб қолмай ғалаба йўлида тинмай ҳаракат қилгани, сабабларини бино қилиб сўнгра натижага эришганлари барчага маълум. Бинобарин, биз ҳам муъжизавий нусратни, юксалишни кутмай иймонимиз тақозосига мувофиқ барча мақсадларимизнинг тадбирини қилишимиз, сабабларини бино этишимиз вожибдир. Фақат шундагина биз, Аллоҳ таоло берган ақл, идрок, салоҳият, қобилият ва имкониятларни ўз ўрнига ишлатган ҳақиқий муъмин, Аллоҳнинг ер юзидаги ҳақиқий ўринбосари бўла оламиз.
Акс ҳолда, бу ҳақиқатларни мусулмонлардан кўра илгарироқ, тўғрироқ англаб олган илғор халқ ва миллатларнинг қулларига айланиб, заифлик ва қолоқлик ботқоғига ботиб, ожизона дуопарастликдан нарига ўтолмай, дунёни ҳам, охиратни ҳам бой бериб, муъжизавий нусратга интизор ўтираверишдан бошқа чора йўқ!!!
Хабибулло Каримов
фейсбук саҳифасиннан олинди